Дам олиш куни эди. Ишхонадан бир хабар олиб келай деб кўп қаватли уйлар орасидан кетаётсам, бир уйнинг биринчи қаватидаги квартиранинг балконидан ерга бирин-кетин баклажкалар туша бошлади.
Қарасам, бир уй бекаси битта-битталаб ишлатиб бўлинган бўш баклажкаларни ташқарига ташлаяпти. Қонун тили билан айтганда маиший чиқиндини белгиланмаган жойга ташлаб, ҳуқуқбузарлик содир қиляпти.
«Бу нима килганингиз, нега бу ерга ташлаяпсиз буларни, ана нарироқда махсус жой борку» десам, «хавотир олманг, баклажка йиғадиганлар олиб кетади буларни» деб опа мени ўзича хотиржам қилмоқчи бўлди. Буни қарангки, то кимдир йиғиб олиб кетмагунича бу чиқиндилар ҳамманинг кўзига хунук бўлиб шу ерда ётавераркан. Уришиб жанжаллашишнинг фойдаси йўқлигини кўриб, «Майли опа, гап таъсир қилмади сизга» дедим-да, баклажкаларни ўзим йиға бошладим.
Шунда ҳалиги опа уялганидан ўзи чиқиб, қўлимдаги баклажкаларни олиб, ердагиларни ҳам йиғиштириб олди ва мендан узр сўради. Опага тушунтирдим. «Опа, тўғри тушунинг, оддий бир дона писта пўчоғи ҳам чиқинди, ҳатто ўша писта пўчоғини ҳам белгиланмаган жойга ташлаш мумкин эмас. Сизку, 5-6 та баклажкани деразадан улоқтиряпсиз. Қонунда бунинг учун катта жарима бор, 3 миллион 300 минг сўмгача (МЖтК 91-1-модда). Шу керакми сизга?..»
«Йўғе, ўзи эрим 4 миллион сўм ойлик олади-ку, намунча жаримаси баланд бўлмаса, мен энди эшитяпман», дея ҳайратланди опа.
Хуллас, аёл чиқиндиларни пакетга солиб, яна бир бор узр сўраб нарироқдаги чиқиндихона томон кетди. Менимча, нафақат бу аёл, балки шу кўп қаватли уйда яшовчи бирорта фуқаро чиқиндини белгиланмаган жойга ташлаш жиддий қонунбузарлик эканини ва бунинг учун жарима қанчалик юқори эканини билмаса керак. Чунки ён-атрофдаги сочилиб ётган чиқиндилар шундан далолат бериб турибди.
Лекин, опа энди баклажкаларни деразадан улоқтирмаса керак. Ҳар ҳолда қаттиқ хижолат бўлди, қолаверса, бу ишнинг оқибати қандай бўлишини ҳам тушуниб олди.
Одамларимиз чиқиндилар билан боғлиқ қонунбузарликлар ҳақида, бундай қонунбузарлик учун белгиланган жазолар ҳақида етарли маълумотга эга эмаслиги ушбу оддийгина ҳолатдан ҳам кўриниб турибди.
Кўпчилик хорижга чиқиб келган таниш-билишларимиз «вой, Европанинг фалон мамлакатида 200 евро жарима бор, вой Сингапурда битта сигарет қолдиғини ташлаганлик учун 300 доллар жарима бор» деб айюҳаннос солишади.
Нима, бизда ундай эмасми? Бизда ҳам шундай, бизда ҳам оддий бир чиқиндини нотўғри жойга ташлаганлик учун фуқароларга БҲМнинг 10 баробаригача, яъни 300 АҚШ доллари миқдоригача жарима бор. Мансабдор шахсларга эса БҲМнинг ўттиз баробари, яъни 900 АҚШ долларигача жарима солинади. Фақат буни одамларга етказиб беролмаяпмиз холос.
Саидали МУХТОРАЛИЕВ,
юрист
Экологик муаммо – миллат генофонди саломатлиги билан боғлиқ жиддий масала
🕔15:13, 23.07.2026
✔7
Бугунги суҳбатдошимиз – шифокорликдан парламентгача бўлган фаолият йўлини босиб ўтган, Ўзбекистон Экологик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ноиба ИНОЯТОВА.
Батафсил
Тоза сув – хавфсиз озиқ-овқат ва инсон саломатлиги гарови
🕔15:10, 23.07.2026
✔8
«Oila va TABIAT» газетасининг 2026 йил 9 июлдаги 28-сонида «Чирчиқ ва Қорадарёдан тутиладиган балиқларда микропластик аниқланди» сарлавҳаси остида долзарб мақола чоп этилди.
Батафсил
Германия «Яшиллар» партияси: Табиатни асраш йўлида пешқадам
🕔15:07, 23.07.2026
✔5
Германияда яшил сиёсат ғояларига алоҳида урғу берадиган «Яшиллар» партияси 1980 йил январдан буён фаолият юритиб келади.
Батафсил