Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Болалар боғчасида фарзандларимиз нима еяпти?

Ҳамма ҳам фарзанди соғлом бўлишини истайди. Аммо ўсаётган организмга биринчи навбатда нима кераклигини ҳатто аксарият катталар ҳам билавермайди.

Болалар боғчасида фарзандларимиз  нима  еяпти?

Мутахассисларнинг фикрича, бола ҳар томонлама соғлом ва баркамол улғайиши учун биринчи галда унинг тўғри овқатланиши муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, бугунги кунда ярим тайёр ва кимёвий ишлов берилган маҳсулотлар бозор, дўкон расталарини тўлдириб юборган. Биз эса фарзандларимизни аллақачон ана шундай сунъий таъмларга ўргатиб бўлганмиз. Ҳеч бўлмаганда уларга бир кунда бир марта газланган ичимлик олиб беришни канда қилмаймиз. Ҳаттоки боғча ва мактабларимиз ошхонасида ўсаётган бола организми учун фақат зарар бўлган бўш углеводларга бой макарон маҳсулотлари, булочкалар, тез тайёр бўлувчи «фаст-фуд»лар асосий ўрин эгаллаган.

Хўш, мактаб ёшидаги болалар учун соғлом овқатланиш тарзи нималарни ўз ичига олади? Бунда қандай қоидаларга амал қилиш зарур?

Ўсаётган бола организми талаби

Энг аввало, мактаб ва боғча ёшидаги бола организми учун сабзавотлар таркибидаги клетчатка, мевалар таркибида мавжуд витаминлар, макро ва микроэлементлар, гўшт маҳсулотларидаги оқсил, балиқда жуда мўл бўлган фосфор, сут маҳсулотларида мавжуд кальций жуда зарур ҳисобланади. Ўқувчининг рациони бир меъёрга келтирилган ва зарур миқдордаги оқсил, ёғлар, углеводлар, витаминлар ва аминокислоталарни ўз ичига олиши зарур.

Нонуштага иссиқ таомлардан бўтқалар тавсия этилади. Шунингдек, сабзавотли ва мевали салатлар, сариёғ ва пишлоқли нонлар, иссиқ чой, какао ва шарбатлар, наъматак, компот ва кисель бўлиши лозим. Қолаверса, иложи борича болага ҳар қандай ёшда ҳам умуман шакар бермаслик тавсия қилинади. Унинг ўрнига сал нархи қиммат­роқ бўлса ҳам асалдан фойдаланиш керак. Агар сиз фарзандингиз соғлом ўсишини истасангиз албатта унинг рационидаги шакар миқдорини минимум бир кунда 40 грамдан ошмаслигига ҳаракат қилинг.

Тушликда биринчи таомга боланинг соғлом ўсиши учун зарур ҳисобланган суюқ шўрвалар (товуқ ва турли бошқа хил гўштли) тавсия қилинади. Иккинчи овқатга эса иссиқ қуюқ овқатлар (гуручли, гречихали, мошли, нўхат, ловияли ва сабзавотли овқатларга гўштли ва қиймалар қўшиб) тавсия этилади. Таомномага қўшимча равишда мевалар қўшилади. Аммо бизнинг кузатувларимизда юртимиздаги аксарият боғчаларда бундай тартибга умуман амал қилинмайди. Ҳар икки кунда макарон, булочка ёки шунга ўхшаш бўш углеводлардан иборат таомнома берилади. Бундан ташқари мевалар, хом сабзавотлар ушбу рациондан умуман жой олмаган.

Иккинчи тушлик нон ва сут маҳсулотларидан ташкил топган бўлиши керак. Қолаверса, болалар учун олма ва творог ейиш ҳам фойдалидир. Аммо уч фарзандим боғчага қатнаган бўлса ҳали улардан бундай маҳсулотларни истеъмол қилишганини эшитганим йўқ. Демакки, юртимиздаги МТТларда болажонларнинг овқатланиш рациони талабга жавоб бермайди.

Кечки овқатга асосан енгил таомлар тавсия этилади. Улар меъдага ортиқча юклама бўлмаслиги керак. Кузатувларимизга кўра кечки овқат учун булочка, пирожка ва сомса каби бола учун умуман фойдасиз таомлар берилар экан.

Ёш болаларнинг овқат ҳазм қилиш тизими ўзига хос бўлганлиги учун улар ёғли, қовурилган, аччиқ ва нордон овқатларни ейишдан чекланиши керак.

Болалар таомномасининг асосини табиий маҳсулотлар (сабзавотлар, мева ва кўкатлар) ҳамда қайнатилган ва димланган таомлар ташкил этиши лозим. Ширин ичимликлар, пишириқлар, ун маҳсулотлари, шоколад каби егуликлар минимал миқдорда истеъмол қилиниши зарур.

Агар фарзандларимиз соғлиғини асрашни истасак, уларни тез тайёр бўладиган егуликлар – гамбургер, хот-дог, шунингдек, турли хил рангли ва газланган ширин сувлар, қотирилган нон ва чипс, таркибида кимёвий ва ранг берувчи қўшимчалар мавжуд маҳсулотларни тановул қилишига рухсат бермаслик даркор. Унинг ўрнига мевалардан чипслар тайёрлаб бериш, уйда суви қочган нонлардан қотирмалар, шакар ўрнига асал солинган пишириқлар тайёрлаб берган маъқул.

Соғлом овқатланиш қандай ташкил қилинади?

Боланинг соғлом ўсишида таомномадаги озиқ-овқат маҳсулотларининг турли-туман бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Аниқ ўйлаб чиқилган, турли зарур маҳсулотларни ўз ичига олувчи меъёрий овқатланиш тарзи ҳар томонлама фойдали ҳисобланади.

Болажонлар кунига 4 мартадан кам бўлмаган ва ҳар куни белгиланган бир вақтда овқатланиши даркор. Улар орасидаги танаффус 3,5 соатдан ошмаслиги лозим.

Бола ҳар куни янги узилган мева ва сабзавотларни истеъмол қилиш зарур.

Мева ва сабзавотлар салатларда, қирғичдан чиқарилган ҳолда, шарбат кўринишида ва албатта бутунлигича истеъмол қилиниши шарт. Аммо боғча ва мактабларимизда хом сабзавотлар ёки салатлар камдан-кам берилади. Ваҳоланки юртимиз сабзавот ва меваларнинг макони ҳисобланади. Биз эса фарзандларимиз соғлиги учун ҳам бу имкониятлардан фойдаланмаймиз.

Таомларни тайёрлашда буғда тайёрлаш, димлаб ва қайнатиб пиширишдан фойдаланиш керак. Шунингдек, болаларнинг рационига қуруқ меваларни ҳам киритиш айни муддао ҳисобланади. Чунки ушбу маҳсулотларда жудаям кўп витамин, макро ва микроэлементлар бор. Бу эса бола соғломлиги учун жудаям муҳимдир.

Хорижга бир назар...

Италияда болалар боғчалари ва мактабларда овқатланиш бўйича мутахассислар тананинг ёши ва хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда оқсиллар, ёғлар, углеводларнинг керакли миқдорини танлайдилар. Болалар боғчаларида иккита турдаги менюлар ишлаб чиқилган ва уларга қатъий амал қилинади – ёзги ва қишки. Овқатланишнинг бу усули озиқ-овқатни фақат мавсумий маҳсулотлар орқали кўп фойдали элементлар ва витаминларни олиш имконини беради. Италия болалар боғчаларида макарон, лазаня ва пицца итальян ошхонасининг ажралмас ҳамроҳлари ва болалар томонидан севиб истеъмол қилинади. Ширинлик уларнинг рационида алоҳида ўрин тутади.

Кореяда эса болалар 3 ёшдан 5 ёшгача боғчага борадилар. Кунига уч марта овқатланиш болалар боғчаси хизматлари нархига киритилган, аммо болаларга уйдан озиқ-овқат олиб келиши тақиқланмаган. Болалар рациони асосан мевалар, сут маҳсулотлари, гуруч, шўрва, шунингдек, панчанг – анъанавий корейс салатлари ёки газаклардан иборат бўлиб, улар кичик қисмларда тақдим этилади. Нонушта ва тушлик чойи учун болаларга мева, сабзавот, булка, йогурт ва дон маҳсулотлари берилади. Болалар асосан чой ёки сут ичишади.

Болалар саломатлиги ҳақида гап кетар экан, юртимиздаги мутасадди ташкилотлар МТТлар таомномасини қайта кўриб чиқишларига тўғри келади. Болажонлар таомномасига сабзавот, мевалар, омлетлар, балиқли таомларни қўшиш уларнинг соғлиғи учун кечиктириб бўлмайдиган ҳаракатдир. Бу борада мутасадди ташкилотлардан муносабат кутиб қоламиз ва албатта бу мавзуга яна қайтамиз.

 

Саида ИБОДИНОВА,

«Оила ва табиат» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Олимпия  шаҳарчаси – Янги Ўзбекистон салоҳиятининг ифодаси

Олимпия шаҳарчаси – Янги Ўзбекистон салоҳиятининг ифодаси

🕔09:20, 25.08.2025 ✔57

Салкам уч йил ичида пойтахтимиз Тошкент шаҳрида муҳташам мажмуа қад ростлади. Олимпия шаҳарчаси! Бу Янги Ўзбекистонда бошланган улкан ислоҳотларнинг яна бир ёрқин натижаси бўлди.

Батафсил
Йўллардаги йиллаб  келаётган  муаммоларга  ким  жавоб бериши  керак?

Йўллардаги йиллаб келаётган муаммоларга ким жавоб бериши керак?

🕔13:55, 05.07.2025 ✔132

Йўлнинг «гапирувчи» тили бу – йўл белгилари. Сизга ахборот беради, огоҳ этади, ўрни келганда эса буюради.

Батафсил
Eco Expo  Central Asia: Табиат билан уйғун  тараққиёт  сари муҳим  қадам

Eco Expo Central Asia: Табиат билан уйғун тараққиёт сари муҳим қадам

🕔15:53, 26.06.2025 ✔173

19-21 июнь кунлари Ўзбекистон пойтахти Тошкент яшил инновациялар марказига айланди: Central Asian Expo (CAEx) кўргазмалар мажмуасида минтақада илк бор «Eco Expo Central Asia 2025» экологик технологиялар халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар