Илья КРИШТУЛЬ,
Россия
Юзлаб одамлар умргузаронлик қиладиган осмонўпар уйнинг йўлаги рўпарасига оқ эмал бўёқда ёзиб кетишибди: «Ўзимнинг қуёнчам, сени севаман!» Бунинг устига, йўлакни фаррош қўл учида супуриб кетган...
Эрталаб қуёнча ёшидаги барча — ўн ёшдан олтмиш ёшгача бўлган хотин-қизлар худди космик масофадаги туйнукларидан мўралаб туришарди. Ҳар бирининг турқи айтиб турарди, ушбу ёқимли гап айнан унга аталганини.
— Вой, бунча кўнгилга ўт ёқар гап-а... — ийиб кетди аёллардан бири. — Мана, ҳақиқий эркаклар ҳам бор экан-ку! Мен бўлсам, ҳозир ҳеч ким ҳеч кимни севмаса керак дегандим...
— Гапирманг, — илиб кетди бошқаси, — фақат кимга ёзганини унинг ўзи билади.
— Ҳа, ўша аёлнинг ўзи билади! — юзлари қизариб деди биринчиси. — Бироқ ҳеч кимга сир бой бермайди.
— Буни менинг Машамга ёзишган, — луқма ташлади отасининг эркаси бўлмиш бир қизнинг отаси.
— Хўш, хўш... Хатоси ҳам йўқ! — дейишди аёллар. — Вергули ҳам жойида, «сени» сўзиям е ҳарфи билан ёзилган, и ҳарфи билан эмас. Саводи бор.
— Дастхати ҳам жойида, — эътироз билдирди ранжиган ота. — Демак, кўзи кўр эмас. Бундан чиқди, бу гап сизга аталмаган.
Гап гап билан жинслар, авлодлар ва ижтимоий қатламлар ўртасида зиддият пайдо бўлди. Бу жараён тумшуқларга илкис тушириш, тўққиз қаватли қилиб сўкинишлар ва абжағи чиққан бошмоқларда ўз ифодасини топди.
Эртаси куни саҳар мардонда ёзув ўзгарди. Кимдир маълумотларга аниқлик киритган эди. Энди ёзув янада аниқроқ тус олибди: «Олтинчи қаватдаги қуёнча, мен сени севаман».
Турган гапки, бошқа қаватларда қолиб кетган «қуёнча»лар ўзларини юксак туйғулар масаласида ҳақорат қилинган, деб ҳисоблай бошлашди.
— Бу қанақа эркак бўлдийкин-а!? — вайсаб қолди бешинчи қаватда рад этилганча қолиб кетган, эндигина қирқ ёшларга кирган хотин. — Йўлни бўяш учун катта ақл керак эмас. Аҳмоқ бўлсанг бас, шунинг ўзи етиб ортади. Ундан кўра, жононингга гул ҳадя қилсанг ўлармидинг!
— Айтманг! — деб юборди яна бир кечагина эридан маҳрум бўлган сатанг хотин. — Бўёғи мўл экан, бўладиган гапни ёзмайдими!? Ёзувчи бўлмай ўлиб қўя қолгур...
Олтинчи қаватнинг вазиятдан бахтиёр бўлган «қуёнча»лари пастдагиларга нописанд қараб, ичдан энтиктирувчи орзулар оғушида қолишаётган эди. Севилган бўлиш эҳтимоли нақадар мазза! Куйиб ўл ҳамманг!
Эртаси куни ёзувни бўяб, оқ таглик билан қора рангда янги ёзув пайдо бўлди:
«Кечириб қўядилар, хато биздан ўтибди, бешинчи қаватлик қуёнча! Мен сени севаман».
Эрталабки олтиданоқ қўшни йўлакларнинг хотинлари ва хотинчалишлари томошаталаб бўлиб пастда пайдо бўлишганди. Бошқа қаватлар ва қўшни йўлаклардан келган, бояги йўқ нарсадан маҳрум бўлган аёллар қарсак чалиб юборишди.
— Эркак ҳам шунақа бўладими! — хўрсинди элликларга борган бир эркак бечора. — Севсанг, қулоғига айт-қўй. Йўқ, бу аҳмоқ ҳаммани сарсон қилиши керак-да!
— Ўзинг хотинингнинг қулоғига айт гапинг бўлса, ўшанда хотининг сарсон бўлмайди, — ўшқирди қўшни хотин.
— Мана, менга, бунақа гапни йигирма беш йил бўлди, бирор банда айтгани йўқ. Мана, ўлиб қолганим йўқ-ку... — айбдорона минғирлаб қўйди бир бобой.
— Ажаб бўпти, — деди бир аёл бош чайқаб ва томоша томон ўгирилиб олди.
— Тавба, қизиқ бўлди-ю, бешинчи қаватда эрга тегмаган одам йўғу! — қичқирди бир эркак кутилмаганда.
— Нима, эрга теккан аёл одам эмасми, уларни севиб бўлмас экан-да!? — ғазабга минишди бешинчи қаватлик тўрттача аёл. — Бу кўнгил, кўнгилни дўппослай олмайсан...
Халқ меҳрибонлари — жонажон полициячилар кеп қолишди. Учта машинада, одамларни ёшига қараб савалай кетишди. Хуллас, ҳеч қаерга бориб ўтирмай, ҳаммалари оналарини кўришди омон бўлгурлар. Ҳамманинг севги тусаб қолган кўнгилгинаси жойига тушди... Дўппослаганлар ҳам, дўппосланмаганлар ҳам, хуллас ҳамма яхшилаб дўппосланди. Барчаси оби-тобида бўлди. Йигирма учта маъмурий қоида бузиш ҳолати ёзилди. Давлат бюджети сезиларли даражада қаппайди. Камроқ калтак еганлар кўпроқ харажатгир бўлишди.
Оёқ остига ёзгувчи ҳам тинчимасди. Саҳармардонда яна янги ёзув пайдо бўлди: «Бу товуқларни бало урганми ўзи? Ахир, қуёнча — бу бешинчи қаватдаги эркак-ку. Қуёнчам, мен сени севаман!»
Эрталаб туриб буни ўқиган «домкўм»нинг бошидан ҳуши учди. Дарров участка меҳрибонлари — полициячилар ва тўрт машина тез ёрдамни чақирди.
Чунки бировига резина таёқ, бошқасига укол кор қилар эди. Бу севмай ўлгурларга буям кам!
— Нега энди бирданига тўртта? — тушунмасди диспетчер, — томинглар жойидами ўзи?
— Э, сўраманг, бешинчи қаватда тўртта «қуёнча» яшайди! — зўрға тушунтирарди маҳаллабоши. — Боз устига, ҳаммаси уйланган. Ундан кўра, шошилинг, ҳадемай, тўртта мижозни тайёрлаб қўямиз!
— Эҳ, сени! Қариб қуюлмаган айғир! — бешинчи қаватда хотин кишигагина хос кўтаринки овоз янгради ва синган идишлар, ҳам бегуноҳ эргиналарнинг маъсума вой-войлашлари эшитила бошлади.
Пастда тўпланган ён қўшни — жон қўшнилар норози бўлишаётган эди:
— Ҳой, ноинсофлар! Бунинг бизга нима қизиғи бор. Пастга тушинглар, кўрайлик-да, бундоқ. Ким кимни уряпти, ростдан уряптими?..
— Ҳозир, — дея бешинчи қаватда сочида жингалак солгич билан бир аёл пайдо бўлди. — Тез ёрдам машиналарини йўлдан олинглар.
Замбилларда жароҳатланганларни олиб ўтишди. Уч киши оғир яраланган, тўртинчисидан дарак йўқ эди.
— Бу нима машмаша, биродари азизларим? — дея пайдо бўлди охирги «қуёнча». — Нима, бошқа қиладиган ишларинг йўқми?
Тўпланганлар ҳайратда қотиб қолишди. Бу эркак топ-тоза, соқоли олинган, сочлари силлиқ таралган, оҳори тўкилмаган кийимда, бир сўз билан айтганда, никоҳ маросимига шайланган куёвдек эди.
Унинг ортидан хотини чиқди. Намойишкорона бир ҳаракат билан эрининг кокилини тузатган бўлди ва ҳамманинг кўзини қамаштириб, ҳайратда турган ҳамсояларига кўкрак кериб тураверди.
— Верка, тинчликми? Худди ҳеч гап йўқдек туришингни-чи? — деб юборишди қўшни хотинлар.
— Ҳа, нима бўпти? — ҳайрон бўлди Верка. — Мен ёзган эдим. Ўзгинамнинг қуёнчамга! Севаман-да! Нима, ҳаққим йўқми!? Айтиш ҳам жонга тегди. Бир ёзай дедим-да! Нима, мумкин эмасми?
— Қани бизга айт-чи, ўзинг, нима томинг кетганми?!! — чувиллашди хотинлар.
— Чамаси, томим жойида, — елка қисиб қўйди Верка. — Ўзларинг-чи, соғ-саломатмисизлар?..
Рус тилидан Маҳмуд БЎРОН таржимаси