Бунинг сабаби бор…
— Ўғлим 16 ёшда. Болалигида жуда киришимли эди. Ҳозир одамови бўлиб қолган. Ўқиши яхши, топшириқларни ўз вақтида бажаради, уй юмушларига ҳам ҳамиша ёрдам беради. Лекин одамлар билан мулоқот қилишга келганда...
Ҳилола АБДУАЪЗАМОВА,
Тошкент шаҳри
— Инсон умри давомида бир қанча ўтиш даврини бошдан кечиради, — дейди «Нодирабегим» маҳалла фуқаролар йиғини диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Саида МАМАТҚУЛОВА. — Аммо улардан ҳеч бири балоғатга етиш сингари руҳий, ҳиссий ва жисмоний зўриқиш билан кечмайди. Шу боис ўсмир йигит-қизларда турли ҳис-туйғулар, феъл-атворда ўзгаришлар кўп кузатилади. Боғча ва мактаб ёшида киришимли бўлиб, балоғатга етиш даврида ўзини кўпдан олиб қочиш ҳам шундай ҳолатлардан бири. Ўсмир феъл-атворидаги одамовиликнинг бир қанча сабаблари бор.
Ўтиш давридаги йигит-қизни на бола, на катта, деб ҳисоблаш мумкин. Гарчи ўсмир ташқи кўриниш жиҳатдан катталарга яқин бўлса-да, ҳаёт ҳақидаги тасаввури болани эслатади. Ҳали шахс сифатида тўлиқ шаклланмагани боис, одамларнинг, айниқса, қарама-қарши жинс вакилининг ўсмир ҳақдаги фикри у учун ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шу боис ташқи кўриниш, моддиятни ўсмир биринчи ўринга қўяди. Уст-боши, ташқи қиёфасида бирор камчилик сезса, ўзини ҳаммадан паст баҳолай бошлайди. Гўё одамлар унга қараётгандай, устидан кулаётгандай туюлади. Оёқ кийимини қайта-қайта тозалаши, кўзгуга узоқ тикилишининг асл сабаби шунда.
Ўтиш даврида гормонал ривожланиш тезлашгани боис, аксар ўсмирларнинг юзига ҳуснбузар тошади. Бу тошмалар ҳам ўсмирда ўзини одамлардан айрича ҳис қилишига сабаб бўлади.
Мактабда дарс берган йилларим синфимда сузишга қизиқадиган ўқувчим бўларди. Бир неча марта туман ва шаҳар мусобақаларида совриндор бўлган. Тўққизинчи синфда шу ўқувчи бассейнга қатнамай қўйди. Мусобақаларга ҳам қатнашмайман, деб оёқ тираб оларди. Сабабини эса айтмайди... Ўзи билан ёлғиз гаплашиб кўрдим. Аввалига саволларимга жаҳли чиқиб, терс жавоб берди. Кейин бироз ишончига кирдим, шекилли, ростини айтди: елкаси ва кураги атрофига йирик-йирик ҳуснбузарлар тошган экан. Шундан уялиб, сузишга қатнамай қўйган экан.
Онасига бу ҳақда айтдик. Уйда ота-онаси, мактабда мен — синф раҳбари бунинг ҳеч қандай уят жойи йўқлигини тушунтирдик. Бир қанча мисоллар келтирдик. Бир ҳафтадан кейин бола яна сузишга қатнай бошлади.
Бир қарашда арзимасдек туюладиган шу каби сабаблар туфайли ўсмирнинг ўзига бўлган ишончи пасаяди. Одамлардан ўзини олиб қоча бошлайди, кимгадир мурожаат қилишга уялади. Овозини чиқариб гапирса, ҳамма унга қараётгандек, камчиликларини кўриб, куладигандек бўлаверади. Ҳеч кимга кўринмаслик, одамлар билан мулоқот қилмай юриш унга энг маъқул қарор бўлиб туюлади.
Ўсмир дўстларига қўшилмай, мулоқот қилишдан қочаётган бўлса, демак, бунинг сабаби бор. Аввало, ўша сабабни аниқлаш керак. Сўнг унинг моҳиятига қараб, ўсмирга кўмаклашиш лозим. Акс ҳолда, бола қобилиятларини ривожлантирмай, ўз қобиғига ўралиб, одамлардан бутунлай ажралиб қолиши ҳеч гап эмас. Йиллар ўтган сари уни яна аввалгидек киришимли қилиш қийинлашиб бораверади.
Дилроз АБРАЕВА
ёзиб олди.
Экологик тафаккур ва ёшлар салоҳиятини бирлаштирган майдон
🕔13:24, 20.07.2026
✔38
Экологик маданиятни юксалтириш, ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш учун уларнинг ташаббуслари ва инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш бугунги рақамли дунёнинг асосий талабидир.
Батафсил
Дарахтлар иссиқдан қуриб қолмасин, бефарқ бўлманг!
🕔13:17, 20.07.2026
✔40
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси аномал иссиқда дарахтларни қуриб қолишдан асраш чораларини кўришга чақирмоқда. Вазирлик аномал иссиқ ҳаво инсонлар билан бир қаторда мамлакатдаги яшил ҳудудлар, дарахтлар, буталар ва ҳайвонот дунёси учун ҳам жиддий хавф туғдиришини билдирди.
Батафсил
Инсониятнинг келажакдаги тоза энергия манбаи
🕔15:34, 09.07.2026
✔67
Бугунги кунда дунёда энергияга бўлган талаб тобора ортиб бораётган бир пайтда, экологик хавфсиз ва барқарор энергия манбаларини излаш глобал аҳамият касб этмоқда.
Батафсил