Хориж хабарлари      Бош саҳифа

Германияда яшил электр энергия улуши 47 фоизга етди, бизда-чи?

2022 йилда Германия яшил энергия бўйича рекорд натижа қайд этди. Энергетика ва сув хўжалиги федерал иттифоқи хабарига кўра, ортда қолган йилда мамлакатда яшил электр энергия ишлаб чиқариш улуши 47 фоизга етган. 2021 йилда бу кўрсаткич 42 фоизни ташкил қилган эди.

Германияда яшил электр  энергия улуши 47 фоизга етди, бизда-чи?

Aйни чоғда энергетикада кўмир улуши 28,3 фоиздан 31,9 фоизга ошган. Энергия бозорига кўмирда ишлайдиган станция­ларнинг қайтиши газ сарфини тежаш эҳтиёжи билан изоҳланади. Қолаверса, 2021 йил якунида мамлакатдаги атом электр станциялари ҳам тасарруфдан чиқарилган.

Йил давомида энергетика саноатида атмосферага карбонат ангидрид чиқиши ошган. Шунга кўра Энергетика ва сув хўжалиги федерал иттифоқи ижроия кенгаши раиси Керстин Aндрее атроф муҳитни муҳофаза этиш бўйича устувор мақсадларни амалга ошириш учун жадал ҳаракат қилиш, қайта тикланадиган энергия манбалари улушини кўпайтиришга ундаган.

Олмон ўлкаси иқлим ўзгариши салбий оқибатларини камайтириш бўйича кенг кўламли дастур амалга оширмоқда. Иқлим муҳофазасига доир федерал қонунга мувофиқ, 2030 йилда атмосферага заҳарли газлар чиқариш кўрсаткичини 1990 йилга қараганда 65 фоизга камайтириш кўзда тутилган.

2045 йилга бориб эса Европа локомотиви дея таърифланадиган Германияда иқлим бетарафлигига эришиш, яъни заҳарли газлар миқдорини энг қуйи кўрсаткичга тушириш режалаштирилган.

2021 йилда ўтказилган ижтимоий сўровга кўра, Германиядаги 92 фоиз хўжалик нефт, кўмир, газ каби қазилма ёқилғилардан воз кечиб, муқобил энергия манбаларига ўтишни ёқлаган. 27 фоиз оила камида бирор хил яшил энергия манбасидан фойдаланишини маълум қилган.

Мамлакатда муқобил энергияга ўтишни жадаллаштириш мақсадида 2021 йил январь ойидан дизел, бензин, мазут ва табиий газ ёнишидан ҳосил бўлган заҳарли газ учун 25 евро тўлов жорий этилган эди. Иқлим ўзгариши асоратларини камайтириш мақсадида қазилма ёқилғилар учун ўзига хос солиқ 2025 йилда 55 еврога қадар оширилади.

Мамлакат бўйлаб муқобил манбалар, хусусан, шамол ва қуёш энергиясидан фойдаланиш учун кўп миллиардлик лойи­ҳалар амалга оширилмоқда. Масалан, 2019 йилда Рюген ороли яқинида, Болтиқ денгизи бўйида «Aркона» шамол энергияси парки очилган. Бу ерда ўрнатилган 175 метрли 60 та трубина 400 минг хўжаликни энергия билан таъминлаш қувватига эга. Шимолий ва Болтиқ денгизларидаги бу каби генераторлар қарийб 360 кун давомида энергия бериши билан қимматлидир. Берлин ҳукумати имтиёз ва молиявий кўмак орқали ҳам яшил энергетикани ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда.

Қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш усуллари турлича. Шу билан бирга, бундай энергия манбаи асосида вужудга келган электр энергиясини сотиш учун имтиёз ва преференциялар нафақат Германия, балки дунёнинг деярли барча давлатида жорий этилган. Махсус яшил сертификатлардан фойдаланиш, яъни қайта тикланувчи энергия манбаи орқали ҳосил қилинган энергияни юқори нархда олувчи истеъмолчиларга сотиш механизми Швеция, Буюк ­Британия, Италия, Белгия, Полшада амал қилади. Бу борадаги солиқ имтиёзлари Малта, Финляндия, Кипр, Буюк Британия, Чехияда татбиқ этилган.

Бундан ташқари, имтиёзли кредитлар, соҳада илмий тадқиқотлар олиб борувчиларни ҳамда турли ускуна, қурилмаларни ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш, намунавий лойиҳаларни намойиш этган ҳолда қайта тикланувчи энергия манбалари ҳақида жамоатчилик ўртасида кенг тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришни рағбатлантириш каби жараёнларга қаратилган алоҳида ёндашувни жаҳон тажрибасида кўп кузатиш мумкин.

Мазкур соҳанинг ҳуқуқий асосларига келадиган бўлсак, Германияда қайта тикланувчи энергетикани ривожлантиришга қаратилган 7 та қонун мавжуд. AҚШ, Aвстралия, Aвстрия, Белгия, Бразилия, Канада, Дания, Франция, Ирландия, Жанубий Корея, Нидерландия, Португалия, Сингапур, Швеция, Швейцария, Ҳиндистон каби мамлакатларда махсус яхлит қонунлар қабул қилинган.

Юртимизда эса бугунги кунда қайта тикланувчи энергиянинг улуши биз фойдаланаётган электр энергиясининг атиги 8 фоизини ташкил этади. Электр энергияси тақчиллиги вужудга келгани, электр тармоқларидаги доимий узилиш­лар ҳақида 2000 йиллар бошидаёқ бонг урилган. Ҳукумат бу муаммога бефарқ эмасди, албатта. Масалан, 2010 йилда Тўрақўрғон ИЭСни қуриш ғояси илгари сурилди. Лойиҳани молиялаштириш масаласи кўриб чиқилган, хорижий инвесторлар билан музокаралар олиб борилган, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 26 майда «2017-2021 йилларда қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги, 2017 йил 8 ноябрда «Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари қабул қилинган. Бироқ мазкур жараёнлар ниҳоятда секин ва тарқоқ ҳолда давом этиб, аксарият лойиҳалар, фикр-мулоҳазалар қоғозда қолиб кетаверди.

Яқинда Ўзбекистон Президентнинг «2030 йилгача Ўзбекистон Республикасининг «яшил» иқтисодиётга ўтишига қаратилган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (ПҚ-436-сон 02.12.2022) қабул қилинди. Унга кўра келаси уч йилда барча давлат ташкилотларида қуёш панеллари ва иссиқ сув коллекторлари ўрнатилади. Ушбу мақсадларга 2 миллиард доллар миқдорида инвестиция жалб қилинади. Бунинг ҳисобига, уларнинг 60 фоиз электр ва газ истеъмоли «яшил энергия»га ўтказилади. Аҳоли хонадонларида эса, қуёш панели ўрнатишга ажратиладиган субсидиялар ҳажми 2 баробарга кўпайтирилади. Кўриб турганингиздек, рақамларда ҳаммаси чиройли.

«Яшил» энергетика имкониятлари ҳақида гап борганда, ана шундай каттадан катта рақамлар келтирилади. Бу ажойиб, албатта. Амалий ишларга келганда, кўнгилни ғурурга тўлдирадиган Германия тажрибалари каби мисолларни топа оламизми, бунисини эса вақт кўрсатади.

 

Шаҳруза САТТОРОВА




Ўхшаш мақолалар

Ўзбекистон –  энг тез  ўсаётган мамлакат сифатида

Ўзбекистон – энг тез ўсаётган мамлакат сифатида

🕔17:49, 23.07.2025 ✔85

Барқарор ривожланиш ечимлари тармоғи томонидан 2025 йил учун эълон қилинган Барқарор ривожланиш ҳисоботи рейтингида Ўзбекистон 73 балл билан 62-ўринни эгаллади. Бу мамлакатимизда қарийб 45 фоиз мақсадларга эришилган ёки эришиш жараёнида эканини билдиради.

Батафсил
Ўзбекистонда  чиқиндидан ёқилғи  олиш бўйича янги лойиҳа амалга оширилади

Ўзбекистонда чиқиндидан ёқилғи олиш бўйича янги лойиҳа амалга оширилади

🕔15:54, 26.06.2025 ✔128

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан Саудия Арабистонининг «Vision International Investment» (VIIC) ва Франциянинг «Suez international» компаниялари билан ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди.

Батафсил
Океанлардаги  20 миллиард  тонна пластик чиқиндини  йиғиб олиш мумкин

Океанлардаги 20 миллиард тонна пластик чиқиндини йиғиб олиш мумкин

🕔15:54, 26.06.2025 ✔141

Боян Слат ҳақида эшитганмисиз? У атроф-муҳитни асраш бўйича оламшумул ихтироларга қўл урган. Ўйлайманки, унинг кўплаб ишлари экофаол ёшлар учун қизиқарли ва намуна бўлади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар