Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Биз англамаган ҳақиқат

Ё мен кула олмайман, ё кулаётганлар бундан чуқур маъно топмоқда

Биз англамаган ҳақиқат

«Миллион», «Дизайн» ва шуларга ўхшаш жамоаларининг концертини кўргач, шахсан менда пайдо бўлган биринчи фикр шу бўладики, ўғринча чиқарилган дискларнинг ҳам фойдаси бор экан. Салкам икки соатлик концерт на пул ва на вақт сарфлашга арзийди.

Тўғриси, кўпчилик сингари мен ҳам футболга қизиқаман. Даврон Қобуловни (нимагадир уни Кабулов дейишади. Шахсини тасдиқловчи ҳужжатида хато ёзилса ҳамки оғзаки нутқда тўғри талаффуз қилинса ҳам бўларди, назаримда) спорт шарҳловчиси сифатида танир эдим. Футбол ўйинлари, айниқса миллий терма жамоамиз иштирокидаги баҳсларни жуда мазмунли ва қизиқарли шарҳларди. Асосийси, танқидий фикр билдиришга чўчимасди. Хуллас шу йигит эндиликда санъаткорларни масхаралаш, бемаъни ҳазиллар айтиш билан машғул.

Ҳар ким у ёки бу гапни, маълумотни, ҳазилни ўзича, билими ва дунёқарашидан келиб чиққан ҳолда қабул қилади. Бу бор гап. Лекин концерт залида ўтирган баъзи томошабинлар шубҳали даражада берилиб куладики, улар махсус ёлланмаганмикан деган хаёлга ҳам борасан киши. Кулгининг кучидан эс-ҳушини йўқотаёзган, ўтирган ўриндиғидан ирғиган ёки йиқилаёзган, ёнидаги шериги билан қайта-қайта «беш» ташлашган кишиларни кўриб, «наҳотки улар чуқур англаб етган бирон нарсани озгина бўлса-да фаҳмлай олмаган бўлсам...», дея бояги жойларни қайта-қайта кўрдим. Натижа ўша-ўша. Анқайиб ўтиравердим.

Доимгидек концертда яна уятсиз ҳазиллар, бачкана ҳаракатлар, интим мавзуларга ишоралар... Бир-икки соатлик чиқишлардан орасида беш дақиқалик «тарбиявий» нутқ янграйди.

Тўғри, одамларни кулдириш осонмас. Бир киши учун ҳам, жамоа учун ҳам. Ўзим ҳам ҳар замон ҳажвияга қўл ургандек бўламан. Ёзмишимнинг чоп этилиши ёки интернет саҳифасига жойлашишидан олдин бошқа ижодкорларга тақдим қиламан. Уларнинг реакциясини кузатаман. Тушунарсиз ёки кулгидан кўра шунчаки ўйга толдирадиган жиҳатларига ишлов бераман. Хуллас ярим қоғозлик тайёр «маҳсулот» учун ҳам анчагина вақт сарфланади. Ҳа, энди бутун бошли концерт дастурининг матнини тасаввур қилаверинг.

Лекин бу мушкулот юқоридаги жамоаларни оқлашда асос бўлолмайди. Ижод, ижодкор масъулияти, жамиятга бўладиган таъсир масаласи кўндаланг, бу ерда. Холис айтганда, хонада, компьютер қаршисида ўтирволиб, биров(лар)ни танқид қилиш осондек туюлади. «Қўлингдан келса, 5-6 кишини тўплаб томоша кўрсат қани», дейилар балки. Ёки «бу шоу-бизнес, бунда томошабинбоп нарсаларгагина ўрин бор», қабилидаги эътироз янграр. Голливуднинг машҳур фильмларидан бирида айтилганидек, «Фақатгина бизнес. Шахсий нарса йўқ» («Только бизнес, ничего личного»), дея оғзимизга урар кимдир. Уларнинг гапларида ҳам жон бор, қисман. Чунки ҳар қандай кўринишдаги бизнеснинг умумий қонуниятлари бор. Улардан асосийси, фойда кўриш, пул ишлаш. Баъзан ташкилотчиларга берилаётган концертлардан моддий наф деярли йўқ, деган гап қулоққа чалинади. Шахсан мен бунга ишонмайман. Эҳсонсифат хатти-ҳаракатлар бошқача бўлади, назаримда.

Тан олиш керак, саҳнага чиқаётган йигитларнинг аксариятида артистизм, талант сезилади. Одамларни кулдириш уларга ярашади. Аммо, лекин, бироқ... Бу уларнинг ягона иқтидори эканлигига шахсан менинг шубҳам бор. Куч-қуввати, ақл-заковатини жамият, ёшлар учун фойдалироқ бўлган соҳаларга йўналтириб ҳам муваффақиятга эриша оладилар назаримда.

Тўғри, кўча-кўйда, халқ орасида юқоридаги жамоалардаги бола, дея таништирилиш, оз-моз машҳур бўлиш ёқимлидир. Лекин бу машҳурликка нима эвазига эришилмоқда. Машҳурларнинг ҳаммаси ҳам маънавий бузуқликни тарғиб қилиш билан шу даражага эришганми?

Ҳаммага ниятига яраша берилади, деган гап бор. Бунга ўзим кўп бор гувоҳ бўлганман. Албатта, ўша «миллион»чи ёхуд «дизайн»чиларнинг нияти менга қоронғу. Масалан, мен замон зайли тобора маънан қашшоқлашаётган, умуминсоний қадриятлар топталаётган қалтис бир пайтда ёшларимизнинг тарбияси бузилишига ҳисса қўшмасликни хоҳлардим. Охирида эса тан олиб, таъкидлаш жоизки, шу ёзганларимни ўқийдиганлардан кўра боягидек концертлар томошабинлари кўпроқ, очиғи, а-анча кўп. Мана шуниси катта фожиа...

Тўлқин ЖУМАНАЗАРОВ




Ўхшаш мақолалар

Олимпия  шаҳарчаси – Янги Ўзбекистон салоҳиятининг ифодаси

Олимпия шаҳарчаси – Янги Ўзбекистон салоҳиятининг ифодаси

🕔09:20, 25.08.2025 ✔57

Салкам уч йил ичида пойтахтимиз Тошкент шаҳрида муҳташам мажмуа қад ростлади. Олимпия шаҳарчаси! Бу Янги Ўзбекистонда бошланган улкан ислоҳотларнинг яна бир ёрқин натижаси бўлди.

Батафсил
Йўллардаги йиллаб  келаётган  муаммоларга  ким  жавоб бериши  керак?

Йўллардаги йиллаб келаётган муаммоларга ким жавоб бериши керак?

🕔13:55, 05.07.2025 ✔131

Йўлнинг «гапирувчи» тили бу – йўл белгилари. Сизга ахборот беради, огоҳ этади, ўрни келганда эса буюради.

Батафсил
Eco Expo  Central Asia: Табиат билан уйғун  тараққиёт  сари муҳим  қадам

Eco Expo Central Asia: Табиат билан уйғун тараққиёт сари муҳим қадам

🕔15:53, 26.06.2025 ✔170

19-21 июнь кунлари Ўзбекистон пойтахти Тошкент яшил инновациялар марказига айланди: Central Asian Expo (CAEx) кўргазмалар мажмуасида минтақада илк бор «Eco Expo Central Asia 2025» экологик технологиялар халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар