Иқлим      Бош саҳифа

«500 йиллик заҳар...» улардан фойдаланишни қачон камайтирамиз?

Ҳар куни ишга келгунча машина ойнасидан атрофни томоша қилиб кетаман. Дарахт шохларида оқариб-кўкариб нималардир кўринади, худди юзлаб қушлар ин қуриб олгандек.

«500 йиллик  заҳар...»  улардан фойдаланишни қачон камайтирамиз?

Йўл четию буталарда ҳам осилиб турибди, ариқлар лиқ тўла. Ҳа, гап нима ҳақида эканлигини тушундингиз, елим халталар тому симёғочларга ҳам чирмашиб олган. Бу ҳолат бизга бегона эмас, кўчаларимизнинг одатий манзарасига айланган.

Полиэтилен пакетлар кундалик ҳаётимизда энг кўп ишлатиладиган воситага айланган. Бозорда, супермаркетда озиқ-овқат маҳсулотлари, рўзғор буюмларини солиш учун жуда қулай. Аммо уйга келишимиз билан улар чиқиндига айланади. Ошхонамизнинг қайсидир тортмасида бир қоп қилиб йиғилган полиэтилен халталар бор. Аммо ҳар сафар озиқ-овқат дўконидан янги пакет оламиз, арзимаган қулайлигимиз эвазига табиат қанча йиллар зарар кўриши ҳақида эса ўйлаб ҳам кўрмаймиз…

 

Йилига 8 фоизга ошиб бормоқда

Дунё бўйлаб озиқ-овқат ва ичимликлар елим идишлари 31,1 фоиз, контейнер қопқоқлари 15,5 фоиз, полиэтилен пакетлар 11,8 фоиз ва сув учун мўлжалланган елим идишлар 7,27 фоиз атрофида чиқиндиларни ҳосил қилади. Бу дегани ҳар йили 4 миллиондан зиёд полиэтилен халта чиқитга чиқади.

Ҳар дақиқада бир миллионга яқин полиэтилен пакет ишлатилади, уларнинг аксарияти ўртача 25 дақиқадан сўнг ахлат қутисига тушади. Пластик турига қараб, бундай пакетларнинг табиий парчаланиши 100 йилдан 500 йилгача давом этиши мумкин.

Европа Иттифоқи давлатларида йилига 3,4 миллион тоннага яқин полиэтилен пакетлар ишлаб чиқарилади. Бу 2 миллиондан ортиқ автомобиль оғирлигига тенг. Уларнинг 90 фоиздан ортиғи бир марталик. Бир европалик ўрта ҳисобда йилига 500 тага яқин пластик пакетдан фойдаланади. Шунга қарамай, бугунги кунда европаликларнинг кўпчилиги бир марталик пластик қопларни тақиқлашни қўллаб-қувватламоқда.

Пластик пакетларнинг табиатга ва табиат орқали тўғридан-тўғри инсон саломатлигига зарарлари ҳақида халқаро акциялар ўтказилиб туришига қарамай, елим халтадан фойдаланиш ҳар йили 8 фоизга ошиб бормоқда.

 

1 миллион қуш, 100 минг денгиз ҳайвонлари нобуд бўлади

Елим ва пластик чиқинди тупроқ унумдорлигини камайтиради, ҳаво ва сувнинг ифлосланишига яхшигина «ҳисса» қўшади, демакки, бевосита ҳайвонот оламини ҳам заҳарлайди. Мана шу заҳарланиш ортидан йилига 1 миллион қуш, 100 минг денгиз ҳайвонлари, сон-саноқсиз балиқлар нобуд бўлади.

Ҳисоботларга кўра, пластик пакетлар нафақат глобал экологик муаммоларни келтириб чиқармоқда, балки энергетика ресурслари беҳуда сарфланишига ҳам сабаб бўлмоқда. Мисол учун, Хитойда полиэтилен пакетлар ишлаб чиқарилиши ва фойдаланиши тақиқлангач 1,6 миллион тонна нефть тежаб қолинган.

ТАСС Греенпеаcе нашри одатий пластик буюмлардан воз кечиш атроф муҳитга қандай ёрдам қилиши мумкинлигини эринмасдан ҳисоблаб чиқди. Биз супермаркетга, ё бозорга кирамиз, нарсалар харид қиламиз ва албатта уларни нимагадир солиш зарурати туғилади. Супермаркетларда кўпинча 30х60 см ўлчамдаги, 5 килограммгача юк кўтара оладиган пакет таклиф қилишади.

Греенпеаcе маълумотларига кўра, бир нафар россиялик йилига ўртача 181 та елим пакет ишлатади, бу эса Россияда йилига 26,5 миллиард пакет ишлатилади, дегани. Бунча пакет билан Байкал кўлининг учдан бир қисми ёки Москва шаҳрини тўрт марта тўлиқ ёпиб чиқиш мумкин.

Пакетларнинг ишлатилиши Россияда ҳар йили 133 минг тонна пластик чиқиндихонага келиб тушишига сабаб бўлади. Агар ҳар бир россиялик дўконга экосумка билан борса чиқиндихоналарга йилига 133 минг тонна зарарли пластик келмайди, деганидир.

Бундан ташқари, экосумкани ишлатиш Ернинг сув ресурсларини ҳам сақлашга хизмат қилади. 5 грамм оғирликдаги бир дона полиэтилен пакет ишлаб чиқариш учун 225 мл. сув кетади. Бир йил давомида бир киши ишлатиладиган 181 дона пакет учун 40 литр сув кетади. Тасаввур қилинг, дунёда неча миллиард одам бор?

 

76 та давлатда чекловлар жорий этилган

Бугун дунёнинг кўплаб мамлакатларида полиэтилен пакетлар муаммосини ҳал қилиш чоралари ишлаб чиқилмоқда. Дунё аҳолисининг 80 фоиздан ортиғи истиқомат қилувчи 76 та давлатда полиэтилен пакетлар муомаласини тартибга солиш бўйича чекловлар жорий этилган. Пластик пакетларга биринчи тақиқ 2002 йилда Бангладеш томонидан жорий қилинган. Бу давлатда шаҳар зовур тизимини пластик пакетлар ёпиб қўйгани туфайли сув тошқини юзага келган ва минглаб одамлар ҳалок бўлган.

Шундан сўнг дунёнинг ривожланган мамлакатлари пластик пакетлардан фойдаланишдан босқима-босқич воз кечмоқда. Грузия ва Молдова биринчилардан бўлиб полиэтилен пакетларни ишлаб чиқариш ва сотишдан воз кечган. Францияда пластик пакетлардан фойдаланиш мутлақ тақиқланган.

 

Энг яхши намуна

Люксембургда 2004 йилдан бошлаб аҳоли ўртасида шундай тарғибот компанияси бошландики, унга кўра одамлар ўзига қулай бўлган ҳамда қайта ва яна қайта ишлатиши мумкин бўлган сумкалардан (маҳаллий аҳоли бу каби сумкаларни «Öko-Tut» деб номлайди) фойдаланишга ва полиэтилен пакетлардан воз кечишга даъват этди. 2007 йилга келиб эса бир марталик полиэтилен пакетларни бепул тарқатиш ман этилди, 2009 йилга келиб бундай пакетлардан фойдаланиш 55 млн.дан 6,5 млн.гача тушди. Öko-Tut сумкалари Европа комиссияси томонидан полиэтилен чиқиндиларини камайтириш бўйича энг яхши намуна сифатида эътироф этилиб, махсус совғани қўлга киритган.

 

4 йил қамоқ жазоси

Хитойда 2008 йил 1 июндан бошлаб жуда ҳам юпқа (қалинлиги 0,025 мм.гача) полиэтилен пакетларни ишлаб чиқариш ҳамда уларни савдо дўконларида бепул тарқатиш тақиқланди. ХХР Давлат кенгаши мазкур қарорни мамлакатда аҳоли томонидан ҳаддан зиёд кўп полиэтилен маҳсулотларидан фойдаланилиши, ўз навбатида уларни ўрнатилган тартибда қайта ишлаш ва утилизация қилиш имкони мавжуд эмаслигини ҳисобга олган ҳолда қабул қилди. Мазкур янги қарор талабларини бузган савдо дўконлари катта миқдорда жаримага тортилади ёхуд маҳсулотлари конфискация қилинади.

Британияда 2015 йилдан бошлаб ҳар бир ишлаб чиқарилган пластик пакет учун 5 цент солиқ киритилган. Энг қатъий тартибга солиш чоралари Африка ва Осиёда. Бу минтақалардаги баъзи мамлакатларда елим қопларни ишлаб чиқариш, импорт қилиш, ишлатиш тақиқланган ва тартибни бузиш қамоқ билан жазоланади. Кенияда эса мисли кўрилмаган жазо белгиланган – 38 минг доллар жарима ёки 4 йил қамоқ жазоси.

 

Фақат гўшт ёки балиқ маҳсулотларини ўраш мумкин

2019 йил 1 январдан бошлаб Жанубий Кореянинг супермаркет ва бошқа савдо дўконларида пластик пакетлардан фойдаланиш ман этилди. Харидорларга пластик пакетлар ўрнига қоғоз ёки матодан тайёрланган пакетлар таклиф қилина бошлади. Пластик пакетлардан фақат гўшт ёки балиқ маҳсулотларини ўраш учун рухсат берилади. Мазкур қоидани бузганлик учун дўконлар
3 миллион вон жаримага тортилади.

Қирғизистон ҳам полиэтилен пакетларни ишлаб чиқариш, сотиш ва ишлатишдан бутунлай воз кечишга доир тегишли қонун ишлаб чиқилди. Унга кўра, 2024 йилдан бошлаб мамлакатда пакет ишлаб чиқариш тўхтатилади. Уларни тарқатиш тўлиқ тақиқланганидан сўнг, мижозларга елим қоп­лар ўрнига қоғоз ёки матодан тайёрланган эко-пакетлар таклиф этилади. Қозоғистон ҳам елим халталарни тақиқлашга тайёр, Тожикистонда ҳам тегишли қонун ишлаб чиқилмоқда.

Европа мамлакатларида ҳам одам бошига ишлаб чиқарилаётган пластик пакетлар сонини йил сайин қисқартириб бориш режаси қабул қилинган. Унга кўра 2019 йилда бир кишига 90 та пакет, 2025 йилга келиб – 40 тагача тушириш режелаштирилган.

 

Йилига 26,2 минг тонна!

Юртимизда 2019 йил 1 январдан полиэтилен пакетларни бепул бериш тақиқланган бўлса-да, бозор ва майда дўконларда бу тартибга амал қилинмайди. Ҳар бир харидингиз алоҳида-алоҳида пакетларга ўраб, қўлингизга тутқазилади. Буни чиқиндихоналардаги, дарахт ва буталарга осилган пакет уюмлари, ошхонамиздаги пакет учун ажратилган алоҳида тортма ёки қутидан ҳам англаш мумкин.

Статистика ҳам буни тасдиқлайди, йилига 26,2 минг тонна елим халталардан фойдаланар эканмиз. 25 дақиқадан сўнг чиқиндига айланадиган пакет эса 500 йилгача сайёрамизни заҳарлаб тураверади…

Шаҳруза САТТОРОВА




Ўхшаш мақолалар

Шиддат  Билан эриётган  «пахтакор»

Шиддат Билан эриётган «пахтакор»

🕔16:45, 14.08.2025 ✔79

Ўзбекистондаги энг йирик тоғ музлиги – «Пахтакор» тез суръатда эриб бораётгани маълум бўлди.

Батафсил
Яна эллик йилдан сўнг Тошкентда  жазирама  ўта ҳалокатли  тус олиши мумкин

Яна эллик йилдан сўнг Тошкентда жазирама ўта ҳалокатли тус олиши мумкин

🕔17:48, 23.07.2025 ✔83

Хусусан, Ашхободда юқорида айтилган ўлимлар 100 минг кишига 25-28 ҳолатни ташкил қилади.

Батафсил
Сувларнинг  ифлосланиши – қоракўзлар ҳаётига таҳдид

Сувларнинг ифлосланиши – қоракўзлар ҳаётига таҳдид

🕔16:06, 18.07.2025 ✔80

Қоракўз — карпсимонлар оиласига мансуб балиқ тури. У асосан Ўзбекистоннинг дарё ва сув ҳавзаларида учрайди. Бу тур нафақат экологик жиҳатдан муҳим, балки биологик хилма-хилликни сақлашда ҳам алоҳида ўрин тутади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар