ЮНЕСКО ёшлар форуми: Иқлим ўзгариши муаммолари ва ечимига асосий эътибор қаратилди
Самарқандда бошланган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида қадимий шаҳарда ЮНЕСКОнинг 14-Ёшлар форуми бўлиб ўтди.
БатафсилҲовлида яшайман. Маҳалладан ўтаётганимда кўча бошигача йўл-йўлакай тўкилган ўрикларнинг ер билан битта бўлиб ёпишиб ётгани дилимни хира қилади.
 
							Увол, савоб, исроф деган тушунчалар биздан қанчалар йироқлашиб кетганидан бу. Ўрикнинг эгаси бирорта қўшнисига ёки атрофдагиларга териб олиш ҳақида айтишни хаёлига ҳам келтирмайди. Ҳовлисида мевали дарахти йўқ қўшни эса сўрашга ор қилади, истиҳола қилади. Ҳар икки томон ҳам уволга ўз «ҳиссасини» қўшмоқда. Баъзида бозорга тушиб туршак оламан десанг йигирма мингдан камини кўрмайсан. 
Шунда савол туғилади: ёзда ер билан битта бўлиб тўкилиб ётадиган ўрик-туршакнинг қишда нархи нега баландлаб кетади? Нимани хор қилсанг шунга зор бўласан, деган гап ёдга тушади. 
Эътибор беринг, ўрик пишгач ҳеч ким қадрига етмайди, қанча-қанчаси увол бўлади ва қишга келиб унинг ҳатто туршагига ҳам зор бўламиз. Энг қизиғи ёзи билан увол бўлган ўрик эгалари қишда туршакни фалон пулга сотиб олади. Ўйлайсан, наҳотки мана шу ўрикни қуритиб олишнинг имкони йўқ. Ҳар бир хонадон ўзлари туршак қуритиб олса балки бозордаги нарх-наво ҳам бунчалик кўтарилиб кетмасмиди, аҳоли туршакни бемалол оғринмай харид қилармиди?
Исроф ва дангасалик
Ўрикни увол қилмаслик учун териб олиб қуритишга, ёки қўшниларга тарқатишга ҳафсаласизлик ортида аслида дангасалик ётибди. Айнан мана шу исрофгарчилик ва дангасалик ёзи билан сероб бўлган меваларнинг қуритилгани қишда қимматлаб кетишига сабаб бўлади. Ноннинг ушоғи ҳам нон...
Исроф нима? Ким исрофгарчиликка йўл қўяди? Албатта, увол-савобнинг фарқига бормаган одам! Шундай оилалар бор, вақти келса буханка нонга пул тополмайди. Шундай оилалар бор фақат бирон йиғин сабаб ёпган нон сотиб олади. Ўтган йили буханка ноннинг нархи кўтарилганда бежиз халқ кескин баҳс-мунозара қилмади.
Яқинда танишимникида меҳмонда бўлдик. Ошхонасида қуритилган нонларни уюб қўйибди. Айтишича, мол-қўйлари учун Тошкентнинг «Халқлар дўстлиги» томонидаги чиқиндихоналарнинг бирида мана шу ташланган нонларни йиғиб беришаркан. Уюлган нонлар орасида бутун-бутун ёғли қиммат патирлар, гўштли гижда нонлар, парҳез учун тановул қилинадиган қора нонлар, турли батонлар, ширинликларни кўриб ақлингиз шошади. Уни бир одам исроф қилмагани аниқ. Айтишингиз мумкин кўп қаватли уйларда турадиган одамларнинг чорваси бўлмагач нима қилсин, деб. Аммо меъёр деган нарса бор-ку. Одам ўзининг эҳтиёжига ярашасини олиши мумкин-ку. Наҳотки, бир кунлик меъёр қанчалигини англаш қийин бўлса. Ўша оилада ота-оналар, бобо-бувилар, қайнота-қайноналар томонидан ёшларга ноннинг уволи ҳақида тушунтиришмаганми?
Ҳа, қорни тўқнинг қорни оч билан нима иши бор? Ноннинг бу исрофи орқали одамларимизнинг қадр-оқибат тушунчалари ҳам сустлигини англаш қийин эмас. Танаси бошқа дард билмас, деганларидек атрофдагиларнинг ҳаёти ундай одамларни қизиқтирмаслиги аниқ. Агар қизиқтирганида, қўшнисининг яшаш шароити ўйлантирганида эди, бугун бутун-бутун бундай нонлар чиқиндихоналардан жой олмас эди... Бу исрофгарчиликнинг уволи уришини қачон англаб етамиз? Орамизда нафақат ёпган нон ёки патир, балки буханкага ҳам вақтида пул топа олмаётганлар борлигини унутмаслигимиз керак эмасми? Шу топ отамнинг «эртак»лари эсимга тушади...
«Картичкани йўқотма!»
Аёл ҳар кунги гапини, доимги оҳангда яна бир бор таъкидлади: «Картичкани йўқотма!» Болакай ҳам бир парча шалвираб қолган картичкани маҳкам қисимлади. Агар шу бир парча қоғоз йўқолса, бутун оиласи нонсиз қолиб кетишини у жуда яхши билади. Шунинг учун қоғозни қаттиқ қисимлайди. 
Нонга бориш учун унга укасини қўшиб жўнатишади. Укаси нонга борганда акаси унга қоровуллик қилиб келади. Сабаб бировини нонга жўнатса, қўшимча бўлагини еб қўйиши мумкин-да(!). 
Болакай узундан-узун навбатга турди. Биров битта, биров яримта, яна биров яримтадан кўпроқ нонни қўлтиқлаб чиқиб йўлида давом этади. Болакайнинг ҳам навбати келиб унга ҳам тарозига тортиб нон беришди. Ўлчаган чамаси чиқмади шекилли, сотувчи гугурт қутисидек бўлакни ноннинг устига қўйиб болакайга узатди. Улар навбатни тарк этиб уйга йўл олишди.
– Тўхтанг, – деди унга укаси, – бирпас тўхтанг нонни менам кўтарай.
– Бугун нон олиб келиш менинг галим, эртага сен кўтарасан.
– Бўлмаса ушлаб кўрсам бўладими? Акаси болакайга нон бўлагини ушлатди.
– Юмшоқ экан. 
Кейин ҳидлади, кўзларини юмди, қулт этиб ютинди. 
– Сиз ҳам ушлаб кўринг. 
Акаси ҳам нонни ушлаб кўрди. Уям укасининг гапини такрорлади: «юмшоқ экан».
– Устидаги бўлагидан бир тишлам берайми, – деди ака укасига.
– Ойим билиб қолса бизни уришади-ку.
– Билдирмаймиз. Бу бўлакни ойим билмайди-ку. Тортиб кўришга тарозиси ҳам йўқ. Ма, бир тишлай қол... 
Ука нондан бир тишлаб олди. Қолган бир тишламни эса акаси оғзига солди.
– Ака, эртага менинг галимда ҳам шунақа қўшимчаси бўлармикан, – деди укаси ноннинг мазасини яхшироқ билмоқчидай узоқ чайнаганча.
– Билмадим, – деди ака ҳар доимгидай, кейин қўшиб қўйди. – Баъзида бизга тортиб бераётган нони кўп чиқса, кесиб олишади, етмай қолса қўшиб беришади. Ойимга айтмайсан-а?
Укаси ҳар доимгидай бош силкиди. Шу топда иккаласининг хаёлида битта нарса эди: «Эртага ноннинг яна шунақа қўшимчаси бўлармикан?» 
Бу отамнинг ва амакимнинг болалигидаги ҳаётлари ҳақидаги «эртаклар». Баъзан одамлардан ўтмишни, қаҳатчиликни эслайвериш шартми, деган кинояларни ҳам эшитиб қоламиз. Аммо мана шундай кунларни қадрлаш учун ўтмишни, тарихни эслаб туриш керак менимча...
Моллар учун 
ширин кулча...
Куни кеча қўшнимизникига чиқсам, булочка яъни бир неча қоп ширин кулчаларни ажратиб қўяётган экан. Ҳар бир донаси уч минг сўмдан беш минг сўмгача нарх қўйилган бу ширин кулчаларнинг муддати ўтиб қолгани учун дўкон эгаси қопини моллар учун йигирма мингдан сотаркан. Шунда савол туғилади. Нима учун бу булочкалар исроф бўлди? Исроф бўлишига сабаб нима? Биринчидан, ширин кулчаларнинг нархи жуда қиммат. Иккинчидан, ишлаб чиқараётган ва сотиб олаётганларнинг меъёрни билмаслиги. Зеро, бир килограмм ундан ўндан ошиқ мана шундай булочка пишириш мумкин. Демак булочка ишлаб чиқарадиганлар ҳам, уни сотадиганлар ҳам қўйилган баланд нарх туфайли булочкадан зарар кўрмайди. Яна муддати ўтганини қоплаб сотишади. Тўғри, улар зарар кўрмаётган бўлиши мумкин. Аммо исроф бўлаётгани, увол қилинаётганичи? Моддий зарарнинг ўрни қопланаётгандир, аммо маънавий зарарнинг ўрни-чи? Мана шу исрофгарчиликни кўриб улғаяётган ёш авлод келажакда ҳеч нарсани қадрламай қўйиши, ачинарлиси, увол-савобнинг фарқига бормай вояга етиши нақадар аянчли. Ҳар бир маҳсулот арзон нархда сотилса, ҳам увол бўлмайди, ҳам одамларнинг ҳамёнига зарар етмайди. Муҳими бу маҳсулотдан кўпчилик баҳраманд бўлади. Муддати ўтишига яқин қолганида текин тарқатишса ҳам савоб, ҳам увол бўлмаслигини тушуниб етиш шунчалар қийинми? Масалан, Швейцарияда булочка билан кофе ҳар қадамда текин тарқатилади.
Меҳрибон 
музлаткичлар...
Баъзи супермаркетлар олдига сахий музлаткичлар қўйилгани ҳақида эшитиб қоляпмиз. Уларнинг ичига маҳсулотларни ҳомий ташкилотлар тўлдириб қўйишмоқда. Ана шундай сахий музлаткичларни боғчалар, мактаблар, дўконлар олдига қўйиб ташлаш мақсадга мувофиқ менимча. Ана шунда бу музлаткичларни ташкилотлар тўлдириб қўйишига ҳожат қолмайди. Уйда ортиб қолган егуликларни болалар чиқиндихоналарга эмас музлаткичларга қўйишни оммалаштиришда, аввало биз катталар намуна бўлишимиз лозим. Майлида, фарзандларимиз ўз қўли билан бир дона печенье, бир дона ширин кулча ёки ҳовлисидан бир тоғорача ҳўл мевани музлаткичларга жойлаштирса. Айниқса, тўйлардан ортиб қоладиган ноз-неъматларни айтмайсизми. Ўзбекнинг нимаси кўп, маъракаси кўп. Агар ҳар бир тўй қиладиган инсон тўйларда ортиб қолган неъматларни музлаткичларга жойлаштирса борми, қанчадан қанча исрофгарчиликнинг олди олинади. Бу билан болаларда нафақат неъматларга муносабат, балки одамларга яхшилик қилиб завқланиш ҳиссиётлари шаклланади... Увол ва савоб деган тушунчаларни теранроқ англайди...
Аъроф сурасининг 31-оятида шундай марҳамат қилинади: «Еб-ичинглар, аммо исроф қилманглар, чунки У Зот исроф қилувчиларни севмас».
Исрофдан бу қадар қаттиқ, кескин қайтарилишининг ҳикматлари бугунги кунимизда яққол намоён бўляпти. Исрофнинг даҳшатли оқибатларидан бири — қатор мамлакатларда йиллаб давом этиб келаётган очликдир. Дунёнинг бир минтақасида тонналаб озиқ-овқатлар увол бўлиб, чиқиндига ташланаётган бир пайтда бошқа бир минтақадаги одамлар бир бурда нонга зор, бир қултум сувга ташна бўлиб, хор-зорликда кун кечирмоқда. Ваҳоланки, инсон бир коса овқатдан, яримта нондан ортиғини ея олмайди, бироқ бугунги кун одамларининг кўзи оч бўлиб қолган. Кимдир эртаю кеч ўйин-кулги, маишат билан кун кечириб, тўқликка шўхлик қилаётган, миллиардлаб долларларни ҳавога совураётган бўлса, кимдир бир тишлам егулик топа олмай, очлик азобида жон таслим қиляпти.
Сўнгги йилларда, бутун дунёда ичимлик сув танқислашиб бораётган бир пайтда, биз бу неъматга анча ношукрлик билан муносабатда бўляпмиз. Сувга шу қадар бeпарво бўламизки, уни шу қадар исроф билан ишлатамизки, асти қўяверасиз. Бу ҳол бор неъматни қадрламаслик оқибатида юзага келади. Афсуски, инсон нeъматнинг қадрига у қўлдан бой берилганда, завол топгандагина етишга ўрганиб қолган.
Аслида сув нeъматига ниҳоятда эҳтиёт бўлишимиз кeраклигини, Аллоҳ асрасин, агар Роббимиз уни биздан олиб қўйса, нималар бўлишини, қурғоқчиликнинг қанчалик даҳшатли офат эканини ҳамма яхши билади. Биз сувни исроф қилиб юрган мана шу замонда шундай халқлар борки, бир қултум ичимлик сувга зор бўлиб яшаяпти. Умуман сув йўқ жойларда яшаётган, зовурлардаги оқова сувларни ичаётган одамлар бор. Қудуқ кавласа, чучук сув чиқмаётган, ноилож шўр сувни ичаётганлар бор.
Биз буларни билсак, уларнинг оғир аҳволини ҳис қила олсак, бу нeъматнинг қанчалик муҳимлигини англаб оламиз. 
Самарқандда бошланган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида қадимий шаҳарда ЮНЕСКОнинг 14-Ёшлар форуми бўлиб ўтди.
БатафсилБугун техник имкониятлар яшин тезлигида ривожланиб бормоқда. Ҳатто бошланғич синф ўқувчиси ҳам сунъий интеллект нималигини ва ундан фойдаланишни билади. Албатта, бу жуда кўп-кўп соҳаларда катта ижобий имкониятларни бермоқда. Ҳа, сунъий интеллект имкониятларини биз ҳали тўлиқ баҳолай олганимизча йўқ. Аммо танганинг иккинчи томони борлигини унутмаслигимиз зарур.
БатафсилЎзбекистонда 1 октябрдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида билишни хоҳлайсизми? Марҳамат танишинг, уларни бу ерда жамладик.
Батафсил