Экология      Бош саҳифа

Сирдарё ҳавоси: мусаффолик мониторинги

Сирдарё ҳавосига бир йилда 35,336 минг тонна зарарли модда чиқарилмоқда. Вилоятда атмосфера ҳавосига таъсир кўрсатувчи I ва II тоифадаги 64 та саноат корхонаси бор. Уларда 316 та чанг-газ тозалаш қурилмаси ишлаётган бўлса-да, ҳавони ифлослантириш муаммоси ҳали тўлиқ бартараф этилмаган.

Сирдарё ҳавоси:  мусаффолик  мониторинги

Жамоатчилик эшитувида бу рақамлар ортида турган муаммолар муҳокама қилинди. Саноат корхоналаридаги ташламаларни камайтириш, ҳавони 24/7 режимида назорат қилиш, корхоналар атрофида «яшил белбоғ»лар барпо этиш ва эски автомобиллар ҳаракатини чеклаш каби таклифлар илгари сурилди.

«Юксалиш» ҳаракати Сирдарё вилояти ҳудудий бўлинмаси, вилоят Экология бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси Сирдарё вилоят кенгаши ҳамкорлигида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, саноат корхоналаридан атмосферага чиқарилаётган зарарли ташламаларни камайтириш ва экологик барқарорликни таъминлаш масалаларига бағишланган жамоатчилик эшитуви ўтказилди.

Бу галги эшитув вилоят ҳокимининг 2026 йил 5 мартдаги 86-9-0-Қ/26-сон қарорига 3-илованинг 3-бандида белгиланган «Атмосферага зарарли ташланмаларни чиқараётган корхоналарнинг экологик тоза ускуналардан фойдаланишини рағбатлантириш тизимини ислоҳ қилиш» вазифаси ижросига бағишланди.

 

64 та корхонада 316 та тозалаш қурилмаси

Эшитув давомида вилоятда атмосфера ҳавосига таъсир кўрсатувчи саноат корхоналарининг экологик ҳолати, улардаги чанг-газ тозалаш қурилмаларининг самарадорлиги ҳамда зарарли ташламаларни камайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

2026 йил ҳолатига кўра, вилоятда атмосфера ҳавосига таъсир кўрсатувчи I ва II тоифадаги 64 та саноат корхонасида 316 та чанг-газ тозалаш қурилмаси мавжуд. Шундан 3 та корхонадаги 29 та чанг-газ тозалаш қурилмаси модернизация қилиниб, уларнинг ўртача самарадорлиги 99,8 фоизга етказилган.

Кўрилган чоралар натижасида 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида 468 тонна чанг-газ ифлослантирувчи моддаларнинг атмосфера ҳавосига чиқарилиши олди олинган.

Бироқ бу рақамлар муаммо тўлиқ ҳал қилинганини англатмайди. Мазкур корхоналарнинг умумий йиллик ташламалари 35,336 минг тоннани ташкил этмоқда. Бу эса қўшимча чораларни кўриш зарурлигини кўрсатади.

Жамоатчилик эшитувида чанг-газ тозалаш қурилмалари билан етарли даражада таъминланмаган корхоналарда замонавий тозалаш ускуналарини ўрнатиш, мавжуд қурилмаларни модернизация қилиш ҳамда уларнинг техник ва экологик самарадорлигини мунтазам назорат қилиш муҳимлиги таъкидланди.

 

Корхоналар атрофида «яшил белбоғ»лар

Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишда фақат техник чоралар эмас, табиий усуллар ҳам муҳим. 2026 йил баҳорги мавсумида вилоятдаги I ва II тоифадаги саноат корхоналари томонидан 159 минг туп дарахт ва бута кўчати экилган.

Жамоатчилик эшитувида кузги мавсумда яна 344 минг туп кўчат экиш таклифи илгари сурилди. Айниқса, атмосфера ҳавосига таъсири юқори бўлган йирик саноат корхоналари атрофида яхлит «яшил белбоғ»лар ташкил этиш таклиф қилинди.

Бундай ҳудудлар чанг зарраларини ушлаб қолиш, зарарли моддаларнинг шамол орқали тарқалишини камайтириш ва саноат корхоналарига туташ аҳоли яшаш ҳудудларида экологик шароитни яхшилашга хизмат қилиши кутилмоқда.

 

Ҳавони 24/7 режимда назорат қилиш

Эшитувда атмосфера ҳавоси ҳолатини доимий назорат қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Айни вақтда вилоятда 10 та корхонадаги 3 та автоматик мониторинг станцияси ва 12 та автоматик стационар кузатув пости – жами 15 та ускуна Экологик мониторинг миллий марказига интеграция қилинган. Бу тизим атмосфера ҳавосига чиқарилаётган ташламаларни мунтазам кузатиш, маълумотларни рақамли шаклда узатиш ва экологик ҳолатни тезкор баҳолаш имконини беради.

Келгусида автоматик мониторинг тизимини босқичма-босқич кенгайтириш, биринчи навбатда атмосфера ҳавосига таъсири юқори бўлган I ва II тоифадаги йирик саноат корхоналарини ушбу тизимга улаш зарурлиги қайд этилди.

Бу ташламаларни 24/7 режимида назорат қилиш, белгиланган меъёрлардан ошиш ҳолатларини тезкор аниқлаш ва экологик талаблар бузилишининг олдини олиш имкониятини оширади.

 

Эски машиналар ҳам муҳокама марказида

Атмосфера ҳавосининг ифлосланишига сабаб бўлувчи яна бир омил – автотранспорт воситаларидан чиқадиган зарарли газлар. Жамоатчилик эшитувида шаҳарлар ва аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда экологик талабларга жавоб бермайдиган, юқори миқдорда зарарли моддалар чиқарадиган эски транспорт воситалари ҳаракатини босқичма-босқич чеклаш масаласини кўриб чиқиш таклиф этилди.

Шунингдек, экологик стикерлар тизимини рақамлаштириш, уни Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва солиқ органларининг тегишли ахборот базалари билан интеграция қилиш орқали транспорт воситаларининг экологик ҳолатини назорат қилиш самарадорлигини ошириш мумкинлиги билдирилди.

Эски автотранспорт воситаларини утилизация қилишни рағбатлантириш, электромобиль, гибрид ва газ-баллонли транспорт воситаларидан фойдаланишни кенгайтириш ҳам ҳавога тушаётган экологик юкламани камайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.

 

«Қизил ҳудуд»

Эшитув иштирокчилари атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси юқори бўлган масканларда экологик назоратни кучайтириш мақсадида «Қизил ҳудуд» амалиётини жорий этишни ҳам таклиф қилди.

Шунингдек, йирик шаҳарларда ҳафтасига камида бир марта «Автомобилсиз кун» тадбирини ташкил этиш зарур. Бундай тадбирлар транспорт воситаларидан чиқадиган ташламаларни вақтинча камайтириш, аҳолининг экологик маданиятини ошириш ва жамоат транспортидан фойдаланишни рағбатлантиришга хизмат қилиши мумкин.

 

Ҳамкорликдаги назорат давом этади

Жамоатчилик эшитуви якунида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича ишларни тизимли давом эттириш, саноат корхоналарида замонавий экологик технологияларни жорий қилиш, чанг-газ тозалаш қурилмаларининг самарадорлигини ошириш, автоматик мониторинг тизимини кенгайтириш ва корхоналар атрофида яшил ҳудудларни кўпайтириш бў­йича таклифлар билдирилди. Экологик барқарорликни таъминлашда давлат ташкилотлари билан бир қаторда жамоатчиликнинг фаол иштироки ҳам муҳим экани таъкидланди.

«Юксалиш» ҳаракати Сирдарё вилояти ҳудудий бўлинмаси мазкур йўналишда жамоатчилик мониторингини давом эттиради. Аниқланган муаммо ва камчиликлар тегишли ташкилотлар билан биргаликда муҳокама қилиниб, уларнинг ечими бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.

 

Нодира ДАВРОНОВА,

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари,

 

Ойбек КАРИМОВ,

ЎЭП Сирдарё вилоят кенгаши раиси




Ўхшаш мақолалар

Сирдарё ҳавоси:  мусаффолик  мониторинги

Сирдарё ҳавоси: мусаффолик мониторинги

🕔11:42, 20.08.2026 ✔61

Сирдарё ҳавосига бир йилда 35,336 минг тонна зарарли модда чиқарилмоқда. Вилоятда атмосфера ҳавосига таъсир кўрсатувчи I ва II тоифадаги 64 та саноат корхонаси бор. Уларда 316 та чанг-газ тозалаш қурилмаси ишлаётган бўлса-да, ҳавони ифлослантириш муаммоси ҳали тўлиқ бартараф этилмаган.

Батафсил
Унутилган экологик «мерос»:  Пестицид омборлари ва  «ядомогильник»лар хавфига чек қўйилади

Унутилган экологик «мерос»: Пестицид омборлари ва «ядомогильник»лар хавфига чек қўйилади

🕔11:39, 20.08.2026 ✔58

1960-1980 йилларда Ўзбекистон пахтачиликка ихтисос­лаштирилган ҳудуд сифатида жуда катта ҳажмда минерал ўғитлар ва пестицидлардан фойдаланган республикалардан бири эди.

Батафсил
Экологик  Меъёрларга  риоя қилган  тадбиркор барқарор ривожланади

Экологик Меъёрларга риоя қилган тадбиркор барқарор ривожланади

🕔14:32, 14.08.2026 ✔108

Давлат сиёсатининг устувор йўналиш­ларидан бири – қонуний ва масъулиятли тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш билан бир қаторда, атроф-муҳитни ишончли муҳофаза қилишдан иборат.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар