Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

«ЎЙИН»ДАН ЭРТАГА «ЎТ» ЧИҚСА...

Бунга ким айбдор бўлади?

Яқинда бир хабарга кўзим тушди:

«…Европа давлатларидан бирида компьютер ўйинларига муккасидан кетган ўн бир ёшли бола ўз укасининг қотилига айланди...»

«ЎЙИН»ДАН ЭРТАГА «ЎТ» ЧИҚСА...

«Қотил» болакайнинг сурати ҳам берилган экан: унинг нигоҳида на қилган ишидан пушаймонлик, на қўрқув, на безовталик бор. Лоқайд. Беихтиёр «Playstation»ларда экранга михланганча, тинимсиз ур-йиқит, ўлдир-сўй ўйинлар ўйнайдиган ўзимизнинг болаларимизни ўйладиму ваҳимага тушдим: улар-чи, улар ҳам эрта-бир кун шу боланинг аянчли ҳолига тушмасмикан?..

Фойдасидан зарари кўп

Уйимиз яқинида жойлашган «Playstation»лардан бирига кирдим. Бу пайтда мактаб вақти тугаган, гавжум. У ердаги болакайларни кузатдим. «Ғолиблик нашидасини сураётган» болаларнинг кулгиси бошқача жаранглаётганди — худди даҳшатли жангари фильмлар қаҳрамонларини эслатади. «Ўйин»ни тугатиб, чиқиб кетаётганларнинг аксарияти нигоҳида манманлик, бефарқликни уқиш мумкин. Оғизларидан фақат «пичоқ», «пистолет», «автомат»,  «ўлдир» каби совуқ сўзлар осонгина чиқиб кетяпти.

— Компьютер ўйинларига муккасидан кетган боланинг ўқиши доим суст бўлади, — дейди олий тоифали педагог Сарвиноз МАЛИКОВА. — Улар дарсларга лоқайд қарайди. Синфдошлари билан муносабатини ҳам ижобий дейиш қийин. Бундай болада жавобгарликдан кўра, ўзиникини маъқуллатишга уриниш, манманлик ва ожизроқларни камситиш ҳисси устунлик қилади. Баъзан бундай болалар билан алоҳида ишлашга, ота-онасига қайта-қайта огоҳлантириш беришга тўғри келади.

Нега фақат ўғил болалар?

«Playstation»га фақат ўғил болалар киради. Нега? Чунки ўғил болаларда табиатан жанговарлик руҳи баланд бўлади. Бу хислатни  файласуфлардан бири айтганидай, «Ўғил бола — аскардир» дея изоҳлаш ҳам мумкин.

Халқимиз ўғил бола тарбиясида ниҳоятда нозик бир жиҳатга қаттиқ қарайди: мард, ватанпарвар, ботир йигит бўлишига хизмат қиладиган ўйинлар ўйнашни ўргатади, шу руҳда тарбия беради. Бироқ ҳозир болаларимиз учун бу тарбия усулимизни компьютер ўйинларига ишониб, уларнинг беқиёс ўрнини техника аталмиш ҳиссиз матоҳга алмаштириб юбормаяпмизми? Ҳақиқий эр йигитлик хислатлари болага миллий ўйинларимиз, китобу қадриятларимиз орқали сингдирилмайдими? 

Ўғил болаларни айнан жанговарлик хислати шундай жангари «ўйин»ларга жалб қилади. Аммо бу хислат «Playstation»ларда шаклланса, оқибати қандай бўлади?

— Таг-замирида ваҳшийлик, бузғунчилик психологияси мавжуд «ўйин»лар болага ҳеч қандай фойда бермайди, — дейди психолог Акмал ­МИРМУҲСИНОВ. — Қайтанга, унинг руҳиятида ўткир ижтимоий хасталиклар — бефарқлик, беандишалик, ахлоқсизлик, бузғунчилик, тажовузкорлик, жиноятга мойиллик  кабиларни пайдо қилади. Ҳаётга, инсонлар тақдирига енгил қараш каби иллатларни юзага келтиради. Биласизми, болалар нега компьютер ўйинларига муккасидан кетади? Чунки улар шунчалик моҳирлик билан ишлаб чиқиладики, ҳайрон қоласиз: уларда бола осонлик билан ғалаба қозонади. Ғолиблик ҳисси эса болани янада «руҳлантириб», ўзига жалб этади.

Болаларимизни ана шундан эҳтиёт қилишимиз керак. Эртага у ҳаёт машаққатларини зиммасига олишдан чўчийдиган, оддий қийинчиликлар олдида ҳам довдираб қоладиган, оқибатда, ўз қобиғига ўралиб, жамиятда ҳам, оилада ҳам ўрнини топишга қийналадиган бир касга айланиб қолганида кеч бўлиши мумкин.

Халоскор йўл

Ўғил боладаги жанговарлик хислати тўғри тарбияланса, улар мард, жасур ҳимоячи бўлиб вояга етишади. Акси бўлса, улардаги бу хислат турли бузғунчиликларга хизмат қилиши ҳеч гап эмас.

— Бу мени ҳам жиддий ўйлантирадиган масала, — дейди мухлисимиз Дилноза ­РИХСИБОЕВА. — Ўғлимизни компьютер ўйинларидан чалғитишга кўп ҳаракат қилдик. Бўш вақтини қолдирмаслик учун турли фан тўгаракларига олиб бордик. Лекин барибир «ўйин»га қизиқиши йўқолмади. Муккасидан кетиб ўйнамаса-да, бўш вақт топди дегунча компьютер ўйинхонасига югуради. Ҳозир бошимиз қотган. Нима қилсак бўлади?

Дарҳақиқат, қандай қилиб болаларни компьютер ўйинлари домидан олиб чиқиш мумкин?

Масаланинг оддийгина ечимларидан бири — бу спорт. Сабаби, спорт ўғил боланинг жанговарлик истакларини қондириш билан бирга, уни ҳар томонлама камол топтиришга хизмат қилади. Эътиборлиси, спортнинг ҳамма турида жанговарликни тарбияловчи жиҳатлар  мавжуд.

— Спорт билан шуғулланаётган бола нафақат компьютер ўйинларига, балки бошқа енгил-елпи ҳавасларга ҳам чалғимайди, — дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий, Кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Мурад ­ДЎСИМБЕТОВ. — Шуғулланишни бошлагандан кўп ўтмай, ҳар қандай боланинг жисмоний ҳолати ҳам, феъл-атвори ҳам ўзгаради. Спорт болада, аввало, орият ҳиссини камол топтиради. Биз болаларни гуруҳларга бўлиб, курашга туширамиз. Улар ўз гуруҳи шаънини ҳимоя қилиш учун астойдил олишади. Бундай руҳда улғайган бола эртага оиласи, Ватани ор-номусини ўзиники деб билади ва ҳимоя қилади.

Машғулотлар боланинг иродасини тоблайди. Ҳаёт машаққатларига масъулият билан қарашни ўргатади. У эртага спортни эмас, бошқа соҳани танлаган тақдирда ҳам ишига масъулият билан қарайди. Меҳнатдан қочмайди, аксинча, жавобгарликни ўз зиммасига олишга шай туради. 

Спорт билан шуғулланаётган боланинг ўзини тутишида ҳам йигитларга хос вазминлик шаклланади. Ҳар бир ишга жиддий ёндашади ва охирига етказмай қўймайди. Ўзидан ожизларни ҳимоя қилади, кўмаклашади.

Ота ўрнак бўлса...

Тўғри, ҳамма ўғил бола ҳам спорт билан шуғулланиб, спортчи бўлмаслиги мумкин. Бироқ соғлом вужуд ва ақл учун отанинг ўрни жуда катта: ўғлига болаликдан бадантарбия қилишни ўргатиши, ўқишдан бўш вақтини «Playstation»да эмас, уйда спорт билан, дейлик, ҳеч бўлмаса, шахмат, шашка ўйнаб ўтказишни ўргатиши мумкин-ку. Шахмат-шашка ақлни пешлайди, тафаккурни чархлайди, керак бўлса, ҳаёт ҳақида билим беради. 

Ота бола билан дарсларини бирга тайёрлаш асносида уйда турли фойдали ўйинларни ўйнашга, ҳаёт сабоқларидан дарс беришга эринмаслиги керак. Ахир, компьютер бўлмаган замонларда оталаримиз шундай йўл тутган-ку. Ёддан чиқармайлик: ҳали ҳаётий қарашлари шаклланиб улгурмаган болаларимизни виртуал дунёда ёлғиз қолдириб бўлмайди. Акс ҳолда, уларнинг қалбини разолат дояси — қабоҳат, ваҳшийлик устига қурилган ўйинлар эгаллаб олиши ва келгусида бу ўта хунук оқибатларга олиб келиши мумкин.  

«Кўк кит» доми

Болаларимиз онгига тобора чуқур чирмашиб бораётган ўргимчак тўри, афсуски, фақат жанговар ўйинлар билан чекланиб қолмаган. Бугун ижтимоий тармоқлар орқали қора кучлар томонидан жадал тарғиб қилинаётган, юзлаб ўсмирларнинг ёстиғини қуритган «Кўк кит» номли виртуал ўйин балосидан кўплаб ота-оналар «дод» деяпти.

Айнан мустақил фикри тўла шаклланиб улгурмаган ўсмирларни ўз домига тортаётган ушбу офатнинг эпидемия сингари шиддат билан тарқалиб, бизнинг диёримизга ҳам хатар солаётгани эса ҳар биримизни ҳушёрликка ундайди. Фарзандларимизни ёлғиз қолдирмаслик, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, онг-тафаккурини фақат фойдали илмлар билан тўлдириш, мустақил фикрлайдиган, фойда-зиённи биладиган, ўзлигини таниган инсонлар этиб тарбиялаш кераклигини такрор ва такрор эслатиб қўймоқда.

Ана шундай эътибор ва ҳушёрлик билангина фарзандларимизни ёт ғоя ва қора кучлардан асраб қолишимиз мумкин.

Зилола ХУДОЙБЕРДИЕВА,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

ЮНЕСКО ёшлар форуми:  Иқлим ўзгариши  муаммолари  ва ечимига асосий  эътибор  қаратилди

ЮНЕСКО ёшлар форуми: Иқлим ўзгариши муаммолари ва ечимига асосий эътибор қаратилди

🕔16:36, 30.10.2025 ✔41

Самарқандда бошланган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида қадимий шаҳарда ЮНЕСКОнинг 14-Ёшлар форуми бўлиб ўтди.

Батафсил
Сунъий интеллект ва  энергетика инқирози:  ChatGPT учун  ким тўлайди?

Сунъий интеллект ва энергетика инқирози: ChatGPT учун ким тўлайди?

🕔09:12, 23.10.2025 ✔66

Бугун техник имкониятлар яшин тезлигида ривожланиб бормоқда. Ҳатто бошланғич синф ўқувчиси ҳам сунъий интеллект нималигини ва ундан фойдаланишни билади. Албатта, бу жуда кўп-кўп соҳаларда катта ижобий имкониятларни бермоқда. Ҳа, сунъий интеллект имкониятларини биз ҳали тўлиқ баҳолай олганимизча йўқ. Аммо танганинг иккинчи томони борлигини унутмаслигимиз зарур.

Батафсил
1 октябрдан  нималар ўзгаради?

1 октябрдан нималар ўзгаради?

🕔15:41, 03.10.2025 ✔94

Ўзбекистонда 1 октябрдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида билишни хоҳлайсизми? Марҳамат танишинг, уларни бу ерда жамладик.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар