Телефон жиринглайди. Нотаниш рақам. Бир сония ичида юрак тез ура бошлайди: «Яна банкдан бўлса-чи?..»
Сўнгги йилларда минглаб ҳамюртларимиз учун кредит шунчаки молиявий восита эмас, балки кундалик руҳий босимга айланиб улгурди. Ойлик етмай қолса – қарз, тўй қилиш керак бўлса – қарз, телефонни янгилаш керак бўлса – муддатли тўлов. Осон олинган пул аста-секин инсоннинг хотиржамлиги, уйқуси ва руҳий мувозанатини ҳам ўзи билан олиб кетади.
Ҳозир Ўзбекистонда кредит олиш ҳеч қачон бунчалик осон бўлмаган. Банк иловалари орқали бир неча дақиқада микроқарз расмийлаштириш, маиший техникани бошланғич тўловсиз харид қилиш ёки «ҳозир олиб, кейин тўлаш» тизимлари кундалик ҳаётнинг оддий қисмига айланди. Аммо бу қулайликнинг кўринмайдиган томони ҳам бор – руҳий босим.
Кўпчилик кредитни муаммо сифатида эмас, имконият сифатида қабул қилади. Дарҳақиқат, айрим вазиятларда қарз инсоннинг мушкулини осон қилиши мумкин: уй олиш, даволаниш, таълим ёки бизнес бошлаш учун маблағ зарур бўлади. Муаммо кредитнинг ўзида эмас, балки у инсон ҳаётининг доимий ҳамроҳига айланганида бошланади.
Бугунги истеъмол маданияти одамни «ҳозир яшаш»га ундайди. Ижтимоий тармоқларда дабдабали ҳаёт, қиммат телефонлар, ҳашаматли тўйлар ва саёҳатлар одатий ҳолдек кўрсатилади. Натижада кўпчилик ўз даромадидан келиб чиқиб эмас, бошқаларнинг ҳаётига қараб яшашни бошлайди. Айниқса, ўзбеклигимиз бор-да, «одамлар нима дейди?» деган тушунча молиявий қарорларга кучли таъсир қилади. Баъзан инсон эҳтиёж эмас, уят бўлмаслиги учун қарзга киради.
Тўй масаласи бунга энг ёрқин мисоллардан бири. Айрим оилалар бир кунлик дабдаба учун йиллар давомида қарз тўлайди. Қиммат ресторан, ортиқча меҳмон, ҳашаматли безаклар – буларнинг бари кўпинча ижтимоий босим маҳсули. Энг ачинарлиси, тўй тугайди, аммо унинг молиявий оғирлиги оилада узоқ вақт қолади. Бу эса аста-секин руҳий тарангликни кучайтиради.
Инсон руҳиятига таъсири
Психологларнинг айтишича, инсон мияси молиявий қарзни оддий рақам ёки вақтинчалик мажбурият сифатида эмас, балки доимий хавф манбаи сифатида қабул қилади. Шу сабаб қарздор одамнинг организми кўпинча «ички хавотир» ҳолатида яшайди. Ташқаридан ҳаммаси жойида кўрингани билан, инсон онгида тинимсиз босим ишлайверади: «Тўловни қандай қиламан?», «Агар кечикса-чи?», «Яна банк телефон қилса нима дейман?»
Энг хавфлиси, бу хавотир вақтинчалик эмас. Кредит ва қарзлар инсон билан ҳар куни «бирга яшайди». Тўлов санаси яқинлашади. Банкдан SMS келади. Телефон жиринглайди. Ҳатто оддий эслатма ҳам организмда стресс уйғотади. Натижада инсон аста-секин доимий руҳий таранглик ҳолатига тушиб қолади.
Бу ҳолат аввало уйқуга таъсир қилади. Қарздор одамларнинг кўпчилигида кечаси кўп ўйлаш, тез-тез уйғониш, эрталаб чарчоқ билан туриш ҳолатлари кузатилади. Чунки мия ҳатто уйқу вақтида ҳам «муаммо ечилмаган» деган сигнални тўхтатмайди. Вақт ўтиши билан бу асаб тизимининг ҳолдан тойишига олиб келади.
Қарз инсоннинг ўзига бўлган муносабатини ҳам ўзгартиради. Аввалига у шунчаки молиявий қийинчиликдек туюлади, кейин эса одам аста-секин ўзини омадсиз ёки муваффақиятсиз ҳис қила бошлайди. Инсон яқинлари олдида ўзини ноқулай сезади, баъзан эса муаммоларини яширишга уринади.
Психологияда буни «сурункали стресс ҳолати» деб аташади. Организм узоқ вақт давомида хавотир режимида ишлаганда, инсоннинг ҳиссий барқарорлиги пасаяди. У тез жаҳлланадиган, тушкун ёки бефарқ бўлиб қолиши мумкин. Ҳатто оддий гап-сўзлар ҳам жанжалга сабаб бўла бошлайди. Чунки асл муаммо кўпинча пулнинг ўзида эмас, балки инсоннинг ичида йиғилиб бораётган босимда бўлади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, узоқ давом этган молиявий стресс депрессия, невроз, ваҳима хуружлари ва психосоматик касалликларни ҳам кучайтириши мумкин. Айрим инсонларда бош оғриғи, юрак тез уриши, қон босимининг ошиши ёки доимий чарчоқ каби ҳолатлар пайдо бўлади. Тиббиётда бундай симптомлар кўпинча узоқ давом этган асабий босим билан боғланади.
Яна бир хавфли жиҳат шундаки, қарздор одам аста-секин ҳаётдан завқланиш ҳиссини йўқота бошлайди. Олдин қувонч берган оддий нарсалар ҳам уни хурсанд қилмай қўяди. Чунки онгнинг катта қисми доимий равишда битта муаммо – қарзни ёпиш ҳақида ўйлайди. Натижада инсон яшашни эмас, фақат «етиб олишни» бошлайди.
Шу сабаб мутахассислар молиявий қарорларни фақат ҳамён имконияти билан эмас, руҳий саломатлик билан ҳам ўлчаш кераклигини таъкидлайди. Чунки айрим қарзларнинг фоизи банкка эмас, инсоннинг асаб тизимига тушади.
Оиладаги кўринмас босим
Қарзнинг яна бир хавфли томони – у оилавий муносабатларга ҳам таъсир қилади. Молиявий муаммолар кўплаб оилавий жанжалларнинг асосий сабабларидан бири ҳисобланади. Ойликнинг катта қисми кредитга кетиши, яширин қарзлар ёки тўловни кечиктириш эр-хотин орасида ишончсизликни кучайтиради. Уйда ҳукм сурадиган доимий асабий муҳит эса болаларга ҳам таъсир қилади. Чунки стресс фақат бир одамнинг ичида қолмайди – у бутун оилага тарқалади.
Айниқса, меҳнат миграцияси билан боғлиқ қарзлар алоҳида муаммо бўлиб қолмоқда. Айримлар чет элга ишлаш учун ҳам қарз олади. Кутилган даромад бўлмаса ёки иш юришмаса, инсон икки томонлама босим остида қолади: бир томонда бегона муҳит, иккинчи томонда эса ортиб бораётган қарз.
«Қарз одамни аста-секин ичидан еб бораркан. Бир вақтлар фақат ишлаш ҳақида ўйлайдиган бўлиб қолдим. Дам олаётганда ҳам миям тинчимасди. «Қандай ёпаман?», «Қаердан топаман?», – деган ўй доим бошимда айланарди. Одам бир пайт яшашни унутиб қўяр экан. Мен ҳам бир давр фақат қарзни ёпиш учун яшаётгандек бўлиб қолгандим», – дейди ҳамюртимиз Шерзод Иброҳимов.
Яна бир суҳбатдошимиз Дилшод Султонов эса қарзлар сабаб асабий бўлиб қолганини таъкидлайди:
«Аввалига кредит олиш оддий туюлганди. Маошдан секин-секин тўлайман, деб ўйлагандим. Лекин битта қарзнинг ортидан бошқаси чиқиб кетди. Бир пайт қарасам, ойлигим қўлимга тегмай кредитларга кетаркан. Энг ёмони эса руҳий босим бўлди. Телефон жирингласа, чўчиб кетадиган бўлиб қолдим. Нотаниш рақам кўрсам, юрагим тез ура бошларди. Уйда ҳам асабий бўлиб қолдим. Олдин бундай эмас эди. Ҳозир тушунаман: қарз фақат пул эмас экан, у одамнинг ичидаги хотиржамликни ҳам олиб қўяр экан».
Муаммонинг илдизи қаерда?
Шу билан бирга, кредитни мутлақ ёмонлик сифатида кўрсатиш ҳам тўғри эмас. Муаммо кўпинча молиявий саводхонлик етишмаслигида намоён бўлади. Одамлар кўпинча қарзнинг узоқ муддатли оқибатларини ҳисобламайди. Ойлик даромадининг катта қисмини кредитга боғлаб қўйиш эса инсонни молиявий жиҳатдан эркин ҳаракат қилиш имконидан маҳрум қилади.
Мутахассисларнинг фикрича, кредит олишдан олдин инсон ўзига камида учта саволни бериши керак: бу харид ҳақиқатан зарурми, уни қарзсиз амалга оширишнинг имкони борми ва бу қарз руҳий хотиржамликка арзийдими? Чунки баъзан инсон сотиб олаётган нарсасидан кўра, ўз тинчлигини қимматроққа сотаётган бўлади.
Молиявий саводхонликни ошириш, оилавий бюджетни режалаштириш ва «статус учун яшаш» одатидан воз кечиш бугунги жамият учун муҳим масалага айланмоқда. Айниқса, ёшлар орасида ижтимоий тармоқлар яратган сунъий идеал ҳаёт ортидан қувиш руҳий ва молиявий босимни янада кучайтиряпти.
Баъзан одамлар кредит эвазига янги телефон, дабдабали тўй ёки қулай ҳаёт сотиб оляпман деб ўйлайди. Аслида эса айрим қарзлар эвазига инсон ўзининг энг қиммат нарсаси – руҳий хотиржамлигини бой бериб қўяди.
Шаҳруза САТТОРОВА