Сардор етимликда тоғасининг қўлида катта бўлди. Ўша дамларни эслаганда хаёлида қарама-қарши туйғулар туғён урарди. Тенгдошлари ўқиш бошланишида янги кийимда, ялтироқ папкаларни тутиб ўқишга борса, у тоғасининг ўғли Жамшиднинг эски бўлса-да, ювилган ва яхшилаб дазмолланган кийимларини кийиб, эски папкасини кўтариб чиқарди. Бундан унинг мурғак қалби эзилар, лекин ноилож...

СУДХЎР

Тоғаси ҳам жўжабирдек жон, беш нафар фарзанди қатори Сардор ҳам унинг қўлига қарам. Бир қушга ҳам дон, ҳам сув деганларидек...

Мана шундай кезларда тоғасининг катта қизи, Хатира опаси уни бағрига босар, юз-кўзидан ўпиб:

— Бироз чида, укажон, сал катта бўлсанг, ҳаммаси изига тушиб кетади, сиқилма, — дея мактабга кузатиб қўярди. Ҳатто бир йили ўқиш бошланиши олдидан Хатира опаси унга ўзининг яп-янги сумкасини совға қилганди.

Мана шундай вақтларда Сардорнинг мурғак қалбида Хатира опасига битмас-туганмас меҳр уйғонар ва ичида:

— Катта бўлсам, Хатира опамга, албатта, айтган нарсасини олиб бераман, — дея кўнглига тугиб қўярди.

Сардорнинг онаси Ҳабиба опа у уч-тўрт ёшлигидаёқ оғир дардга чалиниб, бу дунёдан кўз юмганди. Отаси Зокир ака эса бошқа оила қилиб, ўғлидан, ҳатто хабар олишни хаёлига ҳам келтирмасди. Лекин бола эмасми, гоҳида Сардор отасини кўргиси келар, лекин унинг бемеҳрлиги сабаблими, бундан ўзини тиярди. Зокир ака оиласи билан уч-тўрт маҳалла нарида яшарди. Бир куни Сардор Хатира опасига:

— Опа, гоҳида дадамни кўргим келади. Лекин... — Шундай деди-ю, кўзига милт-милт ёш келди. Унинг гапини эшитиб, Хатира опаси:

— Укажон, мана мен билан, акаларинг билан яшаяпсан. Аҳиллигимизга кўпчиликнинг ҳаваси келади. Шу етмайдими? — деб юпатди.

— Опажон сиз, акаларим Шуҳрат, Ғафур, Ҳотам ва Жамшид ўз ота-онангиз билан яшайсизлар. Нега мен ёлғизман, айбим нима? — деди зор қақшаб.

Хатира уни юпатди. Кейин астагина:

— Сардор, мабодо дадангни кўргинг келса, майли. Борамиз-у, қайтамиз, келишдикми? — деди хазин овозда.

— Хўп, — деди Сардор шошилиб. — Нима десангиз, шуни албатта бажараман.

Дам олиш куни эди. Хатира Сардорни олиб жўнади. Кўчаларни айланиб, бир соат деганда ҳайҳотдек дарвоза олдида тўхташди. Шу вақт ичкаридан басавлат, башанг кийинган киши чиқиб келди. Уни кўриб, нима қилишини билмай қолишди. Отаси уларга ўқрайиб бир тикилди-да, машинасига ўтириб жўнади.

— Опа, кетдик, — деди Сардор кескин. Унинг келганидан пушаймонлиги шундоққина сезилиб турарди. Отасининг бу тикилиши Сардорнинг қалбида бир умрга муҳрланиб қолди. Мактабни тугатиб, олий ўқув юртига ўқишга кирди. Уни муваффақиятли тамомлаб, икки йил Қарши шаҳрида ишлаб ҳам келди. Уйланди, икки ўғил, бир қизли бўлди. Аёли Холида иболи, мулоҳазали аёл чиқди. Ётоқхонада яшашди. Ниҳоят омади келиб, пойтахт марказидаги кўпқаватли уйларнинг биридан жой беришди. Бу вақтга келиб тоғаси бандаликни бажо келтирган, Хатира опаси бола-чақали бўлиб кетганди. У уй олганида, ўзидан ҳам кўра Хатира опаси суюнди.

Бир куни бирга ишлайдиган дўсти Асадулла унга:

— Сардор, мана, орзуларинг бирин-кетин ушалмоқда. Бундан ниҳоятда хурсандман. Энди машина ол, дўстим, — дея маслаҳат берди.

— Ҳали эрта, бунга. Пул топиш керак. Текинга машина берадиган азамат қайда? — деди кулимсираб.

— Бир одамни танийман, қариндошим. Машина олди-сотдиси билан шуғулланади. Сен машина ҳақини ой сайин тўлаб борасан, — деди шошилиб.

— Жўяли фикр, — ўйлади Сардор. Айниқса, Хатира опасини машинада олиб юришни хаёлидан ўтказиб, дўстига:

— Майли, гаплашайлик, — дея рози бўлди.

Эртасига эрталаб ўртоғининг қариндошиникига йўл олишди.

Ҳайҳотдек иморат. Ичкарига аста киришди. Пешайвондаги хонтахта ёнида ёши етмишларга яқинлашган бир киши аллақандай китобни мутолаа қилиб ўтирарди.

Сардор бу ерда ўзини алланечук ноқулай сезди. Асадулла буни пайқади,  чамаси, кулимсираб ҳалиги кишига:

— Дўстим Сардор, бирга ишлаймиз, амаки. Оғайним машина олмоқчи. Шунга ёрдамлашиб юборсангиз, — деди.

У қўлидаги китобни бир чеккага қўйди-да, хонтахта устидаги дастурхонни кўтарди. Ясатиғлик патнис ўртасидаги чойнакни олиб, уларга зарҳал пиёлада чой узатди.

— Жуда яхши-да, ўғлим. Илтимос қилиб келибсизлар, қўлимдан келганча яхшилик қилганим бўлсин. Бунинг устига, ўртоғинг бўлса, — деди хушмуомалалик билан. Унинг чеҳраси Сардорга алланечук танишдек туюлди.

У ёқ-бу ёқдан бироз гаплашиб ўтиришгач, ҳалиги киши муддаога кўчди.

— Янги бир машина бор. Шуни сенга бераман, — деди туйқусдан Сардорни сенсираб. — Лекин нархи сал баланд, нима дейсан?

Сардор бироз ўйланиб қолди. Озроқ йиғиб қўйгани бор. Ҳар ойда ойлигининг ярмини бериб турса, бунинг устига, кечқурун ва эрталаблари бироз кира қилса, машина ҳақини узиб юборса бўлади.

Яна Хатира опасининг суюнишини хаёлига келтираркан, кўнди.

Бир кундан сўнг Сардорларнинг йўлаги олдида янгигина машина турарди. Кунлар ўта бошлади. Сардор ҳар ойда машинанинг ойлик ҳақини тўлаб борарди. Бир куни унинг рўпарасидаги уйда яшовчи қўшниси Назир  тўсатдан:

— Бозорда машина нархи тушиб кетди, эшитдингми? — деб гапириб қолди.

Сардор ҳам орқаворатдан шундай гапларни эшитиб юрарди. Яқиндагина ойлигининг ярми машина ҳақига етиб турувди. Энди эса... Рўзғордан барака кетди.

Устига устак, бир ой бетоб бўлиб, ишга боролмай қолди. Маош ҳам ўзига яраша. Сардор таваккал қилиб, машина эгасиникига йўл олди. Мақсад — бу ой машина ҳақини тўлашни кейинга суриш эди. Лекин чол буни ҳатто эшитишни ҳам истамади.

— Ўғлим, бошида лафз қилган эдик. Йигит кишининг сўзидан қайтиши... — деди унга маъноли тикилиб. — Қариндош-уруғ, дўст-биродарларингиз бордир ахир. Қарз олинг...

