Мутахассисларнинг фикрича, 20 ёшдан сўнг тери аста-секин қаришни бошлар экан.
— Шунинг учун ҳам айнан ана шу ёшдан бошлаб барча турдаги юз териси алоҳида парваришни талаб этади, — дейди косметолог Чарос ҲАКИМОВА. — Тери узоқ вақт ёш кўриниши, хусусан, кўз ва лаб атрофи терисидан пайдо бўладиган ажинларнинг олдини олиш учун қуйидагиларни қўллаш тавсия этилади.
Намлантириш
Агар терига намлик етишмаса, у ультрабинафша нурлари ва атроф-муҳитнинг (иссиқ, совуқ, шамол, чанг ва ҳоказо) таъсири оқибатида қаришни бошлайди.
Бунинг олдини олиш учун ёш терига зардоб ва намлантирувчи кремлар мос келади. Уй шароитида мавжуд бўлган воситалардан фойдаланиш ҳам яхши самара беради. Масалан, қовоқ терисини мойчечак, магнолия (йирик хушбўй гулли доимий яшил бута) дамламаси, бодринг шарбатидан тайёрланган компресслар ёрдамида намлантириш мумкин. Бунинг учун тайёрланган ўткир дамламага пахта ботирилиб, 15 дақиқа давомида қовоқларга қўйилади. Сўнгра зайтун ёғи шимдирилган пахта ҳам шунча вақт қовоқларга қўйиб турилади. Агар ушбу муолажа ҳафтада 1-2 марта такрорланса, терида узоқ вақт ажинлар кузатилмайди. Бундан ташқари, кундалик таомномада албатта Е ва С витаминларига бой маҳсулотлар бўлиши керак.
Озиқлантириш
Озиқлантириш — тери парваришининг муҳим босқичидир. Тери қаришининг олдини олишда озиқлантирувчи тунги кремлар ҳам ижобий таъсир қилади. Уларнинг таркибида ретиноль, витаминлар, оқсиллар мажмуаси — коллаген бўлиши шарт.
Ниқоблар ҳам терини озиқлантиришнинг бир тури бўлиб, улар таркибидаги дармондорилар терига керакли озиқа беради. Аммо, ниқоблардан 7-10 кунда бир марта фойдаланиш тавсия этилади.
Уқалаш
Тери қаришининг олдини олиш учун фақат бир усулнинг ўзи камлик қилади, уқалаш курсини ҳам ўтказиш керак.
Уқалаш олдидан юз териси тозаланиб, намлантирилади, сўнгра крем билан озиқлантирилади. Уқалаш юз ўртасидан чекка ва юқори қисмига томон енгил силаш билан бошланади. Уқалаётганда терини қаттиқ тортмасликка аҳамият бериш керак. Бу муолажа ўн дақиқадан ярим соатгача давом этиши мумкин. Уқалаш муолажаси бир ой давомида ҳар 3-4 кунда бир марта бажарилади. Шундан сўнг крем қолдиқлари тозалаб ташланади.
Уқалашнинг яна бир ажойиб тури механик уқалаш бўлиб, ушбу муолажа турли уқалаш аппаратлари ёрдамида фақат гўзаллик салонларидагина амалга оширилади. Бундай уқалаш терининг энг чуқур қатламларигача таъсир қилади ва уни текислаш хусусиятига эга. Агар ножўя таъсир кўрсатмаса, бундай уқалашни бир йилда икки марта ўтказиш мумкин.
Соғлом озиқа
Нотўғри овқатланиш ҳам терига салбий таъсир қилади. Танага керакли озиқа моддалар етишмас экан, бу терида намоён бўлади. Тери қуруқшаб қолади ёки ундан кўп миқдорда ёғ қатлами ажралиб чиқа бошлайди.
Шунингдек, тана етарли миқдорда сув билан таъминланса, тери ўз меъёрий намлигини сақлайди ва тана ҳам намликка тўйинади. Намланган тери эса, ўз навбатида, ажин пайдо бўлишига камроқ мойил бўлади. Чунки нам тери эластиклигини сақлаб туради.
Шаҳноза РАЖАБОВА
ёзиб олди.
Ўзбекистон Экологик партияси ташаббуси: Веломарафон – экологик қадрият ва соғлом ҳаёт уйғунлиги
🕔09:01, 08.09.2025
✔20
Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Экологик партияси ташаббуси билан Спорт вазирлиги, Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамда «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ Фарғона банк хизматлари офиси ҳамкорлигида «Табиат учун бирлашайлик!» шиори остида веломарафон бўлиб ўтди.
Батафсил
Экологик хавфлар аутизмнинг ортишига сабаб бўляпти...ми?
🕔08:49, 08.08.2025
✔96
Ҳар бир ота-она соғлом, ақлли ва бахтли фарзанд орзусида яшайди. Бу орзуларнинг рўёбга чиқиши нафақат тиббий ёрдам, яхши овқатланиш ёки руҳий барқарорликка, балки бола дунёга келгунгача бўлган муҳит – яъни ҳомиладорлик пайтидаги ташқи таъсирларга ҳам бевосита боғлиқ.
Батафсил
Ошхонадаги кичик буюмнинг катта хавфи
🕔07:23, 04.08.2025
✔118
Кўзга оддий ва аҳамиятсиз кўринадиган идиш ювиш губкаси аслида ҳар бир хонадондаги энг ифлос воситалардан бири эканини биласизми?
Батафсил