Сенатнинг 51-ялпи мажлисида Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар (МЭТҲ)нинг сифат таркибини яхшилаш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш ҳамда кадастрини юритиш ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш масаласи кўриб чиқилган эди.
Парламент сўровини юборишга нима сабаб бўлди?
Мамлакатимиз биохилма-хиллиги ўзига хос ранг-баранг, ноёб ҳайвонот ва ўсимлик дунёсига эга. Ҳозирда республикамиз ҳудудида 4400 дан ортиқ олий ўсимлик ва 15 000 дан зиёд ҳайвонот турлари аниқланган. МЭТҲда Ўзбекистон Республикаси «Қизил китоб»ига киритилган ҳайвонлар (умуртқали) турларининг 83 фоизи ва ўсимлик турларининг 89 фоизи қамраб олинган.
Шу билан бирга, МЭТҲда биохилма-хилликни асраш, уларнинг сифат таркибини яхшилаш, ўсимлик ва ҳайвонот олами вакиллари кадастри юритилиши соҳасида айрим ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар долзарблигича қолмоқда. Турли табиий ва антропоген омиллар туфайли ҳайвонот ва ўсимлик олами турларининг сони камайиб, яшаш муҳитларидаги шарт-шароит янада кескинлашмоқда. Инқирозга учраган майдонларни қайта тиклаш ишлари амалга оширилмагани туфайли шамол ва сув таъсирида тупроқ эрозияси кучайиб, чўлланиш ва чанг-тўзонларнинг ҳосил бўлиши ортиб бормоқда.
МЭТҲнинг биологик хилма-хиллиги, деградация жараёнлари ва уларнинг хўжалик имкониятларини ўрганиш бўйича илмий-тадқиқот ишлари етарли даражада олиб борилмаяпти.
Соҳада мутахассислар тайёрлаш тизими етарли даражада йўлга қўйилмагани боис малакали кадрлар етишмовчилиги юзага келган. Айнан ушбу сабаб ва омиллар инобатга олинган ҳолда ҳукуматга парламент сўрови юборилди.
Ҳукуматдан қандай тушунтиришлар сўралган?
Сўровда маҳаллий ва республика даражасидаги МЭТҲ сони, ер майдонлари, шу жумладан, улардаги ер-сув ресурслари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг умумий ҳолати, биологик хилма-хилликни ва экотизимларни сақлаш ҳамда улардан оқилона фойдаланишга йўналтирилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши масаласи кўтарилди.
Бундан ташқари, браконьерлик, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси контрабандаси, ўсимлик дунёси турларининг ноқонуний кесилиши, ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда биологик хилма-хилликнинг замонавий индикаторларини ишлаб чиқиш, ҳайвонот дунёси объектларини давлат кадастри, ҳисобга олиш ва бошқа маълумотларни рақамлаштириш ҳолати бўйича изоҳ сўралди.
Шунингдек, МЭТҲда давлат назоратини кучайтириш, ноқонуний фаолият, хусусан, ерларни ўзбошимчалик билан ўзлаштириш, чорва молларини боқиш каби ҳуқуқбузарликка чек қўйиш, ёнғин хавфсизлигини кучайтириш, йилнинг турли мавсумларида ҳайвонлар махсус озиқланадиган жойларни ташкил этиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳам назардан четда қолмади.
Парламент сўрови натижалари кўриб чиқилди
Сенатнинг куни кеча бўлиб ўтган 54-ялпи мажлисида Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилди. Парламент сўровига берилган жавоб орқали республикамизда ўзига хос, ноёб, қимматли табиий объектлар ва мажмуаларни, ўсимликлар ва ҳайвонларнинг фондини сақлаб қолиш, шунингдек, табиий жараёнларни ўрганиш мақсадида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётганини кўриш мумкин.
Хусусан, сўнгги беш йилда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар (МЭТҲ) фаолиятига доир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 3 та қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 13 та қарори ва 1 та фармойиши қабул қилинган. Олиб борилган ишлар натижасида республикада МЭТҲ майдони 6,4 млн.га етказилиб, мамлакат ҳудудининг 14,08 фоизини ташкил этмоқда.
Ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини ҳисобга олиш ва мониторинг қилиш бўйича смарт мониторинг тизими жорий этилиб, кадастр маълумотларини тўплаш ҳамда шакллантириш ва таҳлил қилиш ишлари йўлга қўйилган. Шунингдек, Давлат кадастрлари ягона тизими Миллий географик ахборот тизимига интеграция қилинган. МЭТҲда 500 дан ортиқ фотоқопқон ўрнатилиб, ёввойи ҳайвонлар ҳисоби ва мониторинги юритилмоқда.
МЭТҲ бирламчи ёнғинга қарши курашиш воситалари билан таъминланган, ёнғинга қарши йўллар таъмирланиб, минераллаштирилган йўлаклар барпо этилган.
Биотехник тадбирлар учун 693 та нуқтада омухта ем охурлари, 92 та нуқтада сунъий сувлоқлар, 500 дан ортиқ тузлоқлар ва қўшимча озиқлантириш масканлари ташкил этилган.
МЭТҲда илмий-тадқиқотлар олиб боришни қўллаб-қувватлаш мақсадида махсус транспорт воситалари, лаборатория жиҳозлари, электрон микроскоплар, фотоқопқонлар ва бошқа техник анжомлар харид қилинган. Бундай масканларга антропоген омиллар таъсирини камайтириш мақсадида қатор қўриқхоналарга туташ ҳудудларда қўриқланма (буфер) зоналар ташкил қилинган.
Ўзбекистон Республикасининг «Қизил китоб»ига киритилган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳайвон ва ўсимликлар турларини муҳофаза қилиш ва такрор кўпайтириш мақсадида Бухоро буғуси парваришхоналари, Қизилқум архари парваришхонаси ҳамда ихтисослаштирилган «Жайрон» питомниклари ташкил қилинган.
Соҳада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида 2023 йил давомида икки мингга яқин назорат рейд тадбирлари амалга оширилган.
Ҳамон долзарб қолаётган масалалар
Қайд этилганидек, парламент сўрови жавоби таҳлиллари ва ўтказилган ўрганишлар айрим масалалар ҳамон долзарблигича қолаётганни кўрсатмоқда. Жумладан, МЭТҲда биотехник тадбирларга маблағлар маҳаллий бюджет ҳисобидан молиялаштирилиши лозим бўлса-да, айрим ҳолатларда улар томонидан етарли маблағ ажратилмай қолмоқда.
Ҳудудлар хусусиятларини, табиий мажмуалар ва ҳудудий фарқларни ҳисобга олган ҳолда экологик индикаторларни ишлаб чиқиш лозим.
Ноқонуний чорва моллари боқилиши, ерларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши ва бошқа салбий омиллар сабабли МЭТҲнинг биологик хилма-хиллиги қисқариши, умумий биомассаси сийраклашиши давом этмоқда. МЭТҲ ер майдонларини саноат ва бошқа мақсадлар учун захирага қайтариш учун ҳаракатлар кучайиб бормоқда.
Ялпи мажлисда юқорида қайд этилган муаммоларни ҳал қилиш, шунингдек, маълум вақт талаб этадиган ва доимий назорат лозим бўлган айрим масалалар парламент назоратида қолиши қайд этилди. Муҳокамалардан сўнг Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.