2026 йил 25 март куни Президентимиз томонидан атроф-муҳит, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган янги қонун имзоланган эди.
Қонун расмий эълон қилинган кундан – 2026 йил 27 мартдан уч ой ўтгач кучга кириши белгиланган бўлиб, айни кунларда унинг асосий нормалари амалиётга татбиқ этилмоқда. Айрим муҳим қоидалар, жумладан ўрмон фонди ерлари ва ягона геоахборот базасига оид нормалар эса 2026 йил 1 июлдан кучга киради.
Мазкур қонуннинг моҳияти битта оддий, аммо қатъий тамойилга асосланади: табиатга етказилган ҳар қандай зарар жавобсиз қолмаслиги керак!
Сўнгги йилларда мамлакатимизда экологик вазиятни яхшилаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш, атмосфера ҳавоси, сув, ер, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, соҳадаги ҳуқуқбузарликлар салмоғи камаймаётгани, айрим ҳолларда эса ортиб бораётгани ҳам кузатилмоқда.
Шу боис қонунчилик ташаббуси орқали экологик назорат ва жавобгарлик тизимида янги босқичга ўтилди. Энди гап фақат огоҳлантириш ёки рамзий жарималар ҳақида эмас. Қонун жисмоний ва юридик шахсларнинг реал масъулиятини кучайтириш, ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва табиатга етказилган зарарни қоплаш механизмларини мустаҳкамлашга қаратилган.
Қонун билан бирйўла олтита қонун ҳужжатига – «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Чиқиндилар тўғрисида»ги, «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунларга, шунингдек Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Шу маънода, буни нуқтавий тузатишлар эмас, балки тизимли экологик ислоҳот сифатида баҳолаш мумкин.
Ушбу янги меъёрларни шартли равишда тўртта асосий устунга бўлиш мумкин.
Биринчиси, ифлослантирувчи манбалар устидан реал вақт режимида назорат ўрнатиш. Иккинчиси, экологик ҳуқуқбузарликлар учун жиноий ва маъмурий жавобгарликни кучайтириш. Учинчиси, назоратни рақамлаштириш, яъни автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш орқали ҳуқуқбузарликларни инсон омилисиз аниқлаш. Тўртинчиси, ўрмон фонди ерлари, яшил ҳудудлар ва дарахтларни алоҳида ҳимоя остига олиш.
Ана шу тўрт йўналиш биргаликда ишлагандагина қонундан кутилган натижага эришиш мумкин. Қонуннинг асосий кучи ҳам айнан шу яхлит ёндашувда намоён бўлади.
Энг муҳим янгиликлардан бири, реал вақт режимидаги экологик мониторингдир. Энди атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I ва II тоифаларига мансуб, яъни энг кўп ифлослантирувчи фаолият турлари билан шуғулланувчи юридик шахслар ўз манбаларига автоматик мониторинг станцияларини ўрнатиши шарт. Ушбу станциялардан келаётган маълумотлар Атроф-муҳит давлат мониторинги тизимининг ягона геоахборот маълумотлар базасига реал вақт режимида узатилиши лозим.
Бунгача назорат кўп ҳолларда режали текширувлар орқали, яъни маълум даражада кечикиб амалга оширилар эди. Эндиликда эса давлат назорати органлари корхоналарнинг чиқиндиси, тутуни, иссиқхона газлари ва бошқа ифлослантирувчи кўрсаткичларини «жонли режимда» кузатиш имконига эга бўлади.
Бу талабни бажармаслик ёки нотўғри маълумот киритиш эса жавобгарликка сабаб бўлади. «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунга киритилган янги 50¹-моддага мувофиқ, маълумотни умуман киритмаган, тўлиқ киритмаган ёки нотўғри киритган корхоналарга базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача молиявий санкция қўлланилади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган янги 86²-модда эса автоматик станцияларни ўрнатмаслик ёки уларни ягона базага уламаслик каби ҳолатлар учун мансабдор шахсларга алоҳида жарима белгилайди. Такрорий ҳолатларда жарима миқдори янада оширилади.
Бошқача айтганда, «маълумотни яширишдан кўра уни тўғри тақдим этиш арзон ва хавфсиз» деган тамойил қонун даражасида мустаҳкамланмоқда.
Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати, экологик жиноятлар учун жавобгарликнинг кучайтирилганидир. Ҳуқуқшунослар таъбири билан айтганда, экологик жиноятлар кўпинча латент характерга эга бўлади. Яъни уларнинг катта қисми вақтида аниқланмай қолиши эҳтимоли юқори. Шу сабабли жавобгарликнинг муқаррарлиги ва таъсирчанлиги алоҳида аҳамият касб этади.
Янги қонун билан Жиноят кодексининг экологик жиноятларга оид 196, 197 ва 198-моддалари санкциялари сезиларли даражада оширилди. Шунингдек, кодексга янги 198¹-модда киритилди. Унга кўра, қонунга хилоф равишда ўрмон фонди ерларини бериш, улардан фойдаланиш ва бино-иншоотлар қуриш жиноят сифатида белгиланди.
Аввал бундай қилмишлар асосан маъмурий жавобгарлик доирасида кўриб чиқилган бўлса, энди улар учун жиноий жазо чоралари назарда тутилмоқда.
Масалан, ўрмон фонди ерларини ноқонуний бериш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача жарима ёки озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши мумкин. Ўрмон ерида ноқонуний қурилиш ишларини амалга ошириш учун эса базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан беш юз бараваригача жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Агар бундай қилмиш такроран, кўп миқдорда зарар етказган ҳолда ёки уюшган гуруҳ томонидан содир этилса, жазо беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилишгача етиши мумкин.
Шу билан бирга, қонун адолатли ёндашувни ҳам сақлаб қолган. Агар етказилган моддий зарар уч карра миқдорда қопланса, айрим ҳолларда озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилмаслиги мумкин. Бу эса қонуннинг асосий мақсади фақат жазолаш эмас, балки табиатга етказилган зарарни қоплаш ва бундай ҳолатларнинг такрорланишига йўл қўймаслик эканини кўрсатади.
Мазкур қонуннинг яна бир ютуқли жиҳати, автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимининг жорий этилишидир. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган янги 17⁴-моддага мувофиқ, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги бир қатор ҳуқуқбузарликлар махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш воситалари орқали аниқланади.
Бу механизм амалда йўл ҳаракати қоидабузарликларини автоматик қайд этиш тизимига ўхшаш тарзда ишлайди. Ҳуқуқбузарликни содир этган шахс ёки транспорт воситаси эгаси белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади. Агар транспорт воситаси эгасининг айбсизлиги исботланса, у жавобгарликдан озод этилади.
Энг эътиборли жиҳати, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан юборилган фото ва видеоёзувлар ҳам махсус қурилмалар қайд этган материалларга тенглаштирилмоқда. Бу, амалда, ҳар бир фуқарони экологик назорат жараёнининг фаол иштирокчисига айлантиради. Ноқонуний чиқинди ташлаш, дарахт кесиш, яшил ҳудудларни пайҳон қилиш ёки бошқа экологик қоидабузарлик ҳолати суратга ёки видеога олиниб юборилса, у расмий далил сифатида кўриб чиқилиши мумкин.
Бу норма жамоатчилик экологик назоратини кучайтиришда муҳим қадамдир. Чунки табиатни фақат давлат органлари эмас, балки бутун жамият биргаликда ҳимоя қилгандагина кутилган натижага эришилади.
Қонун чиқиндилар масаласида ҳам амалий аҳамиятга эга бўлган янги қоидаларни мустаҳкамлади. «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартишларга кўра, чиқиндисини белгиланмаган жойга ташлаган шахс уни ўзи олиб чиқиб кетиши ёки қонуний тартибда олиб чиқиб кетиш билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериши шарт.
Яъни «ифлослантирувчи тўлайди» ва «ортидан тозалайди» тамойили қонун даражасида мустаҳкамланмоқда. Кўчага, ариқ бўйига, далага ёки яшил ҳудудга чиқинди ташлаб кетиб, масъулиятдан қутулиш энди мумкин эмас. Ёки ҳуқуқбузар ўзи тозалайди ёки тозалаш харажатини қоплайди. Бу оддий, аммо кундалик ҳаётда экологик маданиятни шакллантиришга хизмат қиладиган таъсирчан норма ҳисобланади.
Шунингдек, аҳоли пунктларидаги ариқлар ва ирригация тизимларини кўмиб ташлаш ҳам алоҳида ҳуқуқбузарлик сифатида белгиланди. Бу, айниқса, сув танқислиги кучайиб бораётган ҳозирги шароитда муҳим аҳамиятга эга.
Дарахтлар ва яшил ҳудудларни муҳофаза қилиш бўйича ҳам қатор муҳим ўзгаришлар киритилди. Қонун давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесиш ёки кўчириб ўтқазиш учун алоҳида рухсатнома бериш тартибини жорий этди. Бу ваколат Экология миллий қўмитасига берилди.
Бунгача шаҳар ҳудудидаги айрим дарахтлар амалда «эгасиз» ҳолатда қолиб кетар, уларни кесиш ёки кўчириш бўйича назорат етарли даражада таъсирчан бўлмас эди. Эндиликда ҳар бир дарахтни кесиш ёки кўчириш расмий рухсат талаб қилади. Шунингдек, кесилган дарахт ўрнига компенсация тарзида қайта экиш мажбурияти ҳам қонунда мустаҳкамланди.
Яна бир муҳим норма, кўп квартирали уйларга туташ тупроқли ёки яшил қопламали ер участкаларини ўзбошимчалик билан бетонлаштириш, уларга турли қурилмалар ўрнатиш ҳуқуқбузарлик сифатида белгиланди. Бу шаҳарлардаги «яшил оролчалар»нинг бетонга айланиб кетишининг олдини олишга қаратилган тўғридан-тўғри чора ҳисобланади.
Айни пайтда қонун бу борада ҳам мутаносиб ёндашувни сақлаган. Агар шахс бундай қилмишни биринчи марта содир этган бўлса ва ўз ихтиёри билан унинг оқибатларини бартараф этса, жавобгарликдан озод қилиниши мумкин. Демак, мақсад фақат жазолаш эмас, балки яшилликни сақлаб қолиш, фуқароларни масъулиятли муносабатга ўргатишдир.
Ушбу қонун кейинги йиллардаги энг қамровли экологик қонунлардан бири ҳисобланади. Унинг кучи уч асосий жиҳатда намоён бўлади.
Биринчиси, олдини олиш. Реал вақт режимидаги мониторинг ва автоматик қайд этиш орқали ҳуқуқбузарлик содир этилгандан кейин эмас, балки содир бўлаётган пайтда аниқланади.
Иккинчиси, муқаррарлик. Фуқаролар юборган далилларнинг расмий кучга эга бўлиши, рақамли назорат тизимларининг жорий этилиши жавобгарлик муқаррарлигини оширади. Эндиликда экологик ҳуқуқбузарликда «кўрмай қолишади» деган қараш ўз кучини йўқотади.
Учинчиси, мутаносиблик. Жазолар кучайтирилгани билан бирга, зарарни ихтиёрий қоплаш ёки ҳуқуқбузарлик оқибатларини бартараф этиш орқали жавобгарликни енгиллаштириш механизмлари ҳам сақлаб қолинган.
Лекин очиқ айтиш керак, ҳеч бир қонун ўз-ўзидан табиатни тоза қилиб қўймайди. Қонуннинг ҳақиқий кучи унинг ижросида намоён бўлади. Автоматик мониторинг станциялари амалда ўрнатилиши, ягона геоахборот базаси самарали ишлаши, жарималар изчил ва адолатли қўлланиши, аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари кучайтирилиши зарур.
Қонуннинг 7-моддасида ҳам унинг ижросини таъминлаш, ижрочиларга етказиш ва аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини ташкил этиш алоҳида вазифа сифатида белгиланган. Демак, масъулият энди фақат давлат органлари зиммасида эмас. Бу жараёнда корхоналар, маҳаллий ҳокимиятлар, фуқаролик жамияти институтлари ва ҳар бир фуқаро ўз ўрнини билиши керак.
Тоза ҳаво, мусаффо сув, яшил ҳудудлар ва соғлом табиат, бугунги куннинггина эмас, келажак авлодларнинг ҳам ҳақидир. Мазкур қонун ана шу омонатни ҳимоя қилиш, табиатга нисбатан масъулиятни кучайтириш ва экологик ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш йўлидаги қатъий қадам бўлди.