Давр нафаси      Бош саҳифа

ЯХШИЛИКНИ БУГУНДАН БОШЛАЙЛИК

Халқимиз азалдан меҳнаткашлиги билан тилга тушган. Ҳалол ризқ териб фарзандларига ҳам шуни раво кўради. Ҳеч эътибор берганмисиз, фарзандларимизга челак, белкурак, хаскаш каби ўйинчоқларни олиб берганимизда дарров ҳовли томон югуриб, уни ишлатишга уринади.

ЯХШИЛИКНИ БУГУНДАН БОШЛАЙЛИК

Худди катталардек меҳнат қилишга интилади. Ёки қизларимиз қўлига қўғирчоқ тушиши билан дарров игна-ип олиб қўғирчоққа кўйлак тикиб беришга киришишади. Бу оилада меҳнатнинг мартабаси, катталар намунаси ҳисобланади.

Баҳор насимлари эса бошлаган шу кунларда юртимизнинг барча гўшаларида тозалаш, ободонлаштириш, турли кўчатлар экишу чаманзорлар барпо этиш бошланмоқда. Айни кезларда одамлар дилига ҳам хуш ёқувчи офтоб нурлари киради, яхшилик, меҳр-оқибат каби фазилатларни уйғотиб юборади гўё. Одамларни ҳамжиҳатликка бошлайдиган ҳашарлар, байрам­олди тадбирларнинг ҳам мана шундай фараҳбахш дамларда ўтишида катта ҳикмат мужассам экани, шубҳасиз.

Уйимиз бозор атрофида бўлгани учун кўчамиз гавжум. Кимдир оғир юк кўтарган, яна кимдир бозор томон ошиқади. Болалигимдан бувим ўргатган бир одат ҳозиргача сақланиб қолган: кўчада ким оғир юк кўтариб кетаётган бўлса, оғирини енгил қилиш учун уйигача кузатиб қўяман. Эвазига яхшигина дуо оламан.

Ҳар доимгидек якшанба куни ўғлим билан бозорга отландик. Ҳали кириб улгурмасимиздан бир онахон қўлида оғир юки билан қаршимиздан чиқиб қолди. Дарров қўлимдаги нарсаларни ўғлимга бердим-да, онахонга ёрдамлашишга ошиқдим.

— Бера қолинг, онахон, ёрдамлашаман, — дедим ҳовлиққанча.

— Қўявер, болам, уйим яқин, ўзим етиб оламан. Сени овора қилмай.

— Йўқ, онахон, бераверинг, юкларингиз жуда оғир-ку, уйи­нгизга кузатиб қўяман, — дедим қўярда-қўймай.

Буни кузатаётган ўғлим норози кайфиятда «нима қиласиз ўзингизни қийнаб» дегандек, менга қараб турарди. Лекин унга парво ҳам қилмай ишимда давом этдим. Ўғлим ўсмир ёшда бўлгани учун меҳнатга тоби йўқ эди. Қайсидир маънода кўчада юк кўтариш унга эришдек кўринарди.

Бир куни рўзғорга керакли нарсаларни вараққа ёздим-да, катта халта билан ўғлимга тутқаздим.

— Ўғлим, мана, сен ҳам  катта йигит  бўлиб қолдинг, бу рўйхатдаги нарсаларни бозордан олиб кел, келгунингча овқат пишириб тураман, — дедим мулойимлик билан. «Катта бўлиб қолдинг», деган сўзимданми, ҳақиқатан ҳам у ўзини катталардек ҳис қилиб, «хўп» дея бозорга кетди. Орадан анча вақт ўтиб, дарвоза бир неча марта тақиллади. Чиқсам, ўғлим экан, қўлида оғир юк, қўллари қизариб кетган...

«Эшикни тезроқ очсангиз бўлмайдими, ойи», — деди қўлига ишора қилганча.

— Ҳа, нима бўлди?

— Чарчаб кетдим, қаранг, шунча нарсани кўтариб келишнинг ўзи бўладими, йўлда нақд беш марта дам олдим.

— Ўғлим, шу пайтда нимани ҳис қилдинг, — дедим яна мулойимлик билан.

— Қани энди кимдир келсаю, ёрдам берса… Фақат шуни ўйладим…

— Ана, кўрдингми, тунов куни бир онахонга ёрдам берганимда «нима қиласиз ўзингизга иш орттириб», дегандинг. Ваҳоланки, бу аёл сендан анча заиф ва ёши катта…

Шу гапимдан сўнг у лом-мим демасдан бироз ўйлади-да, индамай уйга кириб кетди. Ўша-ўша кўчада бирор кимнинг қўлида оғир юк бўлса, дарров кўтаришга ошиқади. Каттами, кичикми ёрдам бергиси келади.

Баъзида болаларга тарбия беришдан, панд-насиҳат қилишдан олдин уларга ўзимиз ўрнак бўлиб, ишнинг яхши-ёмонини ўзимиз кўрсатиб берсаккина аниқ бир натижага эриша олар эканмиз.

Ҳа, кимгадир кичкина бўлса-да яхшилик қилишни, фарзандларимизга ҳам ўрнак бўлишни бугундан бошлайлик. Зотан, шугина эзгу ишимиз баҳорда экилган ниҳол каби мустаҳкам томир отсин.

Муҳаббат ҒАФУРОВА




Ўхшаш мақолалар

Экология кодекси:  Келажак авлод олдидаги масъулиятимизнинг  ҳуқуқий  асоси зарур

Экология кодекси: Келажак авлод олдидаги масъулиятимизнинг ҳуқуқий асоси зарур

🕔13:31, 20.07.2026 ✔64

Айни пайтда Ўзбекистон Респуб­ликаси Экология кодекси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Зотан, бугун мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, атроф-муҳитни асраш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Шу боис, янги кодекс лойиҳаси жамиятимизда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Батафсил
2030 йилгача  асосий мақсад: Чўлланишга қарши курашиш ва  «яшил шаҳар»  бунёд этиш  Ушбу масала Президент ҳузурида муҳокама этилди

2030 йилгача асосий мақсад: Чўлланишга қарши курашиш ва «яшил шаҳар» бунёд этиш Ушбу масала Президент ҳузурида муҳокама этилди

🕔15:58, 09.07.2026 ✔193

Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев чўлланишга қарши курашиш ва чўл иқтисодиётини ривожлантириш, шунингдек, шаҳарларда «яшил шаҳар» тамойилларини жорий этиш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди.

Батафсил
Экопартия –  таълим,  илм-фан ва амалиёт уйғунлигида

Экопартия – таълим, илм-фан ва амалиёт уйғунлигида

🕔15:58, 09.07.2026 ✔184

Мамлакатимизда юридик таълим тизимини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш, таълим, илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш ҳамда экологик ҳуқуқ соҳасида етук мутахассислар тайёрлаш йўлида яна бир муҳим қадам ташланди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар