Тасаввур қилинг: тонг отмоқда, қуёш нурлари юртимизнинг бепоён кенгликларини ёритмоқда. Сиз фарзандингиз билан маҳалла четидаги ариқ бўйига сайрга чиқдингиз. Лекин кўзингиз тиниқ сувга эмас, балки ариқ ичига ташланган турли чиқиндилар, қурилиш материаллари бўлаклари, шамолда учаётган полиэтилен пакетларга тушади.
Бу нафақат кўзга хунук кўринади, балки сув манбаларининг ифлосланиши ва чучук сув танқислигига ҳам олиб келади. Афсуски, бугунги кунда бу манзара кўпчилигимиз учун одатий ҳолга айланиб улгурди. Чиқиндилар муаммоси ва дренаж тизимидаги катта носозликлар сабаб кўчаларимизда юриб бўлмай қоляпти.
Ўтган ой давомида Қорақалпоғистонда олиб борилган рейдларда 200 дан ортиқ ҳуқуқбузарлик аниқланганини ўқиб қолдим. Бу рақамлар шунчаки ўқиладиган сонлар эмас. Бу бизнинг она табиатга бўлган муносабатимизнинг аянчли инъикоси аслида.
«Кичик» бепарволик ва жазосизлик
Келинг, бир ҳаётий мисолни кўриб чиқайлик. Қўшнингиз уйини таъмирлади. Эски деворлардан қолган ғишт ва сувоқ қолдиқларини нима қилиш керак? Махсус полигонга олиб бориш учун машина ёллаш харажат ва вақт талаб этади. «Кечқурун ҳеч ким кўрмайди, ариқ бўйига ёки бўш турган майдонга тўкиб келаман», деган фикр кўпчиликнинг хаёлидан ўтади. Оқибатда, бир кишининг «тежамкорлиги» бутун бир маҳалланинг муҳитига, табиат гўзаллигига болта уради.
Қорақалпоғистонда ўтказилган назорат тадбирлари давомида айнан шундай ҳолатлардан 207 таси фош этилди. Бу ҳуқуқбузарликлар учун 206 миллион сўм миқдорида жарима белгиланди. Лекин энг оғриқли нуқта шундаки, бу маблағнинг бор-йўғи 5,1 миллион сўмигина амалда ундирилган. Бу дегани, табиатни ифлослантирган 100 кишидан фақат 2-3 нафаригина ҳақиқий жазони ҳис қилмоқда. Қолганлар эса бемалол «ишини» давом эттиряпти. Бундай вазиятда аҳолида «барибир жазо йўқ» деган нотўғри тушунча шаклланиб қолмоқда.
«Тоза ҳудуд»нинг оғир араваси
Ҳар бир оила уйидан чиқинди ўз вақтида олиб чиқиб кетилишини хоҳлайди. Чиқинди маҳалладан чиқиб кетгунига қадар уч босқични босиб ўтиши керак: аввал маҳалладаги йиғиш пунктига тушади, сўнг махсус машиналарда қайта юклаш станциясига ва охирида полигонга олиб борилади. Лекин кўпинча бу занжирнинг бир қисмида узилиш бўлади.
2026 йил 1 январдан бошлаб бу тизимда кескин ўзгариш бўлди: энди сиз фақат кўрсатилган хизмат учун ҳақ тўлайсиз. Агар машина келмаса, тўламайсиз. Энди пуллар тўғридан-тўғри корхоналарнинг ўзига эмас, балки марказлашган агентликнинг махсус ҳисоб рақамига тушади. Агентлик эса ҳайдовчига фақат босиб ўтилган масофа ва полигонга топширилган чиқинди ҳажмига қараб пул беради. Бу «ухлаб ётган» ҳайдовчиларни кўчаларга чиқишга мажбур қилишнинг йўлидир. Шунингдек, энди чиқиндидан қарзингиз бўлса, сизга СМС хабар келади ва қарзни тўламасангиз, электр энергияси учун тўлов қилиш имкониятингиз чекланиши мумкин.
Қурилиш чиқиндилари – табиатнинг «битмас» яраси
Бир тасаввур қилинг: Қорақалпоғистоннинг шўрхок ерларида наботот дунёси шундоқ ҳам оғир шароитда яшайди. Унинг устига тонналаб қурилиш чиқиндиси тўкилса, ер нафас олмай қолади. Ўтказилган рейдлар давомида 1807 тонна чиқинди полигонларга ташиб кетилди. Буни амалга ошириш учун 723 та махсус техника ва 4000 дан ортиқ ишчи керак бўлди. Бир кишининг бепарволигини тўғирлаш учун қанча давлат ресурси ва инсон меҳнати сарфланяпти! Минг афсус…
Шунингдек, 2026 йил июнь ойидан бошлаб қурилиш чиқиндиларини қайта ишлаш бўйича янги тартиб кучга кирди. Энди қурувчи корхоналар чиқиндини шунчаки ташлаб юбора олмайди, улар қайта ишлаш корхоналари ёки полигонлар билан шартнома тузиши шарт. Бу бизнинг болаларимиз эртага ғишт ва бетон уюмлари орасида эмас, яшил боғларда сайр қилиши учун қўйилган қадамдир.
Чиқиндининг умри жуда узун: оддий қоғоз 3 ойда чириши мумкин бўлса, пластик пакетларнинг йўқ бўлиши учун 400-450 йил керак бўлади. Шунча вақт давомида улар тупроқни заҳарлайди. Шунинг учун маҳаллаларда чиқиндиларни саралашни ўрганишимиз керак. Табиатни асраш бу иймон ва инсонийлик белгисидир.
Чиқинди – бу фақат ҳокимият ёки экологларнинг муаммоси эмас. Бу ҳар бир оиланинг, ҳар бир фуқаронинг виждон иши. Қорақалпоғистондаги 207 та ҳуқуқбузарлик – бизга берилган огоҳлантириш қўнғироғи. Экологик партия депутатлари таъкидлаганидек, биз чиқиндига фақат умуман кераксиз унсур деб эмас, балки эртанги энергия ва иқтисодий манба деб қарашимиз керак. Ислоҳотлар фақатгина биз ўз остонамиздан бошлаб тозаликка риоя қилганимиздагина самара беради.
Она табиат бизга омонат, омонатга хиёнат қилиш эса келажак авлод олдидаги энг катта гуноҳдир. Шу ўринда ўйлаб қоламан, бизни қатъий қонун, кескин чоралардан ҳам кўра ўзимиз қутқара оламиз. Ичимиздаги виждон ва тарбиямиз сабабгина омон қолишимиз мумкин. Акс ҳолда, бизни қандай экологик фожиалар кутаётганини тасаввур ҳам қила олмаймиз.
Саида ИБОДИНОВА,
«Oila va TABIAT» мухбири
Ҳеч ким кўрмаса... чиқинди ташлаш мумкинми?
🕔16:53, 04.06.2026
✔16
Тасаввур қилинг: тонг отмоқда, қуёш нурлари юртимизнинг бепоён кенгликларини ёритмоқда. Сиз фарзандингиз билан маҳалла четидаги ариқ бўйига сайрга чиқдингиз. Лекин кўзингиз тиниқ сувга эмас, балки ариқ ичига ташланган турли чиқиндилар, қурилиш материаллари бўлаклари, шамолда учаётган полиэтилен пакетларга тушади.
Батафсил
Келажак боғлари
🕔16:40, 04.06.2026
✔16
Бугунги кунда Ўзбекистон боғдорчилигида «функционал озиқ-овқат» яратиш даври бошланди. Энди боғбонларимиз меванинг йириклиги билан бир қаторда унинг таркибидаги инсон саломатлиги учун фойдали моддалар миқдорини ошириш устида ҳам изланиш олиб бормоқдалар.
Батафсил
Зарафшонда депутатлар назорати: Иссиқ сув муаммоси, кўчадаги чиқиндилар...
🕔15:52, 21.05.2026
✔79
Бугун ҳудудларда экологик барқарорликни таъминлаш, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш ҳамда санитария ва ободонлаштириш ишларини тизимли ташкил этиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.
Батафсил