Саломатлик      Бош саҳифа

Қизиб бораётган миялар ёхуд инсонлар фикрлашига таъсир қилётган иқлим ўзгариши

Иқлим инқирози энди фақат табиат билан боғлиқ муаммо эмас. У аллақачон инсон организмига кириб борди. Энг хавотирлиси, унинг таъсири танамиздаги мураккаб тизим – бош мия фаолиятида ҳам сезилмоқда. Олимлар жазирама нафақат танани ҳолдан тойдириши, балки фикрлаш, хотира, кайфият ва асаб тизимини ҳам издан чиқариши мумкинлигини таъкид­ламоқда.

Қизиб бораётган миялар ёхуд инсонлар фикрлашига таъсир қилётган иқлим ўзгариши

БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг «Глобал исиш даври тугади, глобал қайнаш даври бошланди» деган машҳур огоҳлантириши бугун фақат атмосфера ҳарорати ёки денгиз сатҳи ҳақида эмас. Бу ибора нейронларимиз (мия ҳужайралари) фаолияти учун ҳам ҳар қачонгидан кўра долзарбдир. Экологик мувозанатнинг бузилиши инсон биологик тизимининг маркази бўлган бош мияни кўринмас зарба остида қолдирмоқда.

Хўш, ташқаридаги аномал иссиқ ҳаво бош суягимиз ичидаги «процессор»га қандай таъсир қиляпти ва нега биз бу хавфни пайқамаяпмиз?

 

Мия ўзини совутолмай қолса...

Инсон мияси тана вазнининг бор-йўғи 2 фоизини ташкил қилса-да, организмдаги жами энергиянинг қарийб 20 фоизини ёлғиз ўзи сарфлайди. У тинимсиз ишлайди: фикрлайди, таҳлил қилади, эслаб қолади, ҳар бир сонияда ташқи муҳитдан келаётган миллионлаб сигналларга жавоб қайтаради. Бундай улкан энергия сарфи натижасида мия ички аъзоларимиз каби ўзидан жуда катта миқдорда иссиқлик ишлаб чиқаради.

Одатда, соғлом одамда мия ҳарорати тана ички ҳароратидан бир даражадан кўп фарқ қилмайди. Бунга сабаб танамизнинг ўзига хос муҳандислик ечимидир. Худди энг замонавий компьютер процессори қизиб кетганда вентиля­тор ёки махсус суюқлик ёрдамида совитилгани каби, миямизни ҳам қон айланиш тизими тинимсиз совитиб туради. Қон томирлари орқали тезкор оқаётган қон миядаги ортиқча иссиқликни олиб чиқиб кетади ва унинг меъёрий ҳароратини сақлайди.

Бироқ ташқарида ҳаво ҳарорати аномал даражада кўтарилиб, жазирама тўлқинлари бош­ланганда, ушбу мукаммал совитиш тизимига ҳаддан ташқари оғир юк тушади. Гап шундаки, мия ҳужайралари иссиқликка ниҳоятда сезгир. Улар ўртасида ахборот узатадиган, ҳиссиётларимиз ва қарорларимизни бошқарадиган махсус молекулалар ўз вазифасини бажариши учун муҳит ҳарорати идеал даражада барқарор бўлиши шарт. Агар мия ҳаддан ташқари қизиб кетса, бу молекулалар тузилиши ўзгариб, улар самарали ишламай қолади.

Лондон университет коллежи неврологи Санжай Сисодиянинг таъкидлашича, ушбу мураккаб жараённи минглаб майда деталлардан иборат механик соатга қиёслаш мумкин. Агар ўша деталлардан биттаси иссиқ ҳаво таъсирида кенгайиб, ўз шаклини озгина йўқотса ҳам, бутун соат механизми издан чиқади, вақтни нотўғри кўрсата бошлайди ёки бутунлай тўхтайди. Биз иссиқ кунлари ҳис қиладиган лоҳаслик, бош оғриғи ва фикрлашнинг секинлашиши миямиздаги ана шу механизм «ғилдиракчалари» қизиб кетаётганидан дарак берувчи жиддий сигналдир.

 

Инсон руҳиятига таъсири

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, юқори ҳарорат тўғри ва мантиқий қарор қабул қилиш сифатини кескин пасайтиради. Жазирама тўлқинлари пайтида инсон мия­сининг режалаштириш ва вазиятни баҳолашга масъул қисмлари сустроқ ишлай бошлайди. Бунинг оқибатида одамлар ўйламай таваккал қилишга, ҳис-туйғуларга берилишга ва кутилмаганда тажовузкор бўлиб қолишга мойил бўлади. Иссиқ об-ҳаво ва жиноятчилик ёки кўчадаги жанжаллар сонининг ортиши ўртасидаги боғлиқлик ҳам айнан миянинг ўзини назорат қилиш қобилияти сусайиши билан изоҳланади.

Бундан ташқари, жазираманинг энг оғир зарбаларидан бири кечаси, ухлашимиз керак бўлган вақтда содир бўлади. Тунги ҳароратнинг юқори бўлиши уйқу сифатини бутунлай бузади. Уйқу пайтида мия кун давомида тўп­ланган токсинлардан тозаланади ва ўзини қайта тиклайди. Жазирама сабабли киши тў­йиб ухлай олмаганда эса, эртаси куни миянинг чидамлилиги янада пасаяди. Бу занжирли реакция нафақат соғлом одамлар кайфиятини тушкун қилиб қўяди, балки руҳий ва асаб тизими касалликларини қўзғатувчи асосий омилга айланади.

 

Иссиқ кимларга зарба бермоқда?

Иқлим ўзгариши ҳамма учун бирдек келаётгандек туюлса-да, унинг миямизга берадиган зарбаси жамиятдаги ижтимоий ва иқтисодий қатламларга қараб турлича бўлади. Бой ва ўзига тўқ хонадонларда кучли кондиционерлар, яшил ҳудудлар ва тоза ичимлик сув таъминоти жазирама таъсирини юмшатиши мумкин. Бироқ, ривож­ланаётган мамлакатларда, иқлим адаптациясига имконияти етмайдиган, кунлик иссиқда очиқ ҳавода меҳнат қиладиган ёки ижтимоий ҳимоя­сиз қатламлар учун бу шунчаки ноқулайлик эмас, балки бевосита ҳаёт-мамот масаласидир.

Экстремал иссиқлик асоратлари, айниқса, учта гуруҳда яққол ва оғир намоён бўлмоқда:

Кексалар ва деменсияга чалинганлар: ёши улуғ инсонлар организмининг ташқи муҳит ҳароратига мослашиш ва тана ҳароратини бош­қариш қобилияти табиий равишда сусаяди. Вазиятни оғирлаштирадиган жиҳати шундаки, деменсия (ақлий заифлик) билан оғрийдиган беморлар жазирама пайтида ўзларини қандай ҳимоя қилишни мантиқан баҳолай олмайдилар.

Тадқиқотлар жазирама тўлқинлари пайтида деменсия билан касалланган беморларнинг шифохонага ётқизилиш ҳолатлари ва ўлим кўрсаткичлари кескин ортишини кўрсатмоқда.

Когнитив (идрок этиш) бузилишлар туфайли улар баъзан етарлича сув ичишни шунчаки унутиб қўйишади, қуёш тик турганда кўчага чиқиб кетишади ёки уйдаги деразаларни ёпиш кераклигини англамайдилар. Бу эса уларнинг ҳаётини тўғридан-тўғри хавф остига қўяди.

Инсульт қурбонлари: глобал ҳароратнинг кўтарилиши мия қон айланишининг кескин бузилиши – инсульт билан боғлиқ ўлим ҳолатларини сезиларли даражада оширмоқда. 25 та мамлакатда ўтказилган кенг қамровли тиббий таҳлилларга кўра, ишемик инсультдан вафот этган ҳар минг нафар беморнинг ўртача икки нафари айнан энг иссиқ аномал кунлар ҳиссасига тўғри келади.

Гериатрия (кексалар тиббиёти) шифокори Бетан Дэвиснинг ҳисоб-китобларига кўра, дунё бўйича ҳар йили тахминан етти миллион киши инсультдан вафот этишини инобатга олсак, жазирама ҳаво ҳар йили қўшимча 10 мингдан ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлмоқда. Энг ачинарлиси, бу ўлим ҳолатларининг асосий қисми соғлиқни сақлаш тизими ва иқтисодиёти заифроқ бўлган ўрта ва паст даромадли мамлакатларга тўғри келмоқда.

Келажак авлодга берилаётган зарба: жазирама нафақат бугун яшаётган инсонлар, балки ҳали дунёга келмаган болалар миясига ҳам таъсир ўтказишга улгурди. Imperial College London профессори Жейн Хирст бошчилигидаги олимлар гуруҳининг аниқлашича, кучли жазирама тўлқинлари муддатидан олдин туғруқлар сонини 26 фоизга оширмоқда.

Муддатидан анча эрта, чала туғилган чақалоқларда эса кейинчалик марказий асаб тизими ва мия ривожланишининг сустлашиши, когнитив қобилиятларнинг тўлиқ шаклланмаслиги хавфи юқори бўлади. Яъни, бугунги экологик инқироз эртанги авлоднинг ақлий салоҳиятини пойдевориданоқ заифлаштирмоқда.

 

Бизни қандай чоралар қутқара олади?

Иқлим ўзгариши ва унинг инсон миясига салбий таъсирини энди шунчаки узоқ келажакдаги прогноз ёки илмий фараз деб бўлмайди. Сайёрамиз исишда давом этар экан, унинг асоратлари бутун жамият ҳаётида – иқтисодиётда, табиатда ва энг ачинарлиси, соғлиғимизда яққол намоён бўлмоқда. «Қизиб бораётган мия» даври аллақачон бошланиб бўлди ва бу инқирозга қарши фақат тиббий дори-дармонлар билан курашиб бўлмайди.

Мутахассислар бизга зудлик билан миллий ва минтақавий даражадаги экологик-ижтимоий ечимлар ҳамда иқлиммий мослашиш (адаптация) стратегиялари зарурлигини айтмоқда. Бунинг учун қуйидаги тизимли чораларни кечиктирмасдан ҳаётга татбиқ этиш лозим:

1.  Шаҳарларни «яшил қалқон» билан ўраш: бетон бинолар ва асфальт қопламалар жазирама иссиқни ўзига ютиб, тунда ҳам ҳавони совитмайди («шаҳар иссиқлик ороллари» эффекти). Шаҳарларимизда кўп қаватли бинолар қуриш суръатини тартибга солиш, дарахтзорлар ва йирик яшил парклар майдонини кескин ошириш шарт. Дарахт­лар соя беришдан ташқари, намликни сақлаб, шаҳар ҳароратини бир неча даражагача пасайтирадиган ягона табиий кондиционердир.

2.  Меҳнат қонунчилигини иқлимга мослаштириш: аномал иссиқ кунларида очиқ ҳавода ишлайдиган энг заиф қатламларни – қурувчилар, деҳқонлар ва ободонлаштириш ходимларини ҳимоя қилиш механизмлари жорий этилиши керак. Куннинг энг иссиқ вақтида (соат 12:00 дан 16:00 гача) мажбурий танаффуслар белгилаш ёки иш вақтини салқинроқ соатларга кўчириш, меҳнат муносабатларини иқлимий ўзгариш­ларга қараб ҳуқуқий тартибга солиш вақти келди.

3.  Эрта огоҳлантириш ва интеграция тизими: гидрометеорология (об-ҳаво) хизмати ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида тезкор маълумот алмашинуви йўлга қў­йилиши керак. Аҳолига шунчаки «эртага ҳаво фалон даража иссиқ бўлади» деб эмас, балки бу иссиқлик асаб тизими, инсульт хавфи юқори бўлган кексалар ва ҳомиладор аёллар учун қандай хавф туғдириши, қандай ҳимояланиш зарурлиги ҳақида тушунарли тиббий-экологик огоҳлантиришлар бериб борилиши шарт.

Атроф-муҳит мувозанатининг бузилиши инсон ички дунёсининг, ҳатто тўғри фикрлаш ва идрок этиш қобилиятининг ҳам издан чиқишига олиб келмоқда. Табиатни асраш, яшилликни кўпайтириш ва глобал исишга қарши курашиш – энди шунчаки шиор ёки эстетик хоҳиш эмас. Бу – инсониятнинг ўз ақлий салоҳиятини, соғлом фикрини ва келажак авлод нейронларини кўринмас ҳалокатдан сақлаб қолиши учун ягона чорасидир.

 

Шаҳруза САТТОРОВА




Ўхшаш мақолалар

Қизиб бораётган миялар ёхуд инсонлар фикрлашига таъсир қилётган иқлим ўзгариши

Қизиб бораётган миялар ёхуд инсонлар фикрлашига таъсир қилётган иқлим ўзгариши

🕔10:47, 30.07.2026 ✔61

Иқлим инқирози энди фақат табиат билан боғлиқ муаммо эмас. У аллақачон инсон организмига кириб борди. Энг хавотирлиси, унинг таъсири танамиздаги мураккаб тизим – бош мия фаолиятида ҳам сезилмоқда. Олимлар жазирама нафақат танани ҳолдан тойдириши, балки фикрлаш, хотира, кайфият ва асаб тизимини ҳам издан чиқариши мумкинлигини таъкид­ламоқда.

Батафсил
Санэпидқўм:    «Ўзбекистонда Эбола вируси    тарқалиши хавфи паст»

Санэпидқўм: «Ўзбекистонда Эбола вируси тарқалиши хавфи паст»

🕔16:40, 04.06.2026 ✔218

Санитария-эпидемиология қўмитаси Ўзбекистонда эпидемиологик вазият барқарорлигини маълум қилди.

Батафсил
Эл саломатлиги ва табиат  мусаффолиги  олий мақсадга айланса…

Эл саломатлиги ва табиат мусаффолиги олий мақсадга айланса…

🕔09:04, 08.05.2026 ✔323

Қуванинг чекка ва сўлим гўшаларида истиқомат қилаётган аҳоли бугун ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни ҳис этмоқда. Бу ўзгаришлар замирида нафақат давлат дастурлари, балки эл дардини ўз дарди деб билган, экология ва инсон саломатлигини уйғунликда кўрадиган фидойи инсонларнинг ҳам меҳнати ётибди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар