Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Она тилимиз рақамли дунё тилига айланиши шарт

Cунъий интеллект, замонавий тиббиёт ва фазовий технологиялар даври бўлган XXI аср олдимизга мутлақо янги, аччиқ ва ҳаётий саволни кўндаланг қўймоқда: бугун ўзбек тилида замонавий илм-фан ютуқлари ва юқори технологиялар яратиляптими? Она тилимиз имкониятлари бунинг учун етарлими?

Она тилимиз рақамли  дунё тилига  айланиши шарт

Бугун Тошкентдаги IT-паркда ўтирган ёш дастурчи янги дастур ёзаётганда, биолог олим лабораторияда тадқиқот олиб бораётганда ёки иқтисодчи дунё бозоридаги ҳисоб-китобларни таҳлил қилаётганда қайси тилда фикрлайди ва қайси манбаларга таянади? Афсуски, аксарият ҳолларда ўзбек тилига эмас. Чунки у ишлатаётган илмий китоблар ҳам, глобал интернет базаси ҳам, у суҳбатлашаётган сунъий интеллект дастурлари ҳам асосан инглиз ёки рус тилларида «гапиради».

Тилшуносликда шафқатсиз бир қонуният бор: агар тил фақат оилада, кўча-кўйда, тўй-маъракаларда ва шеъриятдагина қўлланилиб, лабораторияларга, компьютер тизимларига ва илмий марказларга кириб бормаса, у бора-бора «маиший тил» даражасида чекланиб қолади. Шу боис ўзбек тилини рақамли дунёда илм ва технология тилига айлантириш – шунчаки маънавий масала эмас, балки мамлакатимизнинг технологик мустақиллиги ва эртанги иқтисодий қудратини белгилаб берувчи ҳаёт-мамот масаласидир.

 

Нега кашфиётлар ўзбек тилида туғилмаяпти?

Инсон қайси тилда илм ўрганса, унинг касбий тафаккури ўша тилда шаклланади. Бугун олий ўқув юртларимизнинг аниқ фанлар, тиббиёт, муҳандислик ва IT йўналишларида ўқиётган талабаларнинг энг катта дарди нимада? Албатта, ўзбек тилидаги замонавий ўқув адабиётларининг жуда танқислигида! Техника йўналишидаги талабаларга бериладиган дарсликларнинг кўпи ё ўтган асрнинг 70-80-йилларидаги совет китобларининг ғализ таржимаси ёки интернет таржимон орқали юзаки ўгирилган қўлланмалардир. Оқибатда, ҳақиқий билим излаган талаба мажбуран чет тилидаги манбаларга юзланади.

Яна бир оғриқли нуқта илм-фандаги баҳолаш тизими билан боғлиқ. Бугун ўзбек олими илмий даража олиши ёки грант ютиши учун нуфузли халқаро журналларда инг­лиз тилида мақола чиқариши шарт. Дунёга чиқиш учун бу тўғри талаб, албатта. Бироқ танганинг иккинчи томони бор: энг кучли олимларимиз ўзларининг сара тадқиқотларини инглиз тилида ёзиб, хорижда эълон қиляпти-ю, аммо ўша кашфиётнинг ўзбекча баёни ўзимизнинг ёшларга етиб келмаяпти. Натижада ўзига хос «интеллектуал жарлик» пайдо бўлмоқда: кучли мутахассислар ва олимлар хорижий тилда ишлаб, ўша тилда фикрлаяпти, ўзбек тилида эса фақат бошланғич ва умумий гаплар қолиб кетяпти. Дунёнинг етакчи университетларида бугун чоп этилган янги китоб олти ой ичида хитой, корейс ёки турк тилларида талабалар қўлига етиб борса, бизда бу иш ҳамон тарқоқ ва кўнгиллилар ташаббусига боғланиб қолган.

 

«Тайёра»га яна қайтамизми?

Илм ва технология тилини ушлаб турадиган асосий устун – аниқ ва тушунарли атамалар. Бугун ҳаётимизга ҳар ойда ўнлаб янги тушунчалар кириб келмоқда: блокчейн, стартап, булутли технологиялар, промпт, фишинг, венчур фондлар... Хўш, биз уларни қандай қабул қиляпмиз?

Бу борада иккита хавфли ҳолат кўзга ташланади. Бир томондан, тилни «тозалаш» тарафдорлари халқаро терминларни ҳам мажбуран эски сўзлар билан алмаштиришга уринади. Тўқсонинчи йиллардаги «тайёра» (самолёт), «ойнаи жаҳон» (телевизор) каби тажрибалар бугун IT соҳасида ҳам такрорланса, дастурчилар бундай сунъий сўзларни шунчаки қабул қилмайди. Чунки технология аниқлик ва қисқаликни талаб этади.

Иккинчи томондан эса, ёш мутахассислар орасида она тилимиз имкониятларидан фойдаланишга эриниб, чет сўзларни бузиб қўллаш авж олган: «кодларни деплой қилдик», «нейронкани трейн қилиш керак», «багларни фиксить қилдик» каби жаргонлар оддий ҳолга айланиб бормоқда. Бунга сабаб – бизда тилшунослар билан дастурчилар, муҳандислар ва шифокорларни бир стол атрофида бирлаштирадиган тезкор механизм йўқ. Атамалар комиссияси йиллаб ўйланиб, битта сўзни тасдиқлагунча, технология уч авлодга илгарилаб кетмоқда. Ҳолбуки, ўз вақтида топилган сунъий идрок, булутли сақлаш, машинали ўқитиш, маълумотлар базаси, киберхавфсизлик каби ўнлаб чиройли атамалар тилимизнинг имконияти нақадар кенг эканини кўрсатиб турибди.

 

Сунъий идрок ўзбек тилини қанчалик «тушунади»?

Бугун дунёни ҳайратга солаётган ChatGPT, Gemini каби сунъий интеллект дастурлари билан суҳбатлашган одам бир нарсани дарров сезади: улар инглиз ёки рус тилида мураккаб тиббий ташхислар қўяди, ҳужжатлар тузади, код ёзади. Аммо ўзбек тилида жиддийроқ илмий савол берсангиз, жавоблар юзаки, жумлалар эса ғализ чиқади, баъзан эса мавжуд бўлмаган сўзларни ўйлаб топади.

Нега шундай? Чунки сунъий интеллект ҳиссиёт билан эмас, интернетдаги маълумотлар ҳажмига қараб ишлайди. Инглиз ва рус тилларида тармоқда миллионлаб китоблар ва илмий мақолалар бор, ўзбек тилининг глобал интернетдаги улуши эса 0,1 фоизга ҳам етмайди. Бунинг устига, ўзбек тилининг рақамли ривожига иккита жиддий муаммо тўсиқ бўлмоқда.

Биринчиси – ёзувдаги хилма-хиллик ва рақамли стандартлаштириш масаласи. Компьютер алгоритми учун кириллча «ўзбек тили» билан лотинча «o‘zbek tili» иккита бошқа-бошқа тилдир. Боз устига, шу пайтгача лотин ёзувимиздаги O‘ ва G‘ ҳарфларини кимдир тўғри белги билан ёзса, кимдир оддий тирноқча, кимдир қўштирноқ билан ёзиб келди. Оқибатда, сунъий интеллект ва қидирув тизимлари учун биттагина «ўқувчи» сўзи интернетда беш-олти хил бегона сўз бўлиб кўринар ва шундоқ ҳам кам бўлган маълумотлар базамиз парчаланиб кетарди.

Яқинда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштиришга қаратилган Қонуннинг имзоланиши ушбу кўп йиллик технологик муаммога тарихий ечим берди. Алифбодаги тўртта ҳарфнинг ягона халқаро ва компьютер стандартларига мос равишда (O‘ → Ö, G‘ → Ğ, Sh → Ş, Ch → Ç) такомиллаштирилиши ва «бир товуш – бир ҳарф» тамойилига ўтилиши – рақамли тилшунослик ва сунъий интеллект алгоритмлари учун чинакам инқилобий қадам бўлди. Эндиликда IT-мутахассисларимиз олдида турган энг муҳим вазифа – барча операцион тизимлар, смартфон клавиатуралари ва сунъий интеллект конвертерларини тезкорлик билан янги ҳарфларга мослаштириш ҳамда шу кунгача кирилл ва аввалги лотин алифбосида яратилган рақамли меросимизни ягона электрон ўзанга бирлаштиришдир.

Иккинчиси – компьютер тушунадиган ягона «Миллий тил корпуси»нинг очиқ эмаслиги. Тўғри, бу борада олимларимиз қатор лойиҳалар қилишди, грантлар олинди. Аммо уларнинг аксарияти фақат диссертация ва ҳисоботлар учун хизмат қилиб, Google, Apple, OpenAI каби дунё гигантлари фойдалана оладиган очиқ тизимга айланмади. Оқибатда дунёдаги энг машҳур овозли ёрдамчилар, замонавий автомобиллар ҳамон ўзбекча «гапира» олмайди. Бу шунчаки қулайлик эмас – бу кўзи ожиз минглаб юртдошларимизнинг овозли дастурлар орқали она тилида билим олиш ҳуқуқи, банк, тиббиёт ва давлат хизматларини автоматлаштириш масаласидир.

 

Виртуал «очлик» ва жаҳон тажрибаси

Сўнгги йилларда фаол ёшларимиз меҳнати билан «Ўзбекча Википедия»даги мақолалар сони 300 мингдан ошгани қувонарли ҳол. Бироқ энди сондан сифатга ўтиш вақти келди. Ўзбек тилида тарихий шахслар ёки шаҳарлар ҳақида маълумот топиш мумкин, аммо замонавий физика, генетика ёки нейротармоқлар ҳақида қидирув берсангиз, икки-уч қатор умумий гапга ёки бўш саҳифага дуч келасиз. Саволига она тилида жавоб тополмаган бола эртага бошқа тилнинг ахборот маконига тобе бўлиб қолмаслигига кафолат йўқ бундай ҳолатда.

Хўш, бугун дунёга технология экспорт қилаётган давлатлар бу муаммони қандай ечган? Масалан, урушдан вайрона бўлиб чиққан Жанубий Корея минглаб ёшларини АҚШ ва Европага ўқишга юборганда битта қатъий талаб қўйган: ўрганилган ҳар бир технологик билим корейс тилига ўгирилиши ва миллий университетларда ўқитилиши шарт эди! Бугун Samsung ёки Hyundai муҳандислари энг мураккаб микрочипларни соф корейс тилида лойиҳалаштиради. Японияда эса дунёдаги ҳар бир янги илмий кашфиёт 3-6 ой ичида япон тилига давлат буюртмаси асосида ўгириладиган тизим яратилган – шу боис ўнлаб япон олимлари Нобель мукофотини айнан ўз она тилидаги тадқиқотлари учун олди. Туркия давлат миқёсида минглаб жаҳон дарсликларини туркчалаштириб, миллий мудофаа ва муҳандислик тилини яратган бўлса, Исроил асрлар давомида унутилган қадимий тилини тирилтириб, уни киберхавфсизлик ва сунъий интеллект тилига айлантирди.

Демак, ҳеч бир тил ўз-ўзидан технология тилига айланиб қолмайди. Бунинг ортида давлатнинг қатъий иродаси ва зиёлиларнинг фидойилиги туради.

 

Шиорлардан аниқ стратегияга

Ўзбек тилини рақамли дунёда илм ва технология тилига айлантириш учун байрамона тадбирлардан амалий ҳаракатларга ўтишимиз шарт. Бунинг учун, аввало, тилшунослар ва IT-мутахассисларни бирлаштириб, ўзбек тилининг мукаммал рақамли ва овозли базасини яратиш ҳамда уни жаҳоннинг йирик технологик компанияларига очиқ тақдим этиш зарур. Шундагина барча замонавий қурилмалар ва сунъий интеллект дастурлари ўзбек тилида равон «гапира» бошлайди.

Иккинчидан, жаҳоннинг энг илғор олийгоҳларида ўқитилаётган IT, тиббиёт, муҳандислик ва иқтисодиётга оид энг сара мингта замонавий дарсликни давлат буюртмаси асосида ўзбек тилига таржима қилиш дастурини бошлаш керак. Шу билан бирга, давлат гранти ҳисобидан хорижий журналларда инглиз тилида мақола чиқарган ҳар бир ўзбек олими ўз тадқиқотининг кенгайтирилган баёнини маҳаллий электрон платформаларда ўзбек тилида ҳам эълон қилиши шарт.

Учинчидан, йилда бир йиғиладиган атамалар комиссия­си ўрнига, дастурчилар, муҳандислар ва тилшунослар онлайн ишлайдиган жонли платформа яратиш ҳамда YouTube ва ижтимоий тармоқларда ўзбек тилида илмий-оммабоп видеолар, таълим лойиҳалари қилаётган ёшларни махсус грантлар билан рағбатлантириш лозим. Виртуал маконни саёз ва маиший видеолар эмас, балки ёшлар тафаккурини ўстирадиган ўзбекча илмий контент тўлдиргандагина вазият ўзгариши мумкин.

 

Кўприк эмас, қалъа қурайлик

Маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий бир аср муқаддам «Икки эмас, тўрт тил лозим» деб ёзганида, дунё тилларини ўрганиб, жаҳон илм-фанини юртимизга олиб киришни ва миллатни юксалтиришни назарда тутган эди. Чет тилларини билиш – дунё хазиналарига элтувчи кўприкдир. Аммо инсон умрбод кўприк устида яшай олмайди; у кўприкдан ўтиб, энг сара дурдоналарни ўз уйига – она тили қалъасига олиб келиши ва шу ерда янги жавоҳирлар яратиши керак.

Агар биз фарзандларимизга ўз она тилида мураккаб кодлар ёзиш, кашфиётлар қилиш ва замонавий технологиялар яратиш имкониятини бера олсак, ўзбек тили яна минг йиллар давомида дунёнинг энг барҳаёт тиллари сафида мағрур яшайди. Зеро, тилнинг ҳақиқий абадияти фақатгина шеърият ва қўшиқларда эмас, балки келажакни бошқарадиган илм-фан ва юқори технологиялар ичида намоён бўлади.

Ботирали ШОДИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ЎЭП фракцияси аъзоси




Ўхшаш мақолалар

Экофаол  ёшлар овози  кўҳна Хивада  янгради

Экофаол ёшлар овози кўҳна Хивада янгради

🕔14:56, 05.11.2026 ✔198

Минг йиллик Хиванинг сарғиш деворлари қуёш нурида тилларанг товланади, Ичан қалъа миноралари эса осмонга бўй чўзади. Шу қадимий шаҳарнинг Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги ижод мактабида ёш авлоднинг тафаккур ва масъулият қалъаси қад ростлади.

Батафсил
Она тилимиз рақамли  дунё тилига  айланиши шарт

Она тилимиз рақамли дунё тилига айланиши шарт

🕔14:19, 30.10.2026 ✔278

Cунъий интеллект, замонавий тиббиёт ва фазовий технологиялар даври бўлган XXI аср олдимизга мутлақо янги, аччиқ ва ҳаётий саволни кўндаланг қўймоқда: бугун ўзбек тилида замонавий илм-фан ютуқлари ва юқори технологиялар яратиляптими? Она тилимиз имкониятлари бунинг учун етарлими?

Батафсил
Исроф  занжири: дастурхондан сайёрагача

Исроф занжири: дастурхондан сайёрагача

🕔14:28, 22.10.2026 ✔337

Музлатгични очиб, бир неча кунги овқатни кўриб, «эҳ, исроф бўлди-ку...» деб афсусланган пайтларингиз бўлгандир. Бу ҳолат сизга таниш. Аммо шу кичик исроф бутун сайёра миқёсида кўпайтирилса, ундан чиқадиган рақам ақлни шоширади. Гап шундаки, бугун дунё ўзи етиштирган озиқ-овқатнинг деярли бешдан бир қисмини шунчаки чиқиндига ташламоқда.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Экофаол  ёшлар овози  кўҳна Хивада  янгради

    Экофаол ёшлар овози кўҳна Хивада янгради

    Минг йиллик Хиванинг сарғиш деворлари қуёш нурида тилларанг товланади, Ичан қалъа миноралари эса осмонга бўй чўзади. Шу қадимий шаҳарнинг Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги ижод мактабида ёш авлоднинг тафаккур ва масъулият қалъаси қад ростлади.

    ✔ 198    🕔 14:56, 05.11.2026
  • Она тилимиз рақамли  дунё тилига  айланиши шарт

    Она тилимиз рақамли дунё тилига айланиши шарт

    Cунъий интеллект, замонавий тиббиёт ва фазовий технологиялар даври бўлган XXI аср олдимизга мутлақо янги, аччиқ ва ҳаётий саволни кўндаланг қўймоқда: бугун ўзбек тилида замонавий илм-фан ютуқлари ва юқори технологиялар яратиляптими? Она тилимиз имкониятлари бунинг учун етарлими?

    ✔ 278    🕔 14:19, 30.10.2026
  • Исроф  занжири: дастурхондан сайёрагача

    Исроф занжири: дастурхондан сайёрагача

    Музлатгични очиб, бир неча кунги овқатни кўриб, «эҳ, исроф бўлди-ку...» деб афсусланган пайтларингиз бўлгандир. Бу ҳолат сизга таниш. Аммо шу кичик исроф бутун сайёра миқёсида кўпайтирилса, ундан чиқадиган рақам ақлни шоширади. Гап шундаки, бугун дунё ўзи етиштирган озиқ-овқатнинг деярли бешдан бир қисмини шунчаки чиқиндига ташламоқда.

    ✔ 337    🕔 14:28, 22.10.2026
  • Қонунларимиз  болаларни  интернет  хавфларидан ҳимоя  қила оладими?

    Қонунларимиз болаларни интернет хавфларидан ҳимоя қила оладими?

    Бугун рақамли технологиялар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Интернет орқали билим олиш, хорижий тилларни ўрганиш, дунёнинг исталган нуқтасидаги ахборотдан фойдаланиш имкониятлари тобора кенгаймоқда.

    ✔ 423    🕔 13:16, 15.10.2026
  • Асалари учраётган  хатар –  экологик ва иқтисодий тизим учун катта хавф

    Асалари учраётган хатар – экологик ва иқтисодий тизим учун катта хавф

    Табиатда шундай жонзотлар борки, уларнинг миттигина фаолияти бутун инсоният ҳаёти учун катта аҳамият касб этади.

    ✔ 480    🕔 14:57, 08.10.2026
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар