Калтатой қишлоғи Чангакдан кейин, Лангар дарёсининг ўнг соҳилида узоқлардан кўриниб туради. Уйлари ҳам худди ерга сепилган марварид доналари каби сочилган. Улар орасидан Жуман муаллимнинг уйини қийналмасдан топдик.
Кун рутубатли ва совуқ эди. Ниҳоят, чопонга ўраниб олган уй соҳиби чиқиб келди.
— Меҳмон оладиган борми?
— Келинглар, келинглар!
Юзидан самимият ёғилиб турган киши келиб, биз билан қўшқўллаб кўришди.
— Қани, меҳмонлар, уйга киринглар, — дея мезбон бизни меҳмонхонага бошларкан, изидан чиққан аёлига деди:
— Қани, момоси, меҳмонлар совқотмасин, печкага ўт қала.
Уйга кирдик. Хонадон шаънига атаб яхши тилаклар билдирдик, ҳол-аҳвол сўрашдик, гап орасида муддаомизни айтдик.
— Эшитдингми, энаси, газетага чиқадиган бўлдинг, тадоригингни кўравер.
Тоғлик аёлларга хос бўй-бастли момо келиб печкага олов ёқиб, устига чойнак қўйди. Сўнг дастурхон ёзиб, неварасидан ликопчаларга солинган ширинликларни узатди. Бир зумда дастурхонда пиёла қўйгидек жой қолмади. Сўнгра чой дамлаб эрининг ёнига қўйди.
— Ўтиринг, хола, сизни ҳам ташвишга қўйдик.
— Меҳмон ҳар куни ҳам келавермайди. Одам бор уйга одам келади-да. Буни қаранг, неваралар мактабига кетишди, келинни ҳам юмуш билан қўшниникига жўнатувдим...
— Бу ёғини сўрасангиз, момонгиз билан турмуш қурганимизга эллик бир йил бўлди, — деб суҳбатни давом эттирди муаллим. — Эр-хотин — қўш ҳўкиз деганидек, мана, рўзғорнинг аравасини тортиб, эл қатори яшаб келяпмиз.
Дарвоқе, қишлоғимизни нега Калтатой дейишган, биласизми? Отам раҳматли баъзида «Олтин жилов, Баҳрин-калтатой», деб қўярди. Яқинда Миллий қомусдан бу сўзнинг туркий уруғларидан бири эканини билдим. Ота-боболаримиз деҳқон ва чорвадор бўлишган. Хусусан, Тоғай бобом қўш ҳайдашда чапдаст бўлган. Тоғай қўшчи деган ном ҳам шундан. Омочга ҳўл арча харидан тиш ясаб, ерни кузда шудгор қиларкан. Кейин офтоб нурини эмган тупроққа мола босиб, кузги буғдой эккан. Ҳосил ҳам меҳнатга яраша бўлган. Ҳозир ҳам қишлоқдошларимнинг ризқ-насибаси, рўзғорнинг ободлиги деҳқончилик ва чорванинг орқасидан. Ҳув, анави кўриниб турган қирнинг орқаси кенг майдон, даштлик. Яйловимиз ҳам ўша тарафда. Қорамол ва қўй-қўзи, эчки-улоқларимиз эмин-эркин ўтлаб юради.
Қишлоғимиз аёллари қадимдан ўрмак тўқиш, йўрма, кашта, палак тикишда чевар бўлган. Хотинини мақтаяпти деманг-у, бу ўртада Қизигул момонгизга тенг келадигани йўқ. Ҳунарини қизлари ва келинларига, қўни-қўшниларга ўргатиб келяпти. Энди ўзимдан айтсам, ёшим етмиш еттининг устида. Ҳозирги Қарши давлат университетининг кимё-биология факультетини тугатиб, ўттиз олти йил мактабда муаллимлик қилдим. Нафақага чиқсам ҳам ҳамон мактаб билан алоқани узганим йўқ. Қолаверса, оқсоқол бўлиб, тўй ва маъракаларга, ҳашарларга бош-қош бўлиб юрибман. Маҳалла идорасига ҳам тез-тез чақириб туришади. Ишқилиб, элнинг хизматидамиз.
Мезбон биз тарафга бир қур назар ташлади ва кулимсираб деди:
— Энди, оиламиз ҳақида момонгиз сўзласин.
Қизигул момога юзландик.
— Яратган эгам бизга тўрт ўғил, уч қиз берди. Қизларимиз тенги чиқиб оилали бўлиб кетишди. Ўғилларимизнинг каттагина ери бор, тадбиркорлик қилишади. Бири машинасида одамларнинг оғирини енгил қилиб юрибди. Биз билан туради. Кенжамиз мактабда аъло баҳога ўқиди. Имтиҳонларга қаттиқ тайёргарлик кўрди. Миллий университетнинг ҳуқуқшунослик факультетига ўқишга кирди. Таҳсилни имтиёзли диплом билан тугатиб, прокурор бўлиб юртга хизмат қиляпти. Келинимиз ҳам ўзимиз тарафдан. Тўрт боласи бор. Таътил пайтларида оиласи билан келиб-кетишади. Қаерда бўлса ҳам бошлари тошдан бўлсин.
— Маъноли гапираркансиз, қаерда ўқигансиз, она? — сўради ҳамроҳим.
— Ҳеч қаерда, — афсуслангандек тин олди момо. — Бизнинг давримизда қиз боланинг шаҳарда ўқиши уят, айб саналарди. Бўлмаса, мактабда аълочи эдим. Адабиёт ўқитувчиси бўламан, деб ният қилардим. Афсус, орзумга етолмадим. Мактабни битиришим билан узатишди. Тоғлик қизларнинг қисмати бир-бирига ўхшаш. Йиллар сездирмасдан ўтиб, ҳозир домла билан ўттиз набира, ўн чеваранинг бобоси, момоси бўлиб юрибмиз-да.
— Сиздек оқила момо бўлиш ҳам бахт, — дедик аёлнинг кўнглини кўтариб. — Сизга ўхшаб фарзандлар камолини кўриш бизларга ҳам насиб этсин...
Олис тоғдаги чекка қишлоқда яшаётган оила соҳибларининг юзидан бир-бирига садоқат ва меҳрни, ўтаётган умридан шукроналикни илғадик. Суҳбатимиз якунига етгач, хонадон соҳибларининг рухсати билан ташқариладик. Жуман муаллим ва аёли бизларга оқ йўл тилаб дуога қўл очишди.
Пурвиқор Лангар тоғига оқшом тушаётган эди.
Турсунбой БОЙМИРОВ,
Ўролбой ҚОБИЛ
Фаровонлик нима?
🕔12:10, 15.05.2025
✔267
Унинг мезони эрталабки бадантарбия, кун бўйи саломат юриш, кам овқатланишга одатланиш, оила билан саёҳатга чиқиш, китоб мутолаа қилиш, кутубхонага бориш, дорихона-ю шифохонага мурожаат қилмаслик, тўй-маъракаларни камхарж ўтказиш кабилар билан ўлчанса ажабмас.
Батафсил