Давр нафаси      Бош саҳифа

Давлат ва халқ: ишонч қаерда мустаҳкамланади?

Мустақиллик бизга, энг аввало, ўз тақдиримизни ўзимиз белгилаш сингари буюк имкониятни берди.

Давлат  ва халқ: ишонч қаерда мустаҳкамланади?

Бу тарихий неъмат йиллар ўтиб нафақат давлатчилик ва миллий қадриятларимизни тиклашда, балки инсоннинг жамиятдаги ўрни, унинг ҳуқуқ ва эркинликларига муносабатда ҳам яққол намоён бўлмоқда.

Бугун оддий фуқаронинг мурожаати эшитилиши, бир оиланинг кундалик муаммоси давлат идорасининг диққат марказига тушиши, одамларнинг ўз фикрини очиқ-ошкора айтиши ҳаммамиз учун табиий ҳолга айланди. Аммо бунга эришиш осон бўлгани йўқ. Унинг ортида мустақиллик йилларида босиб ўтилган катта ҳуқуқий ва сиёсий тажриба ётибди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар марказига айнан инсон манфаати қўйилди. «Инсон қадри учун» деган ҳаётий тамойил давлат сиёсатининг бош мезонига айланди. Давлат идораларининг асосий вазифаси одамларга хизмат қилиш, уларнинг дардини эшитиш ва муаммосига амалий ечим топишдан иборат экани бугун ҳаётнинг ўзида тасдиғини топмоқда.

 

Инсон қадри – шунчаки шиор эмас

Мустақилликнинг дастлабки давридан бошлаб инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори шакллантирилган эди. Конституция ва қонунларимизда инсоннинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишга қаратилган устувор нормалар мустаҳкамланди.

Аммо қонуннинг шунчаки қоғозда мавжудлиги билан инсон ўз ҳуқуқини амалда, кундалик турмушида ҳис қилиши ўртасида катта фарқ бор.

Сўнгги йиллардаги ислоҳотларнинг энг муҳим жиҳати айнан шунда намоён бўлдики, инсон ҳуқуқлари энди фақат қонундаги норма эмас, балки ҳар куни таъминланиши шарт бўлган ҳаётий заруратга айланди. Янги таҳрирдаги Конституциямизда «инсон – жамият – давлат» муносабатларига янгича мазмун берилди. Инсон ва унинг шаъни олий қадрият даражасига кўтарилди.

Бу баландпарвоз жумла эмас. Унинг ортида давлатнинг ўз фуқароси олдидаги улкан масъулияти туради. Яъни, одамлар давлат идораси эшигини қоққанда, унинг мурожаати навбатдаги «қоғоз» сифатида қабул қилинмаслиги, ушбу мурожаат ортида инсон тақдири, оила фаровонлиги ва ҳаётий муаммо турганини англаш лозим.

 

Халқни эшитишдан – муаммони ҳал қилишгача

Давлат ва халқ ўртасидаги муносабатлардаги энг катта бурилиш очиқ мулоқот тамойилининг қарор топганида кўринади.

Илгари фуқаро ўз муаммосини юқори ташкилотларга етказиш учун идорама-идора сарсон бўлиши, турли бюрократик ғовга дуч келиши мумкин эди. Бугун эса давлат органларининг аҳоли билан бевосита мулоқот қилиши, муаммоларни жойига чиқиб ўрганиши, маҳалла ва хонадонларгача кириб бориши устувор вазифага айланди.

Албатта, гап фақат қабуллар сони ёки ўтказилган учрашувлар ҳақида кетаётгани йўқ. Очиқ мулоқотнинг ҳақиқий қиймати мурожаатдан сўнг амалда нима ўзгарганида намоён бўлади.

Фуқаро мурожаат қилди, унинг муаммоси эшитилди, масала жойида ўрганилди ва аниқ натижага эришилди. Ана шу занжир мунтазам ишлагандагина давлат ва фуқаро ўртасида жипс ишонч мустаҳкамланади. Бугун давлат идоралари ва мансабдор шахсларнинг «маҳаллабай» ва «хонадонбай» ишлаш тизими айнан шу эҳтиёждан туғилди. Чунки кабинетда ўтириб бутун ҳудуддаги асл аҳволни кўриб бўлмайди. Одамлар орасига кирилгандагина муаммонинг реал манзараси аён бўлади.

 

Мурожаат ортидаги тақдирлар

Жамиятда баъзан катта ва глобал масалалар ҳақида кўп гапирамиз. Аммо ҳар бир инсон учун унинг кундалик шахсий муаммоси энг муҳим масаладир.

Кимдир бандлик масаласида кўмакка муҳтож, кимдир уй-жой ёки тиббий ёрдам кутмоқда, яна кимдир ўз қонуний ҳақ-ҳуқуқини тиклаш учун эшик қоқади. Шундай пайтда давлатнинг инсонга бўлган асл муносабати синалади.

Фуқарога қулоқ тутиш шунчаки инсонийликдир. Аммо унинг муаммосини қонун доирасида узил-кесил ҳал этиш давлат бошқарувининг бош талаби ҳисобланади. Шу маънода, кейинги йилларда мурожаатлар билан ишлаш тизимининг тубдан такомиллашгани давлат ва халқ муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди.

 

Жамоатчилик назоратининг кучи

Кучли фуқаролик жамиятини фаол фуқароларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Жамоатчилик назорати деганда фақат камчилик топиш ёки қуруқ танқид қилишни тушуниш нотўғри. Бу давлат идоралари фаолиятига бефарқ бўлмаслик, муаммони кўрганда уни очиқ айтиш, оқилона таклиф бериш ва қарорлар ижросида дахлдорлик кўрсатишдир.

Сўнгги йилларда жамоатчилик муҳокамалари, электрон мурожаат порталлари, «Очиқ бюджет» жараёнлари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг роли ортгани фуқароларнинг ўз овозига эга бўлишини таъминлади. Бугун бир маҳалладаги муаммо чеккада қолиб кетмайди, балки жамоатчилик ва ОАВ эътиборига тушиб, масъулларни ҳаракатга келтиради. Бу ҳол фуқаронинг жамиятдаги овози кучайганининг яққол далилидир.

 

Қарорлар муҳокамаси ҳамма учун очиқ

Демократия фақат сайлов куни овоз беришдан иборат эмас. Инсоннинг мамлакат ҳаётига дахлдорлигини ҳис қилиши, ўз фикри ва таклифлари билан давлат қарорларини шакллантиришда иштирок этиши демократик жараённинг муҳим шартидир.

Очиқ муҳокамалар ва жамоатчилик эшитувлари аҳолида «менинг фикрим ҳам муҳим ва эътиборда» деган ишончни пайдо қилмоқда. Аслида фаол фуқаролик позицияси ҳам айнан шу ишончдан бошланади. Фуқаро ўз ҳуқуқини билса, уни талаб қилишдан чекинмаса ва мамлакат тақдирига дахлдорлик билан яшаса, кучли фуқаролик жамиятининг пойдевори мустаҳкамланади.

Мустақиллигимизнинг 35 йиллик тарихий йўлига назар ташлар эканмиз, сўнгги ўн йилда инсон ҳуқуқлари, давлат ва фуқаро муносабатлари ҳамда очиқ мулоқот соҳасида катта трансформация содир бўлганига гувоҳ бўламиз.

Айниқса, кейинги йилларда «давлат халқ учун» деган ҳаётий ғоянинг реал мазмун касб этаётгани ғоят муҳимдир. Давлат идораси эшиги фуқаро учун доимо очиқ бўлиши, мансабдор шахс одамларнинг дардини эшитиши, жамоатчилик фикри эса қарорлар қабул қилишда асосий мезонга айланиши замонавий ҳамда адолатли давлат бош­қарувининг бош талабидир.

Албатта, бу жараён давом этмоқда. Сабаби, қонун қабул қилишнинг ўзи етарли эмас, энг муҳими унинг ҳар бир инсон ҳаётида қандай акс этаётганидир. Инсон ҳуқуқларининг ҳақиқий кўрсаткичи қоғоздаги чиройли жумлалар билан эмас, балки оддий фуқаронинг ўз ҳақ-ҳуқуқини билаётгани, мурожаати эшитилаётгани ва муаммоси қонуний ҳал этилаётгани билан ўлчанади.

Мустақилликнинг энг улуғ маъноларидан бири ҳам айнан шунда: инсон ўз тақдирининг эгаси бўлса, жамият келажакнинг фаол иштирокчисига айланади. Давлат инсонга ҳалол ва фидокорона хизмат қилгани сайин халқнинг ишончи янада мустаҳкамланади.

Инсон қадри устувор жойда адолат қарор топади. Очиқ мулоқот бор жойда мустаҳкам ишонч пайдо бўлади. Фаол жамоатчилик бор жойда эса давлат ва жамият ўртасида чинакам ҳамкорлик шаклланади. Мустақиллигимизнинг 35 йиллик солномасидаги энг катта ютуғимиз ҳам ана шу муносабатларнинг янги ва юксак босқичга кўтарилаётганидадир.

Наврўзбек ЮСУПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎЭП фракцияси аъзоси




Ўхшаш мақолалар

Муносабат  Бишкекдан янграган  Ташаббуслар

Муносабат Бишкекдан янграган Ташаббуслар

🕔16:35, 04.09.2026 ✔115

Куни кеча – 1 сентябрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг йиғилиши, шунингдек, «ШҲТ плюс» форматидаги учрашув жаҳон ҳамжамияти диққатини ўзига тортган муҳим воқеага айланди.

Батафсил
Давлат  ва халқ: ишонч қаерда мустаҳкамланади?

Давлат ва халқ: ишонч қаерда мустаҳкамланади?

🕔16:33, 04.09.2026 ✔113

Мустақиллик бизга, энг аввало, ўз тақдиримизни ўзимиз белгилаш сингари буюк имкониятни берди.

Батафсил
Бунёдкорлик, янгиланиш ва  инсон қадри юксалаётган буюк давр

Бунёдкорлик, янгиланиш ва инсон қадри юксалаётган буюк давр

🕔16:32, 04.09.2026 ✔108

Ватанимиз мус­тақиллигининг 35 йиллиги кенг нишонланаётган шу кунларда мамлакатимизнинг қайси ҳудудига борманг, янгиланиш ва бунёдкорлик жараёнларига гувоҳ бўласиз.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар