Куни кеча – 1 сентябрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг йиғилиши, шунингдек, «ШҲТ плюс» форматидаги учрашув жаҳон ҳамжамияти диққатини ўзига тортган муҳим воқеага айланди.
Саммитда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев сўзлаган икки нутқ – ташкилотнинг 25 йиллик тарихида навбатдаги табрик сўзи эмас, балки минтақа ва бутун Евроосиё маконининг келгуси ривожланиш йўналишини белгилаб берувчи концептуал ҳужжат даражасидаги чиқиш бўлди.
Дунё геосиёсий бўлиниш, ишонч тақчиллиги ва халқаро ҳуқуқнинг емирилиши каби жиддий синовлардан ўтаётган бир пайтда Ўзбекистон раҳбарининг Бишкекдаги сўзлари том маънода вазминлик, узоқни кўра билиш ва амалий фикрлаш намунаси бўлди, дейиш мумкин. Президентимиз томонидан илгари сурилган ўнлаб аниқ таклифлар – буларнинг барчаси шунчаки дипломатик риторика эмас, балки Ўзбекистоннинг минтақавий ва глобал жараёнларда тобора фаол, ташаббускор ва масъулиятли ўрин эгаллаётганининг яққол далилидир.
Ўзбекистон етакчиси ўз нутқида илгари сурган марказий ғояларидан бири – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг марказий, мувофиқлаштирувчи ролини сақлаб қолган ҳолда, минтақавий тузилмаларнинг унинг саъй-ҳаракатларини тўлдириши зарурлиги ҳақида бўлди. Бу ҳозирги халқаро муносабатлар тизимидаги энг долзарб муаммога аниқ жавобдир.
Яна ҳам муҳимроғи, давлатимиз раҳбари «кўп қутблилик» тушунчасига янгича мазмун бахш этди: «Биз шундай кўп қутблилик тарафдоримизки, у янги ажратувчи чизиқларни яратмайди, балки имкониятлар маконини кенгайтиради». Бу – блокларга бўлиниш эмас, балки ҳамкорликка асосланган кўп қутблилик тамойилининг Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган ўзига хос концепцияси бўлиб, унинг халқаро майдондаги мустақил ва мувозанатли ташқи сиёсат курсини яна бир бор тасдиқлайди.
Президентимизнинг иқтисодий блокдаги таклифлари алоҳида эътиборга лойиқ. Аввало, «ШҲТ – 2040: умумий тараққиёт макони» номли концептуал ҳужжатни ишлаб чиқиш таклиф этилди – бу ташкилотга узоқ муддатли, стратегик истиқбол берадиган жиддий қадамдир. Шу билан бирга, махсус иқтисодий зоналар, ишлаб чиқариш жараёнлари, савдо бозорлари ва логистикани бирлаштирувчи ШҲТ Саноат кооперацияси харитасини яратиш, натижада бизнес ва инвесторлар учун «амалда универсал рақамли дарча» пайдо бўлиши ҳақидаги ташаббус – рақамлаштириш давридаги минтақавий иқтисодий интеграциянинг тамомила янги, замонавий модели ҳисобланади.
Энг муҳими, Президентимиз умумий тамойилларни муҳокама қилиш босқичидан ШҲТ Тараққиёт банкини амалда ишга туширишга ўтиш заруриятини қатъий тарзда илгари сурди. Шунингдек, «ШҲТ Инвест» форумига доимий фаолият юритувчи платформа тусини бериш таклифи – сўзларнинг амалий натижаларга айланишини таъминловчи муҳим механизм сифатида баҳоланиши лозим. Бу ёндашув Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги минтақавий ҳамкорлик амалиётига, жумладан, фақат Хитой билан 1500 дан ортиқ қўшма лойиҳа амалга оширилаётгани ва икки томонлама савдо ҳажмини яқин йилларда 30 миллиард долларга етказиш режалаштирилаётганига тўлиқ мос келади ва бу рақамлар расмий Тошкентнинг сўзи билан иши бир эканини яна бир карра исботлайди.
Бу муҳим учрашувда замонавий геосиёсатнинг энг долзарб йўналишларидан бири бўлган сунъий интеллект соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилгани таҳсинга сазовордир.
Президентимиз Хитой Раиси Си Цзиньпиннинг сунъий интеллект соҳасида ҳамкорлик бўйича бутунжаҳон ташкилотини таъсис этиш ташаббусини қўллаб-қувватлаб, ШҲТнинг ушбу янги технологик альянсининг биринчи қатнашчилари орасида бўлиши лозимлигини таъкидлади. Бундан ташқари келгуси йили Тошкентда сунъий интеллект ва янги рақамли ечимлар бўйича халқаро форум ўтказиш таклифлари Ўзбекистоннинг рақамли трансформация йўналишида нафақат кузатувчи, балки минтақавий кун тартибини белгиловчи давлат сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди.
Халқаро транспорт йўлакларининг кенг тармоқли тизимини ривожлантириш мақсадида ШХТга аъзо давлатларнинг темир йўл маконлари интеграцияси бўйича алоҳида кенгаш таъсис этиш таклифи ҳам муҳим амалий аҳамиятга эга. Бу ғоя, айнан ҳозирги пайтда қурилиши жадал олиб борилаётган «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли лойиҳаси контекстида, минтақа транспорт тизимининг уйғун ўзаро боғланишини таъминлашга хизмат қиладиган узоқни кўзлаган қадамдир.
Хавфсизлик йўналишида эса Президентимизнинг Афғонистон билан мунтазам мулоқотни тиклаш вақти келгани ҳақидаги сўзлари алоҳида эътиборга лойиқ. «Барчамизга яратувчан, минтақавий жараёнларга интеграциялашган, фаровон қўшни мамлакат керак», деган фикр том маънода ҳам сиёсий, ҳам инсонийлик нуқтаи назаридан бутун минтақа аҳолисининг қалб амри сифатида янгради, дейиш мумкин. Бу – минтақа хавфсизлигига прагматик ва инсонпарвар ёндашувнинг ёрқин намунаси. Шунингдек, ШҲТ Хартиясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, Тошкент шаҳрида Хавфсизликка таҳдид ва хатарларга қарши курашиш бўйича Универсал марказ ҳамда Антинаркотик марказнинг фаолият юритиши учун шароит яратиш борасидаги ташаббуслар Ўзбекистоннинг минтақавий хавфсизлик тизимидаги ролини янги, юқорироқ босқичга кўтармоқда.
Биз учун жуда муҳим бўлган йўналиш — иқлим ўзгариши, сув ва озиқ-овқат хавфсизлиги борасида ҳам Президентимиз томонидан таклиф этилган ечимлар ҳам диққатга сазовор: табиатдан фойдаланиш, «яшил» энергетика, рақамли хизматлар ва соғлиқни сақлаш соҳаларида минтақалараро лойиҳалар ва технологияларнинг Очиқ банкини шакллантириш, шунингдек, 2035 йилга қадар сув ва энергетика самарадорлиги бўйича ШҲТнинг технологик ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш таклифлари – минтақанинг умумий эҳтиёжларига йўналтирилган амалий ва узоқни кўзловчи ёндашувдир.
Алоҳида таъкидлаш жоиз, «ШҲТ плюс» маданиятлар ва цивилизациялар доимий форумини таъсис этиш ҳамда бу тадбирни илм-фан ва маърифатнинг қадимий маркази бўлган Хива шаҳрида ўтказиш таклифи чуқур рамзий маънога эга. Бу орқали Ўзбекистон нафақат иқтисодий ва хавфсизлик соҳасида, балки маданий-цивилизацион мулоқот майдонида ҳам минтақанинг табиий кўпригига айланиб бораётганини яна бир бор намойиш этди. 2028-2030 йилларга мўлжалланган анъанавий санъат ва номоддий маданий меросни асраб-авайлаш дастурини тайёрлаш таклифи эса халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга қаратилган узоқ муддатли инвестициядир.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бишкекдаги иккала нутқини яхлит ҳолда таҳлил қилар эканмиз, шуни ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон бугунги кунда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида шунчаки фаол иштирокчи эмас, балки ташкилотнинг келажагини белгиловчи ғоялар генератори мақомига эга бўлиб бормоқда. Иқтисодиётдан тортиб хавфсизликкача, сунъий интеллектдан маданий дипломатиягача бўлган барча йўналишларда илгари сурилган аниқ, амалий ва бир вақтнинг ўзида стратегик жиҳатдан теран таклифлар «Янги Ўзбекистон» ташқи сиёсатининг етуклик босқичига қадам қўйганидан далолат беради.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «Мамлакатлар ва минтақалар ўртасидаги муштараклик нуқталари қанчалик кўп бўлса, барқарорлик ва ўзаро ишонч учун асос шунчалик мустаҳкам бўлади». Ўзбекистон ушбу тамойилни сўзда эмас, балки Бишкекда илгари сурилган аниқ ташаббуслар – «ШҲТ – 2040» концепциясидан тортиб Хивадаги цивилизациялар форумигача таклиф-ташаббуслари орқали амалда тасдиқламоқда. Бу эса юртимизнинг халқаро нуфузи ва минтақавий етакчилик салоҳияти янада ортиб бораётганининг ёрқин исботидир.
Абдушукур ҲАМЗАЕВ,
Ўзбекистон Экологик партияси
Марказий Кенгаши раиси,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатасидаги
партия фракцияси раҳбари
Муносабат Бишкекдан янграган Ташаббуслар
🕔16:35, 04.09.2026
✔115
Куни кеча – 1 сентябрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг йиғилиши, шунингдек, «ШҲТ плюс» форматидаги учрашув жаҳон ҳамжамияти диққатини ўзига тортган муҳим воқеага айланди.
Батафсил