Давр нафаси      Бош саҳифа

Қонун ижодкорлиги: Халқ манфаати ва ҳаётий ечимлар депутатлар диққат-марказида

Қонунлар қанчалик ҳаётий ва бугунги кун талабларига мос бўлса, жамиятда уларнинг ижроси шунчалик тез ва самарали таъминланади. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган навбатдаги ялпи мажлис айнан мана шу жиҳатлари билан эътиборга молик бўлди. Парламент қуйи палатасидаги муҳокамалар одатдагидек қизғин, очиқ ва баҳс-мунозараларга бой кечди.

Қонун ижодкорлиги: Халқ  манфаати  ва ҳаётий ечимлар депутатлар диққат-марказида

Экологик партия фракцияси йиғилишида жиддий «ғалвир»дан ўтган, ҳар бир моддаси ва банди депутатлар томонидан қайта-қайта таҳлил қилинган бир қатор ўта муҳим қонун лойиҳалари умумий муҳокамага олиб чиқилди. Аҳамиятлиси шундаки, бу галги кун тартибидан ўрин олган масалалар жамиятимизнинг турли қатламларини – кўп йиллик ҳалол меҳнати билан эътирофга сазовор бўлган нуронийларимиздан тортиб, ортиқча текширувлардан чарчаган тадбиркорлару, кундалик маиший муаммолар ечимини кутаётган оддий фуқаролар манфаатларини тўғридан-тўғри қамраб олади.

 

Фахрийлар учун муносиб имтиёзлар

Йиллар давомида битта соҳада соч оқартирган, виждонан меҳнат қилиб, жамиятнинг ҳурматини қозонган инсонларимиз кўп. Лекин шу пайтгача «фахрий» мақомини кимга бериш ва бу қандай ижтимоий ҳимояни кафолатлаши масаласида аниқ бир тизим йўқ эди.

Депутатлар кўриб чиққан янги қонун лойиҳаси шубҳасиз, ижтимоий адолатни таъминлашга хизмат қилади. Эндиликда узоқ йиллар намунали меҳнат қилган шахсларга нафақат маънавий эҳтиром кўрсатилади, балки уларнинг санаторийларда бепул даволаниши, коммунал хизматлар учун компенсация олиши, дори-дармон ва солиқ масалаларида сезиларли енгилликларга эга бўлиши қонун билан мустаҳкамланмоқда.

 

Тадбиркорлар учун

стандартларда енгиллик

Стандарт деганда кўпчилик тадбиркорларнинг кўз олдига чексиз текширувлар ва жарималар келиши сир эмас. Техник тартибга солиш соҳасини тубдан ислоҳ қилувчи янги ўзгаришлар билан стандартлар энди мажбурий эмас, балки ихтиёрий тус олмоқда. Эндиликда бизнес эгалари ўз маҳсулоти учун мустақил равишда «корхона стандарти»ни ишлаб чиқиши мумкин. Эскича «қиёслаш» амалиётининг халқаро верификация тизимига ўтиши эса маҳаллий маҳсулотларимиз учун жаҳон бозорларига экспорт эшикларини кенгроқ очади. Энг муҳими, маҳсулотни мажбурий рўйхатдан ўтказишдаги оворагарчиликлар қисқариб, жарималар хавф даражасига қараб белгиланадиган бўлди.

 

Қарз ундиришнинг тезкор тизими

Ижара ҳақини ололмаслик ёки коммунал тўловлардан бўлган қарздорликни ундириш учун суд эшикларида ойлаб сарсон бўлиш одамларни қанчалик толиқтиришини барчамиз яхши биламиз. Қолаверса, бундай маиший низолар судларнинг асосий ва йирик ишларга ажратувчи вақтини ўғирлайди.

Депутатларимиз бу муаммонинг энг мақбул ечимини қўллаб-қувватлашди. Эндиликда ижара ҳақи, коммунал хизматлар ёки алоқа тўловлари каби аниқ ва баҳссиз қарздорликларни ундириш учун судга бориш шарт эмас. Маълум бир миқдоргача бўлган қарзларни нотариуслар орқали тез ва ортиқча асаббузарликсиз ҳал қилиш имконияти яратилмоқда, бу эса ўз навбатида судлар иш юкламасини сезиларли даражада камайтиради.

 

Чегара хавфсизлиги учун янги чоралар

Мамлакат хавфсизлиги ва иқтисодий барқарорлик – муроса қилинмайдиган масала. Сўнгги вақтларда давлат чегараларини ноқонуний кесиб ўтиш ҳамда контрабанда мақсадида ер ости туннелларидан фойдаланиш ҳолатлари учраётгани янги ҳуқуқий чораларни талаб қилмоқда. Шу сабабли, ер остида ноқонуний иншоотлар ёки туннеллар барпо этиш, уларни жиҳозлаш ва бундай фаолиятни молиялаштириш учун алоҳида жиноий жавобгарлик жорий этилмоқда. Ушбу туннеллар орқали товарлар ёки вал­юта олиб ўтиш эндиликда оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланади. Бу каби қатъий чоралар аҳоли тинчлигини асраш ва иқтисодиётимизга етказилаётган зарарларнинг олдини олишга хизмат қилади.

 

Ўз мухбиримиз




Ўхшаш мақолалар

Муносабат  Бишкекдан янграган  Ташаббуслар

Муносабат Бишкекдан янграган Ташаббуслар

🕔16:35, 04.09.2026 ✔117

Куни кеча – 1 сентябрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг йиғилиши, шунингдек, «ШҲТ плюс» форматидаги учрашув жаҳон ҳамжамияти диққатини ўзига тортган муҳим воқеага айланди.

Батафсил
Давлат  ва халқ: ишонч қаерда мустаҳкамланади?

Давлат ва халқ: ишонч қаерда мустаҳкамланади?

🕔16:33, 04.09.2026 ✔115

Мустақиллик бизга, энг аввало, ўз тақдиримизни ўзимиз белгилаш сингари буюк имкониятни берди.

Батафсил
Бунёдкорлик, янгиланиш ва  инсон қадри юксалаётган буюк давр

Бунёдкорлик, янгиланиш ва инсон қадри юксалаётган буюк давр

🕔16:32, 04.09.2026 ✔112

Ватанимиз мус­тақиллигининг 35 йиллиги кенг нишонланаётган шу кунларда мамлакатимизнинг қайси ҳудудига борманг, янгиланиш ва бунёдкорлик жараёнларига гувоҳ бўласиз.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар