Ўзбекистон сув ҳавзаларининг экологик ҳолати ва улардаги биохилма-хилликнинг ифлосланиш даражаси халқаро ва маҳаллий олимлар гуруҳи томонидан жиддий таҳлил қилинди.
Томск давлат университети, Ўзбекистон Фанлар академияси Зоология институти ҳамда Андижон давлат университети мутахассислари ҳамкорликда Сирдарёнинг энг йирик ирмоқлари ҳисобланган Чирчиқ ва Қорадарё дарёларида кенг кўламли тадқиқот ўтказдилар. Изланишлар доирасида дарёлардан тутилган ҳар хил турдаги 61 та балиқ лаборатория таҳлилларидан ўтказилганда, ачинарли ҳолат юзага чиқди: таҳлил қилинган сув жонзотларининг 60,7 фоизи организмида пластик заррачалари борлиги маълум бўлди.
Пластик заррачалар миқдори
Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳар бир балиқ организмига тўғри келадиган пластик миқдори ўртача 2,61 тани ташкил этмоқда, бу эса вазн ўлчовида салкам 11,5 микрограмм микропластикка тенгдир. Агар ушбу кўрсаткич балиқларнинг умумий тана вазнига мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқилса, ҳар бир килограмм тана вазнига 86,3 та заррача тўғри келади. Ушбу экологик изланиш жараёнида мутахассислар жуда муҳим ва қатъий қонуниятни ҳам фош этишди. Унга кўра, сув ҳавзасидаги жонзотнинг ёши ва ҳажми қанчалик йирик бўлса, унинг тана аъзоларида тўпланадиган микропластик миқдори ҳам шунга мос равишда кўп бўлади.
Бунга сабаб нима?
Дарёлардан олинган намуналарда аниқланган ёт моддаларнинг таркибий қисми ўрганилганда, уларнинг мутлақ кўпчилиги микротолалардан иборат эканлиги ойдинлашди. Хусусан, Қорадарёдан олинган балиқлар танасидаги пластик қолдиқларининг 89,7 фоизини, Чирчиқ дарёсидаги намуналарнинг эса 93 фоизини айнан мана шундай микротолалар ташкил қилган. Эколог ва экспертлар ушбу кўрсаткичларни мамлакатимизда тўқимачилик саноатининг кенг қулоч ёйгани, бироқ мавжуд оқава сувларни тозалаш иншоотларининг технологик имкониятлари матолардан ажраладиган ушбу микротолаларни тўлиқ ушлаб қолишга қодир эмаслиги билан изоҳламоқда.
Хавфлилик даражаси
Лаборатория экспертизаси давомида балиқлар ички аъзоларидан жами 15 хилдаги турли полимер моддалари ажратиб олинди. Улар орасида энг юқори улушга эга бўлганлари полиэтилентерефталат, полипропилен ҳамда полиамид эканлиги тасдиқланди. Шунингдек, саноатда, хусусан кийим-кечак ишлаб чиқаришда кўп ишлатиладиган ярим синтетик вискоза толалари ҳам микроструктура остида яққол намоён бўлган. Умуман олганда, тадқиқотчилар ушбу ҳудудлардаги пластикнинг кимёвий хавфлилик даражасини ўртача, яъни учинчи тоифага мансуб деб белгилашди. Шунга қарамай, дарё сувларида полиакрилонитрил, полиуретанва поливинилхлорид каби токсик хусусияти юқори полимерларнинг учраши умумий хавф даражасини жиддий тарзда юқорига кўтариши мумкин.
Тирик организмларга таъсири
Олимларнинг хулосаларига кўра, микропластик заррачалари балиқлар саломатлигига параллел равишда ҳам механик, ҳам кимёвий жиҳатдан ҳалокатли зарба беради. Бир томондан, у жонзотнинг овқат ҳазм қилиш тизимига тушиб, ички аъзоларни шикастлайди ва йўлларнинг тиқилиб қолишига сабаб бўлади. Бунинг оқибатида балиқларда иштаҳа йўқолиши ва табиий ўсиш жараёнларининг секинлашиши кузатилади. Иккинчи томондан, пластик таркибига сингдирилган заҳарли кимёвий бирикмалар ҳайвонларнинг ички секреция ва иммунитет тизимлари фаолиятини бутунлай бузиши исботланган. Шунингдек, мазкур илмий иш дарёларнинг тубидаги чўкинди қатламлар оқиб турган сувнинг ўзига қараганда бир неча баробар кучлироқ ифлосланганини кўрсатди. Бу эса микропластик унсурлари табиий озиқ занжири орқали қуйи қатламлардан юқорига қараб, барча тирик организмларга кенг миқёсда тарқалаётганидан далолат беради.
Табиатни асраш йўлида жиддий қарор: камёб ҳайвонларни овлаш тақиқланади
🕔13:30, 20.07.2026
✔38
Табиат – инсонга мерос эмас, балки келажак авлодлардан олинган омонат. Шу боис биологик хилма-хилликни сақлаш, йўқолиб кетиш хавфи остида турган ҳайвонот турларини муҳофаза қилиш ҳар бир давлатнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.
Батафсил
Ўзбекистон Экологик партияси: Пойтахт «яшил бекатлар»га муҳтож
🕔13:23, 20.07.2026
✔37
Тошкент шаҳрида жамоат транспорти ҳаракатини яхшилаш, тирбандликларни камайтириш ва автобуслар ҳаракатини тезлаштириш мақсадида алоҳида BRT йўлакларининг ташкил этилгани муҳим ва ижобий қадам бўлди. Йўловчилар ҳам ушбу янгиликни илиқ кутиб олмоқда.
Батафсил
Сайёрамизда ҳаётни сақлаб қолишнинг шарти битта
🕔13:19, 20.07.2026
✔33
Тонг нафаси ҳали тоза бўлган паллада дарахтлар орасидан эсаётган майин шамол инсон қалбига таскин беради. Қушларнинг сайраши, мусаффо осмон остидаги осойишталик – ҳаётнинг энг буюк неъматларидан.
Батафсил