Экоолам      Бош саҳифа

Пластик чиқиндилар мустаҳкам йўл бўлиб қайта оладими?

Ҳар куни чиқиндихонада қанча миқдорда пластик чиқинди тўпланишини биласизми? Ишлатиб бўлинган елим пакетлар, бутилкалар, турли қадоқлар...

Пластик чиқиндилар  мустаҳкам йўл  бўлиб қайта  оладими?

Ҳаммамизга уларнинг миқдори қизиқ бўлмаганидек, кейинги тақдири ҳақида ҳам камдан-кам ўйлаймиз. Бу пластик чиқиндиларнинг катта қисми чиқинди полигонларига бориб тушади ва узоқ йиллар давомида сақланиб қолади.

Бироқ шу чиқиндилардан йўл қурилишида фойдаланиш мумкин бўлса-чи? Нафақат уларни қайта ишлаш, балки ёзнинг жазирама иссиғи ва оғир транспорт воситалари ҳаракатига бардошлироқ асфальт тайёрлаш имкони бўлса-чи?

Йўлдаги чуқурга тушиб, машинасидан хавотир олган ҳайдовчи борки, бу ҳақида эшитганда дарров ҳушёр тортиши аниқ. Тошкент давлат техника университети таянч докторанти Муқаддам Миржамолова учун эса бу янги илмий ғоянинг бошланиши бўлди. Изланишлар уни бир қарашда бир-бирига алоқасиздек туюлган икки масала – пластик чиқиндилар ва йўл қопламаси мустаҳкамлигини бирлаштирувчи ечим сари етак­лади. Бу эса йўллар нега тез бузилиши, асфальт таркибини қандай ўзгартириш мумкинлиги билан боғлиқ мураккаб саволларга оқилона ечим бўлиши ҳам мумкин.

«ЭкоАсфальт» стартапи асосчиси, экофаол Муқаддам Миржамолова билан суҳбатимиз шу саволлар, илк тажрибалар, илмий натижалар ва ҳали олдинда турган вазифалар ҳақида бўлди.

— Суҳбатимизни энг асосий саволдан бошласак: экоасфальт нима ва унинг оддий асфальтдан асосий фарқи нимада?

– Оддий асфальт шағал, қум ва битумдан иборат: битум бу ерда елим вазифасини бажаради. Экоасфальтда эса битум қайта ишланган пластик чиқиндилар билан бойитилади. Натижада икки фойда олинади. Биринчидан, пластик полигонга эмас, йўлга кетади. Иккинчидан, йўл қопламаси жазирама иссиққа ва оғир юкларга чидамлироқ бўлади. Яъни чиқинди муаммоси ва йўл сифати масаласи битта технология орқали ҳал қилинади.

— Айтингчи, бу ғоя қандай туғилган? Дастлабки тажрибалар ва биринчи прототипни яратиш жараёни ўзини оқладими?

– Илк бор машина ҳайдаганимда катта чуқурликка тушганман ва йўл сифатидан табиийки жаҳлим чиққан. Ана шу ҳолат мени йўл таркиби ва йўлни қуйиш жараёни билан кўпроқ қизиқишга ундаган. Шундан кейин хориж тажрибаси ва янги инновацион технологиялар билан кўпроқ танишиб чиқдим, илмий асосларини чуқур ўргандим.

Илмий фаолиятим саноат чиқиндиларини қайта ишлаш билан боғлиқ. Шунинг учун пластикни шунчаки йўқ қилиш эмас, ундан фойдали материал олиш йўлини изладим. Дунёда шунга ўхшаш тажрибалар бор, аммо бизга маҳаллий хомашё ва Ўзбекис­тон иқлимига мос таркиб керак эди.

Биринчи намуналарни уй шароитида тайёрлаганмиз. Битум топиб, эритиб, мустаҳкамлаганман. Кейин инновацион ҳафталикда Автомобиль йўллари қўмитаси билан ҳамкорликда автомобиль йўллари илмий тадқиқот инситути лабораториясида синовдан ўтказдик. Турли пластик нисбатлари ва ҳарорат режимларини синаб, «Маршалл» усулида мус­таҳкамлик синовларини ўтказдик. Бугунги кунда технологиямиз бўйича ихтирога патент олиш учун ариза топширилган ва у экспертизадан ўтмоқда.

— Экоасфальт ишлаб чиқаришда қандай турдаги пластик чиқиндилардан фойдаланиш мумкин? Қайси пластик хомашё бунга ярамайди? Тайёрлаш жараёнини ҳам оддий тилда тушунтириб берсангиз.

– Асосан кундалик ҳаётда энг кўп учрайдиган пластиклар ярайди: полиэтилен пакетлар ва плёнкалар, полиэтилен идишлар, полипропилен ҳамда ПЭТ бутилкалар. Бизнинг таркибимизда ПЭТ ва полиэтилен аралашмаси ишлатилади. Ярамайдиганлари ҳам бор. Энг аввало, ПВХ – поливинилхлорид. У қиздирилганда хлорли заҳарли газлар ажратади, шунинг учун уни қатъиян чиқариб ташлаймиз. Шунингдек, алюминий фольгали кўп қатламли қадоқлар ва кучли ифлосланган пластик ҳам ишлатилмайди.

Жараён тўрт босқичдан иборат:

• пластик сараланади, ювилади ва қуритилади;

• майда бўлакларга майдаланади;

• майдаланган пластик юқори ҳароратда битум ва пластик чиқинди билан аралаштирилади. Аралашмада пластик улуши майдон қаерда жойлашганига қараб турлича фарқланади;

• тайёр аралашма одатий йўл техникаси билан ётқизилади.

Муҳими, бунинг учун янги қиммат ускуналар талаб қилинмайди: мавжуд асфальт заводлари билан ишлаш мумкин.

— Экоасфальт пластик чиқиндилар муаммосини ҳал этишга амалда қанчалик ҳисса қўша олади? Айниқса, Тошкент каби йирик шаҳарлар миқёсида унинг экологик самараси сезиларли бўладими?

– Очиғини айтсам, экоасфальт пластик муаммосини ёлғиз ўзи ҳал қилмайди. Бунинг учун саралаш, қайта ишлаш ва истеъмол маданияти биргаликда ривожланиши керак. Лекин у жуда муҳим канал бўла олади. Ҳисоб-китобларга кўра, бир километр икки чизиқли йўлга таркибга қараб тахминан 1,5-4 тонна пластик сарфланади. Бу – юз минглаб пакетлар ва пластик идишлар дегани. Тошкент каби шаҳарда ҳар йили юзлаб километр йўл қурилади ва таъмирланади, демак таъсир сезиларли бўлади. Энг муҳими, биз қайта ишлашга яроқсиз деб ҳисоблайдиган арзон пластикни ҳам ишлата оламиз. Айнан шундай пластик одатда полигонда йиллар давомида чиримай ётади.

— Экологик хавфсизлик масаласига ҳам тўхталсак. Ёзда йўл қопламаси кучли қизийди. Бундай шароитда экоасфальт таркибидаги пластикдан зарарли моддалар ёки микропластик заррачалар ажралиб чиқиш хавфи йўқми?

– Бу жуда ўринли савол. Ёзда йўл юзаси 60-70 даражагача қизийди. Бу пластикнинг эриш ва парчаланиш ҳароратидан анча паст. Бундан ташқари, пластик битум ичида тўлиқ қопланган ҳолда бўлади. Шунинг учун йўлдан фойдаланиш давомида зарарли газ ажралиш хавфи жуда паст. Асосий назорат нуқтаси – ишлаб чиқариш босқичи. Шу сабабли ҳароратни қатъий чегарада ушлаймиз ва ПВХни бутунлай чиқариб ташлаймиз.

Микропластик масаласини эса яширмаймиз: йўл емирилганда заррачалар ажралиш эҳтимоли бор. Бу хавфни камайтириш учун пластик битум билан тўлиқ боғланиши, меъёрдан ортиқ қўшилмаслиги ва сифат доимий назорат қилиниши керак. Бу йўналишда узоқ муддатли тадқиқотлар бутун дунёда давом этмоқда. Биз ҳам экологик мониторингни лойи­ҳамизнинг ажралмас қисми деб биламиз. Пилот йўл қурилгандан кейин у доимий назорат қилинади. Турли хоссалари бўйича синовдан ўтказилади. Нафақат Ўзбекистон, ҳозирда дунёдаги етакчи давлатлар ҳам айнан шу техникани ўз иқлимига мослаш устида илмий ишлар олиб бормоқда. Бизнинг ҳам асосий миссиямиз шу: экоасфальтни Ўзбекистон учун мослаштириш, сифатли ва узоқ муддат хизмат қилувчи йўл қопламаси яратиш.

— Экоасфальтнинг хизмат муддати оддий асфальтга нисбатан қанчалик узоқ бўлиши кутилмоқда? Йўлнинг узоқ хизмат қилиши ҳам экологик самарадорлик кўрсаткичи ҳисобланадими?

– Пластик битумнинг юмшаш ҳароратини оширади. Бу Ўзбекистоннинг иссиқ иқлими учун айниқса муҳим: ёзда йўл камроқ эзилади, излар ва чуқурлар секинроқ пайдо бўлади. Лаборатория синовларимизда аралашманинг юмшаш ҳароратини 51 дан 60 даражагача кўтардик. Яъни 10+ яхшилашга эришдик. Реал хизмат муддатини эса дала синовлари аниқ кўрсатади, биз ҳозир шунга тайёргарлик кўряпмиз.

Албатта, узоқ хизмат қилиш экологик самарадорликнинг бевосита қисми. Йўл қанча кам таъмирланса, шунча кам битум, шағал, ёқилғи ва техника ишлатилади, атмосферага карбонат ангид­рид ҳам камроқ чиқади. Экологияни фақат чиқинди билан эмас, бутун ҳаёт цикли билан баҳолаш керак.

— Ўзбекистонда чиқиндиларни саралаш тизими ҳали тўлиқ шаклланмаган. Бундай шароитда экоасфальтни саноат миқёсида ишлаб чиқариш учун етарли хомашё базасини яратиш мумкинми?

– Ҳозирча маиший чиқиндиларни манбада саралаш энди ривожланмоқда ва бу, албатта, чеклов. Шунинг учун бошланғич босқичда нисбатан тоза пластик оқимларига таянамиз: қадоқлаш корхоналарининг ишлаб чиқариш қолдиқлари, қишлоқ хўжалиги плёнкалари ва пластик йиғувчилар тармоғи. Режамиз – аввал бир ҳудудда пилот лойиҳа, кейин саралаш тизими ривожига қараб кенгайтириш. Аслида экоасфальтнинг ўзи саралашга иқтисодий рағбат яратади. Пластикка барқарор талаб пайдо бўлса, уни йиғиш ва саралаш ҳам фойдали бизнесга айланади. Лойиҳамиз доирасида «Экоасфальт» МЧЖ ташкил этганмиз. Келгусида 12 та вилоятда филиалларимизга эга бўламиз. Бу эса плас­тик чиқиндили хомашёни йиғиш учун асос бўлади.

— Экоасфальтнинг хизмат муддати тугагач, унинг кейинги тақдири қандай бўлади? Эски йўл қопламасини майдалаб, янги йўл қурилишида қайта ишлатиш имконияти борми?

– Оддий асфальт фрезаланиб, янги аралашмага қайта қўшилади. Пластик билан модификацияланган асфальтни ҳам шу усулда қайта ишлаш бўйича хорижий тажриба мавжуд. Аммо бу йўналиш ҳали етарлича ўрганилмаган. Айниқса, қайта қиздиришда ажраладиган моддалар ва фрезалаш пайтидаги чангни алоҳида текшириш лозим. Шу сабабли биз буни технологиянинг тўлиқ ҳаёт цикли таҳлилига киритмоқчимиз. Мақсадимиз – экоасфальт бир марталик ечим эмас, балки айланма иқтисодиётнинг тўлақонли ҳалқаси бўлиши.

— Пластик чиқиндиларни қайта ишлашда сув сарфи ҳам муҳим масала. Экоасфальт ишлаб чиқариш жараёни кўп миқдорда сув талаб этадими? Уни тежаш ва қайта ишлатиш имкониятлари қандай?

– Асфальт аралаштиришнинг ўзи «қуруқ» жараён, у ерда сув ишлатилмайди. Сув фақат пластикни ювиш босқичида керак бўлади. Бу сарфни камайтиришнинг аниқ йўллари бор: ювиш сувини тозалаб, ёпиқ циклда қайта ишлатиш ва иложи борича тоза пластик оқимларидан фойдаланиш. Саноат оқава сувларини тозалаш – менинг магистрлик диссертация мавзуим. Шунинг учун сув масаласига алоҳида эътибор берамиз. Сув танқислиги шароитида яшаётган мамлакат учун бу иккинчи даражали масала эмас, албатта. Биринчи ва энг асосий параметр сифатида сувни ифлосламаслик ва ундан қайта фойдаланиш туради.

БМТ Тараққиёт дастурининг WESP лойиҳаси асосида Ўзбекистонда Экологик лойиҳалар ва аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича ментор сифатида танланганман ва махсус дастурда ўқиб сертификатга ҳам эга бўлдим. Бу албатта масъулият. Шу нуқтаи назардан ўзимни ишлаб чиқаришимда ҳам албатта тадбиркорликнинг экологик аҳамияти ва айланма иқтисодиёт тамойилларига амал қилган ҳолда циркуляцион қайта фойдаланиш тамойили асосида ишлаб чиқарамиз.

— Агар технология синовлардан муваффақиятли ўтса, уни Ўзбекистон бўйлаб кенг жорий этишга нималар тўсқинлик қилиши мумкин? Сизнингча, энг катта муаммо – маблағ, стандартлар, хомашё таъминоти, инфратузилма ёки жамоатчилик муносабатими?

– Менинг фикримча, биринчи ўринда стандартлар туради. Амалдаги йўл қурилиши меъёрлари пластик билан модификацияланган битумни ҳисобга олмайди. Меъёрий ҳужжат бўлмаса, буюртмачи ташкилот технологияни қўллай олмайди, ҳатто у арзонроқ бўлса ҳам. Ҳолбуки, ҳисоб-китобларимизга кўра, экоасфальт бир километрда оддий асфальтдан тахминан 8-15 миллион сўм арзонга тушади.

Иккинчи ўринда барқарор хомашё, яъни саралаш ва логистика масаласи туради. Инфратузилма катта муаммо эмас, чунки мавжуд заводлардан фойдаланиш мумкин. Маблағ ва жамоатчилик муносабати эса биринчи пилот йўлнинг натижалари кўриниши билан анча осон ҳал бўлади. Шу боис ҳозир асосий эътиборимиз пилот синовлари ва меъёрий базани шакллантиришга қаратилган.

Пластик чиқинди – бу муаммо, лекин тўғри ёндашув билан у ресурсга айланади. Экоасфальт шундай ёндашувнинг бир намунаси. Мен йўлларимизга давлатимиз юзи сифатида қарайман. Барқарор ривожланиш тамойилларидан бири сифатида ҳам йўллар сифатини, уни узоқ муддат хизмат қилишини ва янги, замонавий технологияларни жорий қилинишини кўраман. Халқаро майдонда Ўзбекистонимиз нуфузи тобора ортиб бораяпти. Бу эса барча инфратузилмамизни халқаро стандартларга мослаштиришимиз зарурлигини кўрсатади.

 

Шаҳруза САТТОРОВА

суҳбатлашди.

 




Ўхшаш мақолалар

«Яшил  макон» билан  соғлом ҳаёт сари

«Яшил макон» билан  соғлом ҳаёт сари

🕔14:43, 22.10.2026 ✔16

Ургутда экология ва спорт форуми бўлиб ўтди

Батафсил
Пластик чиқиндилар  мустаҳкам йўл  бўлиб қайта  оладими?

Пластик чиқиндилар мустаҳкам йўл бўлиб қайта оладими?

🕔14:36, 22.10.2026 ✔17

Ҳар куни чиқиндихонада қанча миқдорда пластик чиқинди тўпланишини биласизми? Ишлатиб бўлинган елим пакетлар, бутилкалар, турли қадоқлар...

Батафсил
Янги Тошкент –  табиат уйғунлигига асосланган янги маданият

Янги Тошкент – табиат уйғунлигига асосланган янги маданият

🕔13:21, 15.10.2026 ✔99

Янги Тошкент ло­йиҳаси – бу шунчаки қурилиш эмас, балки инсон ва табиат уйғунлигига асосланган тараққиёт маданиятидир.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар