Эҳтиёт бўлинг – рақамли деменция!
Болалар диққатини жамлай олмаяпти, хотираси сусайиб кетяпти, телефонини олиб қўйишса, жазавага тушяпти.
БатафсилБолалар диққатини жамлай олмаяпти, хотираси сусайиб кетяпти, телефонини олиб қўйишса, жазавага тушяпти.
Жанубий Кореядаги шифокорлар қаттиқ ташвишга тушяпти. Болалар диққатини жамлай олмаяпти, хотираси сусайиб кетяпти, телефонини олиб қўйишса, жазавага тушяпти. Ташхис эса ҳозирча кўпчилигимиз эшитмаган сўзлар – рақамли деменция. Бу характер ёки «балоғат муаммоси» эмас, экранга ўрганиб, аниқроғи, боғланиб қолган асаб тизимидан келиб чиқадиган касалликдир. Ушбу мамлакатдаги болалар ва ўсмирлар рақамли детокс клиникаларига ётқизилмоқда, чунки улар телефонсиз ҳеч нарса қила олмай қолган.
Аслида детокс (тўлиғи – детоксикация) танани заҳарли модда ва токсинлардан тозалашни англатади. Рақамли детоксда эса, мия, асаб тизими, онг-тафаккур, ахлоқ, характер тартибга солинади.
Бундай манзара бошқа ўлкаларда ҳам кузатилмоқда. Болалар диққатини икки дақиқадан ортиқ вақтга жамлай олмай қоляпти, ҳозиргина ўқиган ё эшитган дарсининг бир парчасини ҳам қайта айтиб бера олмаяпти, лекин телефондаги алгоритмларни, пароллар ва ўйинлардаги қоидаларни мукаммал эслаб қоляпти. Нигоҳини экрандан олиб қўйсангиз, буни тажовуз деб биляпти, телефонсиз ўзини бўшлиққа тушиб қолгандек ҳис қиляпти. Бу мияда дофамин гормонининг – кишига ҳузур, қувонч, қониқиш берадиган модданинг қисқа муддатли «портлашлари»га қарамликдир.
Microsoft компанияси тадқиқотчилари 2015 йилдаёқ болалар ва ўсмирларда диққатни жамлаш кескин пасайганини қайд этган эди. Бу кўрсаткич 12 сониядан 8 сониягача тушиб кетаётган экан. Ваҳоланки, ҳатто аквариумдаги олтин балиқ 9 сонияга диққатини жамлай олади. Яъни, бугунги кунда болалар шу жонвордан ҳам ёмонроқ аҳволга тушяпти. Улар ўзлари ёмон бўлгани учун эмас, балки кўнгилхушлик берадиган манбаларнинг чек-чегараси бўлмаган виртуал дунёда, тафаккурга ҳожат қолдирмайдиган клиплар оламида кўп вақт ўтказаётгани учун шундай бўляпти. Бундай шароитда болалар бир зумга ҳам сукунатга чўма олмайди, бир видео кетидан сабрсизлик билан иккинчисини кўришга ошиқади. Мия гўё ором олади, аслида эса ишламайди.
Касалликнинг энг хавфли жиҳати шуки, у қачон бошланганини пайқаш жуда қийин. Бунинг иложи йўқ, деса ҳам бўлади. Мия ишламаганидан, яъни, бола ақлини чархламай, фикр юритмай, онг-тафаккур риёзатини бутунлай тарк этганидан кейин бу ҳолат аста-секин интеллектуал фалажликка олиб боради. Мушаклар ишламаса, атрофияга учраганидек, мия ҳам эринчоқ, суст, ишёқмас бўлиб кетаверади. Оқибатда бола дарсларни тушунмайди, матнларга фақат юзаки кўз югуртиради, маъносини англашга уринмайди ҳам. Бошига кундалик майда ташвишлар тушганда эса, телефондан ёрдам ва маслаҳат сўрайдиган бўлиб қолади.
Буни «замон зайли» дейдиганлар йўқ эмас. Улар ахборот асрида яшаётганимизни, ахборот-коммуникация технологиялари ривожланиб кетганини, болани ортиқча уринтириш уни «руҳан ва маънан жароҳатлаши»ни рўкач қилади. Лекин моҳиятга қарасак, болаларда чуқур, изчил ва мустақил фикрлаш қобилияти йўқолиб бораётган бўлади. Бу кетишда уларнинг мияси аввал «виртуал қўлтиқтаёқ»қа ўрганиб қолади, кейин эса умуман «виртуал ногиронлар аравачаси»га эҳтиёж сеза бошлайди. Чунки танбал мия энди ўзининг тафаккур борасидаги вазифасини бажармай қўяди ва ишламасдан дофамин талаб қилаверади.
Ахир, тасаввур қилиб кўринг, битта клип кўриб хурсанд бўлган бола билан тенглама ечган боланинг қувончида фарқ борми?! Албатта, бор-да. Бири «текинга» маза қилди, иккинчиси эса ўз ақлий меҳнати – миясининг қуввати туфайли хурсанд бўлди. Шу кетишда кетаверса, биринчи бола клип ва ўйинларга кўпроқ боғланиб қолади, иккинчи бола чархланган мияни ишлатишдан завқланадиган бўлади. Биринчи ҳолатда оқибатни, иккинчисида самарани айтиб ўтиришга ҳожат йўқ.
Афсуски, ахборот асрида балоғатга етиш осон бўлмаяпти. «Телефон тарбияси» билан ўсган йигит-қизлар танаси ёшига яраша улғайган бўлса-да, диққатни жамлай олмаслиги, доимий равишда сунъий дофамин рағбатига муҳтожлиги, мустақил фикр юритишга ожизлиги, жавобгарликдан қочишга одатланиши ва бошқа камчиликлар уларнинг ақлан, руҳан, маънан балоғатга етмаганини кўрсатади.
Япония ва Кореяда бу иллатга чалинган ёшларга аллақачон ҳикикомори атамаси ишлатилмоқда. Бу жисму тани соғлом бўлган, биз билан ёнма-ён яшаб юрган, аммо руҳан ҳаётдан узилган одам, дегани.
Фарзандларимизни ақлдан озишнинг янги тури бўлган рақамли деменциядан асрайлик!
Музайяна МАШРАБХОН
Болалар диққатини жамлай олмаяпти, хотираси сусайиб кетяпти, телефонини олиб қўйишса, жазавага тушяпти.
БатафсилБМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2026 йил 24 июль куни «Ижтимоий ривожланишни жадаллаштиришда парламентлар ролини кучайтириш» резолюцияси қабул қилинди. Бугунги мураккаб ва тез ўзгараётган дунёда мазкур янги ҳужжат парламентларнинг жамият тараққиётидаги ўрни ва масъулиятини яна бир бор аниқ белгилаб берди, дейиш мумкин.
БатафсилМустақиллик – халқимизнинг энг улуғ ва бебаҳо қадрияти. У бизга ўз тақдиримизни ўзимиз белгилаш, миллий тараққиёт йўлидан дадил бориш, юртимизни бунёдкорлик ва фаровонлик масканига айлантириш имконини берди.
Батафсил