Аҳоли сонининг тадрижий ўсиши мавжуд табиий ресурслардан унумли ва оқилона фойдаланишда янги-янги чоралар заруратини юзага келтирмоқда. Шулардан бири маиший ва саноат чиқиндиларини ишлаб чиқаришда хомашё сифатида қўллашдир. Ривожланган давлатлар тажрибасидан аллақачон ўтган бундай инновацион ечим биз учун ҳам катта имкониятлар эшигини очиши муқаррар.
Ўтган ҳафтада Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Абдушукур Ҳамзаевнинг Андижон вилоятида бўлган хизмат сафарида шу каби муҳим масалаларга эътибор қаратилди. Вилоятда маиший ва саноат чиқиндиларини қайта ишлаш, хавфсиз тарзда утилизация қилиш борасида қандай чора-тадбирлар кўрилаётгани атрофлича ўрганилди.
Андижон шаҳрида «Чиқиндиларни йиғиш, саралаш, олиб чиқиш, қайта ишлаш ва утилизация қилиш, чиқинди полигонларини рекултивация қилиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар» мавзусида бўлиб ўтган жамоатчилик эшитувида Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Абдушукур Ҳамзаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Наврўзбек Юсупов ва маҳаллий кенгаш депутатлари, партия вакиллари, мутасадди ташкилот ва идораларнинг масъул ходимлари иштирок этди.
Жамоатчилик эшитувида бугунги кунда юртимизда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш, чиқинди полигонлари ҳолатини оптималлаштириш, республикадаги полигонлар сонини қисқартириш ва халқаро молиявий манбалар маблағларини жалб этган ҳолда замонавий полигонларни барпо этиш, қолган полигонларни меъёрларга мувофиқ рекультивация қилиб, ёпиш зарурлиги тўғрисида сўз юритилди. Мазкур ишлар нафақат атроф-муҳит муҳофазаси, балки бевосита юртдошларимиз саломатлигига дахлдор эканини такидлади.
– Дунёнинг деярли барча мамлакатларида қаттиқ маиший чиқиндилар аҳоли жон бошига ҳар йили 1 фоизга ошмоқда. Ҳозирги кунда чиқиндиларнинг 800 дан ортиқ тури қайд этилган бўлиб, улар сонининг келгусида янада ортиши башорат қилинмоқда. Энергетика, рангли ва қора металлургия, кимё саноати ва қурилиш индустрияси объектлари чиқинди ҳосил қилувчи, атроф-муҳитни ифлослантирувчи асосий манбалар ҳисобланади. Айтиш жоизки, атроф-муҳитни ишлаб чиқариш ва истеъмол чиқиндиларидан муҳофаза қилиш табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда экологик тоза технологияларни амалиётга татбиқ этиш муаммолари билан узвий боғлиқдир. Кўп асрлар давомида чиқиндиларни нотўғри бош¬қариш табиий ресурсларнинг ўзгаришига, табиатнинг кутилмаган ўзгаришларига сабаб бўлмоқда, – деди Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгаши раиси Абдушукур Ҳамзаев.
Эшитувда Ўзбекистон Экологик партияси Андижон вилоят кенгаши раиси Х.Юсупов вилоят партия ташкилоти томонидан ҳудудларда чиқиндиларни йиғиш, саралаш, олиб чиқиш, чиқинди полигонларининг ҳолати бўйича олиб борилган ўрганишлар бўйича маълумот бериб ўтди. Ўрганишлар давомида бир қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлиги маълум бўлди. Мисол учун: Асака, Бўстон, Марҳамат, Булоқбоши, Шаҳрихон туманлари ҳамда Андижон шаҳридан олиб чиқиладиган чиқиндиларни ташлаш полигонида дизбарьер йўқлиги, атрофда барпо қилинаётган иҳотазор тўхтаб қолгани, экилган кўчатлар етарли даражада парвариш қилинмагани, чиқинди саралаш ускуналари мавжуд эмаслиги, атрофини бетон девор билан ўраш ишларини давом этириш зарурлиги, саралаш ишлари қўл меҳнати орқали амалга оширилиши каби камчиликлар мавжудлиги айтилди.
Шунингдек, туманлардаги чиқиндихоналар ҳолати ўрганилганда ҳам бир қатор муаммолар борлиги маълум бўлди. Жумладан, Асака туманидаги «Чек» маҳалласида, Улуғнор туманидаги «Фаровон» маҳалласида, Қўрғонтепа туманидаги «Янги ҳаёт» маҳалласида чиқиндилар ўз вақтида олиб чиқиб кетилмагани ҳолатлари кузатилган.
Жамоатчилик эшитувида фуқаролар, журналист ва блогерларнинг саволларига мутахассислар томонидан атрофлича жавоб қайтарилди. Мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича мутасаддиларга аниқ таклифлар берилиб, эшитув қарори қабул қилинди. Қарор ижросини вилоят ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликларига назоратга олиш мақсадида юбориладиган бўлди. Мазкур эшитув бўйича келгусида қилинадиган ишлар партия томонидан жамоатчилик назоратида бўлиши таъкидланди.
Жамоатчилик эшитувидан сўнг Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгаши раиси А.Ҳамзаев Андижон вилоятидаги бир неча жойларда бўлди. Дастлаб Андижон туманидаги «Техно Иноватор» пластмассани қайта ишлаш корхонаси фаолияти билан танишди. Мазкур корхонада чиқиндига чиққан пластмасса маҳсулотларини қайта ишлаган ҳолда ўзимизда ишлаб чиқарилган енгил автомобиллар учун эҳтиёт қисмлари, хўжалик ишларида фойдаланиладиган турли маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
Партия раҳбари корхона вакиллари билан учрашувда бугунги кунда кўплаб қайта ишлаш мумкин бўлган маҳсулотлар шунчаки чиқиндига чиқиб кетаётгани, уларни қайта ишлашни йўлга қўйиш орқали атроф-муҳитни кўплаб зарарли таъсирлардан асрашга эришиш мумкинлиги ҳақида гапирди.
Шунингдек, Абдушукур Ҳамзаев Шаҳрихон туманидаги «Байроқ» маҳалласида ташкил этилган кўчат экиш тадбирида иштирок этди. Унда икки гектар майдонга 200 тупдан зиёд манзарали дарахт ва гул кўчатлари экилди. Тадбир жараёнида А.Ҳамзаев кўчат экиш билан боғлиқ агротехник қоидалар ҳақида тушунтиришлар бериб ўтди.
– Кўпчилигимиз дарахт экиш учун ерни кавласак, ниҳолни қўйиб, сув қуйиб-қуймай кўмиб қўйсак, бўлди, кўкариб кетаверади, деб ўйлаймиз. Аммо бу фикрни асло тўғри деб бўлмайди.
Дарахт экиш ва унинг униб-ўсишини таъминлаш учун ҳам гўдакка парвариш қилингани каби ғамхўрлик ва эътибор зарур бўлади, – деди партия раҳбари.
Уюшқоқлик билан ўтаётган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг бу йилги мавсуми қилинаётган зарворли меҳнатнинг самараси учун пухта ёндашувни талаб этмоқда. Юқорида таъкидланганидек, бугунги фаолиятимизга масъулият ва дахлдорлик билан муносабатда бўлсак, экологик барқарорликни таъминлашга муносиб ҳисса қўшган бўламиз.
ЎЭП Марказий кенгаши
Матбуот хизмати
Тошкент – Самарқанд янги автомобиль йўли қурилишига старт берилди
🕔15:23, 23.07.2026
✔3
Ўзбекистон тарихидаги илк «яшил» ва инновацион йўл
Президент Шавкат Мирзиёев 22 июль куни Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманига ташриф буюриб, Тошкент – Самарқанд йўналишидаги пуллик муқобил автомобиль йўли қурилишига тамал тоши қўйди.
Батафсил
Экология кодекси: Келажак авлод олдидаги масъулиятимизнинг ҳуқуқий асоси зарур
🕔13:31, 20.07.2026
✔67
Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Экология кодекси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Зотан, бугун мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, атроф-муҳитни асраш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Шу боис, янги кодекс лойиҳаси жамиятимизда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Батафсил
2030 йилгача асосий мақсад: Чўлланишга қарши курашиш ва «яшил шаҳар» бунёд этиш Ушбу масала Президент ҳузурида муҳокама этилди
🕔15:58, 09.07.2026
✔193
Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев чўлланишга қарши курашиш ва чўл иқтисодиётини ривожлантириш, шунингдек, шаҳарларда «яшил шаҳар» тамойилларини жорий этиш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди.
Батафсил