(«Отамнинг ўгитлари» туркумидан)
Бешинчи ё олтинчи синфда ўқиётган йилларим эди. Отам томорқамизнинг анча жойига жўхори экарди. Уни жуда моҳирлик билан парвариш қилардики, кузакда ҳосил анча баракали бўларди.
Мактабдан қайтганимдан кейин мени жўхорига қўриқчи қилиб қўярди. Ҳосилни чумчуқлардан ва қўшниларнинг куркаларидан ҳимоя қилишим керак эди. Апил-тапил нонушта қилиб, қўлтиғимга китобни олганча томорқамизнинг четига бориб ўтирардим. Ҳар замонда чумчуқларга «ҳайт» деб қўяман ёки белкуракка кесак солиб, экинзорнинг ўртасига отаман. Бир пайт қизиқарли китобга берилиб кетибман, томорқамизнинг нариги тарафидан қўшнининг куркалари далага ҳужум бошлабди, мен эса бундан бехабар қолибман. Куркаларга кўзим тушиши билан уларни ҳайдашга тушдим. Куркалар ҳам эллик чоғли бўлиб, бутун томорқа бўйлаб тарқалиб кетишганди. Қўлимга кесак олиб, уларни қуваётсам, отган кесагим бехосдан бир курканинг бошига тегди. Қолганлари эса қочиб кетди, аммо ўша кесак бошига теккан курка оёқ қоқиб ҳаёт билан видолашмоқда эди. Нима қиларимни билмайман. Кейин ўйланиб, куркани уйга — отам ёнига олиб бордим. Уйга борганимда курка охирги нафасини олаётган эди. Отам куркани кўриб, вазиятни тушунди, шекилли, пичоғини қинидан чиқариб уни сўйди. Кейин обдан тозалади. Курка ҳам роса семирган экан, нақ олти-етти килолар бор эди. Отам куркани саранжомлаб бўлгач, гўштини музхонага солиб қўйди.
Кечқурун ҳамма уйда жам бўлгач, отам мени эргаштириб қўшниларникига чиқди.
— Абдулла, ҳов Абдулла, — қўшнини чақирди отам. Абдулла ака эгнига тўнини ташлаб чиқиб келди.
Отам билан қўл бериб саломлашгач, Абдулла ака «хўш, хизмат» дегандай отамга қаради.
— Куркаларингни санаб кўр-чи, ҳаммаси жойидамикан?
Абдулла ака гап нимадалигини англади чоғи, катакка қараб кетди. Бирпасдан кейин «ҳа, ҳаммаси бор экан», дегач, отам билан нариги қўшниникига қараб йўл олдик.
Қўшнини чақиргач, отам унга ҳам бояги саволни берди. Қўшни Йўлдош отанинг кампири куркаларини санагани кетди. Мен кесак отган курка шуларники бўлиб чиқди.
— Йўлдошбой, иним, — деб отам курка билан боғлиқ воқеани унга гапириб берди. — Боламнинг бехосдан отган кесагидан курканг чалажон бўлган экан, ҳаром ўлмасин, деб сўйдим, гўшти музхонада турибди, ўғлингни юбор, бериб юбораман.
— Зарари йўқ, ота, яхши қилибсиз, айб биздан ҳам ўтган, куркаларни боқишни мана бунга ишонгандик-да, — деди орқасида турган ўғлига ишора қилиб. — Асли ҳалол одамсиз-да, сиз айтмасангиз, биз билмас ҳам эдик. Ит еди, деб қўяверардик. Энди, ота, шу курканинг гўштига мен рози. Дуо қилсангиз бас. Бундан кейинига эҳтиёт бўламиз, — деди Йўлдош ака биз билан хайрлашиб.
— Ана, кўрдингми? — деди отам қайтаётганимизда менга, — куркани гўшти энди ҳалол бўлди, ҳаромдан ҳазар, дейишади ота-боболаримиз. Мана бу гапнинг мағзини чақ.
Болтабой МУҲАММАД ҚУРБОН
Фақат оила эмас, ҳаёт қуришга ёшлар тайёрми?
🕔07:32, 04.08.2025
✔234
Бугун Ўзбекистонда ижтимоий ҳаётда юз бераётган ўзгаришлар, глобаллашув, рақамлашув, урф-одат ва анъаналарнинг трансформацияси ҳамда ёшлар онгида шаклланаётган янги қадриятлар фонида оила институтининг мустаҳкамлиги масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Батафсил
Фаровонлик нима?
🕔12:10, 15.05.2025
✔267
Унинг мезони эрталабки бадантарбия, кун бўйи саломат юриш, кам овқатланишга одатланиш, оила билан саёҳатга чиқиш, китоб мутолаа қилиш, кутубхонага бориш, дорихона-ю шифохонага мурожаат қилмаслик, тўй-маъракаларни камхарж ўтказиш кабилар билан ўлчанса ажабмас.
Батафсил
Тарғибот юқори даражада, лекин зўравонлик икки баробар ошган
🕔15:59, 12.12.2024
✔437
Зўравонликка учраганлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича ташкил этилган ишонч телефонига қилинган мурожаатлар сони ноябрь ойида октябрга нисбатан икки баробар ошгани қайд этилди.
Батафсил