Экология      Бош саҳифа

Буюмларга иккинчи ҳаёт бериш – табиатни асрашга қўшилган ҳисса

Бугун дунё аҳолиси олдида турган энг катта экологик муаммолардан бири – ортиб бораётган чиқиндилар ва табиий ресурсларнинг тез суръатларда камайишидир.

Буюмларга иккинчи ҳаёт бериш –  табиатни  асрашга  қўшилган ҳисса

Айниқса, маиший техника ва электрон қурилмаларнинг хизмат муддати тугамасидан туриб ташлаб юборилиши миллионлаб тонна электрон чиқиндиларни юзага келтирмоқда. Бу эса нафақат атроф-муҳитга, балки иқтисодиётга ҳам катта зарар етказмоқда.

Ривожланган давлатларда сўнгги йилларда «Таъмирлаш маданияти» (Repair Culture) деган янги ёндашув кенг оммалашмоқда. Унинг асосий ғояси жуда оддий: буюмни ташлашдан аввал уни таъмирлаш имкониятини кўриб чиқиш. Бу тамойилни Франция Яшиллар партияси ўзининг муҳим экологик устувор йўналишларидан бири сифатида илгари сурмоқда.

Замонавий истеъмол маданиятида маҳсулот бузилса, уни таъмирлаш ўрнига янгисини сотиб олиш кўпроқ учрайди. Бу эса ишлаб чиқариш ҳажмини оширади, энергия сарфини кўпайтириб, табиий ресурсларнинг янада кўпроқ истеъмол қилинишига сабаб бўлади.

Франция Яшиллар партияси эса бу қарашни ўзгартиришга чақирмоқда. Партиянинг қайд этишича, маҳсулотнинг ҳақиқий қиймати унинг қанча арзонлигида эмас, балки қанча узоқ хизмат қилиши ва қанчалик осон таъмирланишидадир.

Бу ёндашув айланма иқтисодиёт (Circular Economy)нинг асосий тамойилларидан бири ҳисобланади. Яъни, маҳсулотлар иложи борича узоқ вақт хизмат қилиши, таъмирланиши, қайта ишлатилиши ва фақат шундан кейингина қайта ишланиши лозим.

Франция бу соҳада Европа давлатлари орасида энг илғор мамлакатлардан бири ҳисобланади. Мамлакатда 2021 йилдан бошлаб электр ва электрон маҳсулотлар учун «Таъмирлаш индекси» (Indice de réparabilité) жорий қилинди.

Бу индекс маҳсулотларга 0 дан 10 балл­гача баҳо беради ва харидорга маҳсулотни кейинчалик таъмирлаш қай даражада осонлигини кўрсатади.

Индекс қуйидаги мезонлар асосида ҳисобланади: техник ҳужжатларнинг мавжудлиги, маҳсулотни осон ажратиш имконияти, эҳтиёт қисмларнинг мавжудлиги, эҳтиёт қисмларнинг нархи, маҳсулот турига оид қўшимча техник мезонлар.

Юқори баллга эга маҳсулотлар узоқ хизмат қилади, уларни таъмирлаш осон ва арзон бўлади. Паст балл эса аксинча, маҳсулотни таъмирлаш мушкул ёки иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмаслигини англатади.

Бу тизим харидорларни онгли танлов қилишга, ишлаб чиқарувчиларни эса маҳсулотларни янада сифатли ва таъмирлашга қулай қилиб ишлаб чиқаришга ундайди.

Франция Яшиллар партиясининг дастуридаги муҳим йўналишлардан яна бири – «Таъмирлаш ҳуқуқи» (Right to Repair) ҳисобланади.

Бу тамойилларга кўра, истеъмолчи ўз маҳсулотини истаган устахонада таъмирлай олиши, ишлаб чиқарувчилар эҳтиёт қисмларни бир неча йил давомида етказиб бериши, техник қўлланмалар очиқ бўлиши, мустақил сервис марказларининг фаолияти чекланмаслиги лозим.

Бу эса бозорда соғлом рақобатни кучайтиради ва таъмирлаш хизматларини арзонлаштиради.

Бугунги кунда дунё бўйича ҳар йили 60 миллион тоннадан зиёд электрон чиқинди ҳосил бўлади. Ҳайратланарлиси, уларнинг катта қисми таъмирлаш мумкин бўлган техникадан иборатдир.

Бир дона смартфон ишлаб чиқариш учун ўнлаб килограмм табиий ресурслар қазиб олинади, юзлаб литр сув сарфланади ва катта миқдорда энергия ишлатилади. Демак, смартфонни яна икки-уч йил ишлатиш янги телефон ишлаб чиқаришга бўлган эҳтиёжни қисқартиради.

Шу нуқтаи назардан қараганда, таъмирлаш – нафақат иқтисодий, балки экологик жиҳатдан ҳам энг тўғри қарор ҳисобланади.

Кўпчилик таъмирлашни фақат чиқиндиларни камайтириш воситаси сифатида қабул қилади. Аслида эса бу соҳанинг иқтисодий аҳамияти ҳам катта.

Таъмирлаш хизматлари: янги иш ўринларини яратади, кичик бизнес ва хусусий устахоналарни ривожлантиради, маҳаллий иқтисодиётни қўллаб-қувватлайди, аҳолининг ортиқча харажатларини камайтиради.

Шунинг учун ҳам Францияда Repair Café каби жамоатчилик таъмирлаш марказлари ташкил этилмоқда. Бу ерларда фуқаролар мутахассислар ёрдамида маиший техника, велосипед, мебель, кийим-кечак ва бошқа буюмларни таъмирлашни ўрганади.

Мамлакатимизда ҳам маиший техника ва электроникадан фойдаланиш йил сайин ортиб бормоқда. Бу эса келажакда электрон чиқиндилар ҳажмининг ҳам кўпайишига олиб келиши мумкин. Шу боис Франция тажрибасини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга.

Жумладан: техника ва электроника учун таъмирлаш индексини босқичма-босқич жорий этиш, эҳтиёт қисмларни маълум муддат давомида мажбурий етказиб бериш тизимини шакллантириш, маҳаллий сервис марказларини рағбатлантириш, таъмирлаш хизматлари учун солиқ имтиёзларини кўриб чиқиш, касб-ҳунар таълими муассасаларида таъмирлаш бў­йича амалий кўникмаларни кучайтириш, аҳоли ўртасида «Ташлаб юбориш эмас – таъмирлаш!» ғоясини тарғиб қилиш мақсадга мувофиқ.

Экологияни муҳофаза қилиш фақат дарахт экиш ёки чиқиндиларни саралаш билан чекланмайди. Ҳар бир буюмнинг хизмат муддатини узайтириш ҳам табиатга ғамхўрликнинг муҳим кўринишидир.

Франция Яшиллар партияси илгари сураётган таъмирлаш маданияти иқтисодий манфаат, экологик масъулият ва ижтимоий фойдани ўзида мужассам этган замонавий ёндашувдир. Бу тажриба Ўзбекистон учун ҳам айланма иқтисодиётни ривожлантириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва чиқиндиларни камайтириш борасида муҳим амалий аҳамият касб этади. Зеро, табиатни асраш баъзан янги маҳсулот сотиб олишдан эмас, мавжуд буюмларга иккинчи ҳаёт беришдан бошланади.

 

Азизбек АКБАРОВ,

ЎЭП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи




Ўхшаш мақолалар

Сирдарё ҳавоси:  мусаффолик  мониторинги

Сирдарё ҳавоси: мусаффолик мониторинги

🕔11:42, 20.08.2026 ✔63

Сирдарё ҳавосига бир йилда 35,336 минг тонна зарарли модда чиқарилмоқда. Вилоятда атмосфера ҳавосига таъсир кўрсатувчи I ва II тоифадаги 64 та саноат корхонаси бор. Уларда 316 та чанг-газ тозалаш қурилмаси ишлаётган бўлса-да, ҳавони ифлослантириш муаммоси ҳали тўлиқ бартараф этилмаган.

Батафсил
Унутилган экологик «мерос»:  Пестицид омборлари ва  «ядомогильник»лар хавфига чек қўйилади

Унутилган экологик «мерос»: Пестицид омборлари ва «ядомогильник»лар хавфига чек қўйилади

🕔11:39, 20.08.2026 ✔59

1960-1980 йилларда Ўзбекистон пахтачиликка ихтисос­лаштирилган ҳудуд сифатида жуда катта ҳажмда минерал ўғитлар ва пестицидлардан фойдаланган республикалардан бири эди.

Батафсил
Экологик  Меъёрларга  риоя қилган  тадбиркор барқарор ривожланади

Экологик Меъёрларга риоя қилган тадбиркор барқарор ривожланади

🕔14:32, 14.08.2026 ✔108

Давлат сиёсатининг устувор йўналиш­ларидан бири – қонуний ва масъулиятли тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш билан бир қаторда, атроф-муҳитни ишончли муҳофаза қилишдан иборат.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар