Саломатлик      Бош саҳифа

Асалари ва инсоният

Асалари – фақат асал берувчи ҳашарот эмас. У гулли ўсимлик­ларнинг кўпайиши, мева ва уруғ ҳосил қилиши, генетик хилма-­хилликнинг сақланишини таъминлайдиган асосий экологик бўғинлардан биридир.

Асалари  ва инсоният

Инсон истеъмоли учун ишлатиладиган экин турларининг қарийб 75 фоизи маълум даражада асаларига боғлиқ.

Озуқа занжирининг биринчи ҳалқаси!

Асаларисиз беш ва ўн йилдан кейин ҳаётимиз қандай бўлиши эҳтимолини кўриб чиқамиз.

Беш йилдан кейин олма, ўрик, бодом, гилос, шафтоли, қовун-тарвуз, сабзавот, дуккакли ва мойли экинларда чанг­ланиш кескин камаяди. Айрим экинларда қўлда ёки сунъий усулда чанглатишга эҳтиёж пайдо бўлиб, маҳсулот таннархи ва бозор нархи ошади.

Буғдой, шоли ва маккажўхори каби шамол ёрдамида чангланадиган экинлар дастлаб камроқ зарар кўради. Бироқ аҳолини витаминлар, антиоксидантлар, ўсимлик мойлари ва микроэлементлар билан таъминлайдиган мева-сабзавот маҳсулотлари қисқаради.

Илк беш йилликда озиқ-овқат сифати пасаяди ва табиий бирикмалар камаяди.

Ўн йилдан кейин таъсир қишлоқ хўжалигидан табиий экотизимларга ўтади. Асалари орқали чангланадиган ёввойи гулли ўсимликлар камаяди. Уларнинг ўрнини шамолда чанг­ланадиган, қурғоқчилик ва инсон босимига чидамли бир неча тур эгаллайди. Натижада ўсимлик дунёси турларга бой, мураккаб тизимдан бир хиллашган ва заиф тизимга айланади.

Мева, уруғ ва нектарнинг камайиши капалаклар, бошқа ҳашаротлар, қушлар ва майда сутэмизувчиларнинг озуқа базасини қисқартиради. Улар камайгач, йиртқич қушлар ва бошқа ҳайвонлар ҳам озуқасиз қолади. Шундай қилиб, асаларининг йўқолиши бутун озуқа занжири бўйлаб юқорига тарқалади.

Яна бир оғир оқибат – маҳаллий ўсимлик популяцияларининг бир-биридан узилиб қолиши. Асалари турли ўсимликлар ўртасида чанг ташиб, генлар алмашинувини таъминлайди. Бу жараён сусайса, яқин қариндош ўсимликлар ўртасида кўпайиш кучаяди, генетик хилма-хиллик камаяди. Натижада ўсимликларнинг қурғоқчилик, шўрланиш, юқори ҳарорат ва янги касалликларга мослашиш имконияти заифлашади.

Бундан ёмони тупроқ ва ҳаводаги намликнинг камайишидир. Ўсимлик қоплами сийраклашган сари тупроқ очилиб, шамол ва сув эрозияси кучаяди. Чўл ва саҳролар майдони ошади.

 

«Заҳарли ҳаёт» бошланади...

Асаларилар камайганини қоплаш мақсадида кўпроқ агрокимёвий воситалар қўлланса, пестицид қолдиқларининг тупроқ ва сувга тушиш хавфи янада ортади. Бу эса қолган асалариларни ҳам қирадиган ёпиқ экологик ҳалқани ҳосил қилади.

Ўсимлик қопламининг сийраклашуви натижасида ер юзаси кўпроқ қизийди. Ҳаво қуруқроқ ва чанглироқ бўлади, агрозаҳар аэрозоллари таъсири кучаяди.

Инсон оддий ҳаводан нафас ололмайди. Чунки ҳаво таркибида агрозаҳарлар – инсектицидлар, пестицидлар ва гербицидларнинг аэрозоллари миқдори ошиб кетади. Эслатиб ўтиш лозим, агрозаҳарларнинг айримлари саратон келтириб чиқаради. Одамлар кўчаларда махсус ҳимоя ниқоблари билан юришга мажбур бўлади. Агрозаҳарларга тўйинган ҳавони тозалаб бўлмайди. Одамлар кўчишга мажбур бўлади – ички ёки ташқи миграция авж олади. Бир вақтлар ҳаёт қайнаган мегаполислар бўшаб қолади.

Буларнинг ҳаммаси асаларисиз ҳаёт ҳақида илк тасаввурлардир.

Муҳим эслатма: икки йилдан бери Ўзбекис­тонда асаларилар оммавий қирилмоқда!

 

Асаларилар йўқолса, қайси касалликлар авж олади?

Асаларилар йўқолса, мева, сабзавот, ёнғоқ, мойли уруғлар ва дуккакли экинлар ҳосили камайиб, қимматлашади. Натижада аҳоли рационида кўплаб биологик фаол моддалар – витаминлар, аминокислоталар, шунингдек минераллар, антиоксидантлар ҳамда углеводлар камаяди. Касалликлар айнан шу занжир орқали кўпаяди.

1. Камқонлик.

Четдан чангланишга боғлиқ дуккаклилар, кўкатлар, мевалар ва уруғлар камайса, организмда темир, фолат ва С витамини танқислиги бошланади. С витамини темирнинг ичакда сўрилишига ёрдам беради. Шу боис ҳолсизлик, бош айланиши, меҳнат қобилияти пасайиши ва ҳомиладорларда хавфли кечадиган анемия кўпайиши мумкин.

Асалари ёрдамида чангланадиган айрим маҳсулот турларини санасак: олма, нок, беҳи, гилос, олча, ўрик, шафтоли, олхўри, бодом, қулупнай, малина, тарвуз, қовун, қовоқ, бод­ринг, киви, авокадо, манго, апельсин, мандарин, лимон, грейпфрут...(рўйхат жуда узун)

2. А витамини танқислиги.

Сабзи, қовоқ, ўрик, қовун ва бошқа сариқ-қизғиш маҳсулотлар камайиши каротиноидлар истеъмолини чеклайди. Натижада болаларда кўриш қобилияти, иммун ҳимояси ва ўсиш жараёни бузилади; оғир ҳолатда «шабкўрлик» пайдо бўлади. Асаларилар йўқолганда энг кучли зарар кўрадиган моддалардан бири айнан А витамини экани тадқиқотларда кўрсатилган.

3. Иммунитет заифлашиши.

С ва А витаминлари, фолат, рух ва антиоксидантларга бой маҳсулотлар камайса, тери ва шиллиқ қаватларнинг ҳимояси, антитана ҳосил бўлиши ҳамда иммун ҳужайралари фаолияти сусаяди. Шунинг учун респиратор ва ичак инфекциялари оғирроқ кечиши, яралар секин битиши мумкин. Организмнинг мавжуд инфекцияларга чидамлилиги пасаяди.

4. Юрак-қон томир касалликлари ва инсульт.

Мева, сабзавот ва ёнғоқлар калий, фолат ва антиоксидантларнинг муҳим манбаидир. Улар камайса, рационда тузли, ёғли ва айрим углеводли маҳсулотлар улуши ортади. Бу қон босими, холестерин ва атеросклероз хавфини ошириб, юрак ишемик касаллиги ҳамда инсультни кўпайтиради.

5. Семириш ва 2-тур қандли диабет.

Қимматлашган мева-сабзавот ўрнини кўпинча арзон ун маҳсулотлари, шакар ва ёғ эгаллайди. Калорияси юқори бундай рацион тўйиш ҳиссини кечиктиради, қонда глюкоза кес­кин кўтарилиши ва инсулинга чидамлиликни кучайтиради. Натижада семириш, жигар ёғланиши ва диабет хавфи ортади.

6. Айрим саратон турлари.

Сабзавот ва мевалардаги углеводлар, каротиноидлар, флавоноидлар ва бошқа биофаол бирикмалар ҳужайраларни оксидловчи зарардан ҳимоя қилишда иштирок этади. Уларни кам истеъмол қилиш, айниқса қайта ишланган маҳсулотлар кўпайиши билан бирга, йўғон ичак ва айрим бошқа саратон турлари хавфини ошириши мумкин.

7. Ҳомила ривожланишидаги нуқсонлар.

Кўкатлар, дуккаклилар ва айрим мевалардан олинадиган фолат камайса, ҳомиланинг нерв найи нуқсонлари хавфи ортади. Бу айниқса ҳомиладорликнинг дастлабки ҳафталарида муҳим. Болаларда эса микроэлементлар танқислиги ўсиш ва ақлий ривожланишнинг секинлашишига олиб келиши мумкин.

Хулоса шуки, асаларилар йўқолганда биринчи бўлиб «яширин очлик» – витамин ва микроэлементлар танқислиги авж олади. Унинг ортидан камқонлик, иммун заифлиги, юрак касалликлари, диабет ва айрим саратонлар кўпайиши мумкин.

Табиий маҳсулотлардан олинадиган ва юқорида санаб ўтилган биологик фаол моддалар (А, В, С витаминлари, антиоксидант хусусиятли бирикмалар, фолат кабилар)нинг кимёвий муқобил шакллари сотувга чиқарилади. Одамлар мева ёки сабзавотлар ўрнига ана шу кимёвий бирикмалар қўшилган маҳсулотларни истеъмол қилишга ўтади...

Хуллас, бу воқеалар ривожининг қисқа тавсифи. Аслида, жараён ўта мураккаб ва чуқур.

Энди тасаввур қиляпсизми, биргина асалари табиатда бўлмаса инсонга қандай таъсир этишини? Лекин бу ҳаммаси ҳам эмас. Инсоннинг умумий биологияси ҳам чуқур ўзгариш­ларга учрайди.

Дунё геосиёсати бошқа ўзанга тушади... асаларисиз ҳаёт сабаб.

Хулоса эса ўзингиздан.

 

Бахтиёр АБДУҒАФУР,

биолог олим




Ўхшаш мақолалар

Асалари  ва инсоният

Асалари ва инсоният

🕔10:55, 18.09.2026 ✔47

Асалари – фақат асал берувчи ҳашарот эмас. У гулли ўсимлик­ларнинг кўпайиши, мева ва уруғ ҳосил қилиши, генетик хилма-­хилликнинг сақланишини таъминлайдиган асосий экологик бўғинлардан биридир.

Батафсил
Шаҳарларда дарахтлар йўқолишининг яна бир  фожиали  оқибати

Шаҳарларда дарахтлар йўқолишининг яна бир фожиали оқибати

🕔10:14, 10.09.2026 ✔115

Шаҳар кўчаларидаги катта ва соя берадиган дарахтлар нафақат шаҳарни чиройли қилиб туради, балки улар инсон саломатлиги ва ҳатто ҳаёти учун ҳам муҳим омил бўлиши мумкин.

Батафсил
Ўзбекистон ортиқча вазн бўйича  МДҲда  биринчи  ўринда

Ўзбекистон ортиқча вазн бўйича МДҲда биринчи ўринда

🕔12:50, 13.08.2026 ✔177

ЖССТ маълумотлари асосида Our World in Data тузган рейтингга кўра, Ўзбекистон ортиқча вазн тарқалиши бўйича МДҲ давлатлари орасида етакчи ҳисобланади. Мамлакатда катта ёшли аҳолининг қарийб 64 фоизи ортиқча вазнга эга.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Асалари  ва инсоният

    Асалари ва инсоният

    Асалари – фақат асал берувчи ҳашарот эмас. У гулли ўсимлик­ларнинг кўпайиши, мева ва уруғ ҳосил қилиши, генетик хилма-­хилликнинг сақланишини таъминлайдиган асосий экологик бўғинлардан биридир.

    ✔ 47    🕔 10:55, 18.09.2026
  • Шаҳарларда дарахтлар йўқолишининг яна бир  фожиали  оқибати

    Шаҳарларда дарахтлар йўқолишининг яна бир фожиали оқибати

    Шаҳар кўчаларидаги катта ва соя берадиган дарахтлар нафақат шаҳарни чиройли қилиб туради, балки улар инсон саломатлиги ва ҳатто ҳаёти учун ҳам муҳим омил бўлиши мумкин.

    ✔ 115    🕔 10:14, 10.09.2026
  • Ўзбекистон ортиқча вазн бўйича  МДҲда  биринчи  ўринда

    Ўзбекистон ортиқча вазн бўйича МДҲда биринчи ўринда

    ЖССТ маълумотлари асосида Our World in Data тузган рейтингга кўра, Ўзбекистон ортиқча вазн тарқалиши бўйича МДҲ давлатлари орасида етакчи ҳисобланади. Мамлакатда катта ёшли аҳолининг қарийб 64 фоизи ортиқча вазнга эга.

    ✔ 177    🕔 12:50, 13.08.2026
  • Қизиб бораётган миялар ёхуд инсонлар фикрлашига таъсир қилётган иқлим ўзгариши

    Қизиб бораётган миялар ёхуд инсонлар фикрлашига таъсир қилётган иқлим ўзгариши

    Иқлим инқирози энди фақат табиат билан боғлиқ муаммо эмас. У аллақачон инсон организмига кириб борди. Энг хавотирлиси, унинг таъсири танамиздаги мураккаб тизим – бош мия фаолиятида ҳам сезилмоқда. Олимлар жазирама нафақат танани ҳолдан тойдириши, балки фикрлаш, хотира, кайфият ва асаб тизимини ҳам издан чиқариши мумкинлигини таъкид­ламоқда.

    ✔ 241    🕔 10:47, 30.07.2026
  • Санэпидқўм:    «Ўзбекистонда Эбола вируси    тарқалиши хавфи паст»

    Санэпидқўм: «Ўзбекистонда Эбола вируси тарқалиши хавфи паст»

    Санитария-эпидемиология қўмитаси Ўзбекистонда эпидемиологик вазият барқарорлигини маълум қилди.

    ✔ 306    🕔 16:40, 04.06.2026
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар