Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Сурхон эли энди сувга муҳтож бўлмайди

Табиий ресурсни фаровонлик, имконият ва тараққиёт омилига айлантириш формуласи

Сурхон  эли энди сувга  муҳтож  бўлмайди

Талабалик пайтларимда Термиз шаҳрининг Термиз маҳалласидаги кўп қаватли уйларнинг бирида, қариндошимнинг квартирасида турардим. Ўтган асрнинг 60-йилларида қурилган бу «хрушчёвка»лар менинг шаҳар ҳақида болаликдаги эртакнамо тасаввурларимни буткул остин-устун қилиб юборган. Қишлоқда «Эсмеральда» бошланганида ўчиб қолиб, шу билан тонгда ёнадиган чироқ бу ерда ҳам ўша-ўша эди...

Марказий иситиш тизими ишламай қўйганига йиллар бўлган, уйлардаги «батарея»лар қачонлардир иссиқлик яна келиб қолиши мумкинлиги умидидан дўппайиб турарди. Ювиниш, овқат ва чой тайёрлаш бир ёқда турсин, ҳожатхона учун ишлатиладиган сув ҳам катта муаммога айланганди. Газнинг ҳиди ҳам келмаганига йиллар бўлиб кетган. Газ келишидан умидини узган аҳоли аллақачон трубаларни ҳам кесиб, бошқа эҳтиёжига ишлатган ёки сотиб юборишган...

Бу бирор уруш ёки қамал ҳолатида бўлган шаҳар ҳақидаги гаплар эмас, икки мингинчи йиллар бошидаги Сурхондарё вилояти маркази – Термиз шаҳри қиёфасининг рўй-рост бир кўриниши холос. Ўша вақтларда кўп қаватли уйларда яшаган исталган термизлик буни яққол тасдиқлаши мумкин.

Шукрки, бугун вазият тубдан ўзгарган. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг вилоят, айниқса,  инфратузилмани ривожлантириш бўйича чиқарган қатор қарор ва фармонлари доирасида юқоридаги муаммолар босқичма-босқич ҳал қилинди. Бундай муҳим ва улкан ўзгаришлардан, қулайликлардан Сурхондарё вилояти ҳам четда қолмади.

Давлатимиз раҳбари айтганидек: «Хароб ва файзи йўқ жойда яшаётган аҳолининг кайфияти ҳам, келажакка интилиши ҳам бўлмайди. Биз қишлоқларни обод қилсак, у ердаги халқнинг кайфияти ўзгаради, уларда ўз ҳаётини янада яхшилашга интилиш пайдо бўлади, қишлоқлар иқтисодий ўсади. Бунинг натижасида Ватанимиз обод бўлади ва мамлакатимизнинг иқтисодий юксалиши учун яна бир муҳим туртки бўлади».

Бугун Сурхондарёдаги ўзгаришлар ҳақида гап кетганда, ичимлик сув таъминоти масаласини алоҳида тилга олиш зарур. Сув шунчаки бир маиший қулайлик эмас. У инсон саломатлиги, оила фаровонлиги, қишлоқ тараққиёти ва ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти билан бевосита боғлиқ. Бу борада Тўпаланг сув лойиҳаси вилоят ҳаётида улкан аҳамият касб этмоқда.

 

Сув бор эди, аммо...

Сурхондарё табиати, тоғлари, дарёлари ва сув ресурслари билан ажралиб туради. Бироқ сув манбаининг мавжудлиги аҳоли сифатли ичимлик сувдан фойдалана олади, дегани эмас. Буни вилоятнинг айрим қишлоқларидаги йиллар давомида тўпланган муаммолар ҳам кўрсатади.

Яқин йилларгача аҳоли қудуқлар, очиқ сув ҳавзалари ва бошқа маҳаллий манбалардан фойдаланишга мажбур эди. Сувни ташиш, захира қилиш, унинг сифатини сақлаш кундалик турмушнинг ажралмас қисмига айланган. Айниқса, ёғингарчилик камайиши, ерости сувлари сатҳининг пасайиши ва айрим жойларда сув таркибидаги туз миқдорининг ортиши вазиятни янада мураккаблаштирган.

«Мен Узун тумани Тўпаланг дарёсининг шундоққина бўйларида ўсганман. Олти ёшимдан бошлаб эшак ва хачирларда сув таширдик. Хотин-халаж учун уч-тўрт чақиримдан сув ташиб келиш анчагина қийинчилик туғдирарди», – дейди ҳозирда Жарқўрғон тумани «Қораёғоч» маҳалласида яшовчи Рустам Эшмўминов.

Унинг хотираларидаги бир жиҳат алоҳида эътиборга молик: инсон дарё бўйида яшаса-ю, ичимлик сувни бир неча чақиримдан ташиб келишга мажбур бўлса, бу сув манбаининг борлиги билан ундан фойдаланиш имконияти ўртасида қанчалик катта фарқ бўлиши мумкинлигини кўрсатади.

Сув масаласи фақат унинг мавжудлиги билан ўлчанмайди. Муҳими, унинг аҳолигача етиб бориши, санитария талабларига жавоб бериши ва узлуксиз етказиб берилишидир.

 

Ҳаётбахш лойиҳа

Ана шу муаммоларни тизимли ҳал этиш мақсадида амалга оширилаётган Тўпаланг сув лойиҳаси Сурхондарё вилояти ичимлик сув таъминотида муҳим ўрин тутади. Лойиҳанинг асосий ғояси тоғли ҳудудда жойлашган Тўпаланг сув омбори имкониятларидан фойдаланиб, сувни вилоятнинг сувга эҳтиё­жи юқори бўлган ҳудудларига етказишдан иборат.

Лойиҳанинг муҳим жиҳати шундаки, сув тоғли ҳудудда жойлашган сув омборидан пастликка қараб табиий босим, яъни ўз оқими билан етказиб берилади. Бу сувни юқорига ҳайдаш учун қўшимча насос­лардан фойдаланиш ва ортиқча электр энергияси сарфлаш заруратини камайтиради. Натижада ҳудудларни узлуксиз ичимлик сув билан таъминлаш, шунингдек, энергия ресурсларини тежаш имконияти кенгаяди. Бу усул лойиҳанинг иқтисодий ва техник самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2021 йил июнь ойидаги Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида аҳолини Тўпаланг сув омбори ҳисобига ичимлик сув билан барқарор таъминлаш ташаббусини илгари сурган эди. Дастлабки режаларда сув омборидан Термиз шаҳригача магистрал қувур тортиш ва йўл-йўлакай бир қатор туманларни марказлашган тизимга улаш назарда тутилган. 2023 йил 16 ноябрда лойиҳанинг биринчи босқичи ишга туширилди. Кейинги йилларда қурилиш-монтаж ишлари, магис­трал ва ички тармоқларни барпо этиш, сув сақлаш иншоотларини қуриш ҳамда мавжуд тизимларни модернизация қилиш ишлари давом эттирилди. Тизим орқали вилоятнинг ўнта тумани ва Термиз шаҳрига сув етказиб берилмоқда. Лойиҳа натижасида йилига 18,4 млн кВт·соат электр энергиясини тежаш имконияти пайдо бўлди. Бу ресурслар қиймати жиҳатидан 18,5 миллиард сўм иқтисод қилишга тенг деб баҳоланган.

Демак, лойиҳанинг самараси фақат янги сув манбаини ишга тушириш билан чекланмайди. У энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув таъминоти тизимининг барқарорлигини ошириш ва аҳоли учун муҳим инфратузилмани яратишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.

 

Табиий босим – яхши имконият

Сувни тоғдан пастликка қараб етказиш имконияти Тўпаланг лойиҳасининг энг муҳим техник афзалликларидан бири ҳисобланади. Одатда, сувни баландликка кўтариш ёки узоқ масофага ҳайдаш учун насослар ишлатилади. Бу эса электр энергияси сарфи, ускуналарнинг эскириши, таъмирлаш ва эксплуатация харажатларини келтириб чиқаради.

Тўпаланг лойиҳасида эса гидравлик ҳисоб-китоблар асосида баландлик фарқидан фойдаланиш имконияти яратилган. Президентимизнинг мазкур вилоятга 2026 йил 26 февралдаги ташрифи чоғида Термиз шаҳри, Ангор, Бандихон, Қизириқ, Шеробод ва Музработ каби туман марказларига сувни насосларсиз, табиий босим ҳисобига етказиб бериш имконияти яратилгани алоҳида таъкидлаб ўтилди. Энергия сарфининг камайиши сув таъминоти тизимининг эксплуатация харажатларини пасайтиришга, электр энергиясига боғлиқликни камайтиришга ва ресурслардан самарали фойдаланишга хизмат қилади.

Лойиҳа доирасида яна бир муҳим иш амалга оширилган: 10 гектар майдонда умумий қуввати 6 418 кВт бўлган қуёш панеллари ўрнатилган. Бу ҳам сув таъминоти инфратузилмасида муқобил энергия манбаларидан фойдаланишга эътибор қаратилаётганини кўрсатади. Бундай ёндашув айниқса электр энергияси сарфи юқори бўлган коммунал тармоқлар учун муҳим. Сув таъминоти тизимининг узлуксиз ишлаши фақат сув манбаига эмас, балки энергия таъминотининг барқарорлигига ҳам боғлиқдир.

 

Қувурлар ортида инсон тақдири

Ҳар қандай йирик инфратузилма лойиҳасининг ҳақиқий самараси унинг техник кўрсаткичларидагина эмас, балки одамлар ҳаётида юз бераётган ўзгаришларда намоён бўлади. Сув қувурлари, насос станциялари ва тақсимлаш иншоотлари ортида йиллар давомида сув ташиб келган, уни захира қилган, сифатидан хавотирланган минглаб инсонларнинг ҳаёти турибди.

Рустам Эшмўминовнинг болалик хотиралари ҳам ана шу ҳақиқатни очиб беради. Унинг айтишича, сув ташиш анчагина машаққат бўлган. Сув ташиш учун сарфланган вақт, меҳнат ва куч оилаларнинг бошқа юмушларига ҳам таъсир кўрсатган.

Бандихонлик Наргиза Чориеванинг ҳикояси эса сув таъминотидаги ўзгаришларнинг яна бир жиҳатини кўрсатади:

«Илгари бизга ҳафтада бир марта ичимлик сув етказиб беришарди. Сувни қудуқларда сақлаб, ишлатардик. Сифати бузиларди. Чойининг ҳам ғалати таъми бўларди. Мана, ҳозир узлуксиз тоза сув келяпти, хоҳлаганча ишлатяпмиз. Тўпаланг сув омбори сувининг таъми жуда ширин», – дейди бандихонлик Наргиза Чориева.

Бундай ўзгаришлар, аввало, уй юмушларини енгиллаштиради. Сув ташиш ёки унинг келишини кутишга кетадиган вақт тежалади. Оила аъзолари, айниқса, аёллар ва болалар зиммасидаги маиший юк камаяди.

Сувнинг хонадонга кириб келиши оиланинг кундалик режасини ҳам ўзгартиради. Илгари сув келадиган кунни кутиш, идишларни тўлдириб қўйиш, захирадаги сувни асраш каби ишларга вақт ажратилган. Узлуксиз таъминот мавжуд бўлганда эса, бу вақт бошқа эҳтиёжларга сарфланиши мумкин.

Бу ўзгаришлар, биринчи навбатда, аёллар меҳнатида сезилади. Кўп хонадонларда сув ташиш, идиш­ларни тўлдириш, овқат тайёрлаш ва уй тозалиги каби юмушлар асосан аёллар зиммасига тушади. Сувнинг хонадонгача етиб келиши уларнинг кундалик меҳнатини енгиллаштириши тайин.

Болалар учун ҳам бундай шароит муҳим. Мактабга тайёрланиш, шахсий гигиена, кийим-кечак ва уй-рўзғор тозалиги каби оддий эҳтиёжлар сув билан бевосита боғлиқ. Ичимлик сув таъминотидаги ўзгаришлар оиланинг умумий турмуш сифатига таъсир кўрсатади.

 

Сув – саломатлик гарови

Истеъмол қилинадиган сувнинг сифати аҳоли саломатлиги учун муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, болалар, кексалар ва иммунитети заиф инсонлар учун санитария талабларига жавоб берадиган ичимлик сувдан фойдаланиш алоҳида аҳамият касб этади.

Сув таркибининг ифлосланиши глобал экологик муаммо ҳисобланади. Сувнинг минерал таркиби меъёрдан оғиши инсон организмида турли касаллик­лар ва патологик ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин. Ичимлик сувнинг экологик ҳолати аҳолининг умумий саломатлигига, айниқса, болалар ва кексалар соғлиғига таъсир кўрсатади.

Марказлашган ичимлик сув таъминотини кенгайтириш фақат маиший қулайлик яратиш эмас, балки санитария хавфларини камайтиришга қаратилган муҳим инфратузилмавий чора ҳамдир.

Тўпаланг — Термиз магистрал ичимлик сув тармоғининг умумий узунлиги 159,2 километр бўлиб, у 1,7 миллион нафар аҳолини сув билан таъминлашга хизмат қилмоқда. Сув сифати, санитария-меъёрий талабларга мувофиқ етказиб берилиши, иншоотларнинг техник ҳолати ва тармоқнинг узлуксиз фао­лияти доимий назорат қилиб бориляпти. Бу каби назорат ишлари сув таъминоти тизимида техник ва санитария талабларига риоя этилишини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Тўпаланг лойиҳаси доирасидаги ишлар вилоятда ичимлик сув таъминотини яхшилашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирларнинг бир қисмидир. 2025 йилда Сурхондарё вилоятида аҳолини марказлашган ичимлик сув билан таъминлаш даражаси йил бошидаги 65,3 фоиздан 67,5 фоизга етказилди. Бу қисқа вақт ичида амалга оширилган қурилиш, реконструкция ва модернизация ишларининг амалий натижасидир.

Йил давомида барча манбалар ҳисобидан жами 8 та ичимлик сув иншооти, 484,2 километр ичимлик сув тармоқлари, 1 та оқова сув иншооти ҳамда 12,3 километр оқова сув тармоқлари қурилди.

Шу билан бирга, мавжуд инфратузилмани ишончли ҳолатда сақлаш мақсадида 56,3 километр тармоқ ва 194 та насос жорий ҳамда мукаммал таъмирдан чиқарилди. Жамият тасарруфидаги иншоотларга 83 та замонавий, энергия тежамкор насос ўрнатилди. Кўча колонкасидан фойдаланиб келган 10 минг 920 та истеъмолчининг ичимлик сув тармоқлари тўғридан-тўғри хонадонларига киритилди.

Амалга оширилган ишлар натижасида 157 та маҳалладаги 65 минг 396 нафар аҳоли илк бор марказлашган ичимлик сув билан таъминланди. Шунингдек, 203 та маҳаллада истиқомат қилувчи 484 минг 500 нафар аҳолининг ичимлик сув таъминоти сифат жиҳатидан яхшиланди. Бу, ўз навбатида, аҳоли саломатлиги, турмуш сифати ва санитария ҳолатининг яхшиланишига хизмат қилмоқда.

Ушбу рақамларнинг ҳар бири ортида муайян инфратузилмавий ўзгариш бор. Масалан, кўча колонкасидан фойдаланиб келган 10 минг 920 та истеъмолчининг тармоғи хонадонга киритилгани сувдан фойдаланиш шароитининг ўзгарганини анг­латади. Сув ҳисоблагичларининг ўрнатилиши эса истеъмолни ҳисобга олиш ва тўловлар шаффофлигини оширишга хизмат қилади.

 

Маҳаллалар кесимидаги натижалар

Тўпаланг — Термиз мегалойиҳаси бир неча босқичда амалга оширилмоқда. Биринчи босқичда Сариосиё, Денов, Шўрчи ва Қумқўрғон туманларидаги 35 та маҳаллада қарийб 135 минг нафар аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш ишлари бажарилган. Иккинчи босқич доирасида Олтинсой ва Бандихон туманларининг 33 та маҳалласида яшовчи 86,4 минг нафар аҳолига марказлашган ичимлик сув етказилган.

Шунингдек, Тўпаланг магистрал тармоғидан қўшимча 200 метр қувур тортилиб, Хўжаипок тармоғига уланиши орқали Бандихон, Қизириқ, Шеробод, Ангор ва Музработ туманларидаги 69 та маҳаллада яшовчи 193 минг нафар аҳолининг сув таъминотини яхшилаш имконияти яратилган.

Лойиҳанинг яна бир муҳим босқичи Термиз шаҳрига сув етказиб бериш билан боғлиқ. 2025 йил декабрида вилоят ҳокимлиги Тўпаланг сувини Термиз шаҳригача етказиш ишлари якунланиб, «Шимолий дарвоза» ва «Мангузар» гуруҳли сув ишлаб чиқариш иншоотларига сув қуйиш бошланганини маълум қилди.

Жарқўрғон туманидаги Қўштепа маҳалласида Термиз шаҳри ва Термиз тумани аҳолиси учун мўлжалланган 10 минг куб метр сиғимли сув сақлаш иншооти қурилиши ҳам якунлангани қайд этилган. Шу ҳудудда яна иккита сув омбори барпо этилиб, учта иншоотнинг умумий сиғими 30 минг куб метр­ни ташкил этиши кўзда тутилган.

2026 йилда Қумқўрғон тумани марказидаги 11 та маҳаллани ичимлик сув билан таъминлаш бўйи­ча янги лойиҳа амалий босқичга кирган. Унда Азларсой, Янги шаҳар, Боғаро, Дўстлик, Нефьтчилар, Бешқаҳрамон, Улуғбек, Сурхон соҳили, Тўғон, Жийдали ва Навбаҳор маҳаллалари қамраб олинган.

Лойиҳа доирасида 9,6 километр магистрал ва 78 километр ички сув тармоқлари тортилиши, иккита сув резервуари таъмирланиши, зарарсизлантириш ускунаси ўрнатилиши, иккита иккинчи кўтарма насос станцияси қурилиши ва 4 506 та сув ҳисоблагич ўрнатилиши режалаштирилган. Ишлар якунлангач, ушбу 11 та маҳаллада яшовчи 48 минг 857 нафар аҳолини барқарор ва сифатли ичимлик суви билан таъминлаш кўзда тутилган.

 

Ўзгараётган тақдирлар

Ҳа, Сурхондарёда ичимлик сув таъминотини яхшилаш йўлида амалга оширилаётган ишлар кўлами йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Бироқ бу жараённинг энг муҳим натижаси рақамларда эмас, одамларнинг ҳаётида намоён бўлади. Бир вақтлар сувни эшакда ташиган бола бугун вояга етган. Унинг хотираларида сув ташиш машаққати, қишлоқ ҳаётининг ўша даврдаги қийинчиликлари сақланиб қолган. Бандихонлик Наргиза Чориева эса илгари ҳафтада бир марта келган сувни қудуқда сақлаб ишлатганини, бугун эса ундан узлуксиз фойдаланаётганини айтмоқда. Бу икки ҳикоя турли авлод ва ҳудудларга тегишли бўлса-да, уларни бир мақсад – сифатли ичимлик сувга бўлган эҳтиёж бирлаштиради.

Тўпаланг лойиҳасининг аҳамияти ҳам шунда: тоғлар бағридаги сув манбаи узоқдаги қишлоқлар ва шаҳарларга етиб бориши, аҳолининг кундалик турмушини енгиллаштириши, сув ташиш ва уни захира қилишга кетадиган вақтни тежаши муқаррар. Энергия ресурсларидан тежамкор фойдаланиш эса тизимнинг иқтисодий самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Тўпаланг лойиҳаси тоғлар бағридаги табиий бойликни инсон эҳтиёжига йўналтириш, йиллар давомида сувга эҳтиёжи ортидан қийналган оилалар турмушини енгиллаштириш ва ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун муҳим инфратузилма яратиш демакдир.

...Сувнинг қадрини унинг йўқлигини ҳис қилган одам яхши билади. Бир пайтлар икки елим канис­тра сув учун кўча бошига югурган инсон сифатида мен бу ўзгаришларнинг қадрини яхши тушунаман. Бугун тоғлар бағридан келаётган сув минглаб хонадонлар учун оддий маиший қулайлик эмас, балки хотиржамлик, саломатлик ва эртанги кунга ишонч манбаига айланди.

Тўпалангнинг ҳақиқий қиймати ҳам шунда – тоғлар бағридаги сув инсон ҳаётига етиб борганда, у оддий табиий ресурсдан фаровонлик, имконият ва тараққиёт омилига айланганида.

 

Саида ИБОДИНОВА,

«Oila va TABIAT» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Сурхон  эли энди сувга  муҳтож  бўлмайди

Сурхон эли энди сувга муҳтож бўлмайди

🕔11:17, 20.11.2026 ✔64

Табиий ресурсни фаровонлик, имконият ва тараққиёт омилига айлантириш формуласи

Батафсил
Чиқинди олиб кетилмаса ҳам қарз ёзиладими? Муаммо фақат тўловда эмас

Чиқинди олиб кетилмаса ҳам қарз ёзиладими? Муаммо фақат тўловда эмас

🕔14:16, 30.10.2026 ✔359

Коммунал хизматнинг ўз вақтида ва сифатли кўрсатилиши тўловга боғлиқ, буни яхши биламиз. Аммо хизмат амалда бажарилмаган бўлса-ю, ҳисобда қарз пайдо бўлса, савол туғилади: тўлов тизими кимнинг манфаатига ишлаяпти – истеъмолчи ёки хизмат кўрсатувчи?

Батафсил
Sea Breeze:  Экспертизадан ўтди, аммо очиқ қолган  саволлар бор

Sea Breeze: Экспертизадан ўтди, аммо очиқ қолган саволлар бор

🕔14:42, 22.10.2026 ✔425

Тошкент вилоятидаги Чорвоқ сув омборига туташ ҳудудда барпо этилаётган йирик лойиҳа – Sea Breeze атрофидаги баҳслар ҳали ҳам давом этмоқда.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар