1960-1980 йилларда Ўзбекистон пахтачиликка ихтисослаштирилган ҳудуд сифатида жуда катта ҳажмда минерал ўғитлар ва пестицидлардан фойдаланган республикалардан бири эди.
Инсоннинг табиатга таъсири баъзан ўнлаб йиллар, ҳатто асрлар давомида «из» қолдиради. Собиқ иттифоқ даврида қишлоқ хўжалигида кенг қўлланилган пестицидлар ва бошқа агрокимёвий моддалар бугунги кунда ҳам Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари учун долзарб экологик муаммолардан биридир. Орадан ўтган ўнлаб йилларга қарамай, уларнинг атроф-муҳит ва инсон саломатлигига таъсири ҳали ҳам сақланиб қолмоқда.
1960-1980 йилларда Ўзбекистон пахтачиликка ихтисослаштирилган ҳудуд сифатида жуда катта ҳажмда минерал ўғитлар ва пестицидлардан фойдаланган республикалардан бири эди. Бу даврда мамлакатнинг деярли барча вилоятларида қишлоқ хўжалиги авиацияси аэродромлари ташкил этилди. АН-2 самолётлари ва Ми-2 вертолётлари орқали пахта, ғалла, шоли ва бошқа экинларга авиаусулда пестицидлар, гербицидлар, инсектицидлар ва дефолиантлар сепилди.
Деярли ҳар бир туманда қишлоқ хўжалиги авиацияси учун махсус аэродром, агрокимё базаси ва пестицидлар омбори бўлган ўшанди. Уларда ДДТ, гексахлорциклогексан (ГХЦГ), альдрин, дилдрин, эндрин, гептахлор, симоб ва маргумуш асосидаги препаратлар каби юқори хавфли кимёвий моддалар сақланган.
«Ядомогильник» нима? Бу муддати ўтган, тақиқланган ёки фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолган пестицидлар ва бошқа хавфли агрокимёвий моддаларни кўмиш учун ташкил этилган махсус полигон ҳисобланади. Уларнинг вазифаси хавфли моддаларни аҳоли яшаш жойлари ва қишлоқ хўжалиги ерларидан узоқда изоляция қилишдан иборат бўлган.
Назарий жиҳатдан бундай полигонлар муҳандислик талаблари асосида қурилиши лозим эди. Амалда эса кўплаб объектларда сув ўтказмайдиган қатламлар, дренаж тизимлари ёки ишончли муҳофаза воситалари етарли даражада бўлмаган. Оқибатда вақт ўтиши билан кимёвий моддаларнинг тупроққа ва ер ости сувларига сизиб чиқиш хавфи юзага келган.
Кўмилган ёки сақланган моддаларнинг аксарияти бугунги кунда халқаро даражада тақиқланган барқарор органик ифлослантирувчилар (Persistent Organic Pollutants – POPs) қаторига киради.
Бу моддаларнинг асосий хусусияти шундаки, улар табиатда жуда секин парчаланади. Айримлари тупроқда 20-30 йил, баъзан эса ундан ҳам кўпроқ вақт сақланиши мумкин. Улар озиқ-овқат занжири орқали инсон организмига тушиб, асаб, жигар, буйрак ва эндокрин тизимга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йилларида собиқ агрокимё омборларининг кўпчилиги фойдаланишдан чиқди. Айримлари қаровсиз қолди, баъзилари эса бутунлай вайрон бўлди. Бу эса хавфли кимёвий моддаларнинг ташқи муҳитга тарқалиш хавфини янада оширди.
Сўнгги йилларда ФАО ва миллий ваколатли идоралар ҳамкорлигида мамлакат бўйича 186 та эҳтимолий ифлосланган объект аниқланиб, уларнинг ҳолатини баҳолаш ва миллий электрон реестрни шакллантириш ишлари бошланган.
Кўпчилик «40-50 йил аввал кўмилган кимёвий моддалар аллақачон йўқ бўлиб кетган» деб ўйлаши мумкин. Афсуски, бу тўғри эмас. ДДТ, ГХЦГ ва бошқа хлорорганик пестицидлар табиатда жуда барқарор бўлиб, тупроқда узоқ йиллар сақланади. Улар ёмғир сувлари орқали ер ости сувларига ўтиши, шамол таъсирида атмосферага тарқалиши ёки ифлосланган тупроқ билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига сингиши мумкин.
Шунинг учун бу объектлар нафақат экологик, балки санитария-эпидемиологик нуқтаи назардан ҳам доимий мониторингни талаб қилади.
Дунёнинг кўплаб мамлакатлари собиқ пестицид омборларини бартараф этиш бўйича махсус дастурларни амалга оширмоқда. Германия ва Польшада эски пестицид омборлари тўлиқ инвентаризация қилиниб, ифлосланган тупроқлар рекультивация қилинди. Қозоғистон ва Қирғизистонда халқаро ташкилотлар кўмагида барқарор органик ифлослантирувчиларни йиғиш ва хавфсиз утилизация қилиш ишлари амалга оширилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 3 августдаги қарори билан ушбу турдаги хавфли чиқиндиларни бошқариш тизимини мутлақо янги босқичга олиб чиқиш, уларнинг доимий назоратини олиб бориш учун муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлди. Эндиликда қарорга мувофиқ хавфли чиқиндиларнинг давлат ҳисоби юритилади, рақамли паспортлари жорий этилади, I-III хавфлилик синфига мансуб чиқиндиларнинг ҳаракати реал вақт режимида кузатилади, ягона ахборот тизими шакллантирилади, хавфли чиқиндиларни қайта ишлаш ва зарарсизлантириш даражаси оширилади. Бу чора-тадбирлар собиқ агроаэродромлар, пестицид омборлари ва «ядомогильник»ларни ҳам босқичма-босқич ҳисобга олиш, уларнинг экологик хавфини баҳолаш ва рекультивация қилиш учун ҳуқуқий ҳамда ташкилий асос яратади.
Собиқ пестицид омборлари, агроавиация аэродромлари ва «ядомогильник»лар – бу фақат ўтмишнинг мероси эмас, балки бугунги экологик хавфсизлик сиёсатида ҳам муҳим аҳамиятга эга масала. Уларнинг ҳолатини тўлиқ инвентаризация қилиш, илмий асосда баҳолаш ва замонавий технологиялар асосида рекультивациялаш, аҳоли саломатлигини таъминлаш ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда муҳим қадам бўлади.
Азизбек АКБАРОВ,
ЎЭП Марказий Кенгаши
Ижроия қўмитаси
бўлим бошлиғи
Сирдарё ҳавоси: мусаффолик мониторинги
🕔11:42, 20.08.2026
✔61
Сирдарё ҳавосига бир йилда 35,336 минг тонна зарарли модда чиқарилмоқда. Вилоятда атмосфера ҳавосига таъсир кўрсатувчи I ва II тоифадаги 64 та саноат корхонаси бор. Уларда 316 та чанг-газ тозалаш қурилмаси ишлаётган бўлса-да, ҳавони ифлослантириш муаммоси ҳали тўлиқ бартараф этилмаган.
Батафсил
Унутилган экологик «мерос»: Пестицид омборлари ва «ядомогильник»лар хавфига чек қўйилади
🕔11:39, 20.08.2026
✔59
1960-1980 йилларда Ўзбекистон пахтачиликка ихтисослаштирилган ҳудуд сифатида жуда катта ҳажмда минерал ўғитлар ва пестицидлардан фойдаланган республикалардан бири эди.
Батафсил
Экологик Меъёрларга риоя қилган тадбиркор барқарор ривожланади
🕔14:32, 14.08.2026
✔108
Давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири – қонуний ва масъулиятли тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш билан бир қаторда, атроф-муҳитни ишончли муҳофаза қилишдан иборат.
Батафсил