Қадимий Самарқандда ЮНЕСКОнинг тарихий анжумани
Қирқ йил ичида илк бор Париждан «ташқарига чиққан» Бош конференция
БатафсилЭкологик маданият нима? Бу атроф муҳит тўғрисида етарли билимга, табиатни асраш туйғусига эга бўлиш, ўсимликлар ҳамда ҳайвонларга нисбатан ғамхўрлик кўрсатишга, табиат захираларидан оқилона фойдаланиш, уларни кўпайтириш борасида қайғуришга қаратилган амалий фаолиятнинг юксак кўрсаткичидир.
Жўмракдан беҳуда оқиб кетаётган сувни ёпиб қўйишга ўзини бурчли санаш, сув ҳавзаларини ифлослантирмаслик, чиқиндини дуч келган жойга ташлаб кетмаслик, турар-жойларни озода сақлаш, ҳайвонларга ғамхўрлик қилиш, қушларни парваришлаш – экологик маданиятнинг энг оддий кўринишлари. Бу масалалар бир қараганда жуда жўн бўлиб кўриниши мумкин, аслида эса муаммоларнинг бошланиши ана шундай биз эътибор қаратмайдиган «майда» ишлардан келиб чиқади.
Табиат ва инсон ўртасидаги муносабат маълум бир қонунлар орқали бошқарилади. Уларга риоя қилмаслик эртами, кечми, албатта экологик ҳалокатга олиб келади. Минг афсуски, биз экологик муаммолар кескинлашган даврда яшаяпмиз.
Мана шундай шароитда табиатни муҳофаза қилиш, унинг мусаффолигини сақлаш, ушбу соҳада таълим-тарбияни ривожлантириш, ёшларнинг экологик маданияти ва экологик муаммоларга қарши курашиш борасидаги билимларини ошириш, атроф муҳит муҳофазасида ёшларни бирлаштириш энг биринчи вазифалардан бўлиши керак.
Шу боисдан Ўзбекистоннинг экология соҳасида жорий этиш учун ёшлар таклифларини шакллантириш ва бирлаштириш мақсадида Ўзбекистон Экологик партияси томонидан юртимизнинг барча ҳудудларида «Яшил тараққиёт учун курашамиз!» шиори остида экофорумлар ўтказиб келинмоқда.
3 октябрь куни ушбу форум Бухорода старт олди. Унда Хоразм, Навоий ҳамда Бухородан 150 нафар йигит-қиз иштирок этди.
Экофорумининг очилиш маросимида Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Абдушукур Ҳамзаев сўзга чиқиб, экологияга салбий таъсир кўрсатадиган ҳар қандай хатти-ҳаракатлардан тийилиш ва экологик маданиятни ошириш зарурлигини таъкидлади.
Шундан сўнг Бухоро муҳандислик-технология институтида «Экологик барқарорлик учун: илмий-амалий ёндашувлар ва ечимлар» мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. Унда форум иштирокчилари, вилоятдаги бир қатор олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, докторантлар, ёш олимлар иштирок этишди.
– Бугун инсониятнинг табиатга нисбатан салбий муносабатлари оқибатларига гувоҳ бўлиб турибмиз. Узоқ йиллар мобайнида табиатга етказилган таъсир оқибатида табиий мувозанатга путур етди. Бугунги кунга келиб эса, инсоният тамаддуни, унинг эртанги тақдири айнан шундай масалаларни ҳал этишни тақозо қилмоқда, – деди Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши раиси, профессор Абдушукур ҲАМЗАЕВ. – Айни чоғда экологик муаммоларни ҳал этишда тежамкор, экологик тоза технологияларни жорий қилиш, табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини изчил олиб бориш ёки соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлар уларни ҳал этишда етарли эмаслигини кўрсатмоқда. Аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, атроф муҳитга оқилона муносабатда бўлиш, табиат неъматларини келгуси авлодлар учун асраб-авайлаш ҳиссини шакллантириш антропоген таъсирларнинг олдини олишда асосий омиллардандир. Бунда экологик таълим-тарбиянинг аҳамияти ҳам ниҳоятда юқоридир.
Чиқинди ботқоғига ботаётган атроф
Экологик фожиалар ҳақида гап кетар экан, чиқинди ва уларни қайта ишлаш масаласи кун тартибига чиқади. Бугунги кунда дунёда ҳар бир инсонга йилига ўртача 20 тонна хом ашё сарфланиб, унинг 97 фоизи чиқиндига чиқарилар экан. Бу маҳсулотларнинг хизмат муддати қисқараётгани, унинг ўзидан ўрамига кўпроқ эътибор қаратилаётгани, бир марталик буюмлардан кенг фойдаланилаётгани билан боғлиқ. Шу боис ҳам чиқиндини саралаш ва қайта ишлаш, унинг табиатга, инсониятга зиёнини камайтириш асримизнинг энг долзарб масалаларидан бирига айланди.
Экофорум иштирокчилари чиқиндиларни қайта ишловчи «Аҳолитранс» масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишдилар. Корхона томонидан вилоятда чиқиндилар билан боғлиқ ишларни бошқариш тизими бўйича олиб борилаётган ишлар ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш чоралари бўйича маълумот берилди.
Дилдора РАҲМАТОВА, форум иштирокчиси, ёшлар парламенти аъзоси:
– Ҳар йили дунё бўйлаб тахминан 300 миллион тонна пластмасса чиқиндига айланади – бу бутун ер юзи аҳолисининг вазнига тенг. Ўша чиқиндиларнинг бешдан камроқ қисми қайта ишланади, чорак қисми ёндирилади ва ярмидан кўпи чиқиндихоналарда қолиб кетмоқда. Йилига ўртача 80 миллион тонна пластик чиқиндилар тегишли қоидаларсиз шунчаки атроф муҳитга ташланади.
Аҳоли орасида полиэтилен ва пластмасслардан воз кечиш борасидаги тарғибот ишлари етарлича олиб борилаётгани йўқ ва аҳолининг ушбу воситалардан воз кечиши тобора ортга сурилмоқда. Ҳозирги кунда энг катта куч бу жамоатчилик, барча бирдек бу масалада бонг урмас экан, инсоният чиқинди ботқоғига ботиб бориши кундек равшан.
Экофорум доирасида ушбу масала кўтарилгани, чиқиндиларни қайта ишловчи корхона фаолияти билан танишганимиз айни муддао бўлди. Мамлакатимизда чиқиндиларни асосан полигонларга жойлаштириш ёки уларни ёқиш усулларидан кенг фойдаланилади. Қайд этиш керакки, полигонларга чиқиндиларни жойлаштириш муаммонинг ечими бўлмайди. Сабаби полигонларга жойлаштирилган чиқиндилар атроф муҳитга зарар келтирувчи асосий манбалардан бирига айланади. Шунинг учун ҳам уларни қайта ишлаш ва бу борада тадбиркорларга имтиёзлар яратиш энг оқилонга ечим бўлади, менимча.
Жараён давомида ёшларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифлари тингланиб, фаолиятлари давомида юзага келаётган масалалалар бўйича ечимлар таклиф қилинди.
Кейинги манзил эса Бухоро вилоятида Когон шаҳри жанубидаги Моможурготи платоси этакларида жойлашган Жайрон ихтисослаштирилган питомниги бўлди. Бу ҳам экофорум иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
«Жайрон» Бухоро ихтисослашган питомниги – Ўрта Осиёда ноёб чўл ҳайвонларини кўпайтириш ва реинтродукциялашга ихтисослашган илмий марказ бўлиб, 1976 йилда ташкил этилган. Майдони 5145 гектарни ташкил этади. Қўриқхона ҳудудида Ўзбекистон Республикаси ва халқаро «Қизил китоб»га киритилган кўплаб турлар яшайди. Жайрон питомнигида ўсимликларнинг 250 дан ортиқ тури ўсади. Ҳайвонлардан сут эмизувчиларнинг 32, қушларнинг йил давомида 250 дан ортиқ, судралиб юрувчиларнинг 18, сувда ҳамда қуруқликда яшовчиларнинг 2, балиқларнинг 8 ҳамда умуртқасизларнинг 700 дан ортиқ тури учраши аниқланган.
Ушбу масканда ёшлар ноёб ҳайвонлар, турли ўсимликлар, ажойиб манзаралар билан танишар экан, уларнинг табиатга бўлган муҳаббати янада ошганини, ҳайвонларга ғамхўрлик қилиш иштиёқи янада кучайганини билиш қийин эмас.
Экофорумдан мақсад нафақат ёшларнинг таклифларини ўрганиш, балки соҳага мутахассислар етишмаётган бу даврда уларга керакли билимларни бериб бориш ҳамдир. Шунинг учун экофорум доирасида ёшлар «Нефтчи» оромгоҳида гуруҳларга бўлиниб, беллашдилар. Унда иштирокчилар тажрибаси, янги услуб ва технологиялар, барқарор ривожланиш мақсадларининг экологик жиҳатларини муҳокама қилдилар.
Экологик муаммоларни бартараф этишда сунъий интеллект ва нейрон тармоқларни қўллаш ва замонавий тадқиқотлардаги бошқа ишланмалар, шунингдек, уларнинг аҳамияти, иқлим ўзгариши каби глобал муаммоларга қарши курашиш йўллари ҳақида фикр алмашдилар.
Дилноза ХОЛМЕТОВА, Хоразм вилояти партия ташкилоти бош мутахассиси:
– Ушбу форум нафақат ёшлар учун, балки партия вакиллари учун ҳам янги билимларга бой бўлди десам, муболаға бўлмайди. Негаки партия вакиллари учун «Нефтчи» оромгоҳида семинар ташкил этилди. Унда Хоразм, Навоий, Бухоро, Самарқанд, Жиззахдан ташриф буюрган ходимлар, туман ва шаҳар раислари иштирок этди. Ўқув семинарида Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари, сиёсатшунос Жамшид Жўраев томонидан «Ўзбекистонда сиёсий партияларнинг ҳуқуқий асослари» мавзуидаги маърузасида демократик жараёнларда сиёсий партия позицияни кучайтириш бўйича берган тавсиялари биз учун жуда фойдали бўлди.
Сиёсий партиялар жамиятни ҳаракатга келтирувчи муҳим бўғин ҳисобланади. Зеро, парламентаризмнинг ривожланиб бориши сиёсий партиялар ўртасида соғлом сиёсий рақобатни вужудга келтиради. Бу эса жамиятимизда сайлов ва сўз эркинлиги, ижтимоий фикрдан баҳраманд бўлиш, ижтимоий манфаатлар интеграцияси ҳамда эркин, демократик сайловларда сиёсий кучлар рақобати каби қатъий тизимларнинг шаклланишига замин яратади.
Бугун ноқулай экологик шароитларда сайёрамизни асраб қолишда ёшларнинг ўрни ниҳоятда муҳим. Шунинг учун ҳам бу борада уларга керакли ахборотларни бериш давр талабидир. Хабарингиз бор, келгуси 7 йил ичида мамлакатнинг асосий ривожланиш йўналишларини белгилаб берувчи «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида ҳам аҳоли учун қулай атроф муҳит шароитини таъминлаш, экологик барқарорликка эришиш мақсадида бир қатор устувор вазифалар белгиланган. Экофорум давомида мазкур вазифаларнинг нечоғли муҳим аҳамият касб этиши тўғрисида ҳам иштирокчиларга кўплаб маълумот ва тушунтиришлар берилди.
Экофорум якунида халқ ардоғидаги санъаткорлар иштирокида кўнгилочар концерт дастури ҳам ўтказилди. Самимий, эркин руҳда ўтказилган мазкур мулоқотларда бир гуруҳ талабалар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга атрофлича жавоб олдилар, экологиянинг турли йўналишлари бўйича ўз таклифларини билдирдилар. Мулоқот сўнгида фаол ёшлар партиянинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шахруза САТТОРОВА,
«Oila va TABIAT» мухбири
Қирқ йил ичида илк бор Париждан «ташқарига чиққан» Бош конференция
БатафсилОлий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси нафақат қонун ижодкорлиги жараёнида, балки Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорлик, таълим, давлат хизматлари ва «яшил энергия» йўналишларидаги сиёсий курсини амалда намоён этувчи муҳим минбар бўлди.
БатафсилОлий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари биринчи ва иккинчи ўқишда муҳокама қилинди. Хусусан, «Суд-экспертлик фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Батафсил