Табиат      Бош саҳифа

Каврак ифорига омухта болалик

Кўзларимни юмиб, хаёлан ортга – болалик йилларимга қайтаман. Сурхон воҳасининг қиру адирлари, тошдан тошга сакраб юрган қирғовуллар, шилдираб оқаётган зилол булоқлар. Ва улар орасида менга ҳамиша болалигимни эслатиб турадиган бир ҳид бор: кавракнинг ўзига хос ўткир ифори. Бу ҳид ҳозир ҳам хаёлларимда жонланганда, тоғ гулларининг иси билан аралашиб димоғимга урилади.

Каврак ифорига  омухта болалик

Тоғ одамлари бежиз бақувват ва бардам эмас. Балки улар авлоддан авлодга ўтиб келаётган табиий шифо ана шу доривор ўсимликлардан баҳраманд бўлиб яшашгани учун шундайдир.

Туғилиб ўсган қиш­лоғим Бойсун тоғининг этагида жойлашган мўъжазгина, сўлим Мачай қиш­лоғи. Атрофи бир-бирига суянган, савлат тўкиб турган қурама тоғлар билан ўралган. Уларнинг бағридан зилол булоқлар отилиб чиқиб, бирлашиб катта дарёга айланади. Бу дарё Кенгдала, Қизилнавур, Мачай, Дарбанд, Хўжабулғон каби қишлоқларни, Бойсун туманининг ўн минглаб аҳолисини тоза ичимлик сув билан таъминлайди. Кейин эса Чилонзор, Шеробод, Ангор туманларидан ўтиб, бутун йўли давомида атрофдаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига ҳаёт бахш этган ҳолда, охир-оқибат Амударёга қуйилади.

Мен бу қишлоққа қанча таъриф берсам ҳам оз, уни Ўзбекистоннинг Швейцарияси десам, асло муболаға бўлмайди. Хушовоз қирғовуллар, минг хил доривор гиёҳлар, кенг яйловлар ва тилга кирмаган, аммо жон дилдан гўзал табиат – буларнинг барчаси бу маконни бошқалардан ажратиб туради.

Хаёлимда 1975-1980 йиллар жонланади. Синфдошларим билан тоғлар қўйнида қўй-эчки боқиб юрган, ошиқ ўйнаб кун ўтказган болалигим. Ўшанда ҳар бир хўжаликда камида эллик бош қўй-эчки бўларди, отамнинг ўзида юз бошдан ортиқ мол бор эди.

Ҳар йили куз келиши билан каврак ўсиб чиқарди. Барглари сарғайиб қолгач, биз уни шавур деб атардик. Ўроқ билан ўриб, қуритиб, катта-катта боғлар боғлардик ва асосий транспортимиз бўлган эшакка ортиб уйга ташир эдик. Ўн боғлаб олиб келинган бу хашак қишда чорвамизга озуқа бўларди. Йил сайин шу тартиб такрорланарди. Лекин ўшанда биз кавракнинг ичидаги шифобахш ширани олишни билмас эдик, бу ҳақда ҳеч қандай тушунчамиз йўқ эди.

Каврак селдердошлар оиласига мансуб ферула туркумининг бир тури. Бўйи бир ярим икки метргача етади, илдизи эса лавлагисимон, чуқур жойлашган бўлиб, йўғонлиги 15-20 сантиметрга боради. Бу ўсимликнинг ажабтовур хусусияти шундаки, у 8-9 йилда фақат бир бор гуллайди ва мева тугиб, қуриб қолади. Пояси тик, ичи ковак, юқори қисми шохланган бўлгани учун ҳам халқ орасида каврак номи билан юритилади.

Кавракнинг қадри унинг илдизидан оқиб чиқадиган елим шира, яъни смолада. Қадимги табобатда бу елим хилхит деб аталган ва анор суви билан аралаштириб, мушак жароҳатлари, кучли оғриқларни даволашда ишлатилган. Оқсоқолларнинг айтишича, уни сувда эритиб ичилса, томоқ оғриғи, қуруқ йўтал ва тилнинг шишига даво бўлади. Ошқозон ичак йўлини тозалашда, турли яллиғланишларда ҳам кенг қўлланилади. Айримлар унинг шифобахшлигини женшенга қиёслайди, ҳатто каврак олдида женшень ҳам ип эшолмай қолади, дейишади.

Энди ортга назар ташлаб, бир нарсага эътибор бераман: ўша йилларда бирор бош қўй ёки эчкимизнинг касал бўлганини ёхуд табиий ўлимдан нобуд бўлганини эслай олмайман. Фақат бўри ҳужуми ёки тоғдан тош кўчиши сабабли баъзан чиқим бўларди, холос. Бу она табиатнинг мўъжизаси, унинг инсон ва ҳайвонот дунёсига бўлган беғараз меҳри. Балки қўй-эчкиларимиз ҳар куз каврак хашагини еб, ўзлари билмаган ҳолда шифо топгандир.

Шундан хулоса қиламанки, агар каврак ўсимлиги касалликларга қарши курашишда шунчалик кучли бўлса, эҳтимол у саратон каби оғир дардларга ҳам малҳам бўла олар. Шу боис бу ўсимликнинг тарихини ўрганиш, уни авайлаб кўпайтириш ва шифобахш хусусиятлари устида олимларимиз бош қотириши мақсадга мувофиқдир. Ҳатто айнан шу қишлоғим Мачайда тиббиёт ёки фармацевтика институтининг филиалини очиш фикри ҳам ортиқча эмас.

Чунки бу тупроқда ёлғиз каврак эмас, занжабил, зира, учқат, ипор, шумғия, оқ чойир, шувоқ, илонтери, зарчоб, кучала, лола-қизғалдоқларнинг ўнлаб тури, ўлмас ўт, мумиё ва номини санаб адоғига етолмайдиган минглаб доривор гиёҳлар ўсади. Мен ишонаман: шу бойлик билан бу қишлоқ нафақат шифо маскани, балки дунёдаги энг гўзал туризм гўшаларидан бирига айланиши мумкин.

Мачай қишлоғимни ўраб турган виқорли тоғлари, зилол булоқлардан йиғилган катта дарёси, Амир Темур ғори, Ниёндартал деб аталадиган тешиктош ғори ва Олчабулоқ сувлари билан ҳар бир инсонни ўзига чорлайди.

 

Нормаҳмат ЯХШИБОЕВ,

ЎЭП Музработ туман кенгаши раиси




Ўхшаш мақолалар

Кичик ва микро  гидроэлектр станциялари тармоғи ривожлантирилади

Кичик ва микро гидроэлектр станциялари тармоғи ривожлантирилади

🕔16:30, 04.09.2026 ✔76

Куни кеча Президентимизнинг «Мамлакатда кичик ва микро гидроэлектр станциялари тармоғини ривожлантиришнинг навбатдаги чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Батафсил
163,5 тонна  ЗАРАРЛИ ГАЗ  атмосферага тарқалишининг олди олинди

163,5 тонна ЗАРАРЛИ ГАЗ атмосферага тарқалишининг олди олинди

🕔16:26, 04.09.2026 ✔65

2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, унинг ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотларига жисмоний ҳамда юридик шахслардан 28 минг 168 та мурожаат келиб тушди.

Батафсил
Экологик тараққиёт ва барқарор ривожланишнинг  мустаҳкам  пойдевори

Экологик тараққиёт ва барқарор ривожланишнинг мустаҳкам пойдевори

🕔16:06, 27.08.2026 ✔127

Мустақиллик мамлакатимиз тарихидаги улуғ сана бўлиб, истиқлол йилларида қўлга киритилган улкан ютуқларни сарҳисоб қилиш, халқимизни бунёдкорлик ғоялари атрофида янада жипслаштириш ва келажак тараққиётининг устувор йўналишларини белгилашда муҳим аҳамият касб этади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар