Давр нафаси      Бош саҳифа

Бунёдкорлик, янгиланиш ва инсон қадри юксалаётган буюк давр

Ватанимиз мус­тақиллигининг 35 йиллиги кенг нишонланаётган шу кунларда мамлакатимизнинг қайси ҳудудига борманг, янгиланиш ва бунёдкорлик жараёнларига гувоҳ бўласиз.

Бунёдкорлик, янгиланиш ва  инсон қадри юксалаётган буюк давр

Янги корхоналар, замонавий таълим ва тиббиёт муассасалари, энергетика объектлари ҳамда обод маҳаллалар юртимиз ҳаётидаги реал ўзгаришларнинг кўзга кўринадиган натижасидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирокида ҳудудларда янги объект­ларни ишга тушириш маросимларининг ўтказилиши истиқлол байрамига муносиб туҳфа бўлди. Бу лойиҳалар мамлакатимиз иқтисодий салоҳияти ошиб бораётгани, ҳудудларда янги ишлаб чиқариш қувватлари яратилаётгани ва аҳоли учун янги имкониятлар очилаётганининг яққол ифодасидир. Бугун амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади фақат иқтисодий кўрсаткичларни оширишдан иборат эмас, балки одамлар учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ва халқ фаровонлигини юксалтиришдан иборат.

Ўтган даврда мамлакатимиз иқтисодиёти тубдан янгиланди. Иқтисодиёт ҳажмининг 2,5 баробардан зиёд ошгани, тармоқларга 160 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этилгани юртимизда шаклланган янги иқтисодий муҳит самарадорлигини кўрсатади. Умумий қиймати 76 миллиард долларлик 2 минг 163 та йирик саноат лойиҳасининг ишга туширилиши янги ишлаб чиқариш қувватларини яратибгина қолмай, аҳоли учун янги даромад манбаларини ҳам кенгайтирди. Қарийб 6 миллион нафар аҳолининг доимий иш ўринлари билан таъминлангани ислоҳотларнинг бевосита ижтимоий самарасини кўрсатиб турибди.

Бу рақамлар шунчаки статистика эмас. Уларнинг ортида янги иш ўрнига эга бўлган инсонлар, оиласининг даромади ошган хонадонлар ва фарзандининг келажагига ишончи мустаҳкамланган ота-оналар туради. Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида умумий қиймати қарийб 50 триллион сўм бўлган 72 та йирик саноат ва сервис лойиҳаси ҳамда 91 та ижтимоий соҳа объекти фойдаланишга топширилди. Ушбу лойиҳалар доирасида 15 мингта янги иш ўрни яратилиши минглаб оилалар учун барқарор даромад манбаи бўлиб хизмат қилади.

Янги объектлар географияси ва йўналишларига назар ташласак, ислоҳотлар қамрови кенглигини кўриш мумкин. Энергетика, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, металлургия, автомобилсозлик, электротехника, қурилиш материаллари, тоғ-кон ва тўқимачилик каби муҳим тармоқларда йирик лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди. Сирдарё вилоятида 1 573 мегаватт­ли электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати, Қорақалпоғистон Республикасида 200 мегаваттли шамол электр станцияси ва 100 мегаваттли энергия сақлаш тизими ишга туширилди. Навоий вилоятидаги янги энергетика лойиҳалари эса йилига 657 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради. Бу ўзгариш­лар тараққиёт фақат марказда эмас, балки айнан ҳудудларда, энг чекка масканларгача кириб бораётганини кўрсатади.

Кейинги йилларда таълим соҳасига қаратилаётган эътибор ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Янги Тошкент ҳудудида 10 гектар майдонда барпо этилган Янги Ўзбекистон университетининг замонавий мажмуаси келажак авлодга киритилаётган сармоянинг ёрқин намунасидир. Бу ерда 7 минг нафар талаба таҳсил олиши учун шароит яратилган. Гарвард университети билан ҳамкорликда Ректорлар мактабининг ташкил этилиши, Оксфорд университети билан биргаликда давлат хизматчилари учун «Таълим хаби» йўлга қўйилиши ҳамда Сунъий интеллект институтининг очилиши илм-фан ва инновациялар янги босқичга кўтарилганидан далолат беради.

Фарғона вилоятидаги янги замонавий тиббиёт муассасасида йилига 60 минг нафар беморни даволаш ва 30 минг нафар аёлни скринингдан ўтказиш имконияти яратилди.

Бу каби лойиҳаларнинг аҳамиятини фақат рақамлар билан ўлчаб бўлмайди. Чунки ҳар бир замонавий шифохона инсон саломатлиги, ҳар бир янги мактаб фарзандлар келажаги, ҳар бир янги ижтимоий объект аҳолининг муносиб ҳаёти деганидир. Зотан, иқтисодий ўсиш ҳам, инвестициялар ҳам, барпо этилаётган корхоналар ҳам, аввало, инсон манфаатига хизмат қилгандагина реал аҳамият касб этади.

Мустақилликнинг энг катта ютуқларидан бири юртимизда барқарор тинчлик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳити қарор топганидир. Тинчлик ва осойишталик бор жойда бунёдкорлик, инвестиция, таълим, илм-фан ва янги иш ўринлари бўлади. «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» деган ғоя халқимизни умумий мақсадлар атрофида жипслаштиришга хизмат қилмоқда.

Истиқлолнинг 35 йиллиги босиб ўтилган йўлга назар ташлаш ва келгуси марраларни белгилаб олиш учун муҳим босқичдир. «Мустақиллик зафарномаси» китоб-альбоми, «35 йиллик Истиқлол йилномаси» туркумидаги ҳужжатли фильмлар ҳамда пойтахтимизда «Мустақил Ўзбекистон: 35 йиллик тараққиёт йўли» мавзусида ўтказилган халқаро илмий-амалий конференция босиб ўтилган йўлни холис ва илмий таҳлил қилишга хизмат қилади.

Ҳа, Ватан тараққиётини турли кўрсаткичлар билан ифодалаш мумкин, аммо унинг ҳақиқий қиймати одамлар ҳаётидаги ўзгаришларда, янги иш ўрнида, сифатли таълимда, муносиб тиббий хизматда ва эртанги кунга бўлган мустаҳкам ишончда намоён бўлади. Ўттиз беш йиллик буюк тарихий йўл сарҳисоби Янги Ўзбекистоннинг янада юксак тараққиёт марралари сари дадил қадам ташлаётганини кўрсатмоқда.

Гулчеҳра ТОЖИБАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

ЎЭП фракцияси аъзоси




Ўхшаш мақолалар

Муносабат  Бишкекдан янграган  Ташаббуслар

Муносабат Бишкекдан янграган Ташаббуслар

🕔16:35, 04.09.2026 ✔115

Куни кеча – 1 сентябрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг йиғилиши, шунингдек, «ШҲТ плюс» форматидаги учрашув жаҳон ҳамжамияти диққатини ўзига тортган муҳим воқеага айланди.

Батафсил
Давлат  ва халқ: ишонч қаерда мустаҳкамланади?

Давлат ва халқ: ишонч қаерда мустаҳкамланади?

🕔16:33, 04.09.2026 ✔112

Мустақиллик бизга, энг аввало, ўз тақдиримизни ўзимиз белгилаш сингари буюк имкониятни берди.

Батафсил
Бунёдкорлик, янгиланиш ва  инсон қадри юксалаётган буюк давр

Бунёдкорлик, янгиланиш ва инсон қадри юксалаётган буюк давр

🕔16:32, 04.09.2026 ✔108

Ватанимиз мус­тақиллигининг 35 йиллиги кенг нишонланаётган шу кунларда мамлакатимизнинг қайси ҳудудига борманг, янгиланиш ва бунёдкорлик жараёнларига гувоҳ бўласиз.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар