«Яшил макон» билан соғлом ҳаёт сари
Ургутда экология ва спорт форуми бўлиб ўтди
БатафсилЯнги Тошкент лойиҳаси – бу шунчаки қурилиш эмас, балки инсон ва табиат уйғунлигига асосланган тараққиёт маданиятидир.
Бугун Янги Тошкентда амалга оширилаётган ишлар мамлакатимиз тараққиётида янги босқич бошланаётганини намоён этмоқда. Давлатимиз раҳбарининг янги иншоотларни фойдаланишга топшириш, йирик инвестиция лойиҳаларига старт бериш маросимидаги иштироки ҳамда инвестор ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти Янги Тошкентнинг стратегик аҳамиятини янада яққол очиб берди.
Янги Тошкентни оддий қурилиш лойиҳаси сифатида баҳолаб бўлмайди. Бу – иқтисодий тараққиёт, экологик барқарорлик, замонавий инфратузилма ва аҳоли фаровонлигини ягона маконда уйғунлаштиришга қаратилган улкан ташаббус. Унинг асосий ғояси эса инсон ва табиат ўртасидаги мутаносибликка асосланган, келажак авлодлар учун ҳам қулай ҳаёт муҳитини яратишдан иборатдир.
Бугун жаҳон шаҳарсозлиги олдида ҳаво ифлосланиши, иқлим ўзгариши, сув ресурсларининг тақчиллиги, транспорт тирбандлиги ва яшил ҳудудларнинг қисқариши каби жиддий муаммолар турибди. Шу боис замонавий шаҳарнинг қиёфаси фақат баланд бинолар ва кенг кўчалар билан эмас, балки унинг экологик барқарорлиги, энергия самарадорлиги ва инсон саломатлиги учун яратилган шароитлар билан белгиланмоқда.
Айнан шу жиҳатдан Янги Тошкент лойиҳаси алоҳида аҳамият касб этади. Маълум қилинишича, шаҳарда 2 минг гектар яшил майдон ва 500 гектар истироҳат боғлари ташкил этилади. Шунингдек, 150 миллион квадрат метр турар ва нотурар жой майдонларини «яшил қурилиш стандартлари» асосида барпо этиш режалаштирилган.
Бу кўрсаткичлар ортида катта экологик ва ижтимоий мақсад мужассам. Яшил ҳудудлар ёзги иссиқлик таъсирини камайтириш, ҳаво сифатини яхшилаш, биохилма-хилликни сақлаш ва аҳоли учун соғлом дам олиш муҳитини яратишга хизмат қилади. Энг муҳими, Янги Тошкент концепциясида кўкаламзорлаштириш шаҳар қурилиши якунлангандан кейинги вазифа эмас, балки бош режа ва инфратузилманинг ажралмас таркибий қисми сифатида қаралмоқда.
Шаҳарда экологик барқарорликни таъминлаш фақат дарахт экиш билан чекланмайди. Энергия таъминоти, чиқиндиларни бошқариш, сувдан оқилона фойдаланиш ва биноларнинг энергия самарадорлиги ҳам муҳим ўрин тутади. Жумладан, Туркиянинг «MIMSAN» компанияси иштирокида 73 миллион доллар инвестиция ҳисобига барпо этилган тригенерация станцияси 100 минг хонадонни марказлашган тарзда иситиш ва совитиш, шу билан бирга электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради.
Финландиянинг «MariMatic» компанияси иштирокида чиқиндиларни тўплаш ва улардан «яшил» электр энергияси олиш, кўп квартирали уйлар томига умумий қуввати 20 мегаватт бўлган фотоэлектр тизимларини ўрнатиш лойиҳаларининг илгари сурилаётгани ҳам шаҳарнинг экологик йўналишини белгилайди. Бундай ечимлар ресурсларни тежаш, энергия самарадорлигини ошириш ва атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш учун муҳим замин яратади.
Янги Тошкентда инсон учун қулай ва хавфсиз ҳаракатланиш муҳитини яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 10 километрлик «Соҳил боғи»да пиёдалар ва велосипедчилар учун йўлаклар ташкил этилган. Метро ва электробуслар ҳаракатини мувофиқлаштириш, жамоат транспортини ривожлантириш ва муҳандислик коммуникацияларини ер остига жойлаштириш каби ечимлар шаҳарнинг замонавий қиёфасини шакллантиришга хизмат қилади.
Зеро, ҳақиқий замонавий шаҳарнинг бойлиги фақат унинг меъморий иншоотларида эмас, балки инсон ўзини қанчалик эркин, хавфсиз ва соғлом ҳис қилишида намоён бўлади.
Янги Тошкентнинг иқтисодий салоҳияти ҳам беқиёс. Шаҳар учун жами 20 минг гектар ер ажратилган бўлиб, биринчи босқичда 6 минг гектар майдонда 50 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Давлатимиз раҳбари бошчилигида бўлиб ўтган маросимда умумий қиймати 1 миллиард доллар бўлган еттита объект фойдаланишга топширилиб, яна 2,5 миллиард долларлик ўнта йирик лойиҳа қурилишига старт берилди.
Бироқ Янги Тошкентнинг истиқболи фақат инвестициялар кўлами билан белгиланмайди. Унинг бизнес, таълим, тиббиёт, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларини бирлаштирган мустақил иқтисодий марказга айланиши муҳимдир. Бунинг натижасида аҳоли яшаш, меҳнат қилиш, таълим олиш ва дам олиш имкониятларидан бир маконнинг ўзида фойдаланиши, кундалик қатновларга сарфланадиган вақт ва ресурслар эса қисқариши мумкин.
Истиқболда 2 миллион аҳоли учун мўлжалланаётган Янги Тошкент нафақат бугунги эҳтиёжларга жавоб берувчи, балки келгуси авлодлар ҳаёт сифатига таъсир кўрсатувчи стратегик макондир. Унда замонавий инфратузилма, яшил муҳит ва иқтисодий имкониятларнинг ўзаро уйғунлашиши Ўзбекистонда янги шаҳарсозлик тажрибасини шакллантиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Энг муҳими, Янги Тошкент мисолида экология тараққиётнинг иккинчи даражали йўналиши эмас, балки иқтисодий ўсиш, жамоат саломатлиги ва аҳоли фаровонлигининг ажралмас шарти экани намоён бўлмоқда. Бу борадаги натижалар эса фақат қурилган объектлар ёки кўкаламзорлаштирилган майдонлар билан эмас, балки яратилган муҳитнинг сифати ва узоқ муддатли барқарорлиги билан баҳоланиши лозим.
Хулоса қилиб айтганда, Янги Тошкентда бугун шунчаки янги бинолар ва йўллар эмас, балки шаҳар ҳаётининг янги маданияти шаклланмоқда. Бу табиатга эҳтиром, ресурсларга масъулият, инсон саломатлигига эътибор ва келажак авлодлар олдидаги бурчга асосланган тараққиёт маданиятидир.
Янги Тошкентнинг энг катта қиймати ҳам шунда: у тараққиётни табиат ҳисобига эмас, балки инсон ва табиат уйғунлиги асосида таъминлаш ғоясини ўзида мужассам этмоқда. Бугун қўйилаётган пойдеворлар ва яратилаётган инфратузилма эртанги кун ҳаётини белгилайди.
Абдушукур ҲАМЗАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон Экологик партияси
фракцияси раҳбари
Ҳар куни чиқиндихонада қанча миқдорда пластик чиқинди тўпланишини биласизми? Ишлатиб бўлинган елим пакетлар, бутилкалар, турли қадоқлар...
БатафсилЯнги Тошкент лойиҳаси – бу шунчаки қурилиш эмас, балки инсон ва табиат уйғунлигига асосланган тараққиёт маданиятидир.
Батафсил