Ўзбек ва туркман халқлари дўстлигининг илдизи инсон зоти яралган энг қадимий даврларга бориб тақалади.
Халқларимизнинг қадимий дўстлиги икки элнинг буюк шоирлари Алишер Навоий ва Махтумқули сатрларида ҳам ўз тавсифини топган. Алишер Навоий ҳазратлари «Фарҳод ва Ширин» достони ниҳоясида «Агар бир қавм бўлса, юз ёки минг бўлса ҳам, муайян турк халқи асли меникидир», дейди ва байтдаги «юз» ва «минг» сўзларини ҳам саноқ, ҳам қадимий ўзбек қавмлари маъносида қўллаб, сўнг чиройли эътироф билан айтади:
Кўнгул бермиш сўзумга турк, жон ҳам,
Не ёлғуз турк, балким туркмон ҳам!
Бунда туркман халқининг ўзига хос миллат эканига равшан ишорат бор.
Махтумқули ҳам Хивадаги Шерғозихон мадрасасида таълим олганини таъкидлаб, Баҳоуддин Нақшбанд, Саййид Амир Кулол, Занги ота каби маънавият дарғаларига улуғ муҳаббат ва эътимодини ошкор баён қилади ҳамда ҳақиқий дўстлик ва қардошликнинг олий намунасини кўрсатади:
Деҳистоннинг байиринда
Боди сабони кўрсам.
Баҳоуддин, Мир Кулол,
Занги Бобони кўрсам.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов юритаётган дўстлик ва ҳамкорлик сиёсатининг маънавий асослари шу қадар қадим ва мустаҳкамдир.
Мамнуният билан эслаймиз, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатида илк хорижий ташрифини Туркманистондан бошлаган эди. Самимий муҳитда ўтган музокаралар давомида давлат раҳбарлари икки томонлама ҳамкорликнинг барча жабҳалари, халқаро миқёсдаги ҳамжиҳатлик юзасидан фикр алмашган эди.
Икки давлатнинг ташқи сиёсати ҳам муштарак: ўзга мамлакатларнинг ички ишларига аралашмаслик, чегаралар дахлсизлигини ҳурмат қилиш, халқаро муаммо ва можароларни тинч йўл билан ҳал этиш, халқаро ҳуқуқнинг ялпи эътироф этилган барча қоида ва мезонларига амал қилиш, тинчликпарварлик, яхши қўшничилик.
Ўзбек ва туркман халқларини бир-бирига яқинлаштирадиган омиллар кўп. Энг биринчи омил пок ва муқаддас динимиз бирлигидир. Иккинчи муҳим омил — маданият ва санъат, адабиётимиз умумий. Мулланафас, Махтумқули, Андалиб, Камина сингари туркман мумтоз адабиёти вакиллари ҳазрат Навоийни устоз билган. Айни вақтда Махтумқули шеърияти ўзбек халқининг ўз мулкига айланиб кетган, у зот янги давр ўзбек шоирларининг устози мақомига эришган, беназир адибнинг шеърларини билмаган ва куйламаган ўзбек ҳофизи йўқ.
Учинчи муҳим омил қадимдан аҳил ва тотув яшаб келган ён қўшнилигимиз, бир дарёдан сув ичган, ўзаро савдо-тижоратни йўлга қўйган, бир-бирининг маданияти ва маънавиятини бойитган халқлар эканимиздир.
Илм-фан соҳасидаги ҳамкорликнинг юксалишига алоҳида эътибор берилаётгани, икки мамлакат олимлари қишлоқ хўжалиги, нефть кимёси ва кўплаб бошқа жабҳаларда биргаликда изланишлар олиб бораётгани, албатта, эътиборлидир. Зеро, илм ҳаёт аломати, тириклик белгисидир. Шунинг учун илмга ва илм аҳлига эътиборни миллат ҳаётига бўлган эътибор, деб англаймиз.
Олий даражадаги учрашувлар чоғида Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедовга Ўзбекистонда чоп этилган Махтумқули сайланмасини совға қилганида Туркманистон Президенти китоб энг яхши туҳфа эканини таъкидлаб, Президентимизга миннатдорлик билдирган эди.
Яратганнинг гўзал неъматларидан бири — китоб ҳадя этиш буюк аждодларимиздан келаётган қутлуғ анъанадир. Чунончи, ҳазрат Навоий айтади:
Не мулк ичраки бир фармон йибордим,
Анинг забтиға бир девон йибордим.
Бу гўзал байтдан маълум бўладики, китоб — яхшилик ва пок ният, дўстлик ва тинчлик, самимият ва ҳамкорлик элчисидир.
Халқларимизнинг яна бир гўзал анъанаси кўчат ўтқазиш, боғ барпо этишдир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Туркманистонга ташрифи асносида Фахрий меҳмонлар хиёбонига кўчат ўтқазган эди. Албатта, моддий кўчатни экиш даври, униб-ўсиш вақти бўлади. Лекин маънавий кўчатлар — дўстлик ва ҳамкорлик кўчатлари учун мавсумнинг фарқи йўқ: улар ҳар қандай фаслда яшнайверади. Дўстлик кўчатлари абадий сўлмайдиган, мангу яшнаб турадиган ҳақиқий дарахтлар бўлажакдир.
Мирзо КЕНЖАБЕК,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси
(ЎзА)
Тошкент – Самарқанд янги автомобиль йўли қурилишига старт берилди
🕔15:23, 23.07.2026
✔3
Ўзбекистон тарихидаги илк «яшил» ва инновацион йўл
Президент Шавкат Мирзиёев 22 июль куни Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманига ташриф буюриб, Тошкент – Самарқанд йўналишидаги пуллик муқобил автомобиль йўли қурилишига тамал тоши қўйди.
Батафсил
Экология кодекси: Келажак авлод олдидаги масъулиятимизнинг ҳуқуқий асоси зарур
🕔13:31, 20.07.2026
✔67
Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Экология кодекси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Зотан, бугун мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, атроф-муҳитни асраш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Шу боис, янги кодекс лойиҳаси жамиятимизда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Батафсил
2030 йилгача асосий мақсад: Чўлланишга қарши курашиш ва «яшил шаҳар» бунёд этиш Ушбу масала Президент ҳузурида муҳокама этилди
🕔15:58, 09.07.2026
✔193
Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев чўлланишга қарши курашиш ва чўл иқтисодиётини ривожлантириш, шунингдек, шаҳарларда «яшил шаҳар» тамойилларини жорий этиш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди.
Батафсил