Минг йиллик Хиванинг сарғиш деворлари қуёш нурида тилларанг товланади, Ичан қалъа миноралари эса осмонга бўй чўзади. Шу қадимий шаҳарнинг Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги ижод мактабида ёш авлоднинг тафаккур ва масъулият қалъаси қад ростлади.
Куни кеча бу ерда Ўзбекистон Экологик партияси ташаббуси билан бошланган «Эко-дебат» лойиҳасининг республика финали бўлиб ўтди. Қорақалпоғистондан, Сурхондарёдан, Тошкент вилояти ва пойтахтдан келган ўғил-қизлар бир минбарда ўзаро баҳслашиб, чинакам эко-фаоллик намунасини кўрсатишди.
Бугун дунё иқлим ўзгариши, сув танқислиги ва чиқиндилар муаммоси билан юзма-юз турибди. Ўзбекистон учун эса булар кундалик ҳаётнинг аччиқ ҳақиқатидир. Экологик муаммоларни фақат қонунлар ва технологиялар билангина ҳал қилиб бўлмайди. Энг мукаммал қонун ҳам уни ҳаётга татбиқ этадиган онгли фуқаро бўлмаса, қоғозда қолиб кетаверади. Шу боис аҳолининг қарийб ярмини ташкил этувчи ёшларнинг экологик онгини ошириш муҳим аҳамият касб этади. «Эко-дебат» лойиҳасининг долзарблиги ҳам айнан шунда бўлиб, у ёшларда танқидий фикрлаш, далиллар билан мунозара қилиш ва муқобил ечим топиш кўникмаларини шакллантиради.
Мусобақа мактаблар, коллежлар ва олий ўқув даргоҳларини қамраб олиб, туман, ҳудуд ва республика босқичларида ўтказилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия ва Ёшлар ишлари агентлиги вакилларидан иборат ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларни далилларнинг асосланганлиги, мантиқий изчиллик ва нутқ маданияти каби мезонлар асосида баҳолади. Финалда мактаб ўқувчилари ва талабалар бир минбарда тенгма-тенг баҳс олиб бориб, оила ва мактабнинг экологик тарбиядаги ўрни, таълимда интеграция, замонавий технологиялар ҳамда тарғибот масалалари юзасидан қизғин мунозара қилишди.
Муросасиз кечган баҳслар якунига кўра, ғолиблар аниқланди. Республика финалида биринчи ўринни Қорақалпоғистон Республикаси жамоаси қўлга киритиб, бош соврин – планшет ва китоблар тўпламига сазовор бўлди. Фахрли иккинчи ўрин Тошкент шаҳри жамоасига насиб этди ва уларга телефон ҳамда китоблар тўплами топширилди. Учинчи ўрин эса Сурхондарё вилояти жамоасига берилиб, смарт-соат ва китоблар тўплами билан тақдирланди. Тошкент вилояти жамоаси ҳам муносиб кураш олиб бориб, фаол иштирокчи сифатида эътироф этилди.
Тадбирдан сўнг ёшлар учун Хиванинг тарихий обидалари бўйлаб ташкил этилган саёҳат табиатни асраш билан бирга, тарихий меросни ҳам кўз қорачиғидек авайлаш кераклигини фарзандларимиз қалбида яна бир бор чуқур муҳрлади.
Бу каби лойиҳалар ёшларга экологик муаммолар фақат мутахассисларнинг эмас, балки ҳар бир фуқаронинг ҳаётий иши эканини кўрсатади. Дебат минбарида тобланган ёшлар эртага экологик қонунларни такомиллаштирувчи депутатлар, яшил иқтисодиётни барпо этувчи тадбиркорлар ва жонкуяр мутахассислар бўлиб етишади. «Эко-дебат»нинг биринчи мавсуми якунига етди, бироқ бу катта йўлнинг бошланишидир. Олдимизда лойиҳани барча ҳудудлар бўйлаб кенгайтириш ва ёшларнинг илғор ташаббусларини амалий ҳаётга татбиқ этиш каби улкан режалар турибди. Зеро, она табиат келгуси авлодлардан олинган омонат ва яшил келажакни яратиш айнан ёшларнинг қўлидадир.
Нилуфар МАТКАРИМОВА,
ЎЭП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари
Экофаол ёшлар овози кўҳна Хивада янгради
🕔14:56, 05.11.2026
✔199
Минг йиллик Хиванинг сарғиш деворлари қуёш нурида тилларанг товланади, Ичан қалъа миноралари эса осмонга бўй чўзади. Шу қадимий шаҳарнинг Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги ижод мактабида ёш авлоднинг тафаккур ва масъулият қалъаси қад ростлади.
Батафсил
Она тилимиз рақамли дунё тилига айланиши шарт
🕔14:19, 30.10.2026
✔278
Cунъий интеллект, замонавий тиббиёт ва фазовий технологиялар даври бўлган XXI аср олдимизга мутлақо янги, аччиқ ва ҳаётий саволни кўндаланг қўймоқда: бугун ўзбек тилида замонавий илм-фан ютуқлари ва юқори технологиялар яратиляптими? Она тилимиз имкониятлари бунинг учун етарлими?
Батафсил
Исроф занжири: дастурхондан сайёрагача
🕔14:28, 22.10.2026
✔337
Музлатгични очиб, бир неча кунги овқатни кўриб, «эҳ, исроф бўлди-ку...» деб афсусланган пайтларингиз бўлгандир. Бу ҳолат сизга таниш. Аммо шу кичик исроф бутун сайёра миқёсида кўпайтирилса, ундан чиқадиган рақам ақлни шоширади. Гап шундаки, бугун дунё ўзи етиштирган озиқ-овқатнинг деярли бешдан бир қисмини шунчаки чиқиндига ташламоқда.
Батафсил