оила бузилишига сабаб бўладими?
Она ҳайрон, бир ҳафта аввал қизига келган совчилар «қўнғироқ қиламиз», деб дарак ҳам беришмади. Қизини кўрмасданоқ нега айнишди? Уларга нима маъқул келмади?
Чуқур ўйга ботиб, саволларига жавоб ахтараётган она ҳамма нарсани ўйлади-ю, эшигининг олди супурилмагани, уйининг бетартиблигини ҳисобга олмади.
Келган совчи қизнинг оилада қандай тарбия кўргани, рўзғор юмушларига уқувини остонанинг тозалиги, уйнинг саранжом-саришталиги-ю, дастурхоннинг тартиб билан безатилишига қараб баҳолайди.
Катта орзу-умидлар билан ўғил улғайтирган она муносиб келин олишни, хонадони файзига файз қўшилишини истайди. Бунинг учун эса эпли, пазанда ва уқувли қиз қидиради. Хўш, бугун ўзга хонадонга узатилаётган қизларимиз шу каби талабларга тайёрми? Уларни рўзғор юмушларига тайёрлайдиган оналаримиз фарзандига шахсий намуна бўла оляптими?
Меҳнатга бўйни ёр бермайди
— Қизларга уч-тўрт ёшдан саранжом-саришталикни секин-аста тушунтириб бориш керак, — дейди «Оила» илмий-амалий маркази мутахассиси Муҳиба ҲАМИДОВА. — Олти-етти ёшдан эса улар онаси-бувиси қилаётган ишларга ёрдамлашишни истайди. У ҳам сиздек гуруч тозалаш, ҳовли супуриш ёки идиш ювишга ҳаракат қилади. Шундай вақтда нари тур, деб эмас, балки ёнимизга олиб, ўргатиб боришимиз керак. Ўн икки-ўн уч ёшда бир-икки хил овқатни пиширишни билиши, рўзғордаги ҳар бир буюмни ўз ўрнига қўйиши, овқатланиб бўлгач, дастурхонни йиғиштириб, уйни озода сақлаш кўникмалари шаклланган бўлиши лозим. Йўқса, қиз балоғат ёшига етганда, рўзғор юмушлари малол кела бошлайди. Меҳнатга бўйни ёр бермай қолади.
Ҳозир мактабгача таълим муассасаси ва мактабларда «Зумрадойлар мактаби», «Ораста қизлар» тўгараклари ташкил этилган. Бу ишларнинг оила билан бирга таълим муассасаларида ҳам олиб борилиши яхши самара беради.
Кузатувларимиздан маълум бўлишича, кўп оналарнинг қизига етарли вақт ажрата олмаслиги, «ҳали ёш-ку» қабилида уларни аяб, рўзғор ишларига жалб этмаслиги, онанинг бу борада фарзандига шахсий намуна бўла олмаётгани муаммони юзага келтираётган асосий сабаблардир.
«Ҳали бола бўлса...»
Уйимизга меҳмонга келган қариндошим дарров «кетаман»га тушиб қолди. Сабабини сўрасам, уйда ишлари кўплиги, овқат қилиши кераклигини айтди. Ҳайрон бўлиб, «Ахир, коллежда ўқийдиган қизингиз бўлса, кичиги ҳам кейинги йил мактабни тамомлайди, ўзлари қилиб қўйишар», дедим. Шунда у лабини тишлаб, «Қилолмайди-да, иш буюрсам, қайнонам: «ҳали бола бўлса, ўзингиз қилинг, уларни кўп қийнаманг», деб койиб беради. Турмушга чиққач, ўзга хонадонга бориб, рўзғорни қандай эплашини ўйласам, сиқилиб кетаман», деди куюниб.
Кўпинча, мана шу каби ҳолатлар акси ўлароқ, нуроний онахони бор хонадонларда улғайган қизлар ишига пишиқ-пухта, пазанда ва тикувчилиги билан борган жойида ҳурмат қозонади. Бувиларнинг набирасига бирор юмушни қунт билан тушунтириши қизларда шу ишга иштиёқ уйғотади.
— Икки қизни тарбиялаб, узатдим, — дейди Яшнобод тумани «Тонг» МФЙ яраштириш комиссияси аъзоси Зоҳида МАЖИДОВА. — Мана, ҳозир олти нафар қиз набирамни ёнимга олиб, уч-тўрт ёшдан чучвара, сомса тугишни, қўлига игна бериб, тугма қадашни ўргатяпман. Ҳозир анча қўли келишиб қолди. Ўзининг енгилроқ кийимларини ювади. Ўн беш-ўн олти ёшли катта набираларим овқат қилади, ширин-ширин пишириқлар тайёрлайди. Онасининг дастёри бўлиб қолишган.
Шунча йиллик ҳаётий тажрибамга таяниб айтишим мумкинки, ҳунарли ва эпли қиз борган хонадонини ҳам гуллатади.
«Болалигимда бувим қиз бола бировнинг уйига борганда супур-сидир, пишир-куйдирни билмаса, ота-онаси шаънига яхши гап бўлмаслигини кўп уқтирарди, — деб ёзади газетамизга хат йўллаган бухоролик Зиёда УМАРОВА. — Бирор юмуш бошласа, ёнига чақириб, менга ҳам ўргатарди. Овқатга қанча миқдорда ёғ, гўшт ва сабзавот солишгача эътибор билан тушунтиргани хотирамга муҳрланиб қолган. Ҳатто сабзи, пиёз, картошканинг пўчоғини қандай артишни ҳам эринмай кўрсатарди. Мана, энди келин бўлиб, улар тутган йўлнинг қанчалик тўғри эканини англаб етдим».
Онанинг хатоси
Вақтида берилмаган таълим-тарбия худди илдиз отиб кетган касалликка ўхшайди. Унга даво топиш тобора мушкуллашиб боради. Айниқса, қиз боланинг келажакда борган хонадонида тинч-тотув турмуш кечириши унинг нечоғли уқувли эканига ҳам боғлиқ.
— Кўпинча келишмовчиликлар юзага келган оилаларга бориб, бунинг сабабини суриштирганимизда қайноналар келинининг рўзғор тутумига уқуви йўқлигидан норози бўлади, — дейди Андижон тумани «Бобоғози» МФЙ маслаҳатчиси Замира ҒУЛОМОВА. — Унинг ошхона юмушларини пала-партиш бажариши, ҳатто, чой дамлашда чойнакни чаймаслиги ҳам катта муаммоларга сабаб бўляпти. Келиннинг қозонни нари-бери ювиб, сувини оёқ остига сепиши ҳақиқатан ҳам мақтайдиган ҳолат эмас. Ачинарлиси эса, оналарнинг қилган хатоси қизининг ҳам турмушига салбий таъсир кўрсатади.
Она қизига ёшлигиданоқ, қозон бошига боришдан аввал сочни йиғиштириб, рўмол ўраб олиши, ҳар бир ишда саранжом-саришта бўлишни ўргатиши зарур. Шундай ҳолатлар сабаб учрашувлар ташкиллаштириб, тушунтириш ишлари олиб боришимиз натижасида кўпгина оналар ҳунарли, зийрак ва ораста қизлар оила қургач, тиниб-тинчиб бораётганини англаб етишяпти.
Ўқиса ҳам уқуви йўқ
Яқинда маҳалламизга тушган келиннинг бир нечта дипломи борлиги, етти-саккизга яқин ўқув курсларини тамомлагани ҳақида роса гап тарқалди. Пишириқлар ҳам тайёрлашини эшитиб, торт учун қолип сўраб бордим. Дарвозани очган қайнона мени ичкарига бошлади. Кирдим-у, доим саришта турадиган ҳовлида ҳамма нарса бетартиб ёйилиб ётганини кўриб, ҳайрон бўлдим. Хонтахта четига ўтирган ҳам эдим, янги келин чети учган пиёлада чой узатди. Шунда ўйланиб қолдим, қизини турли ўқув курсларида ўқитиб, бир дунё маблағ сарфлаган она наҳот унга рўзғорнинг оддий қоидаларини ўргатишга эринган бўлса...
Мавзу юзасидан айни уйланиш ёшидаги йигитлар билан ҳам суҳбатлашганимизда уларнинг деярли барчаси пазанда, уй ишларига чаққон қизга уйланишни хоҳлашини айтишди. Улар бўлажак турмуш ўртоғининг оила аъзоларига чиройли муомалада бўлиши, турмушнинг турли паст-баландига бардош бера олиши, уйидаги гапни кўчага олиб чиқмаслигини исташи ҳам маълум бўлди.
Қайнона ҳам ўргатса...
— Ҳар бир оиланинг ўз қадрияти бўлади, — дейди Сергели политехника касб-ҳунар коллежи психологи Лайло НОДИРОВА. — Қизларнинг янги шароитга мослашиб кетиши бироз қийин кечиши мумкин. Шундай вақтда келин туширган қайнота-қайнона, оила аъзолари унга ёрдам бериши, билмаганини ўргатиши кераклигини ҳам ёддан чиқармаслик зарур. Кўпчилик ҳар жиҳатдан ўзига мос келин олишни истайди. Унинг камчиликлари кўзига жуда катта хато бўлиб кўринади. Бунинг ортидан ажрашиб кетаётганлар ҳам талайгина. Ўзаро ҳамкорлик ва ҳамфикрлик бўлгандагина бахтли оилалар сони кўпайишига эришамиз.
Қайнота-қайнонанинг «Отангга раҳмат», дея келинининг ишига тасанно айтиши уни тарбиялаган ота-онага берилган энг олий мукофот. Қизининг келин бўлиб борган хонадонни ёғ тушса ялагудек озода сақлаши, бир-биридан мазали таомлар тайёрлаб, оила аъзоларининг кўнглига йўл топиши, уларнинг узоқ йиллик меҳнати мевасидир. Бу масалада бироз оқсаш ёки ҳафсаласизлик қилишнинг эса оқибати ғоят кўнгилсиз. Ҳар бир қиз тарбиялаётган она буни ёддан чиқармаслиги зарур.
Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА,
«Оила даврасида» мухбири