Эътибор қилганмисиз, ҳар бир боланинг битта севимли ўйинчоғи бўлади. Баъзан янги ўйинчоқ совға қилсангиз ҳам, бола уни ўйнагиси келмайди: хушламайди, ирғитиб юборади, ҳатто синдиради.
Демак, болага ўйинчоқ олиб берганда уни тўғри танлай билиш жуда муҳим. Сабаби, ўзи яхши кўрган ўйинчоқ болага завқ бағишлаш билан бирга, унинг ақли, маънавияти, дунёқараши, руҳиятига ҳам бевосита таъсир кўрсатади.
Диққат — энг яқин маслаҳатчи
Болангизга яхшилаб эътибор беринг. У нимани ёқтириш-ёқтирмаслигини, севимли мусиқа, мультфильм ёки қаҳрамонлари ким эканини билишингиз шарт. Бу сизга фарзандингизга қандай қўғирчоқ танлашда яқиндан ёрдам беради. Фақат уни харид қилганда тўғри келганини олмаслик зарур. Чунки айрим овунчоқлар боланинг нафақат жисмоний, балки руҳий саломатлигига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун ўйинчоқ чиройли ва қизиқарли бўлиши билан бирга, саломатлик учун безарар ҳам бўлиши керак.
Нималарни инобатга олиш зарур?
Ёши. Табиийки, бир-икки ёшли болага эсини таниган бола учун мўлжаллангани олинмайди. Айрим кичкинтойлар эса ҳар қанча дакки эшитмасин, ўша ўйинчоқни оғзига солиб ўйнашни, уни чайнашни ҳам хуш кўради. Шу боис унинг қадоғида кўрсатилган маълумотлар билан тўлиқ танишиб чиқиш лозим. Ушбу маълумотларда ўйинчоқ неча ёшга мўлжаллангани кўрсатилган бўлади. Энг муҳими, қўғирчоқ нимадан тайёрлангани ҳам ёзилган бўлса, шунга қараб иш тутган маъқул. Унутманг, энг тўғри танлов — фарзандингиз ёшига тўғри келадиганидир.
Ўғил ёки қиз болага. Одатда, ота-оналар ўғил болага турли машина ва шунга ўхшаш техника воситаларини олиб беришади. Қизларга эса қўғирчоқ, турли идишлар ёки юмшоқ ўйинчоқларни харид қилишади. Лекин борди-ю, қизингиз болалигиданоқ илм-фанга қизиқиб, келажакда техника соҳасида мутахассис бўлишга истак билдирса, буни бефарқ қолдирманг. Ёки ўғлингиз, дейлик, дизайнер бўлиб етишишни мақсад қилса, ўйинчоқ олиб берганда бу ҳамиша ёдингизда турсин.
Тенгқурларининг ўйинчоқлари. Фарзандингиз дўстлари билан ўйнаган пайтда у тенгқурига тегишли бирон ўйинчоққа қай даражада аҳамият қаратишига эътибор беринг. Эҳтимол, у сизга айнан шунақасини олиб беришни сўраб қолади. Агар ўйинчоқ ҳақиқатда яхши ва болани қизиқтирса, иккиланмай олиб беринг.
Хавфсизлиги. Ўйинчоқ танлашда бу энг муҳим омил саналади. Афсуски, бунга аксарият ота-оналар жиддий эътибор бермайди. Маҳсулотнинг сифати — ишлаб чиқарувчининг нуфузидир. Буни унинг нархи ҳам тасдиқлайди. Шу боис агар сиз арзон ўйинчоқ харид қилсангизу, болангизда унга нисбатан аллергик реакция кузатсангиз, бундан асло ажабланманг. Сифатсиз маҳсулотдан тайёрланган айрим ўйинчоқлар, ҳаттоки, болани заҳарлашга ҳам олиб келиши ҳеч гап эмас.
Ўқитадиган ўйинчоқлар. Унинг вазифаси нафақат завқ, балки таълим бериш ҳамдир. Турли бошқотирмалар, бутун атроф-муҳит тасвирланган рангли карточкалар, ҳар хил тилларда сўзлайдиган алифбо, соддалаштирилган мусиқий асбоблар — бари боланинг ақлини ривожлантиради. Улар ўз навбатида, болани китоб билан дўстлашишида муҳим аҳамиятга эга.
Биргаликда ўйнаш завқи
Болага ўйинчоқни бергандан кейин айрим ота-она уни ўз ҳолига ташлаб қўяди. Ёки болани юпатиш, хархашасини тинчлантириш мақсадида улар қўғирчоққа суянади. Бу нотўғри ёндашув. Чунки баъзан ўша ўйинчоқнинг болакай учун ҳеч қандай маъниси йўқ бўлиши мумкин.
Бундай пайтда ота-она гўдакка айлана билиши керак. Масалан, ўйинчоқни бирон жойга яшириб, у билан топишмачоқ ўйнаса бўлади. Бола қўғирчоғини топгандан кейин уни ўша матоҳ билан яна ёлғиз қолдирманг. У билан бироз бирга бўлинг.
Башорат МУҲИДДИНОВА,
педагог-психолог
Экологик муаммо – миллат генофонди саломатлиги билан боғлиқ жиддий масала
🕔15:13, 23.07.2026
✔14
Бугунги суҳбатдошимиз – шифокорликдан парламентгача бўлган фаолият йўлини босиб ўтган, Ўзбекистон Экологик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ноиба ИНОЯТОВА.
Батафсил
Тоза сув – хавфсиз озиқ-овқат ва инсон саломатлиги гарови
🕔15:10, 23.07.2026
✔19
«Oila va TABIAT» газетасининг 2026 йил 9 июлдаги 28-сонида «Чирчиқ ва Қорадарёдан тутиладиган балиқларда микропластик аниқланди» сарлавҳаси остида долзарб мақола чоп этилди.
Батафсил
Германия «Яшиллар» партияси: Табиатни асраш йўлида пешқадам
🕔15:07, 23.07.2026
✔15
Германияда яшил сиёсат ғояларига алоҳида урғу берадиган «Яшиллар» партияси 1980 йил январдан буён фаолият юритиб келади.
Батафсил