Давр нафаси      Бош саҳифа

Давлат бюджети ижроси: «Яшил ривожланиш»ни молиялаштириш кучаймоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2025 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқдилар.

Давлат бюджети ижроси:  «Яшил ривожланиш»ни  молиялаштириш  кучаймоқда

Аввало, Давлат бюджети ижроси Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси муҳокамасидан ўтди. Экологик партия депутатлари Давлат бюджети харажатларида қайта тикланувчи энергия манбалари улушини ошириш, сув хўжалигини ривожлантириш, кўкаламзорлаштириш ишларини кенгайтириш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган дастурларни молиялаштириш бўйича қатор ишлар амалга оширилганини қайд этдилар.

2025 йилда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тадбирларини молиялаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Давлат бюджети харажатларини «яшил бюджетлаштириш» тамойиллари асосида таснифлаш натижаларига кўра, атроф-муҳит мақсадларининг камида биттасига ижобий таъсир кўрсатадиган харажатлар улуши ошган.

Йўналтирилган маблағлар натижасида Орол денгизининг қуриган тубида ва Оролбўйи минтақасида 251 минг гектардан ортиқ, тоғолди ва бошқа ҳудудларда 6,2 минг гектар майдонда ўрмон барпо этиш ва қайта тиклаш ишлари амалга оширилган. Экологик муҳитни яхшилаш мақсадида 3 296 гектар майдонда ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилган. Шунингдек, 5 890 гектарда доривор ва озуқабоп ўсимликлар плантацияси барпо этилган.

Сув хўжалиги соҳасида энергия тежамкорликни таъминлаш ва сув тежовчи технологияларни жорий этишни молиялаштирилиши натижасида сув насослари ва энергия тежамкор электродвигателлар ўрнатилиши таъминланган. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги корхоналарига 40,8 минг гектар пахта майдонларида томчилаб ва дискрет суғориш тизимини йўлга қўйиш учун субсидиялар ажратилган. 2025 йилда республика бўйича 886,6 минг гектар экин майдонларида сув тежовчи технологиялари жорий этилган.

Депутатлар ўрмон фонди ерларидан самарали фойдаланиш, табиий ресурсларни муҳофаза қилиш ҳамда ажратилаётган давлат маблағларнинг натижадорлигини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар. Бюджет молиявий интизомини янада кучайтириш, Давлат бюджети харажатларида «яшил бюджетлаштириш» тамойилларини янада кенг жорий этиш лозимлиги қайд этилди.

Қонунчилик палатаси мажлисида бюджет ҳисоботини Бош вазир ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Ж.Қўчқоров тақдим этди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда жаҳондаги геосиёсий зиддиятлар кучайиб, глобал иқтисодиётдаги ноаниқликлар чуқурлашаётганига қарамай мамлакатимизда барқарор иқтисодий ўсишга эришилмоқда. Кенг қамровли ислоҳотларнинг давом эттирилиши, тармоқ, соҳа ва ҳудудларни ривожлантиришга йўналтирилган дастурларнинг амалга оширилиши аҳоли фаровонлигининг ошишига ижобий таъсир кўрсатди.

2025 йил якунларига кўра, ялпи ички маҳсулотнинг ҳажми 2024 йилга нисбатан 7,7 фоизга, иқтисодий ўсишнинг асосий драйвери бўлган хизматлар соҳаси 14,7 фоизга ва қурилиш соҳаси 14,2 фоизга ҳамда саноат соҳаси 6,8 фоизга ўсди. Шунингдек, мамлакатда йиллик инфляция 7,3 фоизни ташкил этиб, ташқи савдо айланмаси 81,2 млрд долларга тенг бўлди. Иқтисодиётдаги таркибий ислоҳотлар натижасида 2025 йилда жами 591,1 трлн сўмлик асосий капиталга инвестициялар ўзлаштирилиб, 2024 йилга нисбатан 10,5 фоизга ошди.

Давлат бюджети даромадлари 2024 йилга нисбатан 116,6 фоизга, Давлат бюджети харажатлари эса 99,3 фоизга бажарилган. Давлат бюджети маблағларининг 47,0 фоизи ёки 180,4 трлн сўми ижтимоий соҳа харажатларини молиялаштиришга сарфланиб, ушбу харажатларнинг 86,5 фоизи ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, шунингдек уй-жой билан таъминлаш дастурларини молиялаштиришга йўналтирилган.

Ҳисобот даврида иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар ўз вақтида тўлаб берилган ҳамда инфлациядан кам бўлмаган миқдорда оширилган.

Муҳокамаларда депутатлар давлат бюджетининг ижроси аҳоли фаровонлигини ошириш, ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилганини алоҳида эътироф этдилар.

Халқ вакиллари таълим соҳасидаги ислоҳотлар таҳлилига алоҳида эътибор қаратдилар. Жумладан, соҳани ривожлантириш учун бюджетдан 84,2 трлн сўм ёки 2024 йилга нисбатан 12,9 трлн сўмга кўп маблағ йўналтирилган. Шунингдек, давлат-хусусий шерикчилигидаги болалар боғчаларига қарийб 4,0 трлн сўм субсидия ажратилган. Бунинг натижасида нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари сони 32 мингтага етиб, улардаги болалар қамрови 1 миллиондан ошган.

Ҳисобот даврида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш ва соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш масалалари халқ вакилларининг диққат марказида бўлди. Хусусан, соҳага 43,3 трлн сўм маблағ йўналтирилгани алоҳида қайд этилди. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 7,2 трлн сўмга кўпдир. Бундан ташқари, давлат тиббий суғуртаси тизими билан қамраб олинган тиббиёт муассасалари томонидан 21,6 трлн сўм маблағ сарфлангани депутатлар томонидан атрофлича муҳокама қилинди.

Халқ вакиллари 2025 йилда кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси, моддий ёрдам ва компенсациялар учун ажратилган 14,5 трлн сўм бюджет маблағларининг мақсадли ишлатилишини муҳокама қилдилар. Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ва Камбағал оилалар реестридаги, шунингдек, мезонларга мос келувчи бошқа кам таъминланган оилаларга электр ва газ бўйича компенсация тўловлари ўз вақтида етказилганлиги бўйича масъуллардан тегишли тушунтиришлар олинди.

Муҳокамада камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини изчил оширишга қаратилган тадбирларни молиялаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Давлат бюджети жами харажатларининг қарийб 11,9 фоизи ёки 45,5 трлн сўм маблағ йўналтирилганлиги Янги Ўзбекистоннинг «ижтимоий давлат» конституциявий мақомига уйғун ҳолат сифатида баҳоланди.

Халқ вакиллари эришилган ижобий натижалар билан бир қаторда ҳисобот даврида давлат бюджети ижросида мавжуд айрим муаммоларга ҳам эътибор қаратдилар. Бюджет ижроси ҳисоботида бюджетдан ташқари жамғармаларнинг молиявий айланмалари бўйича маълумотлар очиқлиги ва шаффофлигини ошириш, бюджет даромадларини кўпайтириш ва молиявий назоратни кучайтиришга қаратилган қатор таклифлар берилди.

Муҳокамаларда ҳисобот даврида бюджетдан етарлича маблағлар ажратилишига қарамасдан айрим вазирлик ва идоралар томонидан бюджетдан ривожлантириш дастурларига ажратилган маблағларни тўлиқ ўзлаштирилмаганлиги депутатлар эътирозларига сабаб бўлди. Хусусан, Олий таълим, фан ва инновациялар, Спорт, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, Инвес­тициялар, саноат ва савдо, Энергетика каби вазирликларда бюджет харажатлари ижроси режага нисбатан тўлиқ бажарилмагани танқид қилинди.

Ҳисобот йилида ички аудит хизматлари томонидан ўтказилган тадбирлар натижасида жами 827,3 млрд сўмлик мақсадсиз ва самарасиз харажатларнинг олди олинган бўлса-да, бу борадаги ишлар ҳали суст ва етарли даражада самара бермаётганига эътибор қаратилди. Бюджет маблағларини мақсадсиз сарфлаш, камомад ва ноқонуний ўзлаштириш ҳолатлари ҳамон учраб турганлиги, молиявий хато-камчиликларга йўл қўйилаётганлигини халқ вакиллари танқидий баҳоладилар. Ички аудит хизмати сифатини ошириш, бюджет маблағлари талон-торож қилинишининг олдини олиш борасида соҳада рақамлаштириш жараёнларини кескин жадаллаштириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратдилар.

Мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2025 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот юзасидан тегишли қарори қабул қилинди.




Ўхшаш мақолалар

Давлат бюджети ижроси:  «Яшил ривожланиш»ни  молиялаштириш  кучаймоқда

Давлат бюджети ижроси: «Яшил ривожланиш»ни молиялаштириш кучаймоқда

🕔17:07, 04.06.2026 ✔32

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2025 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқдилар.

Батафсил
Тошкент халқаро  молия маркази: Барқарор  ривожланиш ва  яшил  иқтисодиётда янги  имкониятлар

Тошкент халқаро молия маркази: Барқарор ривожланиш ва яшил иқтисодиётда янги имкониятлар

🕔17:06, 04.06.2026 ✔34

Бугун жаҳон молиявий тизими тубдан ўзгармоқда. Инвесторлар эндиликда шунчаки фойда изламаяпти, балки ўз маблағларини ижтимоий масъулиятли, экологик тоза ва келажакка хизмат қиладиган лойиҳаларга йўналтиришга интилмоқда.

Батафсил
Чегара хавфсизлиги,  уй-жой қурилиши ва йўл ҳаракати инфратузилмаси – парламент  диққатида

Чегара хавфсизлиги, уй-жой қурилиши ва йўл ҳаракати инфратузилмаси – парламент диққатида

🕔16:02, 21.05.2026 ✔218

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи йиғилишида халқимиз ҳаёти, мамлакатимиз хавфсизлиги ва ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлаш учун муҳим бўлган қонун лойиҳалари ҳамда ҳукумат аъзоларига юборилган парламент сўровларининг жавоблари атрофлича муҳокама қилинди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар