Жараён      Бош саҳифа

Чиқиндида ётган 2,6 миллиард доллар ёхуд «э-чиқинди»ни қайта ишлаш масаласи нега оқсамоқда?

Ҳар йили дунёда фойдаланиладиган электр ва электрон ускуналарнинг умумий ҳажми 2,5 миллион тоннадан ошади. Телефон, радио, ўйинчоқлар, ноутбук каби батареяга эга бўлган ускуна ва буюмлардан фойдаланиш кенгайгани сари ўсиб бораётган «электрон чиқиндилар» тоғи ҳам янада баландлашиб бормоқда.

Чиқиндида ётган  2,6 миллиард  доллар  ёхуд «э-чиқинди»ни қайта ишлаш масаласи нега оқсамоқда?

Биргина 2019 йилда дунёда 53,6 миллион тонна электрон чиқинди ҳосил бўлган. Бу киши бошига тахминан 7,3 килограммга тўғри келади. БМТ таҳлилларига кўра, дунё минтақа ва қитъалари орасида электрон чиқиндилар тўпланиши бўйича Осиё мамлакатлари биринчи ўринда туради (24,9 миллион тонна), ундан кейинги ўринни эса Америка (13,1 миллион тонна) ва Европа (12 миллион тонна) давлатлари эгаллайди.

Нима бўпти дерсиз, бироқ бу каби чиқиндиларнинг инсоният ва табиатга зарарли таъсири нақадар катта экани тобора ойдинлашмоқда. Статистик маълумотлар 2030 йилга келиб, «э-чиқинди» ҳажми 74,7 миллион тоннагача кўпайиши мумкин.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги (ЭПК) маълумотига кўра, «э-чиқинди»лар компьютер мониторлари ва ускуналари, аудио ва стерео ускуналар, плеерлар, видеокамералар, телефонлар, уяли телефонлар ва бошқа симсиз қурилмалар, факс ва нусха кўчириш машиналари, видеоўйин ўйнаш қурилмалари ва бошқалардан ҳосил бўлади.

Саратонга сабаб бўлади

Мазкур электрон ускуналар пластик ва шиша каби осон қайта ишланадиган материаллардан, шунингдек қўрғошин, кобалт, кремний, симоб ва мишяк каби оз миқдордаги токсик материаллардан иборат. Бу эса таркибидаги токсик материалларни махсус жараёнлар орқали қайта ишлаш ёки хавфсиз тарзда йўқ қилиш мумкинлигини англатади. Агар электрон чиқиндилар маиший чиқиндига қўшиб юборилса ёки бошқа йўл билан нотўғри фойдаланилса, бу токсик материаллар қайта ишланадиган материалларни ифлослантириши, ҳатто тупроқ ва ер ости сувларига сингиб кетиши мумкин. Биргина телевизорлар ва компьютер мониторларини олайлик. Уларни чиқиндихоналарга ташлаш ёки ёқиб юбориш хавфли кимёвий моддалар чиқишига сабаб бўлади. Ушбу оғир металлар эса саратон касаллигини ва инсон асаб тизимида муаммоларни келтириб чиқаради.

Электрон чиқиндилар муаммоси смартфонлар, ноутбуклар ва планшетлар сингари гаджетлар жуда тезкор равишда янгиланиб бориши сабабли янада оғирлашмоқда. Масалан, 2010 йилда бутун дунё бўйлаб 300 миллион дона смартфон сотилган. 2019 йилга келиб бу рақам тахминан беш бараварга кўпайган (1,5 миллиард). Бу эса фойдаланувчи ва харидорларнинг янги маҳсулот олиб, эскисини ташлаб юборишини англатади.

Хитой дунёдаги энг йирик электрон чиқиндилар ишлаб чиқарувчи ва айни пайтда харидорларидан бири ҳисобланади. Бу давлатда «э-чиқинди»лар билан боғлиқ масалага алоҳида эътибор қаратишни талаб этади. Эътиборлиси, Хитой ҳукумати бундан 9 йил аввал 100 дан ортиқ аккредитацияланган демонтаж компанияларига ташлаб юборилган электр маҳсулотларини қайта ишлаш, экологик тоза технологиялардан фойдаланиш учун субсидиялар жорий қилган. Смартфон ва планшет каби маҳсулотлар ва электрон чиқиндиларни қайта ишлаш Хитойда устувор вазифага айланган.

Хўш, «э-чиқинди» муаммоси бизда қандай ечим топмоқда?

«Э-чиқинди»лар 1,5 баравар ошди

БМТ экспертлари МДҲнинг 11 давлати ва Грузиядаги электрон чиқиндилар билан боғлиқ вазиятни ўрганиб чиқди. Унга кўра, ушбу ҳудудларда сўнгги ўн йил ичида полигонларга тушадиган электрон чиқиндилар миқдори 1,5 баравар ошган. Уларнинг аксария­ти Россия, Украина, Қозоғистон ва Ўзбекистонга тўғри келади. Бу мамлакатимизда «э-чиқинди» масаласи эътибор қаратилиши шарт бўлган долзарб муаммога айланаётганидан далолатдир. Аммо бу муаммонинг комплекс ечими ҳақида ўйлаш тугул, ҳатто оддий маиший чиқиндиларни қайта ишловчи заводлар масаласида ҳам камчиликлар гирдобидамиз.

БМТ ҳисоботига кўра, электрон чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналари МДҲда бор-йўғи тўртта давлат – Беларусь, Қозоғистон, Россия ва Украинада мавжуд. Уларнинг аксарияти Беларусда бўлиб, у ерда тўпланган электрон чиқиндиларнинг тахминан 33 фоизи қайта ишланади. Бошқа барча мамлакатларда бу кўрсаткич 5-10 фоиздан ошмайди ёки бутунлай нолга тенг. Ўзбекистон бўлса электрон чиқиндини қайта ишлаш масаласида 3,2 фоиз билан жуда ёмон кўрсаткичда турибди.

БМТ университетининг етакчи тадқиқотчиси Кис Балде ўрганишлар натижасида электрон чиқиндиларни йўқ қилиш МДҲ мамлакатлари иқтисодиётига кўп миқдорда фойда келтириши мумкинлигини маълум қилди. Боиси электрон чиқиндилар таркибида олтин, литий, кобалт ва бошқа элементлар катта миқдорда сақланиб қолади. Ерда захираси чекланган бу элементларни қайта ишлаш йўли билан ажратиб олиш мумкин. Биргина 2019 йилнинг ўзида 10 тоннадан ортиқ олтин, ярим тонна ноёб тупроқ металлари, бир миллион тонна темир, 85 минг тонна мис ва 700 тонна кобалт олиш мумкин бўлган электрон чиқиндилар чиқиндига чиқариб юборилган. Бу умумий ҳисобда жами 2,6 миллиард доллардан ошадиган ана шундай маҳсулотларни шунчаки полигонларда ётишини англатади.

Электрон чиқиндиларни қайта ишлаш билан боғлиқ ҳуқуқий асос МДҲ давлатларининг барчасида ҳам мавжуд эмас. Хусусан, Арманистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонда бундай нормалар йўқ. Ўзбекистон эса бу тизимни ривожлантириш жараёнида давом этмоқда.

Ўзбекистон Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси маълумотларига кўра, мамлакатимизда қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш бўйи­ча умумий қайта ишлаш қуввати йилига 894 минг тонна бўлган 183 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Электрон чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш инфратузилмаси мавжуд, бироқ унинг функциялари анча чекланган.

Чиқиндидан ясалган медаллар

Иқтисодимизга шунча даромад келтириши мумкин бўлган чиқиндиларни қайта ишлаш нега ҳамон кўнгилдагидек эмас? Муаммо нимада?

Аввало халқимизда чиқинди саралаш маданияти паст даражадалигини яна бир бор тилга олишга мажбурмиз. Аслида бундай чиқиндилар ҳам даромад манбаи. Таркибида олтин, кумуш, мис, платина каби металлар мавжуд бўлиб, қайта ишлаш йўли билан уларни ажратиб олиш мумкин. Бу борада Япония ўзининг намунасини кўрсатиб берди. «Токио-2020» Олимпиадаси ғолибларига берилган олтин, кумуш ва бронза медаллари ана шундай чиқиндидан ажратиб олинган қимматбаҳо металлардан ясалгани маълум қилинди. Бу орқали японлар ўзининг табиат ва экологияга бўлган меҳри ва ҳурматини халқаро ҳамжамиятга яна бир бор кўрсатди.

Дарҳақиқат, ривожланган мамлакатларда электрон чиқиндиларнинг тахминан 8 фоизи чиқинди қутиларига ташланади, 7-20 фоизи эса экспорт қилинади. Дунёда ана шундай тажриба ва имкониятлар бўла туриб биз ҳамон электрон чиқиндиларни бошқа чиқиндилар билан аралаштириб юрибмиз.

Агар юртимизда лоақал битта бўлса ҳам ана шундай корхона самарали иш фаолиятини йўлга қўйганида эди, эҳтимол «э-чиқинди»ларни қайта ишлаш бўйича муаммолар камроқ бўларди. Ёки бўлмаса, ана шундай чиқиндиларни қайта ишлаш имкониятига эга давлатларга юбориш, сотишни йўлга қўйиш лозим. Аҳолига эса ўзидаги электрон чиқиндини топширгани учун рағбат бериш – бундай чиқиндиларни ташламаслик ва тўплашнинг осон ҳамда самарали йўли. Масалан, Best Buy ва Staples электроника дўконлари бузилган маиший ускуналарни қабул қилувчи ва хавфсиз қайта ишловчи компания ҳисобланади. Дунё миқёсида бугун ана шундай инновацион ғоялар ва ишлар бу муаммони оз бўлсада бартараф этишга хизмат қилмоқда.

Балки биз ҳам бундан фойда олишга уриниб кўрармиз...

Ноила Саҳобиддинова




Ўхшаш мақолалар

Қашқадарёда «Яшил макон»  доирасида  экилган кўчатлар  кўкардими?

Қашқадарёда «Яшил макон» доирасида экилган кўчатлар кўкардими?

🕔08:56, 08.08.2025 ✔79

Ўзбекистон Экологик партияси Қашқадарё вилоят кенгаши, партия депутатлик гуруҳи ҳамда вилоят Кенгаши ҳузуридаги «Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича» доимий комиссияси ҳамкорлигида вилоятда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида 2025 йил баҳор мавсумида экилган мевали ва манзарали дарахт кўчатларининг ҳолати бўйича жамоатчилик эшитуви ўтказилди.

Батафсил
Марказий банк раисига  парламент сўрови юборилди

Марказий банк раисига парламент сўрови юборилди

🕔17:54, 23.07.2025 ✔98

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Банк тизимини ислоҳ қилиш ҳамда банкларни трансформация қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида» парламент сўрови юбориш масаласи кўриб чиқилди.

Батафсил
Депутат  сўровидан сўнг  21 йиллик  муаммо  ҳал этилмоқда

Депутат сўровидан сўнг 21 йиллик муаммо ҳал этилмоқда

🕔16:10, 18.07.2025 ✔90

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари ҳудудлардаги ўрганишлари давомида аҳолини қийнаб келаётган экологик муаммоларга ечим топишга ҳаракат қилишмоқда.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар