Юртимизда дарахт кесишга мораторий жорий қилингани, бугун дарахтларга зиён етказганлик учун жавобгарлик мавжудлиги ҳақида қарийб бир йилдирки қайта-қайта гапирилавериб, буни билмаган, эшитмаган одам қолмади ҳисоб.
Аммо негадир қонунларни назар-писанд қилмасдан, ҳамон дарахтларни кесишдан тап тортмаётган кимсаларнинг учраётгани одамларда бир қатор саволларни юзага келтирмоқда. Кунда-кунора юртимизнинг қайсидир ҳудудида дарахт кесилиши ҳақида чиқаётган хабарлар «Улар ким ўзи? Уларга чора кўриляптими? Тўртта дарахтни ҳимоя қилиш наҳотки шунчалик мураккаб бўлса? Дарахтни кесишга кимлар буйруқ берган аслида? Нега фақат кесилиб кетганидан кейин хабар топяпмиз?..» каби қатор ҳақли саволлар янграшига сабаб бўлмоқда.
Давлат экология қўмитасининг хабар беришича, ана шундай ҳолатлардан бири Тошкент вилояти Бекобод туманининг «Сарюз» МФЙ ҳудудида содир этилган. Ҳудуддаги 64 туп қарағай дарахти бир гуруҳ фуқаролар томонидан ноқонуний равишда таг қисми билан кесиб олиб кетилган.
Жорий йилнинг 19 февраль санасида Бекободдаги дарахтлар кесилганлиги акс этган суратлар ижтимоий тармоқларда тарқалди. Ҳолат Тошкент вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, Тошкент вилояти Миллий гвардия бошқармаси ҳамда Экополиция инспекторлари томонидан ўрганилди. Ушбу ҳолат бўйича ўтказилган рейд тадбирлари давомида чиндан ҳам 64 туп қарағай ноқонуний кесилганлиги маълум бўлди.
Бир туп қарағайни экиб, парваришлаб, улкан дарахт ҳолига келтириш учун йиллар кетади аслида. Аммо уни кесиш ва йўқ қилишга бир кун ҳам кифоя. Бу қарағайларнинг ҳали кўп йиллар фойда келтириши, ҳавони тозалаб, табиатга ва одамларга нафи тегиши мумкин эди. Афсуски кимнингдир манфаати учун нобуд бўлди улар. Бироқ қонун ҳар ерда баробар. Шу боис аниқланган ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баробари (1 млн. 350 минг сўм) миқдорида жарима белгиланди.
Бундан ташқари ўсимликлар дунёсига етказилган зарар ҳисобланиб, 1 млрд. 575 млн. сўм зарар етказилганлиги қайд этилди. Барча тегишли ҳужжатлар жамланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган.
Албатта, ушбу ҳолат қонунда белгиланганидек жаримга тортилар, ўрнига янги кўчатлар экилар ҳам дейлик. Аммо бу кўчатлар қачон ана шу кесилган 64 туп қайрағайнинг ўрнини боса олади? Бунинг учун қанча йиллар кетади? Аслида тоза ҳаво аввало инсон учун, унинг яшаши, тириклиги учун керак. Дарахтлар бўлмаса ҳавода зарарли моддалар ортади, ифлосланади, чанг кўтарилади, ҳарорат ортиб бораверади. Натижада фақат ва фақат биз, яъни инсонлар азият чекамиз холос. Наҳотки шуни тушуниб етишимиз қийин бўлса?
Тўғри, дарахтларни жарима қўллаш билан сақлаб қола олмаймиз. Аммо бу ҳолатга жим қараб туриб ҳам бўлмайди-ку! Қилган ва қилаётган хатоларимизни англаш учун яна қанча дарахтлар кесилиб кетиши керак, билмадим. Яна қанча қум бўрони содир бўлса ақлимиз киради? Қачон дарахтлар бизга фойда беришини, уларни кесиш ўрнига экиш, кўпайтириш лозимлигини англаймиз?..
Ноила САҲОБИДДИНОВА
Экологик тафаккур ва ёшлар салоҳиятини бирлаштирган майдон
🕔13:24, 20.07.2026
✔38
Экологик маданиятни юксалтириш, ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш учун уларнинг ташаббуслари ва инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш бугунги рақамли дунёнинг асосий талабидир.
Батафсил
Дарахтлар иссиқдан қуриб қолмасин, бефарқ бўлманг!
🕔13:17, 20.07.2026
✔40
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси аномал иссиқда дарахтларни қуриб қолишдан асраш чораларини кўришга чақирмоқда. Вазирлик аномал иссиқ ҳаво инсонлар билан бир қаторда мамлакатдаги яшил ҳудудлар, дарахтлар, буталар ва ҳайвонот дунёси учун ҳам жиддий хавф туғдиришини билдирди.
Батафсил
Инсониятнинг келажакдаги тоза энергия манбаи
🕔15:34, 09.07.2026
✔67
Бугунги кунда дунёда энергияга бўлган талаб тобора ортиб бораётган бир пайтда, экологик хавфсиз ва барқарор энергия манбаларини излаш глобал аҳамият касб этмоқда.
Батафсил