Бугун Экологик партиядан сайланган депутатлар фаолияти нафақат қонун ижодкорлик муҳокамаларида, балки ҳудудларда, одамлар орасида ва маҳаллалардаги кундалик муаммоларнинг қандай ҳал этилаётганида ҳам яққол кўринмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ойбек Отамуратовнинг Хоразм вилояти бўйлаб ўтказган навбатдаги ўрганишлари ҳам шунчаки эшитиш эмас, балки аниқ муаммоларга амалий ечим топишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Янгибозор туманининг «Ифтихор» маҳалласида айрим кўчаларни асфальтлаш масаласи кўп йиллардан буён аҳолини қийнаб келаётган эди. Маҳалла бир неча бор «Ташаббусли бюджет» лойиҳасида иштирок этган бўлса-да, овоз тўплашда қийинчиликлар бўлган. Бу сафар вазият ўзгарди. «Ташаббусли бюджет»нинг биринчи мавсуми доирасидаги «Депутат танлови» лойиҳаси орқали «Ифтихор» маҳалласи танлаб олинди ва амалий ишлар бошлаб юборилди.
Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси Янгибозор туман бўлими бошлиғи Шоира Раҳимова ушбу жараён ҳақида шундай дейди:
– «Ифтихор» маҳалласида аҳоли тарқоқ жойлашгани сабабли «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси доирасида овоз тўплашда бир қатор қийинчиликлар юзага келаётган эди. Ушбу масала юзасидан депутатга мурожаат қилдик. Мурожаат тегишли тартибда ўрганилиб, амалий чоралар кўрилди. Бугун кўриб турганингиздек, маҳалланинг қарийб икки ярим километр ички йўлларида асфальтлаш ишлари бошлаб юборилган. Маҳалла аҳолиси амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларидан мамнун.
Учрашувда туман ҳокими, маҳалла фаоллари ва мутасаддилар иштирок этиб, аҳолининг бошқа мурожаатларини ҳам тинглашди. Маълумот ўрнида, деҳқончилик ва чорвачиликка ихтисослашган «Ифтихор» маҳалласида 2 минг 950 нафар аҳоли, 607 та хонадон ва 803 та оила истиқомат қилади. Мулоқотлар давомида давлатимиз мустақиллигининг 35 йиллигини муносиб кутиб олиш ва байрам тадбирларини мазмунли ташкил этиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Кейинги манзил Шовот тумани бўлди. «Дўстлик» маҳалласида 2 минг 164 нафар аҳоли яшайди, 9 та кўча ва 405 та хонадон мавжуд. Сайловчилар билан учрашувда Президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифаларнинг мазмун-моҳияти тушунтирилди.
– Бугун депутатларимиз халқ билан юзма-юз мулоқот қилиб, аҳолини қийнаётган муаммоларни бевосита тинглаётгани бизни қувонтиради, – дейди «Дўстлик» маҳалласи нуронийси Илҳом Ражабов. – Бундай учрашувлар фуқароларнинг дарду ташвишларини ўрганиш ва уларни ижобий ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Биз ҳам «Дўстлик» маҳалласида мавжуд айрим муаммолар юзасидан ўз фикр ва таклифларимизни билдирдик. Депутатлар томонидан масалаларни ҳал этиш бўйича тегишли тавсия ва тушунтиришлар берилди. Бундай очиқ мулоқотлар халқ манфаатларига хизмат қилади, деб ҳисоблайман.
Шовотнинг «Қангли» маҳалласида эса асосий эътибор сув таъминотига қаратилди. Маҳалладаги 512 та хонадоннинг 490 тасида томорқа майдони мавжуд. Бироқ маҳалла чекка ҳудудда жойлашгани сабабли 100 га яқин хонадон вегетация даврида экинларни етарли даражада суғориш имконига эга эмас, мавжуд ер ости сувлари эҳтиёжни тўлиқ қопламаяпти. Маҳалла фаоллари артезиан қудуғи қазиш орқали сув таъминотини яхшилаш таклифини илгари суришди. Масала жойида ўрганилиб, тегишли тавсия ва таклифлар билдирилди.
Депутатларнинг ҳудудлардаги фаолияти фақат муаммони аниқлаш билан чекланмайди. Гурлан туманидаги «Сабир Ота невараси» фермер хўжалиги раҳбари Расулбек Ҳасанов қуёш панеллари ўрнатиш лойиҳаси учун 1 млрд 400 млн сўм кредит ажратишда ёрдам сўраб депутатга мурожаат қилган эди. Мурожаат асосида Марказий банк, «Халқ банки» ҳамда «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» томонидан масала кўриб чиқилди ва кредит шартномаси имзоланиб, сўралган маблағ тўлиқ ажратилди.
Яна бир муҳим манзил Урганч туманидаги маиший чиқинди полигони бўлди. Депутатлар «Чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси» давлат муассасасининг Хоразм вилояти ҳудудий бошқармасига қарашли ушбу объект фаолияти, санитария ва экологик хавфсизлик талабларини ўрганишди. 1982 йилда фойдаланишга топширилган 15 гектарли полигонга (10 гектари чиқиндиларни жойлаштириш, 5 гектари қурилиш ости майдони) ойига ўртача 9 минг 145 тонна, йилига эса 51 минг 82 тонна маиший чиқинди қабул қилинади.
– Депутат сифатида асосий вазифамиз – халқ билан доимий мулоқотда бўлиш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни бевосита жойига чиқиб ўрганиш ва уларнинг ечимига кўмаклашиш, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ойбек Отамуратов. – Шу боис сайлов округларимизда мунтазам равишда аҳоли билан учрашувлар ўтказиб, ижтимоий объектлар, ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда маҳаллаларда ўрганишлар олиб боряпмиз. Бугунги учрашувлар давомида ҳам бир неча сайлов округларида бўлиб, фуқаролар билан очиқ мулоқот қилдик. Бундай учрашувлар биз учун ниҳоятда муҳим, чунки депутатнинг ҳақиқий фаолияти халқ орасида бўлиш, одамларнинг муаммоларини жойида ўрганиш ва уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш орқали намоён бўлади. Юртимизда яратилаётган имкониятларни қадрлаб, шукроналик билан яшаш ва мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш барчамизнинг бурчимиздир. Халқ вакили сифатида доимо бир ҳақиқатни ёдда тутамиз: халқ ишончи энг катта масъулият. Бу ишончни оқлаш учун тинимсиз меҳнат қилиш, одамлар орасида бўлиш ва ҳар бир вазифани амалий натижага айлантиришимиз шарт.
Ҳудудлардаги ўрганишлар давомида кўтарилган мурожаат ва таклифларнинг барчаси назоратга олинди.
Маъмура ҲУСИНОВА,
ЎЭП Хоразм вилоят кенгаши
бош мутахассиси
Сирдарё ҳавоси: мусаффолик мониторинги
🕔11:42, 20.08.2026
✔60
Сирдарё ҳавосига бир йилда 35,336 минг тонна зарарли модда чиқарилмоқда. Вилоятда атмосфера ҳавосига таъсир кўрсатувчи I ва II тоифадаги 64 та саноат корхонаси бор. Уларда 316 та чанг-газ тозалаш қурилмаси ишлаётган бўлса-да, ҳавони ифлослантириш муаммоси ҳали тўлиқ бартараф этилмаган.
Батафсил
Унутилган экологик «мерос»: Пестицид омборлари ва «ядомогильник»лар хавфига чек қўйилади
🕔11:39, 20.08.2026
✔58
1960-1980 йилларда Ўзбекистон пахтачиликка ихтисослаштирилган ҳудуд сифатида жуда катта ҳажмда минерал ўғитлар ва пестицидлардан фойдаланган республикалардан бири эди.
Батафсил
Экологик Меъёрларга риоя қилган тадбиркор барқарор ривожланади
🕔14:32, 14.08.2026
✔108
Давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири – қонуний ва масъулиятли тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш билан бир қаторда, атроф-муҳитни ишончли муҳофаза қилишдан иборат.
Батафсил