Сардор қандай қилиб ўрнидан туриб, бу хонадондан чиқиб кетганини ўзи ҳам сезмай қолди. Чунки машина эгасининг қарашида бир вақтлар ёшлигида Хатира опаси билан дадасини кўргани борганидаги ҳолатни бутун вужуди билан сезди. Энди унга уй ҳам, унинг эгасиям илгаригидек файзли кўринмасди.

Неъмат РАФИҚОВ




Ўхшаш мақолалар

Тил –  миллатнинг қалби,  тафаккурнинг жонли ифодаси

Тил – миллатнинг қалби, тафаккурнинг жонли ифодаси

🕔09:19, 23.10.2025 ✔27

Ботирали ШОДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:

Батафсил
Беҳбудийнинг сўнгги васияти

Беҳбудийнинг сўнгги васияти

🕔15:48, 03.10.2025 ✔68

Жадид бобомиз Беҳбудий бир неча мамлакатларнинг таълим тизимидан хабардор инсон сифатида миллатнинг юксалиши, юрт тараққиёти ва равнақи, инсон камолоти учун асосий жиҳат маориф эканини чуқур мулоҳаза қилган эди.

Батафсил
Она мушук ва меҳр  мўъжизаси

Она мушук ва меҳр мўъжизаси

🕔15:48, 26.06.2025 ✔218

Ҳар куни атрофимизда юзлаб, минглаб ҳодисалар содир бўлади. Уларнинг баъзисига шунчаки кўз югуртиб ўтамиз, бошқаларини эса унутиб юборимиз. Бироқ айрим воқеалар борки, юракка муҳрланади, одамни чуқур ўйга солади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Тил –  миллатнинг қалби,  тафаккурнинг жонли ифодаси

    Тил – миллатнинг қалби, тафаккурнинг жонли ифодаси

    Ботирали ШОДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:

    ✔ 27    🕔 09:19, 23.10.2025
  • Беҳбудийнинг сўнгги васияти

    Беҳбудийнинг сўнгги васияти

    Жадид бобомиз Беҳбудий бир неча мамлакатларнинг таълим тизимидан хабардор инсон сифатида миллатнинг юксалиши, юрт тараққиёти ва равнақи, инсон камолоти учун асосий жиҳат маориф эканини чуқур мулоҳаза қилган эди.

    ✔ 68    🕔 15:48, 03.10.2025
  • Она мушук ва меҳр  мўъжизаси

    Она мушук ва меҳр мўъжизаси

    Ҳар куни атрофимизда юзлаб, минглаб ҳодисалар содир бўлади. Уларнинг баъзисига шунчаки кўз югуртиб ўтамиз, бошқаларини эса унутиб юборимиз. Бироқ айрим воқеалар борки, юракка муҳрланади, одамни чуқур ўйга солади.

    ✔ 218    🕔 15:48, 26.06.2025
  • Тинчлик қадри  «Уруш, номинг ўчсин жаҳонда...»

    Тинчлик қадри «Уруш, номинг ўчсин жаҳонда...»

    Иккинчи жаҳон урушининг тугаганига 80 йил тўлди. Бу анча узоқ муддат. Бир инсоннинг умридай, эҳтимол ундан ҳам ортиқ. Лекин ўша машъум урушнинг мудҳиш асоратлари ҳали-ҳамон ўчгани йўқ.

    ✔ 270    🕔 15:27, 08.05.2025
  • Оилани  камбағалликдан  эркак  қутқаради

    Оилани камбағалликдан эркак қутқаради

    • Азим Тошкентнинг Олмазор тумани «Юқори Себзор» маҳалласида 83 ёшли, Ўзбекистон халқ устаси Маҳмуджон Мамажонов яшайди. Табаррук ёшда ҳам меҳнат қилишдан бир лаҳза тўхтамаган ҳунармад уста меҳнатга муҳаббати йўқ одамни бой яшашга рағбати йўқ одам, деб ҳисоблайди.

    ✔ 274    🕔 16:16, 17.04.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар