«Қўшни-ю қўшни, чиқинг, телевизор кўрамиз...»
Машҳур фильмдаги бу чақириқ болалик хотираларимизни ёдга солади. Аёллар қўйнида бир тугун пахта, урчуқ ва эрмак учун ул-бул егулик, туршак ва қанд-қурс.
Шу тарзда бугун у қўшниникида йиғилишса, эртага бошқасиникида дийдор кўришиш режалаштириларди. Бола бўлсак-да, оналаримиз изидан қолмаслик учун ҳеч бўлмаганда пахта чигитлашни яхши уддалашимиз талаб этиларди. Катталарга бирон нафимиз тегсагина уларга ҳамроҳ бўлишимиз мумкин эди-да.
Ўйлаб кўрсак, бу одатларнинг замирида ўсиб келаётган ёш авлодга ҳалол меҳнатни ўргатиш, ҳунар эгаллашга кўмак бериш, ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибатни мустаҳкамлашдек эзгу мақсадлар кўзлангани сезилади.
Бугун бу одатларнинг баъзилари ўз таъсирини йўқотиб, баъзилари замон билан ҳамнафасликда ривожланаётгандек. Айниқса, қўшнилар кўмагидан яхши фойдалана олган, бу каби умум иши ортидан фойда олиш йўлини топганлар бугун тадбиркор, деб юритилмоқда. Кичик томорқасида етиштираётган маҳсулотни катта бозорларга чиқариб ёки ўрганган ҳунарини бошқалар кўмаги билан янада кенгайтириб, даромад орттираётганлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб келинмоқда. Бу ишбилармонлик ҳам ҳашарчилар, ҳам хонадон эгасининг эҳтиёжини қондирмоқда.
Айниқса, қўшнилараро ҳашарларнинг ёки биргаликда бажариладиган бирор юмушнинг ўзига хос ҳикмати бор. Масалан, тўй-ҳашам бошланганда қўшни хотин-қизларнинг кўрпа-тўшак қавиғи ҳашарига чиқиши, эркакларимизнинг сабзи тўғрар ишига ҳозирланишлари ҳозиргача сақланиб келаётган яхши одатларимиздан.
Узоқ йиллардан бери бир-бири билан юзкўрмас бўлиб кетган икки қўшни бор эди. Кўпчилик ўртага тушса ҳам барибир уларни яраштира олмади. Улар тўй-ҳашам, олди-берди муносабатларини буткул узишди. Йиллар ўтди. Шундай кунларда улардан бирининг уйида мусибат бўлиб, аза очилди. Шунда душманга айланган қўшнилар ҳам ҳамма қатори азадорнинг уйига чиқди ва хонадон эгаларининг оғир кунида елкадош бўлди. Ажабланарлиси, бу ҳодисага ҳеч ким эътибор бермади, бошқа кунлардагидек қўшнилар ҳам бир-бирини ҳақоратламай, қадрдонлардек муносабатда бўлишди. Демак, инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат, инсонийлик туйғуларини сақлаб қолиш учун ҳам синовли кунлар керак экан-да.
Бугун ўзаро муносабатларда моддий манфаатдорлик юқори ўринга чиқиб олаётгани боис кишилар ўртасидаги меҳр-оқибат, қўшнилар орасидаги гўзал урф-одатлар, «бир девор» қўшничиликнинг аҳамияти хира тортаётгани бор гап. Олдинлари кенг кўламли ишлар ҳамжиҳатлик билан қилинганда ҳам бир-биридан манфаат кутмаган қўшнилар бугун бир қарич ер учун юзкўрмас бўлиб ҳам кетаётганидан, афсуски, кўз юмолмаймиз.
Яқинда кўп қаватли уйлар олдидан ўтаётиб, икки қўшни аёлнинг жанжали устидан чиқдим. Бир қарич ерни сен супурмадинг, мен супурдим, сенинг боланг ифлос қилди, дея бир-бирининг ёқасидан олган. Атрофда эса қолган қўшнилар томошабин. Биронтаси уларни муросага келтирай демайди. Бу қанақаси бўлди, дейман ўзимча. Ёнида ҳайрон боқиб турган жажжи болажонлар катталарнинг бу «ҳунари»дан ўрнак олишаётганига шубҳа йўқ. Эртага улар ҳам болалик қилиб, ўйин устида жанжаллашиб қолса, арзимаган супур-сидир устидан шунча томоша кўрсатаётган оналар уларни аҳилликка, дўстликка чақириши даргумон...
Момоларимиз сўзлаб бергани — қўшнилар йиғилиб сайилларга чиқиши, қўшнининг чақалоғини куни билан ўз фарзандидек, авайлаб-асраб қараб туриши, йиғилишиб, навбатма-навбат бир-бириникига гилам тўқиш, кашта тикиш, ип йигириш каби ишларда бирдамлик кўрсатиши, ҳамсояникига меҳмон келса, тезгина ёрдамга шайланиш, олди-берди удумлар, ош-овқат узатишлар бугун баъзиларга эртак бўлиб туюлади. Бугун қўшниникига рўзғор учун зарур бўлган бирор нарса сўраб чиқилса, шу инсонга зарурдир, деб эмас, бечораҳол кимсага қарагандек ҳайрон қараймиз.
— Қўшнилар ўртасидаги муносабатларнинг бузилиши кўп ҳолларда аёлларнинг арзимаган нарса устидан келтириб чиқарган жанжаллари оқибатидир, — дейди Яккабоғ туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Замира ШУКУРОВА. — Бу келишмовчиликлар эса бекорчиликдан келиб чиқади. Қиладиган иши бўлмагандан кейин бировларнинг ҳаётига аралашади, арзимаган нарсадан фожиа ясайди. Ундан кейин ҳар нарсадан иғво чиқараверган қўшни кимга ёқади? Ким у билан яқин муносабатда бўлишни хоҳлайди? Шунинг учун аёллар доимий банд бўлишлари лозим. Маҳаллаларда хотин-қизлар бирдамлигини таъминловчи турли тадбирлар, умумий ишлар, энг муҳими, эски қадриятларни тиклаш ишларини амалга ошириш керак, деб ўйлайман.
Ҳақиқатан бугун турмушимиз, яшаш тарзимиз тубдан ўзгарди. Шаҳар ва қишлоқлардаги бунёдкорликлар сабаб маҳаллаларда барча қулай шароитлар муҳайё қилинди. Аммо кўз-кўзга тушиб, яхши-ёмон кунларда синалиш, яқин инсонларни йўқлаб, бирдамлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга ҳамиша эҳтиёжимиз бор. Фақат буни ҳис қила олсак, бас.
Соҳиба СУЮНОВА
Фақат оила эмас, ҳаёт қуришга ёшлар тайёрми?
🕔07:32, 04.08.2025
✔234
Бугун Ўзбекистонда ижтимоий ҳаётда юз бераётган ўзгаришлар, глобаллашув, рақамлашув, урф-одат ва анъаналарнинг трансформацияси ҳамда ёшлар онгида шаклланаётган янги қадриятлар фонида оила институтининг мустаҳкамлиги масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Батафсил
Фаровонлик нима?
🕔12:10, 15.05.2025
✔267
Унинг мезони эрталабки бадантарбия, кун бўйи саломат юриш, кам овқатланишга одатланиш, оила билан саёҳатга чиқиш, китоб мутолаа қилиш, кутубхонага бориш, дорихона-ю шифохонага мурожаат қилмаслик, тўй-маъракаларни камхарж ўтказиш кабилар билан ўлчанса ажабмас.
Батафсил
Тарғибот юқори даражада, лекин зўравонлик икки баробар ошган
🕔15:59, 12.12.2024
✔437
Зўравонликка учраганлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича ташкил этилган ишонч телефонига қилинган мурожаатлар сони ноябрь ойида октябрга нисбатан икки баробар ошгани қайд этилди.
Батафсил