Саломатлик      Бош саҳифа

ПИЛИНГ КИМЛАРГА МУМКИН ЭМАС?

ХХ аср бошларида америкалик шифокор Жесспер кемада саёҳатга чиқади. Кўп ўтмай, йўловчилар баданида тошмалар пайдо бўлади.

ПИЛИНГ КИМЛАРГА МУМКИН ЭМАС?

Шифокор баъзи моддалардан суюқлик тайёрлаб, терига суртади. Ва бу яхши натижа беради.

Шу тариқа бугун нафақат терини даволаш, балки юзни тиниқлаштириш учун фойдаланиладиган пилинг ихтиро қилинади. Бугун пилинг оммавий равишда фойдаланиладиган хизмат тури, бироқ кўпчилик унинг ўзи нималиги, фойда ва зарарларини тўлиқ тушуниб етавермайди.

Бу ҳақда Тошкент шаҳридаги туманлараро 2-тери-таносил касалликлари диспансери шифокори Шаҳло ИСМОИЛОВАга мурожаат этдик.

— Пилинг ўзи нима?

— Пилинг инглизча сўз бўлиб, «to peel» — «арчиш», «кўчириш» ёки «юза қаватни олиб ташлаш» дегани. Қисқа айтсак, пилинг терининг устки қатламини, яъни, ҳужайралари нобуд бўлган терини олиб ташлашдир. Бунда тери янгиланиб, ёшаради. Натижада, теридаги нуқсонлар, юзаки ажинлар, нотекисликлар, доғлар йўқолади.

— Бугунги кунда пилингнинг қандай турлари мавжуд?

— Замонавий косметологияда косметик, механик, кимёвий пилинглар мавжуд. Пилингнинг мақсади янги тўқималарни тезроқ етилтиришдир. Пилинг муолажалари учга бўлинади: юзаки, ўрта ва чуқур. Юзаки пилинглар асосан ўсмирларга ёки балоғат ёшига етган, асосан 20 ёшдан катталарда ўтказилади. Ҳуснбузарлар, улардан кейин қолган доғларни кетказиш ва ёғли териларда қўлланилади. 25-30 ёшли одамларга ҳам чандиқ изларини тўғрилаш каби ҳолатларда ишлатилади. Ўрта пилинг 35-40 ёшлиларга мўлжалланган. Уларда ҳам муаммоларига қараб, яъни чуқур чандиқлар, ажинлар ва доғларни кетказиш учун қўлланилади. Ҳомиладорлик вақтида юзга чиқувчи доғларни ҳам йўқотади. Бироқ пилинг қилдиришдан олдин яхшилаб текширтириш, врач-дерматолог маслаҳатини олиш зарур. Чуқур тури эса, операция орқали амалга оширилади. Мамлакатимизда бу усулдан деярли фойдаланилмайди.

— Қандай ҳолатларда пилинг қилиш маслаҳат берилмайди?

— Ҳомиладор ва эмизикли аёлларга, қонида герпетик инфекциялар юқори даражада бўлган кишиларга, шамоллаш ёки инфекцион касалликлар билан оғриганда, тана ҳарорати ошганида, терида очиқ жароҳатлар ва микротравмалар бўлганида пилинг қилиш мумкин эмас. Шунингдек, сачратқи, тери яллиғланиши касаллиги бўлган ҳолларда ҳам бу тавсия этилмайди.

— Қайси фаслларда мумкин эмас?

— Ёз, баҳор ойларида ўртача пилинг қилиш тақиқланади. Юзаки пилингни ҳам, аввало, юзга қуёшдан сақловчи крем воситаларни суриб, кейин қилиш керак. Бу шифокор назоратида амалга оширилади.

— Кимёвий пилингни кимларга қилиш тақиқланади?

— Инсон териси тўрт турда бўлади. Улар фототип дейилади. Учинчи ва тўртинчи фототипларга пилинг мумкин эмас. Финол таркибли пилинг қон томир тизимида, юрак, буйрак, жигар аъзоларида ва қандли диабет касали борларга, сўгал, эшакеми касалликларида ҳам тақиқланади. Баъзи териларнинг сезувчанлик даражаси юқори бўлади. Уларга ҳам кимёвий пилинг мумкин эмас. Аввал тери сезувчанлигини аниқловчи тест қилиниб, сўнгра, маслаҳат қилинади. Онкологик хасталикка чалинганларга-ку қатъиян ман этилади.

Пилингларни кимёвий таркибидан келиб чиққан ҳолда врач-косметолог босқичма-босқич амалга оширади. Аввало, косметолог юз соҳасини тозалайди ва барчаси босқичма-босқич бажарилади. Бемор юзида бироз ачишиш ҳис этади. Тери пуштирангга киради. Охирида сув билан ёки махсус суюқликда ювилади. Пилингнинг турларига қараб, баъзи косметологлар тинчлантирувчи ниқоблар тавсия этишади. Муолажа амалга оширилгач, албатта, қуёшдан сақловчи воситалар сурилиши керак. Агар бунга амал қилинмаса, юзда доғ қолиши мумкин. Пилингдан кейин ҳам, шифокор-косметолог назоратида бўлиш лозим. Терини озиқлантириб турувчи воситалардан фойдаланиш, ўн кун давомида қуёшдан сақланиш шарт.

— Ички аъзоларга салбий таъсири борми? 

— Пилинг тери юзасида амалга оширилгани сабаб, ички аъзоларга таъсир кўрсатмайди.

— Бу ишлар қанча вақт оралиғида қилинади?

— Тери 28 кунда янгиланади. Бир ойда бир марта пилингни амалга ошириш мумкин. Юзаки пилингларни эса икки-уч ҳафтада шифокор назоратида бажариш  мақсадга мувофиқ.

— Ҳозирда пилинг қилдириш учун гўзаллик салонларига боришяпти. Бу қанчалик тўғри?

— Гўзаллик салонларида нотўғри қилинган пилинг туфайли шифохонамизга келувчи беморлар сони кўпаймоқда. Чунки пилингни билиб-билмай амалга ошириш авж олиб кетяпти. Пилинг қилдирмоқчи бўлган бемор, аввало, косметологнинг билим даражасини аниқлаб олиши керак. Буни оддий косметолог эмас, врач-косметолог амалга ошириши лозим.

Озода ВАЛИЕВА

ёзиб олди.




Ўхшаш мақолалар

Ўзбекистон Экологик партияси ташаббуси:  Веломарафон –  экологик қадрият  ва соғлом ҳаёт уйғунлиги

Ўзбекистон Экологик партияси ташаббуси: Веломарафон – экологик қадрият ва соғлом ҳаёт уйғунлиги

🕔09:01, 08.09.2025 ✔20

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Экологик партияси ташаббуси билан Спорт вазирлиги, Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамда «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ Фарғона банк хизматлари офиси ҳамкорлигида «Табиат учун бирлашайлик!» шиори остида веломарафон бўлиб ўтди.

Батафсил
Экологик хавфлар  аутизмнинг ортишига сабаб бўляпти...ми?

Экологик хавфлар аутизмнинг ортишига сабаб бўляпти...ми?

🕔08:49, 08.08.2025 ✔96

Ҳар бир ота-она соғлом, ақлли ва бахтли фарзанд орзусида яшайди. Бу орзуларнинг рўёбга чиқиши нафақат тиббий ёрдам, яхши овқатланиш ёки руҳий барқарорликка, балки бола дунёга келгунгача бўлган муҳит – яъни ҳомиладорлик пайтидаги ташқи таъсирларга ҳам бевосита боғлиқ.

Батафсил
Ошхонадаги  кичик  буюмнинг катта хавфи

Ошхонадаги кичик буюмнинг катта хавфи

🕔07:23, 04.08.2025 ✔118

Кўзга оддий ва аҳамиятсиз кўринадиган идиш ювиш губкаси аслида ҳар бир хонадондаги энг ифлос воситалардан бири эканини биласизми?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар