Кейинги пайтларда одамлар орасида меҳр-оқибат, бировга чин кўнгилдан яхшилик қилиш каби ўзбекона қадриятлар сал бўлса-да йўқолиб бораётгандай туюлади назаримда. Буни одамлар орасидаги бир-бирига бўлган муносабатлардан ҳам билсак бўлади.
Одамзоднинг табиати қизиқ экан-да. Қилган ишини бировга айтмаса, сира кўнгли жойига тушмайди. «Мен фалончига яхшилик қилдим», «у менинг орқамдан фалончи бўлди», қабилидаги миннатомуз гапларни ҳам бот-бот эшитиб қоламиз. Ахир ота-боболаримиз «Яхшилик қил, сувга от, билса балиқ, билмаса Холиқ», деган ҳикматли гапларида ҳам ажиб бир маъно мужассам эмасми?!
Яхшилик ҳеч қачон беиз кетмайди. Сен бировга яхшилик қилсанг, бир кун келиб албатта сенга ундан бўлмаса бошқасидан қайтади.
Дунёни яхшилик ушлаб туради, дейишади. Жамиятимизда сахий, ҳотамтой инсонлар борлиги, уларнинг етим-есир меҳр ва мурувватга муҳтож инсонларга ёрдам бериб, дуосини олаётганини эшитиб қувонасан. Айниқса, бу пандемия даврида ҳам, «Сардоба воқеалари»да ҳам яққол кўзга ташланди.
Қилган яхшилигини миннат қилиш савобининг йўқолиб кетишга сабаб бўлади, дер эди отам раҳматли.
Бир маҳалладошимизнинг отаси автоҳалокат сабаб оламдан ўтди. Беш нафар фарзанд муштипар она қўлида чирқираб қолиб кетаверди. У ёрдам қилди, бу ёрдам қилди, болалар бирин-кетин вояга етишди. Касб-корли уйли-жойли, оилали бўлишди. Бир куни оиланинг катта ўғли бир даврада:
– Ҳеч кимга етимлик юкини солмасин экан. Ҳеч кимнинг ота-онаси ўлмасин экан. Мана, ҳозиргача бизга ёрдам берганларнинг миннатини кўтариб келаман. Аввалига сўрамасак ҳам қўярда-қўймай ёрдам қилиб, кейин биз ҳақимизда «мен боқдим, мен бўлмасам ўлиб кетишарди...» деб гапириб юрганларни кўп эшитганман. Буни эшитиш биз учун қанчалик оғирлигини ҳатто тасаввур қилолмайсиз. Бундай гапларни эшитганимиздан ўша пайти очликда қолиб кетганимиз енгилроқ бўлармиди балки... Тўғри, қишда ўтиндан, буғдойдан, пулдан кўмак қилиб туришган. Аммо ким нима ёрдам қилган бўлса, мен ҳаммасини қайтарганман.
– Қўй, ўғлим, кўнглингга олма. Сен айтаётган одам анча кексайиб қолган. Кекса одам сал майда гапроқ бўлади ўзи, – деб кўнгиллик берганди отам ўшанда.
Яқинда икки маҳалладошимизнинг ўртасида бўлиб ўтган жанжалнинг гувоҳи бўлиб, беихтиёр юқоридаги воқеа эсимга тушди. Миннатнинг оши ёмон экан...
Матёқуб уста маҳалламизнинг энг кўзга кўринган устаси. Қўлидан келмайдиган иш йўқ. Ғишт теришми, сувоқ қилишми, печка қуришми, ҳатто тандир қуришни ҳам эплайди. Жаноза бўлиб қолса, қабр қуриш (Хоразм томонларда қабр ковланмайди, ер устидан қурилади) учун устани узоқдан олиб келишга ҳожат йўқ. Матёқуб устага бир оғиз айтсангиз бўлди. Дарҳол етиб келиб ҳожатингизни чиқаради.
Аммо ҳар доим мақтаниб юрадиган одати бор. Бир куни шундай бўлди.
Уста ҳаммаҳалласи билан ниманингдир устида айтишиб қолишибди. Сан-манга боришган. Уста тўсатдан:
– Болангнинг мозорини мен қурдим, лоақал шуни эсла, эсингдан чиқдими? Мана, яхшиликка ёмонлик, – деган жаҳл билан.
Бу гапни эшитган нариги киши ҳеч нима демай кўзида ёш билан орқасига қараб кетганини ҳамма кўрган. Шунда шу ерда турган ёши улуғ кишилардан бири:
– Иним, шу гапни ёмон айтдинг, яхши бўлмади. Мозорни сен қурмасанг бошқа бир уста қурарди, нима, унинг ўлиги кўчада қолиб кетармиди... Чатоқ айтдинг-да, – деди.
– Оғзимдан чиқиб кетибди, афсус, айтмасам бўлар экан... – деди ўзи ҳам пушаймон бўлиб.
Аммо энди кеч, ғишт қолипдан кўчган эди. Ўйланмай айтилган бир оғизгина сўз инсон қалбини яралаб қўйганди.
Ана шунақа. Биз ёрдамга ошиқаётган инсонларнинг ҳаммасини холис хизмат қилаётган самимий кишилар деб ўйлаймиз. Баъзан янглишамиз. Миннат эса, қилинган шунча хатти-ҳаракатни йўққа чиқаради. Орқасидан миннат қилинадиган яхшилик бир бечорага фойда эмас, ҳатто зарар келтиради. Демак, ҳар қандай яхшилик эмас, миннатсиз, холис қилинган яхшиликларни кўпайтиришимиз керак экан. Айниқса, бугунги кунларда...
Болтабой
МУҲАММАД ҚУРБОН
Тошкент – Самарқанд янги автомобиль йўли қурилишига старт берилди
🕔15:23, 23.07.2026
✔13
Ўзбекистон тарихидаги илк «яшил» ва инновацион йўл
Президент Шавкат Мирзиёев 22 июль куни Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманига ташриф буюриб, Тошкент – Самарқанд йўналишидаги пуллик муқобил автомобиль йўли қурилишига тамал тоши қўйди.
Батафсил
Экология кодекси: Келажак авлод олдидаги масъулиятимизнинг ҳуқуқий асоси зарур
🕔13:31, 20.07.2026
✔71
Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Экология кодекси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Зотан, бугун мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, атроф-муҳитни асраш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Шу боис, янги кодекс лойиҳаси жамиятимизда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Батафсил
2030 йилгача асосий мақсад: Чўлланишга қарши курашиш ва «яшил шаҳар» бунёд этиш Ушбу масала Президент ҳузурида муҳокама этилди
🕔15:58, 09.07.2026
✔195
Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев чўлланишга қарши курашиш ва чўл иқтисодиётини ривожлантириш, шунингдек, шаҳарларда «яшил шаҳар» тамойилларини жорий этиш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди.
Батафсил