Тонг нафаси ҳали тоза бўлган паллада дарахтлар орасидан эсаётган майин шамол инсон қалбига таскин беради. Қушларнинг сайраши, мусаффо осмон остидаги осойишталик – ҳаётнинг энг буюк неъматларидан.
Аммо бугун инсоният ана шу бойликнинг қадрига етмаётгандек: сойлар лойқалашмоқда, яшил манзаралар камайиб, ҳавони тутун ва чанг эгалламоқда. Табиат гўё инсонни «мени асрамасанг, ўзинг ҳам омон қолмайсан» дея мунгли огоҳлантираётгандек...
Шундай мураккаб даврда экологик тарбия масаласи ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, дунёда экологик муаммолар ва ҳаво ифлосланиши оқибатида ҳар йили 7 миллиондан ортиқ инсон ҳаётдан бевақт кўз юммоқда. Бу рақамлар табиатни ҳимоя қилиш фақат қонунлар ёки жарималар билан эмас, аввало инсоннинг қалби, онги ва тафаккури билан боғлиқ эканини кўрсатади. Агар болага ёшлигидан дарахтнинг қадрини, сувнинг қийматини сингдира олсак, у улғайгач атроф-муҳитга бепарво бўлмайди.
Бугунги дунё мислсиз тараққиёт сари одимламоқда. Янги технологиялар ҳаётимизни енгиллаштирмоқда. Аммо бу шиддатли ривожланиш ортида табиатнинг тобора ҳолдан тойиб бораётгани яширинган. Улкан заводлар ҳавони заҳарламоқда, дарёлар саноат чиқиндилари сабаб аввалгидек тиниқ оқмай қўйди. БМТ ҳисоботларига кўра, инсоният фаолияти натижасида Ер юзидаги қуруқлик ҳудудларининг 75 фоизи аллақачон жиддий ўзгаришларга учраган ва деградацияга юз тутган.
Айниқса, ўрмонларнинг кесилиши катта хавф туғдирмоқда. Дарахтлар – ернинг нафаси, табиатнинг тирик қалқони. Бироқ Ер ресурслари институти таҳлилларига кўра, дунёда ҳар дақиқада бир нечта футбол майдонига тенг ҳудуддаги ўрмонлар йўқ қилинмоқда. Натижада иқлим баланси бузилиб, қурғоқчилик, жазирама ва турли табиий офатлар кўпаймоқда.
Энг ачинарлиси, айрим одамлар табиатни туганмас бойлик деб ҳисоблайди. Ваҳоланки, табиатнинг ҳам сабри ва чегараси бор. Инсон ундан фақат олиб, ҳеч нарса қайтармаса, бу бойликлар таназзулга юз тутади. Олимларнинг огоҳлантиришича, агар чиқиндиларни бошқариш ва сувдан фойдаланиш маданияти ўзгармаса, 2050 йилга бориб дунё аҳолисининг қарийб ярми ичимлик сув танқислигига дуч келиши мумкин. Музликларнинг эриши ва чанг бўронлари айнан ана шу лоқайдлик оқибатидир.
Экологик тарбия инсон онгида масъулият ҳисини уйғотади. Болалик – тарбиянинг энг муҳим даври. Агар фарзанд кичик ёшидан дарахт экиб улғайса, сувни тежашни одат қилса, у катта бўлганида табиатни ҳимоя қилишни инсоний бурч деб билади. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, экологик маданияти юқори оилаларда улғайган болаларнинг 80 фоиздан ортиғи ҳаётда атроф-муҳитга зарар етказишдан ўзларини тиядилар. Шунинг учун экологик тарбия аввало оиладан, ота-онанинг шахсий намунасидан бошланиши керак.
Мактаб эса бу тарбияни онг ва қалбга чуқур сингдирадиган маскандир. Фақат дарсликлардаги маълумотлар билан чекланиш етарли эмас. Ўқувчи ҳар бир ниҳолнинг ҳаёт учун нақадар муҳим эканини юраги билан сезиши керак. Шу сабабли мактабларда экологик тарбия амалий фаолият – дарахт экиш акциялари, табиат қўйнига саёҳатлар ва сувни тежаш лойиҳалари билан уйғун бўлиши зарур. Ўз қўли билан ниҳол эккан бола уни асрашга интилади.
Экологик тарбия инсоннинг маънавий камолоти билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Табиатни севган инсоннинг қалби нозик бўлиб, у дарахтнинг синдирилган шохига ҳам бефарқ қаролмайди. Бугунги ёшларнинг экологик тафаккури қанчалик юксак бўлса, келажак ҳам шунчалик мусаффо бўлади.
Инсон табиатни забт этдим деб ўйлайди, аслида эса у табиатнинг бир бўлагидир. Дарахтсиз ҳаво, сувсиз ҳаёт бўлмайди. Бугунги техника асрида болалар кунига ўртача 4-5 соат вақтини телефон ва компьютер қаршисида ўтказиб, табиатдан узилмоқда. Ҳолбуки, яшил манзаралар қалбни тинчлантиради, мусаффо ҳаво соғлиқни мустаҳкамлайди.
Баъзан бир дона дарахт экиш оддий ишдек туюлади, аммо ўша ниҳол келажак учун ҳаёт манбаининг бир бўлагига айланади. Бир туп соғлом дарахт бир йилда тўрт кишига етадиган кислород ишлаб чиқаради. Инсоният бугун танлов қаршисида турибди: ё табиат билан уйғун яшайди, ё ўз қўли билан келажагини барбод қилади. Экологик маданият жамият ҳаётининг ажралмас қисмига айланиши шарт.
Табиат – инсоннинг яшаш манбаи ва ҳаёт бешиги. Уни асраш фақат экологларнинг эмас, бутун инсониятнинг вазифасидир. Ҳар бир инсон қалбида табиатга меҳр уйғонсагина, она сайёрамизда ҳаёт сақланиб қолади. Инсон табиатни ҳимоя қилаётганда, аслида ўз келажагини ва фарзандларининг бахтини асраган бўлади.
Бахтиёр САМИЕВ,
Ўзбекистон Театр арбоблари
уюшмасининг иш юритувчи котиби
Табиатни асраш йўлида жиддий қарор: камёб ҳайвонларни овлаш тақиқланади
🕔13:30, 20.07.2026
✔38
Табиат – инсонга мерос эмас, балки келажак авлодлардан олинган омонат. Шу боис биологик хилма-хилликни сақлаш, йўқолиб кетиш хавфи остида турган ҳайвонот турларини муҳофаза қилиш ҳар бир давлатнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.
Батафсил
Ўзбекистон Экологик партияси: Пойтахт «яшил бекатлар»га муҳтож
🕔13:23, 20.07.2026
✔36
Тошкент шаҳрида жамоат транспорти ҳаракатини яхшилаш, тирбандликларни камайтириш ва автобуслар ҳаракатини тезлаштириш мақсадида алоҳида BRT йўлакларининг ташкил этилгани муҳим ва ижобий қадам бўлди. Йўловчилар ҳам ушбу янгиликни илиқ кутиб олмоқда.
Батафсил
Сайёрамизда ҳаётни сақлаб қолишнинг шарти битта
🕔13:19, 20.07.2026
✔33
Тонг нафаси ҳали тоза бўлган паллада дарахтлар орасидан эсаётган майин шамол инсон қалбига таскин беради. Қушларнинг сайраши, мусаффо осмон остидаги осойишталик – ҳаётнинг энг буюк неъматларидан.
Батафсил