Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

КИЧИК ЭЪТИБОРСИЗЛИК ОРТИДАГИ ОҒИР ХАТАР

Бугун «Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади», деган ҳаётбахш қадрият асосий ғоямизга айланган экан, буни амалга ошириш барчамиздан катта масъулият талаб қилади. Айниқса, бола парваришида зиғирча бўлса-да эътиборсизликка йўл қўйиш бир умрлик пушаймонликка олиб келиши мумкин.

КИЧИК ЭЪТИБОРСИЗЛИК ОРТИДАГИ ОҒИР ХАТАР

Илгари юришни ўрганаётган бола ёғочдан ясалган уч оёқли аравачага тираниб, қадам ташлашни машқ қиларди. Ҳозирда бундай ёғоч аравачалар ўрнини замонавий кўринишдаги, ичида бола ўтиришига мослаштирилган ғилдиракли «ходунок»лар эгаллаган. Ҳа, жаҳоннинг ривожланиш эпкинлари билан бугун чақалоқ дунёга келиши ҳамоноқ таниша бошлайди... 

Мутахассисларнинг маълумот беришича, болалар умуртқа поғонаси, оёқ суяги ривожланишидаги айрим нуқсонлар ўша — «ходунок», деб аталаётган гўдаклар учун юриш мосламаси таъсирида келиб чиқмоқда. Айрим оналар гўдагини овутишда билиб-билмай фойдаланаётган бу каби воситалар аслида бола саломатлигига жиддий салбий таъсир ўтказмоқда. 

Яхши овунчоқ — жиддий хатар

— Шифокорлар бир ёшдан ошган фарзандимнинг умуртқаси қийшиқ ўсаётганини айтди, — дейди уй бекаси Дилафрўз Тўйчиева. — Бунга сабаб «ходунок»да ўтиргани экан. Ҳозир кўкрак қисмига корсет тақиш, даволовчи машқ ва массажлар ёрдамида боламнинг умуртқасини тўғрилашга ҳаракат қиляпмиз.

Тошкентлик Маҳлиё Қодированинг айтишича, фарзанди олти ойлик бўлгунича оёғида ҳеч қандай касаллик аломати сезилмаган. Аммо бир ёшга тўлгандан кейин яссиоёқлик пайдо бўлган. Шифокор текширувидан ўтгач, бу  «ходунок»да юришнинг оқибати экани аниқланибди.

Ҳозир бу каби муаммолар оналарни тез-тез безовта қил­япти. «Ходунок»нинг зарарли таъсири бор-йўқлигига ҳеч қизиқиб кўрмаган оналарнинг кўпчилиги уни боланинг юришни ўрганишига ёрдам беради, деб ҳисоблайди. Бола соғлиғида жиддий муаммо пайдо бўлгач эса, сабабни аниқлашга киришади.

Хўш, кўпчилик оналар фойдали, деб ҳисоблайдиган «ходунок» бола соғлиғи учун қанчалик хавфли? Ундан фойдаланиш мумкинми? Бу борада мутахассислар нима дейди?

Гулзиё РАЖАБОВА,

педиатр:

— Бола саккиз-тўққиз ойлигидан бошлаб ўзи мустақил бирор нарсани ушлаб, тираниб туришга ҳаракат қила бошлайди. Бу вақтда боланинг умуртқаси унинг тана оғирлигини кўтара олади. Шуни ҳисобга олиб, болани тўққиз ойлик бўлгандан кейингина «ходунок»ка ўтқизиш мумкин. Шунда ҳам шифокор тавсияси билан, албатта.

Айрим болаларда суяклар мустаҳкамланиши секин кечади. Бундай ҳолатда болани «ходунок»ка солиб қўйиш бола оёқ суягининг қийшайиб ўсишига сабаб бўлади. Бундан ташқари, товонга тушган ортиқча оғирлик ҳам оёқ суягининг қийшиқ ривожланиши ва чалкаш қадам ташлаш, яссиоёқлик ҳамда тос соҳасининг эзилишига олиб келади.

Ўтган аср охиридан бошлаб, Канадада «ходунок» болалар соғлиғи учун хавфли, деб топилган экан. Мутахассисларнинг таъкидлашича, «ходунок» соғлом ўсаётган гўдакда оғир асоратларга, ҳатто, ногиронликка олиб келувчи касалликларни келтириб чиқариши мумкин.

Осилишга маҳкум чақалоқ

Шундай буюмлардан яна бири гўдакни олиб юришга мослашган осма халта — рюкзакдир. Бугун боласини рюкзак ичига солиб, икки елкасига осиб олганча бирор юмуш билан кўчага чиққан ота-оналарни кўп учратамиз. Улар бу рюкзакни бола ўсиши, ривожланишига таъсири қандайлиги ҳақида ҳеч қизиқиб кўрганмикан? Балки улар хориж фильмларидаги шундай ҳолатни замонавийлик деб ҳисоблаб, шунга тақлид қилаётгандир?

— Рюкзакнинг болага зарари ҳақида қизиқмаган эканман, — дейди Зоя Эржигитова. — Танишларим фарзандини рюкзакда олиб юрганини кўриб, мен ҳам шундай қилишга қизиқдим. Фарзандимни икки ойлигидан бир ёшигача унда олиб юрдим. Яқинда ўғлимнинг боши орқага эгилиб туришини пайқаб қолдик. Шифокор билан маслаҳатлашганимизда бўйин суяги қийшиқ ўсаётганини айтди. Бунга сабаб рюкзакда боламнинг боши тиргаксиз, орқага осилиб тургани оқибатида ҳали мўрт бўйин суяги орқага қийшайиб ўсибди...

Дилафрўз УЛУҒХЎЖАЕВА,

умумий амалиёт шифокори:

— Ота-оналар фарзандини рюкзакка солиб, олд ёки орқасига илиб, гўё бир сумка юкни кўтариб юргандек бемалол ҳаракатланишади. Атиги 4-5 ойлик чақалоқ эса, катталарнинг ҳаракат тезлигига мослашолмайди. Бу унинг асаб тизимига салбий таъсир қилади.

Шунингдек, гўдакнинг катталар қатори бир неча соатлаб тик ҳолатда осилиб туриши ҳам унинг танасига оғирлик қилади. Бундан ташқари, ҳали ўз тана оғирлигини кўтаролмайдиган гўдакнинг тик ҳолатда рюкзакда туриши бўйин ва умуртқа остеохондрози (умуртқаларни бирлаштирувчи тоғай-пай қисмида келиб чиқадиган касаллик), қийшайиш, умуртқалараро гардиш (диск)нинг эзилишига олиб келади.

Шифокор Дилафрўз Улуғхўжаеванинг айтишича, яқинда саккиз ойлик болада сон суягининг ўрнидан силжиши аниқланган. Болани тўрт ойлигидан то саккиз ойлик бўлгунигача битта рюкзакда олиб юришган. Рюкзак ўлчами ва тузилишининг болага тўғри келмагани сон суягини аста-секин ўрнидан силжитиб, чиқиб кетишига олиб келган. Бола жарроҳлик амалиёти ёрдамида даволанган. Ота-она бепарволиги оқибатида соғлом ривожланиши мумкин бўлган боланинг танасига тиғ тегди, гўдак оёғидан кучли амалиётни ўтказди.

Ҳа, оналар назарида жуда фойдали бўлиб кўринган баъзи буюмлар аслида соғлом ўсаётган гўдакда оғир асоратлар, ҳатто, ногиронликка олиб келувчи касалликларни келтириб чиқариши мумкин. Шундай экан, аввало, бола фойдаланиши мумкин бўлган ҳар бир ўйинчоқ ва буюмларнинг зарари йўқлигига ишонч ҳосил қилиш керак. Бу бор-йўғи озгина эътибор талаб қилади, холос.

Бахтиёр ЧОРИЕВ, ортопед:

— Айрим оналар «ходунок» боланинг тезроқ юришига ёрдам беради, деб ҳисоблашади. Шу сабабли беш-олти ойлик фарзандини «ходунок»ка солиб қўяди. Чақалоқнинг муддатидан олдин юриб кетиши туфайли ҳали мустаҳкамланиб улгурмаган умуртқага оғирлик тушади ва умуртқа поғонаси қийшиқ ўсади. Бу келажакда бола соғлиғи учун жиддий хатарни келтириб чиқаради.

«Ходунок»да юрганда доим суянишга одатланган бола ўзи мустақил юраётганда суянчиқ бор, деган тасаввур билан ўзини ташлаб юборади ёки мувозанатини тутиб туришни ўрганишга қийналади. Мувозанатни сақлаш ҳиссининг ривожланиши бола ёшига нисбатан ортда қолади. Доим ўтирган ҳолатда юришга одатланган бола кейинчалик тиргаксиз юришдан ҳадиксирайдиган бўлиб қолади.

Шаҳноза РАЖАБОВА




Ўхшаш мақолалар

Тоғлар орасидаги  Қорачакияда  янги йўллар бўлади

Тоғлар орасидаги Қорачакияда янги йўллар бўлади

🕔15:59, 02.04.2026 ✔41

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ботирали Шодиев Самарқанд вилоятидаги ўрганишлари доирасида Қўшработ туманининг энг олис нуқталаридан бири – Қорачакия қишлоғида бўлди.

Батафсил
Давлат идоралари  «қоғозсиз иш  тартиби»га ўтади

Давлат идоралари «қоғозсиз иш тартиби»га ўтади

🕔15:31, 26.03.2026 ✔83

Мамлакатимизда давлат бошқарувини рақамлаштириш ва экологик барқарорликни таъминлаш борасида навбатдаги муҳим қадам ташланди. Ҳукуматнинг 2026 йил 18 мартдаги қарори билан давлат идораларида қоғоз сарфини кескин қисқартириш ва иш жараёнларини тўлиқ рақамли форматга ўтказиш чоралари белгиланди.

Батафсил
Ҳар кунинг  наврўз  бўлсин!

Ҳар кунинг наврўз бўлсин!

🕔11:01, 24.03.2026 ✔98

Баҳор насимига сумалакнинг муаттар ислари қўшилиб, дилларга олам-олам қувонч бахш этмоқда. Турфа гуллар Наврўз пойига поёндоз тўшаётганини кўриб дилинг яйрайди!

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Тоғлар орасидаги  Қорачакияда  янги йўллар бўлади

    Тоғлар орасидаги Қорачакияда янги йўллар бўлади

    Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ботирали Шодиев Самарқанд вилоятидаги ўрганишлари доирасида Қўшработ туманининг энг олис нуқталаридан бири – Қорачакия қишлоғида бўлди.

    ✔ 41    🕔 15:59, 02.04.2026
  • Давлат идоралари  «қоғозсиз иш  тартиби»га ўтади

    Давлат идоралари «қоғозсиз иш тартиби»га ўтади

    Мамлакатимизда давлат бошқарувини рақамлаштириш ва экологик барқарорликни таъминлаш борасида навбатдаги муҳим қадам ташланди. Ҳукуматнинг 2026 йил 18 мартдаги қарори билан давлат идораларида қоғоз сарфини кескин қисқартириш ва иш жараёнларини тўлиқ рақамли форматга ўтказиш чоралари белгиланди.

    ✔ 83    🕔 15:31, 26.03.2026
  • Ҳар кунинг  наврўз  бўлсин!

    Ҳар кунинг наврўз бўлсин!

    Баҳор насимига сумалакнинг муаттар ислари қўшилиб, дилларга олам-олам қувонч бахш этмоқда. Турфа гуллар Наврўз пойига поёндоз тўшаётганини кўриб дилинг яйрайди!

    ✔ 98    🕔 11:01, 24.03.2026
  • Қалбаки дорилар  жиддий  таъқиб қилинади

    Қалбаки дорилар жиддий таъқиб қилинади

    Бугун дунё миқёсида, шу жумладан, мамлакатимизда ҳам ёшлар орасида турлича таъсир қиладиган биологик фаол қўшимчалар (БФҚ) ва спорт озуқалари оммалашиб бормоқда.

    ✔ 210    🕔 14:46, 12.03.2026
  • Маҳалла бўйича қонунни  янгилаш вақти келди,  бугунги кун  талаби шундай

    Маҳалла бўйича қонунни янгилаш вақти келди, бугунги кун талаби шундай

    Янги таҳрирдаги Конституциянинг 40-моддасида фуқароларнинг мурожаатларини кўрувчи субъектлар қаторига «фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари» ҳам қўшилиши фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда Кенгаш ва маҳалла алоқасини янгича, самарали ташкил қилишни кучайтирди. Бу янги тизимнинг асосий хусусияти фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашда ҳам кўринмоқда.

    ✔ 275    🕔 15:46, 06.03.2026
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар