Экоолам      Бош саҳифа

Бу депутатни қаердан, қандай топишни ҳамма билади

Депутатлик обрў-эътибор учун эгалланадиган мансаб, лавозим эмас. Депутатлик халқ учун, жамият учун яшамоқ палласи.

Бу депутатни қаердан, қандай топишни ҳамма билади

Буни чуқур ҳис қилган Нурота тумани 59-Чуя сайлов округидан Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашига сайланган Абдураззоқ Мирзаевнинг ҳар кунги иш фаолияти бирор бир масалани ечиш билан бошланади.
Гарчи унинг зиммасида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлими раиси – вице президентликдек залварли ва ўта масъулиятли вазифа турган бўлса-да, у элдошларимизни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал қилишни кун тартибининг биринчи юмуши деб билади. Шу боисдан ҳам уни навоийликлар бежиз «Бизнинг депутат тоғимиз» дейишмайди.
Дарҳақиқат, баланд тоғни таянч ва суянч нуқтасига қиёс қилишади. Абдураззоқ Умрзоқович ҳам элдошларимизга таянч ва яқин кўмакдош бўлаётгани қувонарли, албатта.

Беш йил муқаддам, яъни унинг депутатлик фаолиятининг илк палласидаёқ одамлар ундан Нурота туманининг «Чуя», «Қадоқ» қишлоғининг ички йўлини таъмирлатиб беришни талаб қилган эди. Ҳақиқатан ҳам, бу йўллар осмондан олти томчи ёмғир тушса, дарров ботқоқликка айланарди-қоларди. Абдураззоқ ака бу муаммо юзасидан Навоий вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси Навоий минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати корхонасига депутатлик сўрови юбориш билангина чекланиб қолмади. 

У ҳар куни корхона мутасаддилари билан юзма-юз учрашиб, муаммонинг ечими борасида фикрлашди, таклиф ва мулоҳазаларини дангалига айтиб чарчамади. ДУК директори М.Сувонов ҳам депутат сўровини қуруқ қайтармади. Дарҳол ўнқир-чўнқир йўлларга шағал тош ётқизилиб, қайта таъмирлаб беришга киришди.
Абдураззоқ Умрзоқовичнинг қишлоқ жойларида умумий ўрта таълим мактаблари фаолиятини жонлантиришга қаратаётган эътибори ҳам эътирофга лойиқ. Бундан тўрт йил муқаддам «Янги турмуш» маҳалла фуқаролар йиғинидаги касб-ҳунар коллежи тугатилиши сабабли кўплаб ўқитувчи ва ишчи-ходимлар ишсиз қийналиб қолишган эди. Улар халқ таълими масъулларига қанчалик мурожаат қилмасин, барибир бу масала ечими, негадир, орқага сурилиб келаверди. Одамлар бу юзасидан Абдураззоқ  Мирзаевга учрашгач, узоқ кутишмади. Депутат Навоий вилоят халқ таълими бошлиғи Н.Улуғбердиев номига депутатлик сўрови юбориш билан чекланиб қолмади. Тегишли вазирлик ва ташкилотлар билан бевосита ўзи музокаралар олиб борди. Натижада собиқ касб-ҳунар коллежи биносида математикага ихтисослашган махсус ўрта таълим мактаби ташкил қилинди. Бунинг орқасидан қанчадан-қанча ўқитувчи ва ишчи-ходимлар бандлиги таъминлангани нур устига нур бўлди.
Нурота туманидаги 20-умумий ўрта таълим мактаби жамоасини ўқув хоналари етишмагани боис қўшимча бино қуриш масаласи қийнаб келарди. Абдураззоқ аканинг бевосита аралашуви натижасида ҳамма талабларга жавоб берадиган мактаб қуриш учун маҳаллий ҳокимият билан бирга тегишли чоралар белгиланганида таълим муассасасининг қувонганини кўрсангиз эди...
Эл учун, халқ учун эзгуликлар қилиб толмайдиган депутатнинг «Қадоқ», «Сиртсулув» ва «Тиканли» қишлоқларини электр билан таъминловчи тармоқларни реконструкция қилиш ва қўшимча трансформатор пунктлари ўрнатиш борасида қилган саъй-ҳаракатларининг ўзи катта бир очерк бўлиши мумкин. Худди шунингдек, «Оққула», «Хайробод», «Папанай», «Қорақум» қиш­лоқлари ҳамда «Жарма», «Истиқлол» маҳаллаларига қўшимча тармоқ ва трансформатор қурилиб, бу ерларни электр билан таъминловчи 10 кВли «Чуя» ва «Қорақум» ҳудудий электр узатиш тармоқларини реконструкция қилиш ишлари ҳам юқоридаги манзилли дастур асосида бажарилишида Абдураззоқ аканинг меҳнатлари катта бўлди.
Ёз бошланди дегунча Абдураззоқ Мирзаев қабристон ва табаррук зиё­ратгоҳларни таъмирлатиш ишларига бош-қош бўлади. Яқиндагина у «Янги турмуш» қишлоғи аҳолиси учун мавжуд қабристонни таъмирлаш ишлари кўнгилдагидек амалга оширилишида ташаббускор бўлди.
Фидойи олим, тиниб-тинчимас депутат Абдураззоқ Мирзаев кўплаб элдошларимиз, хусусан, ёш йигит-қизларни ишга жойлаштиришга яқиндан кўмаклашган. Қанчадан-қанча юртдош­ларимиз банкдан имтиёзли кредит олиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб олгани учун жонкуяр депутатдан ҳамиша миннатдор.
Бир сўз билан айтганда, нуроталик­лар депутат Абдураззоқ Умрзоқовични ўзининг яқин қариндошидек кўришади. Қийнаётган муаммолар юзасидан уни қаерда ва қачон топишса, арзу шикоят қилаверади. Ҳатто дардини дастурхон қилиб уйига қора тортиб боргувчилар ҳам йўқ эмас. Депутат эса бу ҳолни ҳар бир иш кунимнинг мазмуни, дея алқайди. Зеро, элим деб, юртим деб яшаётган инсоннинг умр фалсафаси ҳам ана шудир аслида.
Сардор ИСЛОМОВ,
ЎЭП Навоий вилоят партия ташкилоти матбуот хизмати ходими




Ўхшаш мақолалар

Мансаб ёки  обрўни эмас, халқ манфаатларини  маҳкам тутган  депутат

Мансаб ёки обрўни эмас, халқ манфаатларини маҳкам тутган депутат

🕔16:35, 11.12.2025 ✔29

Айжамал опага фидойилик аждодоларидан ўтган. Отаси Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов ҳамиша ўз фарзандларини халқпарвар, меҳрибон ва жонкуяр қилиб тарбиялашга интилган.

Батафсил
Ҳаво  ифлосланишида инверсия таъсири,  у нима дегани?

Ҳаво ифлосланишида инверсия таъсири, у нима дегани?

🕔16:33, 11.12.2025 ✔30

Тошкентда кузатилаётган ҳаво сифатининг ёмонлашиши бир вақтнинг ўзида намоён бўлиб, бир-бирини кучайтирган бир нечта табиий-иқлимий ва антропоген омиллар йиғиндиси билан боғлиқ. Табиий-иқлимий омиллар орасида кучли инверсия ҳодисаси ҳаво сифатининг бузилишига энг катта таъсир кўрсатмоқда.

Батафсил
Автомашинамиздан воз кечолмасак, тоза ҳаво исташда  мантиқ борми?

Автомашинамиздан воз кечолмасак, тоза ҳаво исташда мантиқ борми?

🕔11:00, 04.12.2025 ✔63

Тоза ҳаво бугунги кунда нафақат юртимиз, балки бутун дунё мамлакатларининг оғриқли муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. Ҳар бир давлатда демографик кўрсаткичлар ўсиб боргани сайин тоза ҳаво масаласи ҳам кўндаланг муаммога айланмоқда.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар